БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

0

 

 

МУШУКЛАРНИНГ СУЛТОНИ…

(ҳажвия)

 

Маллача момомнинг айтишича, мен крутой қизлардан эканман.

«Вой, момо, менинг қизлигим қоптими? Анави оғзингдан қонинг келгур қозоқи малла неча марта номусимга теккан. Мана, энди тўртта болага она бўлэ-эб ўтирибман.», десам, маллача момом кулиб: «Вой ўзимнинг султоной қизим-эй, бир шоирнинг «Ойдай тўлишган жувон қиздай ширин бўларкан» деган шеърини эшитмаганмисан дейман? Қара, юнгларингнинг ҳурпайганини! Думингнинг ўзиям манаман деган эркакка сени қиздай қилиб кўрсатади», деб кулди…

Шундан кейин ўзим ҳам ўйлаб қолдим. Кўзгуга боқдим. Гарчи шимпанзе оғалар каби кўзгудаги аксимни таний олмасам-да, барибир кўнглим ҳайитдагидай кўтарилди. Кўзгудан жа кетворган, кўзлари мовий, думлари отникиниям чангида қолдирар инастранка мушук менга қараб турарди. Маллача момомнинг гапларидан ўзимча хулоса қилиб, ўша кўзгудаги ўзим эканимни миямга тозза сингдирдим…

Воҳ, шундай келишган қиз эканман-у, кўчада қаёқдаги қозоқи малла эркакларга сиримни бериб юрибман — а!..

Э, эгачи, мушукларга осонмас. Кўчада қолса, совуқдан ё очликдан ўлиб кетади. Яхши хўжайинга тушса, куни туғади. Ёмонига тушса-чи? Қуриб кетсин. Нервний бўп қолади…

Мана, мен уйимдаги хўжайкамдан сира нолимайман. У кишиям менга ўхшаб инастранкайкан. Буни ўзбекча сўзларни бузиб-бузиб гапиришидан сезиб қолганман…

Нима? Ўзбекчани қайдан биласан дедингизми? Вой-бў-ў! Оповси, мени Султон деб қўйибди. Қозоқчани билган, ўзбекчани билмайманми? Менинг момо-холаларим-чи, ҳов ўша Сулаймоншоҳ давридаги манаман деган Эсма султонлар саройида сичқон-каламуш овловчи бўлиб ишлашган. Маллача момом гапириб берган. Жа серсавлат, кетворган султонлар бўлишган экан. Тўғри-да, саттанг-а подшолар саройида сичқон-каламуш овловчи бўлиб хизматга жойлашиш осонаканми?!. Унақа жойларга дуч келган мушукни олаверишмайди. Бизга ўхшаган султонзодаларнигина олишади…

Ҳа, хўжайка жуда меҳрибон, куйинчак. Кўп марта дугоналарига гапирганда эшитганман. Менга ўхшаган олий зотли мушукларни яхши кўраркан. Шунинг учун бўлса керак нуқул оғзимга бир-биридан мазали овқатларни тиқади. Ейман, миннатдор бўламан. Ўзбекча гапира олмаганим учун лабларимни ялай-ялай раҳмат айтган бўламан…

Аммо хўжайканинг эридан куйганман. Қандайдир ғалати нусха. Довдирроқми-ей, касалмандми-ей! Қачон қараса, хўжайкам шўрлик тепасида парвона бўлиб укол қилади. Менимча бу нусханинг томи кетган. Жиннихонадан чиққан бўлса керак. Негаки, нуқул мазали овқатга оғзим тегди дегунча онамдан сўкади. Фақат онамдан сўкади. «Ҳей, сен жиннисифат, менинг онамни кўрганмидинг? Онам қайда-ю, сен қайда?!. Ҳа оғзингдан қонинг келгу-ур! Қирчинингдан қийилгу-ур! Носингга тиқилиб ўлгу-ур! Тракторнинг тагида қолгу-ур! Жувонмарггина ўлгу-ур! Онамни сўккунча тилгинанг узилиб тушса бўлмасмиди?!.», деб бақиргим келади-ю, тилимни тияман. Чунки барибир у «тупой». Менинг тилимни тушунмайди…

Шу хўжайинни эсласам-чи, қўшни подъезддаги Маркиза деган ёввойи мушук кўз олдимга келади. Уям хўжайинга ўхшаб тупойроқ. Қачон қараса, иккиқат, қачон назар солсам, туғадиган…

Уят, бет деган нарса йўқ. Маҳалладаги жами эркак мушукларминан дон олишиб чиққан. Ҳе ўл, фоҳиша! Аёл деган сал тортинчоқроқ, ҳаёлироқ бўлса-да…

Йўқ, тамом! Агар хўжайин яна бир марта онамдан сўкса-чи…

Ҳа, онамдан сўкса…

Носқовоғини яшириб қўйиб зир югуртираман.

Югуртирмасам…

Югуртирмасам, қасам ичиб айтаманки, султон отимни Маркиза қўяман!

Ишоновринг, оповси!

Мя-у-у-у!!!

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here