ЮРАК АЛМАШТИРИЛГАЧ, ОДАМ ЯНА ҚАНЧА УМР КЎРАДИ?..

0

 

Шу ҳақда россиялик машҳур кардиожарроҳ Сергей Дземешкевич журналистнинг саволларига жавоб қайтарди.

— Юрак трансплантацияси жуда мураккаб жараён. Чунки биринчи навбатда донор муаммоси бўлмаслиги керак. Донор топилса ҳам бу юрак янги эгасининг организмига тўғри келмаслиги ҳам мумкин. Агар тўғри келиб юрак беморга ўрнатилсаа, бундан кейинги жараён ҳам анча мураккаб кечади. Бемор умрининг охирига қадар йилига икки марта даволаниши керак. Ҳар куни врач ёзиб берган дориларни ичиб юриши талаб этилади. Бир кун ичмаса ҳам, янги юрак ишлашдан бош торта бошлаши мумкин. Юрак трансплантациясидан сўнг беморнинг қанча умр кўриши биринчидан худодан, иккинчидан, ўзи ҳам ҳамиша парҳез тутса, дориларни вақтида ичса, 10-20 йил атрофида яшаши мумкин.

— Наҳотки, янги юрак билан ҳам кўп яшаш шунчалар оғир бўлса?

— Албатта оғир. Чунки биз беморга янги юрак ўрнатиб, унинг организмидаги иммуниал тизимни издан чиқарамиз. Организм иммунитет пастлигини кўтара олмайди. Шунинг натижасида орадан максимум ўн йил ўтгач, кимдир тери, тил, буйрак саратони кабиларга учраши мумкин.

— Инфарктдан кейин қанча яшаш мумкин?

— Инфаркт миокардни бошидан ўтказган одам билиши керакки, юрагининг бир қисми ишлашдан тўхтаган. Демак, қолган қисми зўриқишга йўлиқади. Кислородга тўйинган қон ўз вақтида етиб кела қолмайди. Умуман, билганим шуки, икки ва ундан ортиқ инфаркт ўтказган беморлар максимум 20, минимум 5 йилгача умр кўришган. Ачинарлиси, инфарктдан кейин одам организми жуда ожизланиб қолади. Оддий гипертония ҳам беморни ҳаётдан олиб кетиши мумкин. Бундан ташқари, инфарктдан кейин бемор тамаки маҳсулотлари, ичкилик, ёғли, аччиқ, шўр таомлар истеъмол қилмаслиги керак. Мева-сабзавотларни кўпроқ ейиши лозим. Енгил турдаги жисмоний машқларни канда қилмаслиги талаб этилади.

— Сиз жарроҳсиз. Юрак билан ишлайсиз. Одамнинг руҳини кўриш ёки ҳис этиш ҳолатлари бўлганми? Умуман, руҳ ҳақида нима дея оласиз?

— Тўғри, ўзим ҳам бу ҳақда кўп ўйлардим. Ўйлардимки, мен кимнингдир юрагини очяпман, уни безовта қиляпман. Агар руҳ юракда бўлса, унга зиён етказиб қўймадиммикан? Ана шу ўй нуқул миямда айланаверарди. Кунларнинг бирида Россиядаги таниқли бир руҳонийга шу ҳақда гапиргандим, у кулимсирабгина жавоб берди:

«Сиз шу кунгача қилган ишингизни давом эттираверинг. Билинг, руҳни ҳеч қачон кўрмайсиз, уни тута олмайсиз ва зиён етказа билмайсиз. Руҳгача ҳеч қачон етиб бора олмайсиз…»

Шундан кейингина тинчландим, бу ҳақда ўйлашни бас қилдим.

— Биламизки, одамнинг юраги тўхтагач, у ўлган ҳисобланади. Шу тўғрими?

— Бу 1967 йил 3 декабргача шундай ҳисобланган ва тўғри деб қабул қилинган. Чунки одамлар юрак трансплантацияси ҳақида тушунчага эга бўлмаган. Шу йили ва шу куни илк бор Африкада юрак трансплантацияси амали ўтказилгач, биз одамнинг ўлими юрак билан боғлиқ деган фалсафага бошқачароқ қарай бошладик. Одам юраги уришдан тўхтагач, ўлмас экан. Аксинча, бош мия ўлгач, одамни оламдан ўтди деб ҳисоблаш мумкин. Нега? Сабаби, бош мия ўлса, кейин уни тиклаб бўлмайди. У билан бирга юрак ҳам, бошқа аъзолар ҳам ишлашни тўхтатади. Ана энди қаранг, биз беморнинг юрагини ишлашдан тўхтатиб, унга янги юрак ўрнатамиз. Ўрнатганимиздан кейин янги юрак ишга тушса, организмдаги бошқа аъзолар ҳам ишлай бошлайди. Бош мия ўлса, бундай ҳолат кузатилмайди. У ўлгач, юракнинг ўзи ҳам қисқа муддат ишлаши мумкин, бироқ узоқ яшамайди. Албатта тўхтайди.

 

 

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here