“Қилмиш-қидирмиш”: “ГЎРСЎХТАЛАР…” (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

 

* * *

 

Маликнинг уйи ўзи айтмоқчи, вокзалдан нари борса икки юз-уч юз метрлар узоқликда холос. Жуда қулай бўларкан. Бир пайтлар камбағал эди. Чориғини зўрға судрарди. Шунинг дастидан хотини иккита боласини олган-у, ундан воз кечиб қўя қолган. Кунора оч қолиб кетишлар, эрнинг қаерлардадир ичиб келиб тўполон кўтаравериши жонига текканди. Лекин хотиндан айрилиб, ҳовлисида сўппайиб қолиши тез орада Маликнинг кўзини очди.

— Ҳали кўриб қўяди. — деди бир куни. — Бу хотинга Маликнинг кимлигини кўрсатиб қўяман. Шунчалик бойиб кетайки, оёғимни ўпсин келиб. Ана унда кечирган эркак эмас… Ҳаромидан бўлгани маълум бўлди-қолди-ку!.. Қийин кунингда ташлаб кетган хотин хотин бўлармиди. Падарига лаънат!.. Баҳона ичиб келишим… Ҳа майли, ўтиб кетар бу кунлар ҳам…

Малик шу куниёқ тўрт-беш ҳовли нарида турадиган улфати Иномнинг ёнига чопди. Икковлари болаликдан тепишиб катта бўлишган. Ҳозиргача ҳам мана бир шиша ароқ топишса, бўлиб ичишади.

Ином негадир хомуш ўтирган экан. Улфатини кўриб бирдан жонланиб кетди.

— Ичмаймизми, ошна? — томдан тараша тушгандек Маликка тикилиб сўради у. — Жа кайфият ўлгур ёмон.

— Э, ичишни қўйиб тур. Бошқа гап бор, — кулди Малик.

— Қанақа гап?

— Бир ғоя чиқиб қолди. Агар шу ишни йўлга қўйсак, иккаламизам бирдан бойиб кетардик.

— Хўш, хўш? — ҳушёр тортиб Маликни сўрига ўтқазди Ином.

— Шу десанг… Уйим вокзалга яқин. Вокзалда ким кўп, бир кечага жой излаган кўп. Шуни ташкил қилиб кўрмаймизми?..

Ином йўғон билакларини сийпалаб, Маликка маъноли қараб қўйди.

— Лекин бу ишни бошқачароқ йўлга қўйиш керак. — деди ниҳоят бирпас сукут сақлаб тургач.

— Қандай?

— Ижарага одам опкелиш керак-да, ярим кечаси ётган ерига бостириб кириб борини шилволиш зарур. Ана унда «конкрет» бойийсан.

— Йўғ-э, — чўчиб тушди Малик. — Сотиб қўйса борми биронтаси… Нақ қамалиб кетамиз-ку!

— Бе, қандай қилиб сотсин? Шаҳарни яхши билмаса, бу шаҳарда таниши бўлмаса. Таниши бор одам ижарага уй қидирмайди-ку!

— Бу гапингдаям жон бор. Бўпти, сен айтганча бўла қолсин. Ўрдам берасанми?

— Арра қилсак, гап йўқ. Чунки, сен манави пашшадай гавдангминан ҳеч кимни қўрқитолмайсан. Бу ишга мендақа давкелбатлар керак.

— Оббо, шу ердаям ўзингни мақтайсан-а вей!.. Арра бўлса арра-да!.. Унда ишни нимадан бошлаймиз?

— Ҳозир аввал бошига пича пул керак бўлади. Мардикор бозорига тушиб икки аёлни опкелиш лозим. Уй ичларингни тозалаб беришади.

— Ҳа, ҳа, тўғри айтасан… Хў-ўш, мен уёқ-буёғимни ковлаштириб кўрарман. Бўлиши керак. Қани, кийин, кетдик, вақтни бекор ўтказмайлик!..

 

* * *

 

Иш бирпасда юришиб кетди. Икковлашиб уйларни рисоладагидай тозалатишди. Кечга бориб мақсадни амалга ошириш лозим эди.

— Мен панада тураман. — деди Ином. — Сен мижоз топасан-у, уйингга жўнайсан. Хижолат тортма, орқаларингдан изма-из бораётган бўламан. Фақат сал нимжонроқларидан, иложи бўлса, аёллардан танла. Шуниси қулайроқ.

Хуллас, Малик улфатини ёнига олиб кўз очиб юмгунча вокзалда ҳозир бўлди. Бахтига эндигина навбатдаги поезд келиб тўхтаган, одам дегани тўлиб-тошган пайт экан. Қараса, икки қишлоқлик аёл кўзлари олазарак бўлиб туришибди.

— Шулар уй излаяпти. — кўнглидан ўтказди Малик ва уларга яқин борди.

— Сингиллар, мабодо ётар жой қидирмаяпсизларми? — сўради у мулойимлик билан.

Аёллар шошиб қолишди.

— Ҳа, ака, — деди улардан бири. — негадир ижарага қўядиганлар камми, сира учрамай туришганди.

— Мана биз қўямиз-да! Хўш, неча кун турмоқчисизлар ўзи сир бўлмаса?

— Бизми? — аёллар бир-бирларига маъноли қараб олишгач, тўлароғи гапга аралашди. — Икки кунга келганмиз.

— Яхши. Гап йўқ. Уйларимиз жуда саришта. Бемалол дам олиб ишларингни битираверишларинг мумкин.

— Баҳоси-чи? Қанча бўлади?

— Отминан туя бўлармиди? Кунига икки мингдан берасизлар, вассалом!

Аёллар бу нархни эшитиб янада ҳовлиқиб қолишди. Чунки улар биринчи маротаба шаҳарга келишлари эмасди. Нарх эса, жуда арзон…

Ўйлаб ҳам ўтиришмади. Дарров оғир сумкаларини қўлларига олишди.

— Бўпти, биз рози, бошлайверинг уйингизга!..

 

* * *

 

Тун. Соат чамаси ўн иккилар бор эди. Бу маҳалда ҳатто итлар ҳам мудрай бошлашади. Лекин икки улфат ҳамон шишанинг остига етиб қолаёзган ароқни майдалаш билан овора. Кайфлари анчагина таранглашган.

— В-вей, анави семизи жа кўҳлик эканми? — кулди Ином. — Аввал бир «кўрсак»микан-а?

— Жинни бўлганмисан? Биз уларни шу мақсадда опкелдикми? Ақлингни еб қўйма! Бизга пул керак, пул, пандавақи!..

— Ҳа энди айтдим-қўйдим-да!..

— Қани, ишга! Ўтираверсак, ҳадемай тонг отиб қолади, иш пачава бўлади кейин!

Малик олдинда, Ином орқада секин аёллар ётган хона эшиги рўпарасига келишди. Уй эгаси оҳиста эшикни тақиллатди.

Бир-икки тақиллатишдан сўнг аёллардан бирининг ўрнидан тургани, «ҳозир» деган товуши эшитилди.

— Вой, сизмидингиз? — Эшикни семиздан келган аёл очган, шериги эса, орқада қўрқа-писа икки эркакка тикилиб турарди. — Тинчликми?

Малик жавоб бериш ўрнига хонага кириб борди ва шериги ҳам ичкарига қадам қўйиб улгургач, эшикни ичидан тамбалади.

— Ие, нима қилаяпсиз?.. Вой, бу н-нимаси?..

Семиздан келган аёл қўрқиб орқага тисланди. Бу орада Ином унга яқинлашиб улгурди.

— Қани, хонимлар, борларингни чиқараверинглар энди! — ясама мулойимлик билан буюрди Малик. — Ҳеч бир қўлга илинадиган нарсани қолдирманглар! Йўқса, ўзларингга қийин бўлади…

— Бизга тегманг, жон ака! — ялина бошлади аёл. — Худо хайрингларни берсин! Тегманглар бизга! Мусофирмиз. Бу шаҳарда таниш-билишимиз йўқ.

— Менга нима? Чиқар дейилди сенга борингни! — буйруққа қўшилди Ином қўлларини мушт қилиб. — Бўлмаса, бир уриб абжағингни чиқарвораман…

Бундай бўлишини кутмаган икки аёл қон йиғлаганча қулоқларидаги тилла зиракларини, кетидан сумкадаги даста-даста пулларини чиқариб каравот устига ташлашди.

— Мана бу бошқа гап. — совуқ тиржайиб барча бойликларни қийиққа тугди Малик. — Қани, энди ташқарига. Иззатларинг битди. Тўрт томонинг қибла. Фақат… Эсларингда бўлсин, мабодо биронтасига оғиз очсанг, ернинг тагидан бўлсаям топиб бўғизлаймиз сенларни…

Аёллар индашмади. Эсон-омон қутулганларига шукр қилишди шекилли, қолган-қутган буюмларини олишди-да, кўчага ўзларини уришди. Малик кўрди. Икки аёлнинг ҳам кўз ёши селдек қуйилиб юзларини ювиб тушарди…

 

* * *

 

Худо берса қўш қўллаб бериши рост чиқиб қолди. Эҳ-ҳе, икки улфат қанча йўловчиларни шилишди!.. Чўнтак ҳам сезиларли кўриниш олиб қолди. Тўпланган тилла буюмларнинг ўзи бир дунё пул турарди…

— Бугун фақат аёлларни олиб келамиз. — деб қолди бир куни Малик гердайиб.

— Ие, қаёқдан кун чиқди? — кўнгли қандайдир яхшиликни сезди шекилли, хурсанд бўлиб кетди Ином. — Маишатга хушинг йўғиди чамаси?

— Вей, ошна, пул бўлса денгиздай оқиб келиб турибди. Нима, бир марта қишлоқлик санамларминан айш қилсак биров бизни уришармиди.

— Уларниям охирида шиламизми?

— Бўлмаса-чи? Сени билмадим-у, аммо мен кимнидир шилиб олмасам, кечаси ухлолмайдиган бўлиб қолганман. Бир йилдан ошди-да иш бошлаганимизгаям, тўғрими? Одам ўрганиб қоларкан.

— Қўлга тушмаганимизни айтсанг-чи! — унинг елкасига шапатилади Ином. — Манаман деган профессионаллариям биздай иш тутолмаса керак.

— Ичингга тупуриб ол, галварс! Тағин кўз тегиб ўтирмасин…

Кеч тушиб одатдагидек Малик вокзални айланиб мижоз қидира бошлади. Бу гал учраганини эмас, кетворган, мундоқ ўзига қараб юрадиган аёлд зарур эди. Чунки маишатга дуч келганини олиб кириб бўлмайди.

Бунга ҳам Худо йўл берди. Икки нафар ёши йигирма бешлар атрофидаги қизларни топишди…

Хуллас, маишат авжига чиқди. Қизлар ҳам қишлоқдан бўлишларига қарамай, жуда гапдон, эпчил экан. Ҳар гапда икки эркакни «ўчиравериб» безор қилишди…

Ана энди асосий ишга — яъни, шилиш операциясига ўтиш вақти етди. Қизларни бир-бир татиб кўриб оғзи қулоқларига етган улфатлар улар чироқларини ўчириб, ўринларига чўзилмасданоқ эшикни тақиллатишди.

— Сизларга ким керак? — ичкаридан қизлардан бирининг таҳдидли овози эшитилди. — Боринглар, ухланглар, ишларинг битди!

— Очинглар, иш бор! — дўқ аралаш буюрди Малик ҳар қачонгидек. — Бўлмаса бузиб кирамиз…

Орадан бир-икки дақиқа ҳам вақт ўтмади. Эшик зулфини суғурилиб, остонада икки қиз пайдо бўлди…

Уларга кўзи тушган Малик ҳам, Ином ҳам тош қотиб қолишганди…

Негаки, қизлар ички ишлар кийимида бўлиб, икки эркакнинг пешонасига бараварига тўппонча тираб улгуришганди…

«Кўза кундамас, кунида синади» деган мақол тўғри чиқди…

Икки фирибгар, босқинчи шу кечадаёқ шаҳар ички ишлар бош бошқармасига келтирилди…

Жазонинг шафқатсиз бўлиши эса, ойнадек равшан эди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...