Ўзбекистоннинг ДХА фаолиятини ҳатто озарбайжонликлар келиб ўрганиб кетяпти

0

Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар Давлат агентлиги делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди. Делагация Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида бўлиб, вазир Русланбек Давлетов билан учрашди.

Делегация Ўзбекистонга давлат хизматлари тизимини йўлга қўйиш ва унинг фаолияти, аҳоли билан ишлашни ташкил этишга доир тажрибасини ўрганиш, шунингдек соҳадаги инновацион ёндашув борасида тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюрган.

Томонлар халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик, давлат хизматлари соҳасида қўшма тадбирларни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, Агентлик ва давлат хизматлари марказлари ходимлари учун тренинглар ўтказиш, давлат хизматлари кўрсатиш, Менторшип (мураббийлик) дастури бўйича курслар ва стажировкаларни ташкил қилиш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича давлатлараро ишчи гуруҳ ташкил қилиш шулар жумласидандир.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, бу фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқасининг янги босқичини бошлаб бергани қайд этилди. Унинг муҳим вазифаларидан бири бюрократияга барҳам бериш, коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш, давлат хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштиришдан иборат.

Озарбайжон делегацияси Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида ташкил этилган давлат хизматлари марказлари фаолиятига юксак баҳо берган.

Учрашув якунлари бўйича томонлар давлат хизматлари соҳасидаги инновацион ёндашувлар бўйича тажриба алмашишни янада кенгайтиришга келишиб олди.

Маълумот учун, Озарбайжон Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар Давлат агентлиги – “ASAN” хизмати аҳолига 11 та вазирлик ва бошқа ташкилотларнинг 300 дан зиёд хизматларини тақдим этувчи ташкилот ҳисобланади. 2012-2018 йилларда “ASAN” хизмати томонидан 6 млн фуқаронинг 25 млн дан ортиқ аризаси кўриб чиқилган. Бугунги кунда Озарбайжонда “ASAN” хизматининг 15 та маркази фаолият юритиб, уларнинг 5 таси Баку шаҳрида жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон делегацияси ташрифи 17 январга қадар давом этади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг  ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги раҳбарияти билан учрашувлардан ташқари Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига саёҳат ҳам кўзда тутилган. Меҳмонлар Бухоро шаҳридаги Давлат хизматлари маркази ва Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишади.

 

qalampir.uz

loading...