Венесуэла президенти мамлакатда энг кам иш ҳақини 300 баробарга ошириш тўғрисида фармон эълон қилди…

1

 

Натижада фармонга кўра Венесуэладаги энг кам иш ҳақи 4, 5 минг боливардан 18 минг боливаргача ошди.

Бундан ташқари, президент Николас Мадуро мамлакат иқтисодини қисқа фурсатда рекорд даражагача кўтаришни ваъда қилди. Ваҳоланки, сўнгги 5 йил ичида Венесуэла иқтисоди икки карра пастга шўнғиган. Инфляция бу давлатда айни пайтда 2 миллион фоизни ташкил этмоқда. Мамлакат аҳолиси ҳануз озиқ-овқат ва дори-дармонлар етишмаслигидан азоб чекмоқда. Кейин уч йил ичида худди шу сабаб билан 3 миллион нафардан кўпроқ одам ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

— Мадуронинг ваъда бериши биринчи марта эмас, — дейди венесуэлалик таҳлилчи Рамон Пинанго. — Афсуски, ваъда берилгани билан амалга ошмайди. Иқтисодий қийинчилик, инфляция аллақачон мамлакатни инқироз ботқоғига ботириб бўлган. Яна бир нарсани яхши биламиз. Президент маошларни кўтариш, иқтисодда ижобий ўзгариш ясашга ваъда бердими, эртаси кунданоқ нарх-наво кўтарилади. Биз гиперинфляция ва озиқ-овқат танқислигини янада кучлироқ ҳис эта бошлаймиз…

Мухолифатчи кучларнинг кескин танқидига учраган Николас Мадуро шу йил 10 январ куни расман президентлик фаолиятининг иккинчи босқичини бошлади. Бу босқич 2025 йилга қадар давом этади. Расмий маълумотларга қараганда, у 2018 йил май ойида ўтган сайловларда 68 фоиз овоз тўплашга эришган. Мухолифатчи кучлар бу сайловлар натижаларини тан олмаган. Евроиттифоқ, АҚШ, Лотин Америкасининг кўплаб давлатлари ҳам Мадуронинг сайловлардаги ғалабасини расман тан олмаган. Венесуэла парламенти раиси Хуан Гуаидо эса аҳолига мурожаат этиб, президентга қарши оммавий норозилик намойишлари ташкил этишга чақирди.

 

loading...

1 ТА ФИКР

Comments are closed.