Агар терингиз қуруқ бўлса…

0

Қуруқ тери — нафақат тери тўқимасига, балки терининг қуйи қатламларига ҳам таъсир қилади. Тўғри, бу жиддий муаммо ҳисобланмаса-да, кўплаб ноқулайликлар туғдириши мумкин. Қиш мавсумида эса бу муаммо янада жиддийлашади. Бугунги саҳифамизда уй шароитида қуруқ терини парваришлаш чоралари ҳақида тўхталамиз.

БОДОМ ЁҒИ

Агар терингиз ўта қуруқ бўлса, табиий маҳсулотлар ёрдамида уни намлантиринг. Бодом ёғи — табиий маҳсулотлар ичида қуруқ терига қарши курашувчи энг яхши восита. Нархи ҳам қиммат эмас. Унинг асосида бемалол терининг қуришига қарши курашувчи ниқоб тайёрлаш мумкин.

Бунинг учун 2 стакан сув (500 мл), 1/2 ош қошиқ бодом ёғи, мато ва қўл сочиғи керак.

Юзингизни иссиқ сувда чайиб, кейин бодом ёғини кафтларингизга олиб, бироз қиздиринг. Юзингизга мойни суртиб, айлана ҳаракатлар билан уқаланг. Бир неча дақиқа массаж қилгач, сочиқни иссиқ сувда чайиб, озгина нам ҳолатида юзингизга қўйинг. Сочиқ совиганидан сўнг уни юзингиздан олиб ташланг. Охирида юзингизни тоза мато билан артиб олишингиз мумкин. Муолажани ҳафтада 3 маротаба такрорланг.

КОСМЕТИК ЛОЙ

Косметик лойнинг фойдали хусусиятларидан бири қуруқ терини намлантира олишидир. Уларнинг ичида оқ лой энг яхшиси.

Демак бизга 1 стакан сув, 5 ош қошиқ оқ лой ва 1 дона бодринг зарур.

Сув ва лойни қўшиб, яхшилаб аралаштиринг. Крем кўринишидаги массага бодрингни майда тўғраб, лойга қўшинг. Масаллиқлар қуюқ массани ҳосил қилгунча яхшилаб аралаштиринг. Ниқобни юзга суртиб, 20 дақиқа кутинг. Ниқоб юзингизда қуригач, уни ювиб олишингиз мумкин. Ниқобни ҳафтада 3 маротаба бажаринг. Шунда терингиз тезда юмшоқ ва майин бўлганини сезасиз.

ЙОГУРТ ВА КАРТОШКАЛИ ПЮРЕ

Йогурт ва пюре ҳам қуруқ терини намлантиришда яхши ёрдам беради.

Сут кислоталари терини намлантирибгина қолмай, теридаги ўлик тўқималарга ҳам қарши кураша олади. Шу боис тери юмшоқ бўлади.

Ушбу ниқобни тайёрлаш учун 1 стакан йогурт, 3 ош қошиқ картошкали пюре керак.

Йогурт ва картошкали пюрени аралаштириб, битта масса ҳолига келтиринг. Ниқобни юз ҳамда бўйнингизга суртинг. 20 дақиқадан сўнг ниқобни иссиқ сувда ювинг. Терингиз ўзини янада яхши ҳис эта бошлайди. Муолажани ҳафтада 2 маротаба такрорланг.

ТУХУМ

Тухум  қуруқ терини юмшатишда керакли моддаларга эга табиий маҳсулот ҳисобланади. Бундан ташқари, тухум терини тортиш хусусиятига ҳам эга. Бу ниқобни сули ёрмаси билан аралаштириб ниқоб тайёрласангиз, натижаси янада яхшироқ бўлади.

Бунинг учун 2 дона тухум, 1/2 стакан сули ёрмаси ва чўтка керак бўлади.

Тухумни сули ёрмаси билан яхшилаб аралаштиринг. Чўтка ёрдамида ниқобни юзингизга суртиб, 15 дақиқага юзингизда қолдиринг ва кейин иссиқ сувда ювинг. Ниқобни ҳафтада 2 маротаба такрорлаб турсангиз, тез орада натижасини кўрасиз.