АМЕРИКА ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МАКТАБ МУАЛЛИМИГА МАКТУБИ…

0

 

Америка Қўшма Штатларининг республикачилар партияси тарафидан сайланган ўн олтинчи президенти Абрахам Линкольн кунларнинг бирида бешинчи синфда ўқийдиган ўғлининг муаллимига қуйидагича мактуб йўллаган экан:

—  Ўғлимнинг муҳтарам ўқитувчиси! Мен ўғлимга ҳаётни бўяб-бежаб кўрсатишингизни истамайман. У ҳаётда ҳамма одам ҳам адолатли ва самимий бўлавермаслигини билиши шарт. Сиз унга ҳаётда аблаҳлар ҳам қаҳрамонларга айлантирилиши мумкинлигини, уқувсиз ва такаббур раҳбарларга ҳам содиқ ходимлар топилиши мумкинлигини тушунтиришдан қўрқманг. Унга уқтирингки, душманлари бор экан, демак дўстлари ҳам бўлади. Биламан, бунга анча вақт сарфланади, лекин имконингиз бўлса, унга ноҳалол йўл билан топилган ўн доллардан кўра ҳалол йўл билан топилган бир доллар кўпроқ фойда келтиришини ўргатинг. Шундай таълим берингки, у ғалаба нашидасини суриш учун олдин ютқазиш аламини тотиб кўриш кераклигини англасин. Қўлингиздан келса, унинг табиатига ҳасад чанг солмаслигининг чорасини кўринг. Унга мақтанчоқ одамлар устидан ғалаба қозониш жуда ҳам осон бўлишини ҳис этишга шароит яратинг. Яна имконингиз бўлса, уни китобларга ошно қилинг… Шундай таълим берингки, у жасур, кучли, темир иродали йигит бўлиб улғайиш билан бирга, кўкдаги қушлардан, қирлар узра очилган гуллардан ва бу гуллардан бол йиғиб юрган асаларилардан, қўйингки, табиатнинг бетакрор гўзалликларидан таъсирлана оладиган нозик қалбга ҳам эга бўлсин. Шундай ўқитингки, у ҳаётдаги энг майда ҳолатлар юзасидан ҳам мулоҳаза қилиб кўришни ўргансин. Мен унинг шу кичик ёшиданоқ ҳаётда қаллоблик қилиб ғалабага эришгандан кўра, ҳалоллик туфайли омадсизликка учраш афзал эканини англаб етиши тарафдориман. Уни атрофдагилар ҳар қанча ўз йўриқларига юргизишга уринишмасин, ўз шахсий фикрларида собит тура олишга ҳам ўргатасиз, деган умиддаман. Уни юмшоқ феъллилар билан – юмшоқ, қаҳрлилар билан қаҳрли бўлишга ўргатинг. Ўғлимга моҳиятни англамасдан туриб, ғалаба қозонганлар тарафига ўтиб кетадиган оломонга эргашмасликни уқтиришга ҳаракат қилинг. Уни ҳаммани эшитишга ва ҳар бир эшитганларини мулоҳаза қилиб, ҳақиқатни ажратиб олишга ўргатинг. Ўргата олсангиз, маҳзун вақтда кулиш кераклигига ўргатинг. Вақти келганда кўз ёш тўка билишни ва бунинг ҳеч уятли эмаслигини ўргатинг. Унга ўзига ортиқча зеб бермаслик кераклигини ўргатинг. Зарурат туғилса, ўз ақли ва танасидаги мушаклар кучини энг қиммат нархда сотиши мумкин-у лекин ўлса ҳам юраги, руҳи, виждонини сотишга ҳаққи йўқлигини англатинг. Унга жасур бўлиш учун энг аввало сабрли бўлиш лозимлигини уқтиринг. Ўтда қаттиқ тобланган пўлатгина юқори сифатга эга бўлишини тушунтиринг. Унда ўзига ишонч ҳиссини шакллантиринг, шундагина у бошқаларга ҳам ишонч билан муносабатда бўлади. У билан юмшоқ, лекин ортиқча мулойимликсиз муомала қилинг. Биламан, Сиздан истаётганларимни бажариш осон иш эмас, лекин, ҳар ҳолда сўраганларим ичидан қўлингиздан нима келишини ажратиб олсангиз ҳам бўлади.

Сизга чексиз ҳурмат ва ишонч билан Абрахам Линкольн, 1855 йил».

(Уильям чиндан ҳам ниҳоятда зийрак, тиришқоқ ва уқувли бола эди. У ўқитувчиси берган билимларни аъло даражада ўзлаштирган. Афсуски, жонкуяр ота ва давлат арбобининг орзулари ушалмади. Уильям Линкольн ўн бир ёшида хасталик туфайли вафот этди.)

 

loading...