СНАЙПЕР… (25-қисм)

0

 

* * *

 

Мирсоли казинога қайтди-ю, биринчи навбатда Вадимни чақиртирди. Шавкатни ҳам унинг ёнига ўтқазиб олди.

— Хуллас, Вадим, — деди у столни муштлаб. — Биз ишни мана бундай бошлаймиз. Ишончли, абжир йигитлардан икки нафарини танлайсан. Уларга Шавкат иккаланг бош бўлиб борасан.

— Нима қилиш керак? Тушунмадим.

— «Туман»га тегишли «точка»ларга бирма-бир бориб, эрталабки «кирим»ларни тортиб оласанлар. Аммо ичкарига босқинчидек бостириб кирмайсанлар. Улар соққаларни сумкаларга жойлаб машинага ўтиришгач, пича ортидан кузатиб бориб, қулай ерга етганда босасанлар. Биз «Туман»ни мана шу йўл билан ҳушёр торттирамиз. Бошқачасига кўнадиган нияти йўққа ўхшайди. Хўш, уддалайсанларми?

— Албатта уддалаймиз, — Вадимнинг ўрнига Шавкат жавоб қилди. — Энасини еттиқўрғондан кўрсатамиз, дўст!

— Яхши, у ҳолда сизларга ишондим. Эрталаб шу ишни бошлайсизлар. Фақат менга хабар бериб туриш эсларингдан чиқмасин!

— Хўп бўлади!

Шотирлар чиқиб кетгач, Мирсоли келгуси режаларни калласида пишитиш ниятида оромкурсига чўкиб, бошини орқага ташлаган кўйи кўзларини юмди.

 

* * *

 

Мирсоли шу кеча узоқ вақт кўз юма олмади. Вадим ва Шавкат қилажак ишлардан с ўнг «Туман»нинг қай ҳолатга тушишини тахминан тасаввур қилиб чиқди. Ҳар ўйлаганда, рақобатчи паст тушадигандек, охир оқибат ёлвориб келадигандек туюлаверди. Аммо Мирсоли ўз хаёлларига-да ишонқирамади. Эҳтиёт шарт навбатдаги режаларни хаёлига маржондек тизиб, хотирасига муҳрлаб қўйди.

Эрталаб Вадим билан телефон орқали гаплашиб, вазиятни билгач, йўл-йўлакай учрашиб олишни тайинлаб, йўлга тушди. Чамаси, йигирма дақиқа ичида улар шаҳардаги марказий хиёбон рўпарасида учрашишди. Вадимнинг гап оҳанги хавотиромуз, қиёфаси тунд эди.

— Биз «Туман»нинг ҳамма «точка»ларини шилиб чиқдик, — деди у негадир ҳарсиллаш аралаш. — Лекин барибир «ЧП»сиз иш битмади. Ваня ўққа учиб қолди, босс!

— Нима? Анави Ванями ўтган ҳафтада пул ўғрисини тутиб берган? — сўради Мирсоли асабийлашиб. — Нега ўққа учади? Иложи борича қурол ишлатмаларинг дегандим-ку!

— Бизга қолса, шундай қилардик, — деди Вадим. — Афсуски, «Туман»нинг одамлари биринчи бўлиб бошлашди. Биз офисига кириб ўтирмагандик, йўлда пул олиб кетаётган машиналарни тунагандик. Ана шу ерда маразлар отишма бошлаб қолишди. Биласиз, жавоб қайтармасак бўлмасди.

— Бўпти, бўлар иш бўлди, — деди Мирсоли Вадимнинг гапини кесиб. — Уйига бориб оиласидагилардан кўнгил сўра, дафн маросимига кетадиган ҳамма харажатларни тўла! Барибир айб бизда.

— Албатта шундай қиламан.

— Хўш, Шавкат қалай ёрдам берди? Сенга маъқулми иши?

— Шавкатга гап йўқ. Қойил қолдим дўстингизга.

— Яхши, унда сенга яна бир топшириқ.

— Қулоғим сизда, босс!

— Ҳозироқ Туман кун бўйи қаерга қай маҳалда боради, қўриқчилари нечта, қайси машинага ўтиради, хуллас, шуларни аниқлаб қўй! Кейин менга дарҳол хабарини етказ! Мен офисга ярим соатдан кейин етиб бораман. Шунгача сен ишни пишитиб қўй!

— Хўп бўлади, ҳозироқ киришаман!

 

* * *

 

Бу галги режага кўра, Мирсолининг ўзи ёлғиз ҳаракатланиши лозим эди. У ҳар бир ҳаракатни, ҳолатни олдиндан хомчўт қилди. Бу ишнинг оқибатигача ўйлаб бош қотирди. Шундан кейингина клубга жўнади.

Манзилга етгач, клубдаги ишлардан шошилинч кўз-қулоқ бўлди-ю, яна Вадим билан Шавкатни кабинетига чорлади.

— Сенлар ўн шотирни автоматлар билан бирга «Туман» бориб тўхтайдиган жойга элтасан, — деди у Вадимга. — Ундан олдин анави «Чиғириқ»қа сим қоқ, менга мойи кетмаган винтовка берсин! Фақат яхшилаб текшир, ишлатилган бўлмасин! Айтганча, то мендан кўрсатма бўлмагунча, бир четда беркиниб туринглар! Эҳтиёт чораси кўрилгани маъқул.

— Тинчликми? — сўради бир четда қимтинибгина турган Шавкат бетоқатланиб. — Отишма уюштирамизми?

Мирсоли дўстига ўйчан термилиб турди-да, норози бош чайқади.

— Йўқ, бугун бир ўзим ишлайман. Сенлар хавфсизлигимни таъминлайсан. Маъқулми?

— Нима қилмоқчисан ўзи? Ўта махфий ишми?

— Нега энди, — лаб буриб жавоб берди Мирсоли. — Бунинг сира махфийлиги йўқ. «Туман»ни тўхтатмоқчиман, холос. Бор гап шу.

— Сен-а? Ахир, бу хавфли иш-ку, дўст! Кел, ўрнингга мен қилай шу ишни!

— Йўқ, қарорим қатъий. Ҳар ҳолда бу шаҳарга келгач, ишни киллерликдан бошлаганман. Бугун ўша кунларни бир эслаб олсам дейман.

— Бекор қиляпсан, — деди Шавкат қовоғини уйиб. — Кабинетда ўтириб ишни бошқарсанг яхшийди. Ё бизга ишонмайсанми?

— Гап ишонишдамас. «Туман»нинг илдизи бақувват экан. Шунинг учун у билан фақат мен шуғулланишим керак. Сизларни хавф остига қўя олмайман. Хуллас, гап битта. Боринглар, мен айтган ишларни дўндиринглар!

Шавкат ортиқча гапириб ўтирмади. Вадимнинг имоси билан аста кабинетдан чиқиб кетди.

 

* * *

 

Тушдан сўнг Мирсолини алоҳида машинада «Туман» келиб тўхташи лозим бўлган манзилга етказишди. Бу ерда шаҳардаги энг обрўли банк жойлашганди. Қарама-қарши тарафда эса ўн икки қаватли уй қад ростлаган. Оралиқ масофа анча узоқ эди. Агар мерган ҳақиқий профессионал бўлмаса, кўп қаватли уй томи остидан туриб, нишонни аниқ ура олмаслиги мумкин. Мирсоли буни ҳам назардан қочирмади. Қачонлардир тўгаракда ўрганган усулларни бир-бир ёдга олиб, ниҳоят нишонни узоқ масофадан қандай бехато уриш мумкинлигини топди ва теваракка ўғринча назар ташлаб олиб, уй подъездларидан бирига кирди…

Томда иш учун барчаси муҳайё эди. Мирсоли соатига бир қараб олди-да, узун ғилофни очиб, олдиндан келтириб қўйилган винтовкага кўз югуртирди. Вадим ишни пишиқ қилибди. Ҳақиқатан қуролнинг мойи кетмаган экан. Қолаверса, ғилофга яна янги юпқа чарм қўлқоп ҳам солиб қўйишибди. Мирсоли шоша-пиша винтовка жиҳозларини жой-жойига ўрнатиб, ўқ узиши лозим бўлган туйнукка яқинлашди. Ҳа, бу ердан «Туман» келиб тўхташи зарур бўлган ер анча узоқ. Аммо ҳисоб-китобни тўғри олса, истеъдодини ишга солса, нишонни аниқ уриш қийинчилик туғдирмайди.

«Ҳаёт мени не кўйларга солмаяпти, — ўйлади Мирсоли банк биносидан кўз узмай. — Йўқ, ҳаётнинг даҳли йўқ. Пул мени шу кўйларга соляпти. Бойлик жазаваси ўз йўриғига юргизяпти. Акс ҳолда одам ўлдиришга аҳд қилмаган бўлардим. Нима қилай? Яшаш учун курашда шу йўлни ўзим танлаганман. Отам раҳматли каби далада трактор ҳайдаш ёки хирмонда нам тортган пахтани ағдаришга бўйним ёр бермади… Майли, ортиқча хаёлларга берилмай, тағин ишим ўнгидан келмаса, кайфиятим тушади, руҳим синади…»

Шу орада бино қаршисига ярқираган «Жип» келиб тўхтади ва ҳали машинадан ҳеч ким пастга тушмай тепасига сиреналар ўрнатилган иккита «Газель» машинаси унга кўндаланг бўлди. Ҳаш-паш дегунча машиналардан юзларига қора ниқоб тортган девдек-девдек йигитлар тушиб, атрофга тарқалди. Кейин эса аввал «Туман» пайдо бўлди. У ҳали теваракка назар солиб улгурмасдан, қаердандир подполковник ҳозир бўлди. У «Туман»га яқинлашиши билан автомат тутган бир неча йигитлар икковларини ўраб олишди.

— Шу етмай турувди, — деди овоз чиқариб Мирсоли. — Нима бало, подполковник менинг мерганлигимни ўз кўзи билан кўриш учун етиб келдими дейман? Қизиқ, у прокуратурада ишласа, нега «Туман»ни қувиб келди? Умуман, қаердан билди у банкка келишини?..

Саволлар мўл эди. Лекин кутишга фурсат йўқ. Агар шу тахлит тураверса, «Туман»ни қўлдан бой бериши ҳеч гап эмас. Мирсоли шоша-пиша винтовкани ўқлади-да, туйнукдан туриб, «Туман»ни мўлжалга олди. Шу тобда киссасидаги телефон безовта жиринглай бошлади. Қараса, подполковник ҳам телефонни қулоғига тутганча тек турибди.

— Шу ярамас менга сим қоқяптими? — дея телефонга кўз югуртирди Мирсоли. — Ҳа-а, шу экан-ку! Тушунмадим. Менинг бу ердалигимни қаердан била қолди? Агентураси шунчалик зўр ишлайдими?

Мирсоли истар-истамас, яшил тугмачани босиб, телефонга қулоқ тутди.

— Крутой, — деди хириллаган товушда подполковник. — Қандай ишга бел боғлаганингни, ҳозир қайси тешикдан мўралаб турганингни яхши биламан. Қаршилик кўрсатишга, қочишга уринма! Сен ўтирган уй ўраб олинган. Таслим бўл, Крутой!

Мирсоли бу гапларни эшитди-ю, бирдан бўшашиб, винтовкани ерга қўйди.

 

* * *

 

«Мент барибир ментлигини қилди-я, — ўйлади Мирсоли қўлидаги винтовкани томнинг кўздан пана жойига беркитиб, шошилмасдан пастга тушаркан. — Шунча пулимни олганди, ваъдани қоп-қоплаб берганди. Нега бундай йўл тутди у? Тузимни ичиб тузлиғимга тупурдими? Нима мажбур қилди уни? Ким сотди мени? «Туман»ми? Ўзи қўлга тушиб ўтирибди-ку у мараз! Ҳа майли, агар подполковникка уруш керак бўлса, бўлади уруш, бўлади!..»

Мирсоли ташқарига чиққани ҳамоно икки қўлини кўтарганча автоматлилар қуршовида подполковник томон юрди. У ҳануз машинаси ёнида турар, «Туман» ҳайдаб келган машинани ўраб олган аскарларга нималарнидир уқтирарди.

— Қўлни туширавер, қаҳрамон, — деди подполковник кутилмаганда сирли жилмайиш қилиб. — Ҳойнаҳой, «Менинг бу ерга келишимни қаердан билдийкин подполковник?» деб бош қотираётган бўлсанг керак-а? Топдимми?

— Хўш, шундай бўлса нима ўзгаради? Мана, мен қаршингиздаман, қўлларимни кишанлайверишингиз мумкин. Аммо…

— Ким айтди сенга қўлингни кишанлайди деб? — кулди подполковник наридаги машина томон ишора қилиб. — Мана, қўлини кишанлашимиз лозим бўлган кимса аллақачон «Сизо»га етган. Дам олаётгандир ўша ерда.

— Мендан нима истайсиз унда? — сўради Мирсоли қовоқ уйиб. — Нега мени анави автоматлилар қуршовига олдингиз? Ё…

— Шундай қилишим шарт эди, — деди подполковник бош ирғаб. — Бизнинг ишда ҳар хил воқеа юз беради. Хафа бўлма. Ҳой, лейтенант, машинадаги жомадонни опкел буёққа!

Мирсоли яна ҳеч нарсани тушунмай, подполковникка савол ва нафрат назари билан боқди. Ҳозир қандайдир ноқонуний буюмни кўрсатиб, бўйнига янги айб қўйишига сира шубҳаси қолмади. Кутганидек, подполковник жомадонни машина капотига қўйди-да, ичини очиб, Мирсолига сўз қотди.

— Кўрдингми бу ерда нима боракан?

Мирсоли жомадон тўла кўкимтир пулларга бир қараб қўйиб елка қисди.

— Бу менинг пулларим эмас. Овора бўласиз.

— Биламан, — деди подполковник. — Бу пуллар «Туман»га тегишли эди. У анави банк раҳбарига пора сифатида олиб келган. Иккови ҳамтовоқ экан. Биз банк раҳбариниям қўлга олдик.

— Нега менга айтяпсиз буларни? Тушуна олмаяпман. Ниятингиз нима ўзи?

— Уф-ф, жуда бетоқатсан-да, ука, — деди подполковник Мирсолига яқин келиб. — Бугун сен менга катта ёрдам бердинг. Биз анчадан бери «Туман»ни кузатардик. Лекин сира арзирли далил билан қўлга ола билмаётгандик. Мана, сен сабаб бўлиб бугун катта бир жиноий иш судга ошириладиган бўлди. Буям ҳаммаси эмас. Бугун менинг унвонимни оширишди. Полковник бўлдим, ука! Бу унвонни менга сен олиб бердинг, сен!.. Билмайман, Бу муваффақиятни ювмасак бўлмайди. Қани, юр, ё қўлларингни кишанлатиб қўяйми?..

Бу ҳазил Мирсолининг ғашини келтирди. Итоат билан кўрсатилган машинага ўтираркан, ҳеч кимга эшиттирмасдан пичирлади:

— Кишанинг ўзингга буюрсин!

 

* * *

 

Улар прокуратура машинасида Мирсолига тегишли кафега боришди. Полковник ваъдасини қойиллатгиси келдими, стол устини турли ноз-неъмат, ичкиликлар билан безаттирди. Мирсоли эса бу манзарага ўта ҳиссиз назар билан боқар, тезроқ полковникдан нарилашни хоҳларди.

— Илгари майли, — ўртадаги сукунатни бузиб сўз қотди полковник қадаҳларга хориж коньягидан қуйиб. — Бугун ичмасанг, жуда хафа бўламан сендан. Ахир, бугун менинг қувончли куним! Қани, ол!

— Шунинг учун кафега опкелдингизми? — савол ташлади Мирсоли. — Ҳойнаҳой, бошқа гапингиз ҳам бордир? Сиз ментларни жуда яхши билиб қолганман. Айтаверинг, қулоғим сизда!

— Жа айёрсан-а? — дея кўзларини қисиб тиржайди полковник. — Шунинг учунам кучайиб кетдинг-да!

— Хўш, айтасизми дардингизни ё кетаверайми? Ишонинг, жуда ишларим кўп. Манавинақанги зиёфат еб ўтирадиган аҳволда эмасман.

— Аввало, бизга «Туман»ни тутишда ёрдам берганинг учун катта раҳмат! Ишонавер, бундан буён сен билан мен янаям яқин бўп қолдик. Охирги нафасим қолгунча сени ҳимоялайман.

— Э, полковник, — деди Мирсоли энсаси қотиб. — Мент бандитга ҳеч қачон дўстлик қилмайди. Бир кунмас бир кун барибир қўлига кишан солишни истаб яшайди. Ё ноҳақманми?

— Ҳа, ноҳақсан, — деди полковник жиддий тортиб. — Бошқа одамларга нисбатан балки шундайдирман. Бироқ сенга ёмонлик қила олмайман. Кўнглинг очиқлиги, қолаверса, мусофирлигинг бунга йўл бермайди.

— Бўпти, ишондим деб ҳисобланг! Энди мақсадга ўтинг!

Полковник бирпас бош қашиб тургач, Мирсолига қаттиқроқ тикилиб сўз бошлади.

— Биласанми, бизнинг идорада подполковник бор. Рафик Эдуардович деган. Шу азалдан менга гўр қазиб келади. Нуқул изимни пойлайди, тирноқ орасидан кир қидиргани қидирган. Жонимга тегиб кетди.

— Хўш, шуни тинчитиш керакми? — сўради Мирсоли. — Гапираверинг тортинмай!

— Йўқ, қон тўкилмаслиги шарт, — деди полковник. — Бусиз ҳам гуноҳларимиз бир дунё.

— Унда нима хоҳлайсиз?

— Биласанми, агентура етказишига қараганда, Эдуардович анчадан бери мени четлатиб, ўзи сен билан шерикчилик қилмоқчиймиш. Яъни, сенларни ҳимоясига олиб, пул ишламоқчийкан.

— Нима, у билармиди мен билан муносабат юритишингизни?

— Ў, қаёқда-а?!. Билганда аллақачон мени сотган бўларди. Тағин билмадим, балки гумонсирар. Аммо аниқ далили йўқ қўлида.

— Хў-ўп, нима қил дейси-из? — тоқати тоқ бўлган Мирсоли оғир хўрсинди. — Айтсангиз-чи мундай чайналавермай!

— Мундай қилсак… Қисқаси, сенга бировлар орқали ўшани йўналтирсам-у, учрашиб гаплашсанг. Мен учун унга ялиниб, қўлига каттароқ пул тутқазсанг. Қўрқма, пуллар дарҳол ўзингга қайтади. Биз пулларни қўлига олган заҳоти таппа босардик.

— Унга қўшиб мениям судраб қолмайдими ментлар?

— Йўғ-э, бу нима деганинг, ука? Сен тарафга қайрилиб ҳам қўйишмайди. Илтимос, шу ишда ёрдам берворгин!

— Майли, қўнғироқ қилиб хабарини етказарсиз. Энди мен борай! Ишларим кўп!

— Бўпти, ука, омадингни берсин! Уёғидан хавотирланма! Ҳаммаси назоратимда!

— Омон бўлинг!

Мирсоли даст ўрнидан турди-да, ташқарига йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...