СНАЙПЕР… (28-қисм)

0

 

* * *

 

— Хўш, начальник, — Мирсоли жиноятчилар тилида сўз қотди. — Барибир қўрқдингизми? Ана шунақа бўлади. Кўрпага қараб оёқ узатиш керак.

— Менга қара, — деди генерал ҳануз титрашдан тўхтамай. — Кел, келишайлик! Мен сени қаматиб нима топаман-у, сен мени ўлдириб барака топармидинг? Йўқ, албатта. Ундан кўра, келишайлик. Ҳаёт давом этяпти, ахир!

— Энди қанақасига келишамиз? — дея Мирсоли лаб бурган кўйи генералга мағрур боқди. — Мана, ўша ментларингизни яна чорладингиз. Ҳойнаҳой, ҳозир мени ўшаларнинг қўлига топширсангиз керак. Шунақами?

— Йўқ, сен тушунмадинг. Ниятим аслида умуман бошқа. Одамга ўхшаб гапимни эшитсанг-чи!

— Бўпти, гапиринг! Бугун сиз гапирадиган кунга ўхшаб турибди. Нима дардингиз бор?

— Биласанми, «главка»да бир генерал дўстим бор. Матвей Миронович. Шу одамга ёрдаминг зарур бўп қолди. Нима дейсан?

— Мен ким бўлибманки, генералларга ёрдам берсам? Майли, айтинг. Нима қилиш керак ўша генералингизга? Қурол-аслаҳа керакми ёки?

— Ғалатисан-да! — деди генерал норозиланиб. — Ўзимиз ўша қуролнинг ичида яшаймиз-ку! Бошига урадими қуролни?!.

— Унда нима? Башарти қизига мендақа бой эр керакмасмикан?

— Йўқ, топа олмадинг. Матвей Миронович депутатликка номзодини қўймоқчи. Бу жараён эса кўп пул талаб қилади. Шу тарафдан қўллавормасанг бўлмайди. Ишон, генерал жуда танти одам. Иши битса, ошиғинг мунданам олчироқ бўлади.

— Овора бўласиз, — деди Мирсоли қайсарлик билан. — Мен хайрия жамғармаси эмасман. Қолаверса, ўша генералингиз депутат бўлишни мўлжаллабдими, демак, пули бор.

— Тўғри, бор. Аммо Матвей Миронович…

— Бас қилинг, — генералнинг сўзини кесди Мирсоли. — Ўзингизга маош бериб турибман ҳам, жон денг. Энди ҳамтовоғингизниям тиқиштирмоқчимисиз? Инсоф ҳам керак-да, ахир!.. Аҳмоғингиз йўқ.

— Ҳой, йигит, бугуннинг ўзида ўнлаб одамларни ер тишлатдинг, тан ол! Бу айбинг учун камида бир умрга қамаласан. Ҳадеб шу нарсани эслатаверишга мажбур қилмасанг-чи!

Мирсоли генералнинг сўнгги гапидан баттар ғазаби қайнаб, дафъатан машина эшигини очди.

— Қамаб бўпсан, мент, — деди пастга тушаётиб. — Духинг етмайди мени қамашга. Кўрасан, худо кўрсатмасин, ҳозир ўша югурдакларинг мени тутишга уринса, ҳаммангнинг шўрингга шўрва тўкилади. Шунинг учун орқамдан қувлаб овора бўлмаларинг!

— Вей, аҳмоқлик қилма, — деди генерал ўтирган ерида. — Охирги чорани қўллашга мажбур қилма! Охири яхши бўлмайди!

— Ҳаракат қилиб кўр!..

Мирсоли сўзини тугатгач, машина эшигини қарсиллатиб ёпди-да, йўл четида илдам қадамлар ташлаган кўйи кета бошлади. Лекин узоққа бора олмади. Қарама-қарши томондан ўқдек учиб келган полиция машинаси рўпарасига етганда тўхтади ва эшиклари очилиб, юзларига қора ниқоб тутган автоматлилар тушишди. Уларга бир сония қараб олишга-да вақт йўқ эди.

Мирсоли жонҳолатда дарахтзор ичкарисига ўзини урди. Автоматлилар ҳам ортидан қува бошлашди. У биларди, ишонарди. Астойдил чопса унга ҳеч ким ета олмайди. Ўрмоннинг қуюқ қисмигача ета олса, марра уники…

Афсуски, улгурмади. Қора ниқобли аскарлар энди қуролларни ишга солишди-ю, ўқлар ёмғири Мирсолининг иккала оёқларига келиб урилди. Биринчиси, иккинчиси… Йўқ, Мирсоли жисман танасидан мадор кета бошлаганини ҳис этди. Ўқлар ёмғирига дош бера олмаган оёқлари ниҳоят бўшашиб, кучли оғриқ исканжасида ҳаракатдан тўхтади. Мирсоли кутилмаганда боши гир-гир айланиб, майсалар устига юзтубан йиқилди. Шу ондаёқ танасида зоҳир оғриқлар ортга чекиниб, ўзга бир оламга кириб қолган каби енгил тин олди.

 

* * *

 

Бу ям-яшил майсалар, меваси новдаларини синдиргудек осилиб тушган, нақшинкор олмазор, суви тошдан-тошга урилиб шарқираганча, кўпириб оқаётган шошқин сойдан иборат водий эди. Аммо водий ичра бошқа бир дунё зоҳирдек эди. Ранг-баранг капалаклар, бир-биридан гўзал, мафтункор қушлар водий ичкарисидаги бепоён боғда парвоз қиларди. Қушлар сайроғи водий ичкарисига ўзгача файз ато этарди. Капалаклар ҳар яйраб учганда, Мирсолининг қулоғига шўх кулги, ҳазил-мутойибага қоришиқ суҳбатлар чалинарди. У ҳайрон бўлиб, эҳтиёт шарт баданининг у ер-бу ерини чимдиб кўрди. Оғриқ сезилмади. Кимсасиз водийда одамлар вакили сифатида ёлғиз ўзи кезаётганидан беихтиёр хавфсираб, бор овозда қичқириб ҳам кўрди. Ҳали ўнг, ҳали сўлга қараб югурди. Теваракда кимнидир кўриб қолишга, илғашларига умид боғлади. Бу ҳаракатлари ҳам зое кетди. Қичқириғига капалаклар орасидан норози товушлар, нолишга йўғрилган пўписаларгина жавоб қайтарди.

— Худойим, мен қайлардан келмадим, — деди атайин товуш чиқариб Мирсоли. — Қанча азобли йўлларни босиб ўтмадим. Наҳотки, сен ёлғиз бандангни мана шу кимсасиз манзилга раво кўрган бўлсанг? Нега бу водий бўм-бўш. Одамлар қаерга ғойиб бўлишган? Умуман, нима учун бу ерга келдим? Сенга ёлвориб ҳеч нарса сўрамагандим-ку! Энди нима қиламан? Қаерга бораман? Қандай умр кечираман буёғига?..

Бу сўзлардан сўнг боғ ичида ғойибона айтишувлар, савол-жавоблар жаранглай бошлади, аллакимларнинг маҳзун оҳ уриши водийни тутгандек бўлди. Сал ўтмай, уч капалак тўдасидан алоҳида ажралиб чиқиб, Мирсолининг тепасида чарх ура бошлади. Мирсоли уларга тикилганча янада ҳайратга тушди. Капалакларнинг иккитаси тўқ яшил, учинчиси эса қордек оппоқ рангда эди.

— Нодон бола, водийга нега келдинг?..

Мирсоли бу саволни одам ёғдирганини аниқ англади. Товуш худди ўша уч капалак орасидан чиқиб, қулоқлари остида жаранглаганди. Ҳамон ҳеч нарсага фаҳми етмай, оғзи ланг очилган кўйи капалакларнинг ҳаракатларини кузатишда давом этди.

— Бизни танимадингми? — сўради яна қайсидир кўринмас қиёфа соҳиби. — Айт, танимадингми?

— Й-йўқ, — дея кўм-кўк осмонга боқиб жавоб қилди Мирсоли. — Мен… Ҳеч кимни кўраётганим ҳам йўқ. Кўрсам танийман-да!

— Овозимиз-чи? Кимнинг овози эканини англагандирсан?

— Бу… Наҳотки, сиз, ота? — дея оҳ урди Мирсоли. — Бу сизнинг овозингиз!

— Менгача кимнинг товушини ҳис этгандинг?

— Бунгачами?.. Худойим, менга нималар бўляпти ўзи?.. Ҳа, бу товушларни ҳам танидим. Иккала энамнинг овози эди бу!

— Баракалла! Бизни мамнун этдинг, болажоним!

— Қаердасизлар ўзи? Нега кўринмаяпсизлар? Ё… Дарахтлар панасига беркиниб олганмисизлар? Ҳеч нарсани тушунмаяпман!

— Беркинганимиз йўқ, — деди эркак товушида кўринмас қиёфа эгаси. — Мана, биз уч капалак тепангда парвоз қиляпмиз. Яшил рангдагилар эналаринг, оқи эса мен — отанг!..

— Капалак? Менга қаранг, ё мен ақлдан озганман, ё сизлар мени атайин қийнаш учун шу ўйинни ўйлаб топгансизлар! Қанақа капалак? Ҳеч замонда одам ҳам капалакка айланадими?.. Тўхтанг, ахир, сизлар оламдан ўтгансиз-ку! Қандай қилиб мен билан бемалол гаплашяпсизлар? Мурда гапирганини ҳеч қачон кўрмаганман! Айтинг, ота, буни қандай тушунай? Мени қийнамай тезроқ жавоб беринг!..

Бу гал эркак эмас, аёл товушида бошқа бир кўринмас қиёфа эгаси сўз қотди.

— Ана энди ўзингга келдинг! Мен гўдаклигингдан сени оқ ювиб оқ тараган энанг бўламан. Ёнимдаги Настя энанг. Қара, биз отанг уччаламиз бирга-бирга ҳаёт кечиряпмиз.

— Қаерда? Шу водийдами?

— Ҳа, бу буткул бошқа дунё, болам. Бу дунё жудаям сокин, ҳавоси мусаффо, қайғу-ғамлардан холи. Бу ерда ҳеч ким қайғуга ботмайди, айрилиқ аламини тотмайди, бир-бирига ҳасад қилмайди, бир-бирини хўрламайди, эртанги чароғон кунни ёлғиз яратгандан сўрайди. Худойим чароғон кунларни ҳеч қачон биздан дариғ тутмайди.

— Нега капалак тусига киргансизлар унда? Одам қиёфасида қолсангиз, нима бўларди?

— Боқий дунё аҳли турли жониворлар тусини олади. Кимдир чағалақ, яна кимдир қарға, бошқа биров бургут тусига эга бўлади. Буни яратган эгамнинг ўзи белгилайди.

— Қандай белгилайди?

— Орттирган гуноҳ-у савобларига қараб белгилайди. Масалан, биз фоний дунёда безиён бўлганимиз боис худойим уччаламизниям мукофотлади. Бизни бир-биримиздан айирмади, ажойиб капалаклар тусини берди. Худойимга беадад шукр!..

— Мени-чи? Мени қай жониворга айлантираркин? Билмайсизларми, эна?..

Бу саволга бир неча дақиқа жавоб бўлмади. Мирсолининг қулоқларига яқинларининг чуқур хўрсинишларигина чалинди. Кейин эса қайтадан эркак товушида отаси жавоб беришга тутинди.

— Кет! — деди отаси овозини бир парда кўтариб. — Сени ҳеч ким чақиргани йўқ бу ерга.

— Нима? Қанақасига? Унда қандай келиб қолдим?

— Ўжар эдинг, ўжарлигингча қолибсан! Бизни ҳеч вақодан хабари йўқ деб ўйловмидинг? Уят! Иймонингни еб қўйибсан сен бола! Қанча одамнинг умрига зомин бўлганингниям биламиз. Қўй, шаккокликни бас қил! Яратган сенга мурувват кўрсатмоқчи. Унинг ғазабини қўзғама! Акс ҳолда сени жирканч бир қушга айлантириб қўйиши ҳеч гапмас. Бу водий ҳам сенга бегона. Ҳали сен фоний дунёдаги гуноҳларинг ажрини тўлаб бўлганингча йўқ. Бор, бизни азоблама! Кет!..

— Ахир мен зино қилмадим-ку! — қайсарларча ҳайқирди Мирсоли. — Зино энг оғир гуноҳ эмасми?

— Нодон, — деди отаси — оқ рангли капалак. — Бандасининг жонини фақат худо олади. Сен бўлсанг, шу гуноҳни кўп бор бўйнингга олдинг. Шайтони лаин йўриғига кирдинг.

— Нега унда шайтонни жазоламайди-ю, менга қаҳрини сочади худо?

— Худойим кечиримли, — деди отаси оҳ тортиб. — Униям кечирмоқда. Шайтони лаин йўриғидаги жодугарларнинг руҳигаям озор етказишдан тийилмоқда. Улар эса қутургандан қутуриб, жодугарларнинг тирик вакилларига турли ёлғон-ёшиқ хабарларни етказиб юришибди. Аммо Оллоҳ ҳаммасини кўриб, сезиб турибди. Қиёматда улар ҳам албатта жазосини олади. Сен эса яхшиликча кет, болам! Ёруғ дунёнинг ўзида сен нодон оғир мушкулотларга маҳкумсан. Бусиз Оллоҳимиз ҳеч қачон сени қабул қилмайди. Кет!

— Майли, кетаман, — деди Мирсоли. — Фақат бир саволимга жавоб айтинг! Шу саволимга жавоб олсам, кўнглим тинч бўлади, хотиржам тортаман.

— Бер саволингни!

— Вақти-соати етганда мен ҳам шу водийга келаманми? Сизлар билан бирга кун кечираманми?

— Буни худойимнинг ўзи ҳал қилади. Сезишимча, ҳали-вери бу водийга бегона бўласан. Чунки гуноҳларингнинг тоши ҳаддан зиёд оғир. Лекин кўнглингни чўктирма! Фурсат келади, сен ҳам албатта оиламизга, даврамизга қайтасан. Қаддингни тик тут! Оллоҳимизнинг қаҳридан, қон тўкишдан, ваҳшиёна ўйлардан сақлан!.. Ҳамиша ҳақиқатни сўзлашга, адолатли, диёнатли бўлишга ҳаракат қил!..

Мирсоли ҳақиқатан кўнгли таскин топгандек бошини қуйи солганча водийдан чиқиб, поёни йўқ дашти карбалога қадам қўйди. Саҳро аллақачон зулмат қаърига шўнғиган, жуда олисда чироқнинг тангадек нури кўзга ташланарди…

 

* * *

 

Мирсоли талпинганча, қора терга тушиб, аранг худди шу нур томон икки кўзини юмган ҳолда яқинлашди. Яқинлашгандаёқ тўсатдан саҳрои карбалода кундуз зоҳир бўлди. У кўзларини очди-ю, тепасида касалхона палатасининг оппоқ шифтини кўрди. Оёқларининг аллақаерида кучли оғриқ туйди. Юраги ғижимланган латта каби сиқилиб, базўр нафас олди.

— Вой, дўхтир, бемор кўзини очди-и!

Мирсоли бу ҳайқириққа жавобан бошини чап ёнбошга бурди. Каравотдан сал наридаги дераза қаршисида эгнига оппоқ халат кийган, юзларига ҳам худди шундай оқ матодан ниқоб тутган ҳамшира турар, эшикдан шошилинч ичкарига кириб келган паст бўйли, кўзойнак таққан врачга гўё бир қоп тилла топиб олган одам каби ўтли жилмайган кўйи нуқул Мирсоли тарафга ишора қиларди.

— Хайрият, — деди врач Мирсолининг тепасига келиб бошига қўлини қўяркан. — Иситмасиям тушибди. Тез шприцга анави уколдан тортинг! Беморимиз безовталаняпти. Тинчлантириш керак! Хўш, ука, тузукмисиз энди? Қўрқитиб юбордингиз-ку ҳаммани! Ҳеч қаерингиз оғримаяптими? Ё оғрияптими?

Мирсоли ўзига келган бўлса-да, аланглаб яқиндагина ўзи бўлиб қайтган водийни қидирар, оёқларидаги кучли оғриқ зўр келганда иҳлаб оларди. Шунда ҳам врачнинг саволига жавобан нимадир дегиси келди. Тил-жағи ўзига бўйсунмади. Бир неча бор уриниб, сўзлашни уддалай олмагач, чуқур нафас олди-ю, кўзларини юмди…

 

* * *

 

Орадан уч кун ўтди. Мирсоли ҳийла ўзини ўнглаб, энди ҳамширалар, даволовчи врач билан тиллаша оладиган бўлди. Бахтга қарши бу гал врачдан эшитган гапи кўнглини алғов-далғов қилди. Оғриқларни соат сайин енгиш палласига кирган Мирсоли шу бир оғиз гап туфайли тушкунлик домига тушди. Врач гапни узоқдан олиб келиб, шундай деганди:

— Ука, биламан, иродангиз жуда кучли экан. Акс ҳолда бунча азоблардан устун бўла олмасдингиз. Айтинг, ҳақиқатни тўкиб солсам ёмон бўлиб қолмайсизми? Тўғри, бу гапни кейинроқ айтсам ҳам бўларди… Таваккал қилай дедим, ука!

— Айтаверинг, — деди ҳазин товушда Мирсоли. — Айтадиганингизни сезаётгандайман. Чунки танамнинг қайсидир жойлари ғойиб бўлгандай туйиляпти. Айтинг, дўхтир! Бундан баттари бўлмайди.

— Биласизми, — деди врач барибир чайналиб. — Икки оёғингизни ўқ тешиб ташлаган экан. Ўша куни сизни жуда оғир аҳволда олиб келишди. Очиғи, яшаб кетишингизга сира ишонмовдим. Мард ва жасур экансиз. Баракалла!

— Чўзмасдан айтсангиз-чи энди! — жаҳл аралаш хириллаб сўз қотди Мирсоли. — Ўлмабман-ку ҳарқалай! Ё ўлимданам қўрқинчлиси бўладими?

— Йўқ… Хўп, айтсам айтай… Қисқаси, ука, иккала оёғингизнинг тиззадан паст қисмини кесиб ташлашга тўғри келди. Шундай қилмасак, зиён аъзойи баданингизга тарқаб кетарди. Ўзингиз тушунасиз, бундай аҳволда одамзоднинг яшаб кетиши даргумон… Сиз сира хавотир олманг! Ҳозир техника ривожланиб кетган. Протезларнинг зўри чиқиб ётибди фабрикалардан. Протез қўйдирсангиз, аслига қайтади-қолади. Нима дейсиз?..

Мирсоли шундан кейингина қўллари билан икки тиззасини пайпаслаб кўрди. Врач ҳақ экан. Тиззадан пастида ҳеч вақо қолмабди. Аммо бу манзара Мирсолини қаттиқ қайғуга солмади. Хаёлида ўша машъум кечадаги баъзи ҳолатлар узуқ-юлуқ намоён бўлди. Барибир тушкунликка ён бермади. Оёқсиз қолганидан увиша бораётган юрагига кафтини босди-ю, дадил тилга кирди.

— Пешона-да, ака! Нимаям қилардим? Нияти бузуқ кимсалар мени ростакамига ўлдиришмоқчийди. Худога ҳақ эканман, ниятларига ета олишмади… Айтганча, протез керакмас менга! Барибир ўз оёғимдек бўлмайди. Яхшиси, ногиронлар аравачасини сотиб оламан. Ишонинг, мен оёқсиз аҳволдаям беш-ўнта маразни ағдариб ташлашга қодирман. Фақат сизлар бўшашмасангиз бас! Неки дори-дармон зарур бўлса, ёзиб бераверинг. Топиб келишади. Ҳа, бир нарсани сўрамоқчийдим, сал қурса ёдимдан кўтарилаёзибди. Менинг олдимга биронтаси келдими?

— Ҳа, Вадим деган йигит ҳар куни келади. Комада ётганингизда худо берган куни ярим тунгача тепангизда ўтириб чиқди шўрлик! Жуда меҳрибон экан сизга.

— Шунақами? Шавкат деган бола-чи? У кўринмадими?

— Йўқ, бошқа ҳеч ким келмади.

— Тушунарли, — деди Мирсоли асабий лаб тишлаб. — Демак, Вадим келибди-да! Бугун-чи? Бугун ҳам келдими?

— Келиб қолар. Иш куни энди бошланди-ку!..

Мирсоли ортиқ ҳеч нарса демади. Негадир кўнгли оза бошлагандек ютина-ютина қайтадан кўзларини юмди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...