Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

ЛАГАНБАРДОР

(плюс аёллар афсунгари)

(ҳажвия)

 

Бошлиқ қабулида

 

Кира солиб икки қўлини кўксига қўяди-да, таъзим бажо қилади.

— Ассалому алайкў-ўм, Пулберди Тилбердиевич! И-и-и, турманг, турманг! Мана, ўзим бориб муборак қўлингизни оламан! Илойим умрингиз узоқ бўлсин-у, биз ғарибларни қўллаб юраверинг!.. Акажоним, жиянлар, тоғалар, аммалар, бувилар яхши юришибдими? Кеча котибангиздан эшитиб қолувдим. Сал томоғингиз қирилгандай бўлганмиш! Тузукмисиз?

— Ҳа, отдайман, Тортволди Ортволдиевич!

— Айтганча, тўнғич холангиз ўсал деб эшитгандим. Яхшимилар? Илоё умрлари узун бўлсин!

— Катта холамми?

Сал норозиланган бўлиб, афтиини бужмайтиради.

— Ёъғ-е, Пулберди Тилбердиевич! Унақа деманг, уят бўлади. Тўнғич денг, тўнғич! Вой, вой, манави суратдаги жажжи жияннинг ширинлигини! Товончасининг остига турк гиламларидан тўшайин-а ўзим! Акажон, мана шу гиламингиз ажойиб-да! Буюрсин, буюрсин! Кириб келяпман-у, оёқ қурғур ботиб-ботиб кетяпти-я! Ҳа-я, машинанинг итини олибсиз, ҳа! Миниб кетяпсиз-у, шунақа ярашиб тушибди шу машина сизга, шунақанги ярашибди!..

— Балки мен машинага ярашиб тушгандирман-а?

— Йў-ўқ, хафа қилманг, акажон! Сиздай ҳурматли, саховатли, одил, меҳрибон, жонкуяр раҳбарнинг олдида машина нима бўпти? Сизга ярашган, сизга!

— Бўпти, гапни калта қилайлик, шошиб тургандим. Айтинг, ният нима, ният?

Беихтиёр бош қаший бошлайди.

— Йўғ-е, акажон, ниятим битта. Сиз омон бўлинг дейман! Ёмон кўзлар сизга теккунча оқиб тушсин дейман!

— Айтавере-енг энди, Тортволдибой! Бекорга кирмагандирсиз олдимга!?.

Бошини бирдан эгиб олади-да, ердан кўз узмай гап бошлайди.

— Ҳа, энди сизни дуо қилиб юри-иб, бир фикр кеп қолди-да! Шаҳардан четроқда… Бир дўкон сотилаётганакан. Шуни…

— Тушундим, тушундим. Майли, ҳал қиламиз! Бораверинг!

— Илоҳим топганингиз евро… Йўғ-е, фунт стерлинг бўлсин!

— Нега фунт стерлинг, доллармас?

— Фунт стерлинг фақат сиздай бамаъни акахонларнинг киссасига ярашади. Доллар бўлса… Бе, ҳозир долларнинг обрўйи қолмади, акажон, қолмади!

— Хайр!

— Унутмайман, акажон, унутмайман! Хайр!

Орқаси билан пилдираганча юриб чиқиб кетади.

 

Кўчада

 

Тортволди гўзал аёлнинг қизалоғини кўтариб кетаётганига кўзи тушади-да, шартта йўл тўсади.

— Вой бу қизчанинг асаллигини-и! Шунчалигам ширин бўладими-а? Қани, ўзимга кел-чи, жон қизим, келақол! Ие, йиғлаяпсанми? Кўз ёшларингни кўзимга сурайин-е! Бўлди, бўлди, ҳозир мен сенга зўр шкалад бераман! Мана, олақол, асал қиз, олақол!

— Амакиси, бу нима қилганингиз? Шундай қиммат шкаладни беряпсизми? Керакмас, қўйи-инг!

Тортволди норозиланган бўлиб қўл силтайди.

— Ие, шундай қиздан битта шкаладни аярканманми? Аяб бўпман! Еявер, еявер! Қаранг, ширин қиз ойижонисига қуйиб қўйгандай ўхшаркан-а! Қош-кўзларининг қоралиги, лабларининг ғунчалиги, юзларининг ойлиги худди ойисиники, ҳа!

— Бера қолинг энди уни менга, амакиси! Биз… Шошаётгандик!

— Хўп, хўп, гап йўқ! Шундай қизни ўзим уйигача обориб қўйгим келяпти-да, ойиси! Хўп денг, хўп денг!..

Манзилга етгач, аёл айёрона кўз қисиб унга тик боқади.

— Жа айёракансиз-а, амакиси? Айтаверинг мақсадингизни! Бирор гапингиз ё ишингиз бормиди менда?

У айбдорона бош эгган бўлади ва қовоқ уйиб олади. Сўнгра ёлғондакам ҳасрат қила кетади.

— Мен қизингизни кўрдим-у, ўзимнинг қизим эсимга тушди. Сизам раҳматли хотинимга қуйиб қўйгандай ўхшаркансиз. Кечиринг… Кўнглим бўшаб кетди…

Аёл унга ачиниш аралаш қараб туради-ю, дардли жилмайиш қилади.

— Илтимос, юринг бизникига! Юрагимни эзиб юбордингиз! Сизга ўзим аччиқ кўк чой дамлаб бераман!

Улар кириб кетишади. Орадан икки соат ўтгач, Тортволди аёлнинг қалбини ростакамига тортиб олади.

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

loading...