ЎРТА АСР АЁЛЛАРИНИ ТЕМИР НИҚОБ ЁРДАМИДА ЖАЗОЛАШГАН…

0

 

 

Ҳозирги кунда ўрта асрлар тарихи билан боғлиқ музейларда темир ниқоблар ҳам сақланади. Улардан айнан аёлларни жазолаш мақсадларида фойдаланишган. Қайсики аёл эркак киши билан жанжаллашса, характерини намойиш эта бошласа, суд қилиниб, юзига темир ниқоб кийдирилган. Ниқоб соф темирдан ясалган бўлиб, кийган одамнинг нафақат юзи, балки бошини ҳам тўлиқ қоплаб турган. Ваҳоланки, бундай темир ниқоб кийиш ўша даврда уят ва шармандалик ҳисобланган.

Тарихий маълумотларда қайд этилишича, дастлаб темир ниқобдан Шотландияда фойдалана бошлашган. Бу мамлакатда қайси аёл эри, отаси, ака-укаси билан жанжаллашса, бу аёлни темир ниқоб кийдирган ҳолда жазолашган. Судья белгилаган вақт якунига етмагунча ниқобни ечиб олишмаган. Шубҳасиз, темирдан ясалгани учун ниқоб жуда оғир бўлган, танага даҳшатли даражада кучли оғриқ берган.

 

ИЛК ЖАБРДИЙДА

 

Дороти Во исмли аёл Англияда яшаган. Бу мамлакатда илк бор темир ниқоб ёрдамида жазо топган ҳам худди ўша аёл ҳисобланади. Доротини насронийлар таъқиб эта бориб, оқибатда халқаро суд курсисига ўтқазишган. Аёл бошқа динни тарғиб этганлик, Карлайл шаҳар мэри билан жанжаллашганликда айбланган. Бу воқеа 1656 йили содир бўлган. Аёлни суд ҳайъати навбати билан сўроқ қиларкан, ҳақоратга қориштиришдан аранг ўзларини тийиб туришган. Натижа шундай бўлганки, мэр қўл остидагилардан бирига темир ниқоб келтиришни буюрган. Бу ҳам камлик қилгандек, вазни оғир учта темир бўлагини олиб келишган. Темирнинг иккитасини ниқобга осиб қўйишган, учинчисини аёлнинг оғзига солишган. Аёл то мэр рухсат бермагунча темир ниқоб ва темир бўлаклари жабрини тортишга мажбур бўлган.

 

АЁЛЛАР УЧУН АТАЛГАН БОШҚА ЖАЗОЛАР

 

15-асрда бетгачопар аёлни бошқача йўллар билан ҳам жазолашган. Масалан, ёғочдан ясалган оғир курсини гўнг ташиладиган араванинг орқа тарафига бойлаб, унга айбдор аёлни қўшиб боғлашган. От аравани тортиб юрган. Айбдор аёл шу аҳволда шаҳарни тўлиқ айланиб чиқишга маҳкум этилган. Сув ҳавзаларига етганда, аёлнинг бошини сувга тиқиб, узоқ муддат ушлаб туришган. Бу қийноқни эса эркаклар, кузатувчилар берилиб томоша қилиш асносида хурсандчилик қилган.

 

ТЕМИР НИҚОБ ҚОНУНГА ХИЛОФ ЭДИ

 

Ачинарлиси, темир ниқоб ёрдамида судланувчи аёлни жазолаш, қийноққа солиш судьянинг баённомасига киритилмаган. Сабаби, бу давлатчилик қонунларида кўрсатилмаганди. Бир сўз билан айтганда, қонунга хилоф эди. Шунинг учун судьялар ўз қонунбузарликларини келажак авлод билмаслиги учун бу жазо турини баённомага киритишмаган. Аммо бир нарсани ҳисобга олишмаган. Ҳар қандай қонунга хилоф иш истаймизми-йўқми, авлоддан авлодга ўтаверади. «Ойни этак билан ёпиб бўлмас», деб шунга айтишса керак-да.

Астағфирилло!!!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

 

loading...