Ўзбекистонда 155дан ортиқ зўрлик ва жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари ташкил этилди

0

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида 155 дан ортиқ зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Марказлари (шелтерлар) ташкил этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Президент қарори асосида ташкил этилган Марказларда халқаро тажрибаларга таянган ҳолда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларга манзилли, ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атвор пайдо бўлишига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш каби ишлар амалга оширилади.

Марказларда зўравонлик қурбонига айланган аёллар учун шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, зарурат бўлганда, уларга қўшимча ёрдам кўрсатиш ишлари ташкил этилган. Шунингдек Марказ фаолияти доирасида аёлларни у ёки бу касбга тайёрлаш бўйича ёрдам кўрсатилади.

Ана шундай оғир аҳволда қолган аёлларга ёрдам бериш мақсадида Республика доирасида ягона қисқа 1146 рақамли — «ишонч телефони» ишга туширилди. Айтиш жоизки, мурожаатчи истагига кўра, унинг шахси ва мурожаати сир сақланиши кафолатланади.

Шелтерлар жойлашган аниқ манзиллар аёлларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сир тутилади. Қуйидаги ҳавола орқали уларнинг туманлар кесимида жойлашуви билан танишиш мумкин.

loading...