КИЛЛЕР… (4-қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

Вадим ўзига биркитилган машина ҳайдовчисидан калитни олди-ю, Шўртумшуқникига жўнади. Қўриқчиларнинг ҳай-ҳайлашларига ҳам қулоқ солмади. Самад акага қўнғироқ қилишни-ку, буткул унутди…

— Аввал сал ўзимни босиб олишим керак. — ўзига ўзи деди у йўл ёқасидаги кафелардан бири ёнида машинани тўхтатиб. — Икки юзта олмасам бўлмайди… Жин урсин, ҳеч шунақа аҳволга тушмагандим… Нима ўзи бу?..

Дарвоза тамбаланганди. Вадим машинани сал нарироққа қўйиб дарвозагача пиёда келди ва қўнғироқ тугмасини босди.

— Ким керак?

Остонада пайдо бўлган баланд бўйли қўриқчи унга совуқ назар ташлади.

— Мен акага бир гапни айтишни унутибман. — нима дейишни билмай ёлғон гапирди Вадим. — Илтимос… Мени танийсан-ку!..

— Ҳозир, кутиб тур!..

Қўриқчи ичкарига кириб икки-уч дақиқалардан сўнг қайтиб чиқди.

— Киравер!.. Босс кутаяпти!..

Вадим ароқ ҳарорати билан бояги ҳаяжонларни унутганди. Ичкарига тетик кириб борди.

— Ҳа, йигит, тинчликми? — кулиб уни қарши олди Шўртумшуқ. — Бирор нарса йўқотдингми?

— М-мен… Сизга… Хуллас, сиз билан зарур масала хусусида гаплашиб олмоқчийдим.

— Мен билан?.. Гапир!.. Нима ҳақида гаплашмоқчисан?

— Рухсора… Тўғрисида…

— Нима?.. — Шўртумшуқ ҳаммасини сезиб турган бўлса-да, ўзини жаҳли чиққанга солди. — Менга қара, йигит, нима деётганингни биласанми ўзи?..

— Биламан, — Шўртумшуқнинг кўзларига тик боқди Вадим. — қизингиз… Мен уни севиб қолдим!..

— Нима дединг? — кутилмаганда унинг ёқасидан олди Шўртумшуқ.

Аслида у атайин шундай қилди. Бу ҳам бўй йигитни қўлга туширишнинг бир усули эди.

— Менга қара, сен ҳали шунақамисан?.. Менинг қизимга кўз олайтиришга қандай ҳаддинг сиғди?

— Майли, истасангиз ўлдириб юборишингиз мумкин!

Вадим бир силтаниб Шўртумшуқнинг қўлидан чиқди.

— Мен уни севиб қолдим!..

— Сен-а?.. Вей, тирранча, ҳаддингдан ошаяпсан!.. Ўйлаб гапиргин гапингни!..

— Ўйлаб бўлганман аллақачон.

— Шунақами? — Шўртумшуқ ҳийланинг иккинчи босқичига ўтди. — Яхши… Ҳозир қизимни чақираман. Агар бу гапни эшитиб у хафа бўлса, ўлдим деявер!..

Вадимга барибир эди. Ҳозир шунақа кайфиятда эдики, кўзига ҳеч нарса кўринмасди.

Шўртумшуқ нариги хонадан Рухсорани етаклаб чиқиб Вадимга яқин келди.

— Қизим, — деди босиқлик билан. — манави йигит сени яхши кўриб қолганмиш. Нима дейсан?..

Рухсора Вадимга бир жилмайиш қилди-да, ерга боқди.

— Гапирсанг-чи, қизим, — давом этди Шўртумшуқ. — сенинг гапинг ҳал қилади бу боланинг тақдирини. Сениям кўнглинг борми бунда?.. Гапир!..

— Ҳм-м!.. — ердан бошини кўтармай жавоб қилди Рухсора. — Яхши йигитга ўхшайди-ку!..

— Шунақа дегин? Оббо сен-ей!.. Ҳайронман, бир мартагина бир-бирингни кўрдинг… Охир замоннинг болаларисан-да!.. Қара-я!..

Вадим хурсанд бўлиб кетганидан қўлларини мушт қилиб оёғига уриб-уриб қўйди. Рухсора эса, гўё уялган бўлиб секингина хонасига кириб кетди…

 

* * *

 

— Менга қара, — деди Рухсора кириб кетгач, Шўртумшуқ. — Бу дегани бугуноқ қизимни қўйнингга солиб қўяман деганиммас. Аввал менинг шартларимни бажаришинг керак.

— Қандай шарт экан?..

— Толибни биласан-а?

— Қайси Толиб? — атайин сўради Вадим.

— Сен мени аҳмоқ деб ўйлайсан шекилли-а, бола?.. — Шўртумшуқ Вадимнинг икки елкасидан маҳкам тутиб ўзига қаратди. — Йўқ, мен жуда ҳушёр одамман… Кўрдингми, ўзингни ўзинг тўрга илинтирдинг!.. Ўйлайсанки, сен Самаднинг асрандиси эканингни билмасмидим? Билардим. Ўйлайсанки, Самад тирик эканини, патронлар ясама эканини билмасмидим? Биламан. Фақат, йигитча, мен арқонни узун ташлашни ёқтираман… Йўқ, мен ўша тутинган отангни деб қўлимни қонга бўямайман. Мен унақаларни тириклай гўрга тиқишни хуш кўраман…

Вадим бу гаплардан сўнг ҳаётдан буткул умидини узганди. Ҳозир-ҳозир йигитларини чақиради-да, изсиз йўқ қилиб юборади деб ўйлаганди. Гарчи яхшигина каратэчи бўлса-да, кўпчилик, барибир кўпчилик… Орқадан келишади-да, отиб қўя қолишади деб хаёл қилганди.

Бироқ уни яна Шўртумшуқнинг ўзи ҳушёр торттирди.

— Майли, — деди у ҳийла мулойимлашиб. — сен ёшлик қилиб қўйдинг. Буни кечирса бўлади… Лекин бир шарт билан.

— Б-бўпти, ака! — шивирлади Вадим. — Мен розиман.

— Сен бугундан бошлаб менга хизмат қиласан!.. Тўғрироғи, Самад билан менинг ўртамда юриб айғоқчилик қиласан. Ўша мен боя айтган Толибниям менинг томонимга оғдирасан. Биласан-а отангнинг бор пуллари ўшанинг қўлидан ўтади?.. Унинг барча сирларини менга етказиб турасан. Аста-секин ўша тутинган отангни таназзулга йўлиқтирасан… Ўз қўлинг билан!.. Мабодо ўзингни уёқ-буёққа ташласанг, ўша дақиқадаёқ итдай ўлиб кетасан… Хўш, розимисан?

— Розиман, ака!..

— Жуда яхши… Айтганча, қизимдан хотиржам бўл, тегса сендай йигитга тегади-да!..

— Ҳозир нима қилай? — Шўртумшуққа умидвор термулди Вадим.

— Ҳозир сенга хонангни кўрсатишади. Эрталаб қолган гапларни гаплашаверамиз…

Шўртумшуқ ташқаридан қўриқчи чақириб, Вадимга алоҳида хона ажратиб беришини буюрди…

 

* * *

 

Ярим кеча эди. Вадим анча пайтгача ўйланиб ётди. Самад акага бу нарсаларни қандай тушунтириш ҳақида бош қотирди. Тутиб олса, сотқинлиги учун нималар қилишини тасаввур этди. Аммо қанча ўйламасин, Рухсоранинг ҳусни жамоли, ёқимли жилмайишлари кўз олдига келганда дадиллашаверди…

Бир маҳал эшик оҳиста тақиллади. Ички кийимда ётганди. Шошиб ўрнидан туриб кийимларини кийди ва секин бориб эшикни очди.

— Сиз?.. — Вадим рўпарасида Рухсорани кўриб қотиб қолди. Қиз юпқагина кийимда бўлиб, сочларини ёйиб олганди.

— Кутмаганмидингиз? — жилмайганча остона ҳатлаб ичкарига кирди Рухсора.

— Д-дангиз…

— Вой, намунча қўрқоқ бўлмасангиз? Дадам иш билан бир жойга кетди. Шунинг учун ўзим келавердим олдингизга.

— Қандай бўларкин-а?.. М-мен… Кутмагандим…

Рухсора жавоб бериш ўрнига Вадимга ер остидан назар ташлади. Йигит ҳақиқатан безовта эди.

— «Лохгина-ей, — кўнглидан ўтказди қиз кулимсираб. — шунча латталарни кўргандим-у, бунақасини учратмаган эканман. Тағин… Самад акадай одамнинг қўлида юргани-чи… Ҳа майли, хўжайиннинг айтганини бажармасам бўлмайди…»

— Шундай тураверамизми қотиб? — сўради Рухсора ниҳоят. — Ў келишим сизга ёқмадими?

— Йўқ, йўқ, — Вадим ҳовлиқиб қизни тўрга бошлади. — келинг, ўтирайлик!..

Рухсора унинг ортидан стол томон бораётиб кутилмаган ҳаракат билан қўлидан тутди ва ўзига қаратди.

— Ҳозирги замонда сиздай бўш йигит борлигини хаёлимгаям келтирмагандим. — деди у шивирлаб. — Афсуски, севиб қолдим. Бўлмаса…

— Нега ундай дейсиз, Рухсора?.. Сизни хафа қип қўйдимми?..

— Шунақанги бўшашиб тураверганингиздан кейин хафа бўлади-да одам! — ўпкаланган бўлди Рухсора…

Вадим иккиланиб қолди. Нима қилсин?.. Қизиқ… Илгари қизлар билан ёлғиз қолса, шартта белидан оларди. Бу қизга эса…

Вадим таваккал Рухсоранинг қўлидан ушлади. Шу тобда ичида нимадир узилиб кетгандек бўлди. Боши ғувиллаб баданини совуқ тер босди…

— Кечиринг, — деди титраб-қақшаб. — сизнинг олдингизда ноқулай аҳволда қолдим… Мен… Фақат дадангиздан андиша қилаётгандим…

— Барибир бирга бўламиз-ку, акажон, — боягидек шивирлади Рухсора. — замонавий одамлар бўлсак… Бир-биримизга ҳозирдан ўрганишимиз керак-ку!.. Шундай қилмасак, кейинчалик қандай бирга яшаб кетамиз?..

— Тўғри, тўғри… — ичида қизнинг жасоратига қойил қолган Вадим тобора уни ўзига тортди. — Мен қойилман… Юрагингиз жуда катта экан… Мен бўлсам, дадангиздан…

— Дадамни тилга олманг!.. У киши эски одам. Бунақа нарсаларни тушунмайди… Мен бор эканман, сиз ҳеч нарсани ўйламанг!..

Шундан кейингина Вадим қизни кўтариб каравотга ётқизди…

 

* * *

 

Самад ака безовта эди. Мана тонг отибди ҳамки, Вадимдан дарак йўқ. Телефони негадир ўчирилган. Наҳотки, униям тинчитворишди у ярамаслар?..

Йў-ўқ — деди у ўзига ўзи. — мабодо шундай бўлса, биттасиниям тирик қўймайман… Қонини ичаман ҳаммасининг!..

— Мумкинми, ака? — Самад ака сесканиб бошини кўтарди. Рўпарасида Толиб қовоқларини уйиб турарди.

— Нима бўлди? — даст ўрнидан турди Самад ака. — Аниқладиларингми?

— Аниқладик. — деди Толиб совуққонлик билан.

— Хўш, қаерда экан Вадим?

— Қаерда бўларди, ака?.. Ўша Шўрттумшуқникида.

— Нима?.. Нима қилади у ерда шу пайтгача?..

— Ака, сотибди у ярамас!

— Сотибди? Қандай қилиб?

— Йигитлар аниқлаб келишди. Шўртумшуқнинг ўйнашларидан бирига илакишиб қолганмиш. Уни қизим деб таништирибди ярамас…

— Хўш, хўш, давом эт! Кейин-чи?

— Хуллас, Шўртумшуққа хизматга ўтибди Вадимингиз. Энди эҳтиёт бўлавериш керак…

Самад ака беихтиёр стулга ўтириб қолди. Мияси ғувиллаб, муштлари асабий тугилди.

— Шунақа дегин? Сотибди дегин?.. Кўрнамак!.. Менга қара, Вадимни буёққа қандай бўлмасин чиқариб келтирасан. Шу бугуноқ!..

— Қандай?.. Ахир…

— Гапни кўпайтирма! — тўсатдан бақириб берди Самад ака. — Битта хунасани тополмасанг, нима қилиб юрибсан менинг олдимда? Бор, топ!..

Толиб елка қисганча ташқарига чиқиб кетди…

 

* * *

 

Вадим эрталаб базўр кўзини очди. Боши лўқиллаб оғрир, гавдасини кўтаришга ҳам қийналарди. Аммо… Хурсанд эди… Рухсорадек ҳурилиқо қучоғига кирганидан, ўзини унга ишониб топшириб қўйганидан хурсанд эди…

У секин ўрнидан турди-да, ювиниб, кийимларини кийгач, меҳмонхонага йўл олди…

У ерда негадир Шўртумшуқ кўринмади. Вадимни ёрдамчиларидан бири Неъмат исмли йигит қарши олди.

— Ака тайинлаб кетди, — деди у Вадимга қўл узатиб. — ҳозироқ офисга етиб боришимиз лозим экан икковимиз.

— Тинчликмикан? — сўради Вадим ҳайрон бўлиб.

— Тинчлик… Ўша ерда гаплашар экан сизминан…

Машина йўлга чиқди…

Йўл олис эди. Тунда кам ухлагани учунми, Вадимнинг кўзлари юмилиб борар, аксига олгандек, радиодан таралаётган ёқимли куй тобора аллалаб борарди…

— Орқамиздан тушишди! — Вадим Неъматнинг қичқириғидан сесканиб кўзини очди.

— Нима?.. Ким?..

— Ана, ўзингиз қаранг, машина танишмасми?..

Вадим эҳтиёткорлик билан орқасига қаради…

— Уҳ!..

Изма-из келаётган Самад аканинг машинасини кўриб Вадимнинг юраги ҳовлиқди. — Тамом!.. Ҳайда, тезроқ ҳайда!.. Етиб олишмасин!.. Нега бўшашасан? Ҳайдасанг-чи!..

— Ҳайдаяпман-ку!.. Э, ким экан ўзи?.. Балки, ўзингиз тинчитиб қўя қоларсиз?..

Шу тобда Вадимнинг хаёлига кутилмаган фикр келиб қолди. Чўнтагидаги тўппончани олди-да, бир зарб билан Неъматнинг бошига туширди. У шилқ этиб ёнига қулади… Машина йўлдан чиқиб четдаги чинорга бориб урилди…

 

* * *

 

Вадим кейин нималар бўлганини эслай олмади. Кўзлариини очганда қоронғи ертўлада ётар, бошидан қон сизиб чиқарди.

У кафти билан пешонасидаги қонни артмоқчи бўлди. Қўлларини кўтара олмади. Кишанлаб ташлашибди…

«Қаердаман ўзи?.. — телбаларча бошини чайқаб-чайқаб атрофга аланглади у. — Менга нима бўлди?.. Нега қоронғиликда ётибман?..»

Ҳеч нарсани фаҳмлаёлмади…

Шу пайт боши айланиб қусгиси келди.

Тиззалаб ерга энгашди.

Қусолмади. Аксинча бош айланиши кучайиб ерга йиқилди…

Ким билсин? Орадан қанча вақт ўтди, нималар бўлди?.. Унга қоронғи эди… Фақат бир нарсани биладики, икки-уч киши уни кўтариб ёруғликка олиб чиқишди.

Теварак яйдоқ чўл эди. Иссиқ ҳаво тўйиб нафас олишга қўймайди…

Улар Вадимни чўлнинг ўртасигача кўтариб боришди. Қизиғи, жимгина кетиб боришарди. Ҳеч бири гапирмасди.

— «Булар ким бўлдийкин энди? — хаёлан ўзига-ўзи савол берди Вадим. — Шаҳарда эмаслигим аниқ. Саҳрога қайдан кеп қолдим?..»

Шуларни ўйларкан, кўзларини очиб нотаниш кимсаларга назар солди. Иккови ҳам баланд бўйли, эгнига яшил матодан узун либослар кийиб олишганди. Боши негадир одамларникига нисбатан анча катта. Бўйинлари ҳам йўғонроқ..

Нотаниш кимсалар чўл ўртасига етганда бирдан тўхтаб, Вадимни ерга ётқизишди. Бири осмонга қараб нималардир деди. Вадим ҳеч нарсани тушунмай ҳайрон бўлганча ётаверди.

Бир маҳал қаердандир олисдан бир гала қушлар учиб келиб уларнинг ёнгинасига қўнди. Қушлар қайсидир жиҳатдан қалдирғочларни эслатиб юборарди…

Нотаниш кимса яна нималардир деб пичирлади. Лекин бу сафар қушлар томонга тикилиб гапирди…

Сўзини тугатиши билан юз метрлар чамаси нарида туя етаклаган бир қария кўринди. У яқинлашиб келганда Вадим билдики, ҳарқалай анави кимсалар каби йўғон бўйин, катта бош эмасди. Оддий одам. Эгнида қариялар киядиган чопон…

— Мана сизга мурид олиб келдик! — кутилмаганда инсон тилида қарияга мурожаат қилди Вадимни кўтариб келганлардан бири. — Қабул қилиб олинг!

Қария Вадимнинг тепасига келди-да, юзларига узоқ тикилиб қолди. Ўзича алламбалолар деб пичирлади.

— Бу ғирт кофир-ку, бўтам! — деди ниҳоят елка қисиб. — Мен буни бошимга ураманми?..

— Биз нима қилайлик? — норози оҳангда тўнғиллади йўқон бошлардан биттаси. — Буйруқ шундай бўлган-да!..

— Уни шайтоннинг олдига олиб боринглар, ўша олади…

— Йўқ, сиз оласиз!..

— Олиб бўпман!

— Бўлмаса, ҳозир буни осмонга ирғитиб юборамиз!

Қария бу гапни эшитиб жонҳолатда йўғон бошнинг қўлидан тутди.

— Қўй, жувонмарг бўлиб кетмасин. Ҳали ёш экан. Буни ўзим ҳозироқ келган ерига жўнатиб юбораман!..

Шундай деб у туясини қўйиб юборди ва Вадимнинг пешонасига қўлини қўйди. Қўйган заҳоти Вадимнинг кўзлари юмилиб аъзойи бадани оташ каби ёна бошлади…

— Ў Оллоҳ, шу гумроҳга шафқат қил!..

 

* * *

 

Вадим оҳиста кўзларини очди. Ҳамон қоронғи ертўлада кишанланган ҳолда ётар, аъзойи баданидан совуқ тер қуйиларди…

Шу пайт ертўла эшиги шарақлаб очилгандек, кимдир ичкарига киргандек туюлди. Вадим баданлари симиллаб оғриётганига қарамай амал-тақал ўтириб олишга улгурди…

Кирган Самад ака эди.

У чироқни ёқиб хўмрайганча Вадимнинг тепасига келди.

— Хўш, бола, аҳволлар қалай?..

Самад аканинг гап оҳанги аввалгидек майин эмасди. Вадим ҳайрон бўлиб унинг кўзларига боқди.

— Билмадим…

— Ие, нега билмайсан?.. Сен жуда билағон эдинг-ку, йигит!..

— Нега мени кишанлаб қўйишди? — сўради Вадим ҳамон Самад акадан кўз узмай.

— Гуноҳкорларни кишанлашади-да!.. Ўқмадими?

— Мен гуноҳкор эмасман.

— Шунақа дегин? Унда ким мени қаёқдаги Шўртумшуққа сотди?

— Қачон сотибман?.. Ота… Ҳеч нарсани эслаёлмаяпман… Фақат… Мен кетаётган машина дарахтга бориб урилгани эсимда… Уёғи…

Вадимнинг гапи оғзида қолди. Ертўла эшиги яна шарақлаб очилиб қўлида милиционерларнинг чарм таёғини ўйнатганча Мавлон исмли басавлат йигит кириб келди. У Самад аканинг шахсий қўриқчиси бўлишига қарамай, барибир Вадимдан ҳайиқарди. Чунки Вадим каратэни унга нисбатан анча чуқур ўзлаштирган, қолаверса, Самад акага деярли эркатойлигини Мавлон яхши биларди…

— Мавлон, келдингми? — Самад ака йигитга ўгирилиб елкасидан ушлади. — Сен шу ерда тура-тур, керак бўлиб қолишинг мумкин!..

— Хўп бўлади, босс!

Самад ака кулимсираб рўпарага қўйилган стуллардан бирига чўкди.

— Қани, айт, мени нимага сотдинг-а?

— Сотганим йўқ. — деди Вадим хириллаб.

— Мени билмайди, гўл деб ўйлагансан-да-а?

— Йўқ.

— Унда нима мақсадда Рухсора деган қанжиққа илакишиб юрибсан? Ниятинг нима эди ўзи?..

Вадим ўзига қадрдон исмни эшитиб бирдан ҳушёр тортди. Қандайдир сониялар ичида хаёлидан бўлиб ўтган ишлар ўта бошлади.

Ҳа, у ҳақиқатан Рухсора билан тунаган. Эртасига уни Шўртумшуқнинг ҳузурига олиб кетишаётганда…

— Мен сизни сотганим йўқ! — деди бу гал ҳийла овозини баландлатиб. — Кўрдингиз-ку, мен Шўртумшуқнинг ҳайдовчисини уриб ўлдирдим!..

— Хўш, нима бўпти? Барибир, сен ўша маразга хизмат қилишга рози бўлгансан. Битта қанжиқни дебми?..

Бу гап ортиқча эди. Рухсора тўғрисида бундай ҳақоратли сўзларни айтишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деб ҳисоблаган Вадим умрида биринчи марта Самад аканинг юзларига ғазаб билан тикилди.

— У қанжиқ эмас! — хириллаб бўлса-да бақирди у. — У қанжиқ эмас!.. Бундай дейишга ҳаққингиз йўқ!

— Ие, ҳали юракдан уриб қолибди-ку ўша!.. — хохолаб кулиб юборди Самад ака. — Вей, нонкўр, келиб-келиб қаёқдаги «ахлат»ни ёқтириб қолдингми?.. Тағин мендай одамга тап тортмай гап қайтарасанми?

Самад ака секин Мавлонни имлади…

Қўриқчининг қўлидаги чарм таёқ Вадимнинг елкаси аралаш келиб тушди. Бир марта тушиб қолмади… Қайта-қайта оёғи, бели, елкаси… Ишқилиб, дуч келган ерига тушаверди…

— Иҳ-ҳ!.. Урманг!.. Бас қилинг!.. — додлаб қичқирарди Вадим оғриққа дош беролмай. — Урманг, ҳаммасини айтаман!.. Ҳаммасини айтаман!..

Самад ака Мавлонни қўлидан ушлаб тўхтатди.

— Хўп, айт! — деди у негадир бу сафар Вадимга ачиниш билан боқиб. — Мен кутаяпман!..

— М-мен… Ўша қизни ёқтириб қолдим, нега ишонмайсиз?..

— Нега ишонмас эканман?.. Сен асл зотингга тортгансан… Шунинг учун ўзингга ўхшаган «ахлат»ни ёқтириб қолгансан… Давом эт!..

— Ўшани деб Шўртумшуққа хизмат қилишга рози бўлгандим!.. Кечиринг!..

— У сенга қандай шарт қўйди?

— Сизни аввал «банкрот»га тушириб, кейин йўқ қилишимни буюрганди…

— Нима ваъда қилди эвазига?

— Қизини беришга…

— Қизини?.. — Самад ака кулиб юборди. — Қайси қизини?

— Рухсорани.

— Вей, эшшак, ким айтди сенга Рухсора унинг қизи деб?

— Шўртумшуқ.

— Кўрдингми, шу ердаям асл зотингга тортгансан… Рухсора унинг дуч келган ерини ўпиб юрадиган манжалақилардан бири-ку!..

— Нима?.. Қ-қанақасига?.. Ишонмайман, Рухсора ундай қизлардан эмас!..

— Кўрдингми, менинг даргоҳимда шунча йил юриб, барибир одам бўлмабсан!.. Сендан бошқа бўлса, менинг қўлтиғимга кириб оғиримни енгил қиларди. Сендан бошқаси ҳеч бўлмаса, бузуқиминан тўғри аёлнинг фарқига борган бўларди… Ҳе, ҳезалак!.. Сендақаларни…

Вадим беихтиёр ўзини Самад аканинг оёқлари остига ташлади.

— Мени кечиринг!.. Аҳмоқлик қилдим, кечиринг!.. М-мен… Сизни сотмаганман, ишонинг!..

— Кечириш Худога хос. — деди Самад ака ижирғаниб оёқлари остида ётган Вадимга тикиларкан. — Менга ундай фазилатлар умуман хос эмас, билиб қўй! Ҳали нега ўша Шўртумшуққа ёпишиб олганинг маълум бўлади. Вақти келиб ўзинг айтиб берасан! Ҳозир эса…

— Мавлон!..

— Лаббай босс!..

Мавлон Самад аканинг имоси билан яна чарм таёғини ҳозирлаб Вадимнинг тепасига келди…

— Бунинг таъзирини бергин-да, кейин катта йўл четига олиб чиқиб ташла!.. Мен йигитлардан иккитасини тайинлайман, қоровуллаб туришади… Қолган жазони Шўртумшуқдан олсин бу хунаса!..

— Хўп бўлади!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

loading...