СНАЙПЕР… (35-қисм)

0

 

 

* * *

 

Қанча ухлабди, билмайди. Тушига онаси раҳматли кирибди. Муштипар онаси камера туйнугидан мўралаган кўйи йиғлар, аммо бир оғиз сўз демасди. Ора-сирада бош чайқаб оларди, холос. Онанинг кўз ёшлари Мирсолини баттар ғазаблантирибди.
— Кети-и-инг! — дея турмани бошига кўтариб қичқирибди. Қичқириқ эса ростакамига ўнгида жаранглаганди…
Мирсоли уйғониб кетди-ю, шоша-пиша ичкарини кўздан кечирди. Камерадоши, аслида ўзини ўлдириш пайида бўлган собиқ майорни олиб кетишибдими, кўринмади. Каравотидаги кўрпа-ёстиқ ҳам кўзга ташланмади.
— Маразлар, — ғудраниб аравачани олдинга юргизди у. — Ногиронлик ётар-турарда жуда билинаркан. Мана, ўтириб ухладим тун бўйи. Уёғига-чи? Умримнинг охиригача шу тахлит яшайманми? Йўқ, истамайман! Менам одамларга ўхшаб оёқларим бўлишини хоҳлайман!..
Кейинги гапларни баланд овозда айтди чоғи, кутилмаганда камера эшиги шарақлаб очилиб, турма назоратчиларидан бири ичкарига кирди.
У кириб сўз қотишга шошилмади. Деворга суяниб олиб Мирсолига зимдан тикилиб қолди. Кўнглидан не гап ўтди, фақат ўзига аён бўлди. Мирсолининг эса бўлари бўлаёзганди. Вужуд-вужуди билан ўлишнигина хоҳларди.
— Илтимос, начайлик, — дея турма назоратчисига яқинроқ борди у. — Ўлдириб юбора қол! Жондан тўйиб кетдим. Қара, оёқлар бой берилган. Ҳожатгаям ҳаммага ўхшаб чиқиб кела олмайман. Тунни бўлса мана шу қарғиш теккан аравачада ўтириб ўтказдим. Нега қийнайсанлар? Ҳамма айбимни бўйнимга оламан.
— Ўлишга улгурасан, — деди назоратчи қаддини ростлаб. — Мана, шунча гуноҳларингга яна бир гуноҳ қўшибсан. Бегуноҳ камерадошингни ўлдириб қўяёзибсан. Жазосига сени карцерга ташлайман. Қўрқма, ўлишни истаганлар карцерда анча ўзини тайёрлаб олишади. Жон беришинг осон кечади. Ҳозир эса сени тергов хонасига олиб бораман. Ундан кейин уч кун карцерда дам оласан.
— Кейин-чи? — паймонаси тўла бошлаганидан баланд ва таҳдидли оҳангда сўради Мирсоли. — Ўлдирасанми? Шу ишингни бугуноқ қилиб қўяқол! Чўзиб нима қиласан?
— Э, йў-ўқ, — деди назоратчи ҳийла энгашиб. — Ҳали биз сенга полициячини ўлдириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўямиз. Сен жудаям секин, қийналиб, азобланиб, хор бўлиб ўлишинг керак. Шунинг учун ҳам карцердан кейин сени яна бир камерага жойлаштираман. Би-ир меҳмон бўласан акаларинг ўтирган камерада.
— Тағин қон тўкилишини хоҳлайсанларми?
— Қон? Албатта. Лекин бу гал сенинг қонинг тўкилиши аниқ. Юр, сени кутиб қолди адвокатчанг!
Мирсоли назоратчининг сўнгги сўзига эътибор қилмаганди. Тергов хонасига кирди-ю, энсаси қотди. У ерда терговчининг ўрнига ўша кунги, бекатда ўзига термилганча турган аёл ўтирарди. Аёл Мирсолини кўрибоқ даст ўрнидан турди ва майин жилмайди.
— Сизми адвокат? — сўради Мирсоли аравачани столга яқин келтириб. — Мендан нима истайсиз?
— Танимадингизми? Наҳотки танимаган бўлсангиз?
— Таниганимда нима ўзгарарди? Гапингиз бўлса, тезроқ гапира қолинг! Сизлар билан лақиллашиб ўтиришга тоқатим йўқ.
Аёл жилмайишдан тийилмай чуқур нафас олди ва сумкасидан керакли ҳужжатларни чиқариб олиб стол устига қўйди.
— Ўша куни сизни кўрдим-у, юрагим орқага тортиб кетди, — деди у деярли шивирлаб. — Бекор қилдингиз одамларни ўққа тутиб. Ахир…
— Вей, хоним, — деди Мирсоли зарда аралаш. — Менга ақл ўргатгани келган бўлсангиз, адашибсиз. Мен бировларнинг маслаҳатига муҳтож эмасман.
— Вой, мунча инжиқсиз? — норозиланган кўйи сўз қотди аёл. — Инжиқланганингиз билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Қаранг мундоқ, оёқларни бой бергансиз, бу азоб ҳам етмай, яна қамалиб ўтирибсиз. Наҳотки, озодликда яшашни, эркин ҳаётдан лаззатланишни истамасангиз? Мен истамаслигингизга сираям ишонмаган бўлардим.
— Хўш, нима қипти? — ҳамон қайсарлик билан савол ташлади Мирсоли. — Пешонамга шу кунлар ёзилган эканки, турмада ўтирибман. Очиғи, хафа бўлманг-у, мен ёрдамга, ҳимояга муҳтожмасман. Менга деса отувга ҳукм қилишмайдими?!. Йўқотадиган ҳеч нарсам қолмаган.
— Бекорларни айтибсиз, — деди аёл стол устидаги ҳужжат солинган жилдни очаркан. — Сиз албатта озод бўлишингиз керак. Энди танишишни хоҳламасангиз ҳам ўзимни таништираман барибир. Мен Марина Маратовнаман. Сизга адвокатлик қилишга ўзим бел боғладим. Сизни таниганим, эъзозлашни истаганим учун ҳам шу ишга қўл урдим. Менга қаранг, агар ҳимоя қилишимга қарши бўлмасангиз, менга ёрдам берсангиз, жазони енгиллатардик. Акс ҳолда бир умрга қамаласиз. Чунки жами ўн саккиз одамнинг бошига етгансиз.
— Ҳали бу кам, — деди Мирсоли муштларини тугиб. — Мени мана шу кўйга солганлари учун ментларни бирма-бир тиғдан ўтказишни хоҳлардим.
— Сизга бир янгилик айтайми? — сўради Марина худди Мирсолининг гапларига эътибор қилмагандек жилмайиб. — Зўр янгилик бу.
— Айтинг.
— Сиз илгари Александр Крутой эдингиз, шундайми?
Бу гапни эшитди-ю, Мирсоли бирдан сергакланиб, аравачани ортга тислантирди.
— Нима? Сиз қаердан биласиз буни?
Марина жавоб бериш ўрнига Мирсолига айёрона тикилди. Кейин эса тилга кирди.
— Бир пайтлар сиздан сира тап тортмай улуш олиб келган генерал ҳам катта пора олаётганда қўлга тушган. Қаранг, униям мен ҳимоя қиладиган бўлиб турибман. Гап орасида сиз ҳақингизда айтиб берганди. Шундан кейин ҳозирги ва олдинги суратларингизни берди. Солиштирдим, барибир ҳақиқатни аниқладим. Пластик операция қилишган бўлсаям, барибир юзларингизда баъзи белгилар қолган экан. Худди шу нарса сабаб бўлиб сизни бекатда таниб қолдим.
— Генерал ифлос, — деди Мирсоли беихтиёр ҳафсаласи пир бўлиб. — Ҳойнаҳой, сизга нима ишлар қилганимниям айтгандир?
— Айтди. Ҳаммасини оқизмай-томизмай гапириб берди. Ишонинг, генерал шунчалар аблаҳ бўлсаям, сизга жуда ачинаркан. Кейин… Банкдаги ячейкангизни ўзлаштириб қўйганиниям тан олди. Шахсан ўзим бориб ўша ячейкани уйидан олиб келдим.
— Нима?.. Наҳотки? Қ-қаерга қўйдингиз пулларни?
— Қаерга бўларди? Уйимда. Қўрқманг, менинг уйимни полициячилар қўриқлашади.
— Йўқ, уларгаям ишониб бўлмайди, — Мирсоли пулларнинг дарагини эшитгач, безовталаниб қолганди. — Банкка қайтадан жойлаштириш керак. У… Катта пул бориди ячейкада.
— Сизга бир таклифим бор, — деди Марина. — Хоҳласангиз, ўша пулларнинг мингданми, миллионданми бир қисмини анавиларга бериб, вақтинча сизни озодликка чиқариб турсам… Тилхат асосида шаҳардан ташқарига чиқмаслик шарти билан яшаб турардингиз. Балки шу орада бир йўлини топармидик…
— Шундай қилсаям бўладими?
— Албатта иложи бор. Менинг ўз каналларим бор, ўшалар орқали ўхшатардим. Фақат сизнинг розилигингиз керак. Чунки тилхатни сиз ёзасиз. Масъулият сизнинг гарданингизда бўлади.
— Рози бўлмай ўлибманми? — деди Мирсоли жонланиб. — Қанча сўрашса беринг, пулни аяманг. Сизниям ўзим рози қиламан. Гап битта, худо битта. Мана шу каламушхонадан чиқиб олсам бас… Эҳ, бир режам бориди, озодликда бўлиб туриб бажарволардим ўшани.
— Одам ўлдиришмасми ишқилиб?
— Йўғ-э, худо асрасин!.. Бизнес… Қизиқ… Мен ахир… Башоратчийдим-ку! Нега фаришталар келишмаяпти олдимга? Сиз билмайсизми улар нега келмаётганини?
Марина Мирсолининг бу гапларини талмовсирашга йўйдими, оғзи ланг очилиб унга термилди.
— Нега жимсиз, Марина? — дея столга яқинроқ келди Мирсоли. — Билсангиз айтинг, уларни ишга солай! Ишонинг, фаришталарим ҳамма ишга қодир. Бировларга пораям бериб ўтирмасдик. Бир зумда қамоқдан чиққан бўлардим… Йўқ, фаришталарни иблис опкетиб қолган ўзи билан, ҳа! Мараз, ифлос! Йўриғига кирмаганим учун ўч олди у! Йў-ўқ, барибир келишади фаришталарим, мана кўрасиз! Ўшанда сиз-у биз роҳат-фароғатда яшаймиз…
Марина ҳеч нарса демади. Мирсолини руҳий хасталанганга йўйиб, аста конвойни чақирди-да, қулоғига шивирлади:
— Укажон, илтимос, тез психиатр чақиринг! Мижозимнинг томи кетяпти!

 

* * *

 

— Бу одамга дўхтир чақириш шарт эмас, — деди конвой Маринага. — Уни ҳозир карцерга қамаймиз, ўша ерда ҳушини йиғиб олади.
— Карцер? — Марина ҳайрон бўлиб конвойга норози боқди. — Нега карцерга қамаркансиз? Мен қаршиман. Мижозим шундоғам ўзини ёмон ҳис қиляпти.
— Сиз ниманиям билардингиз? Бунинг гуноҳлари шунчалик кўпки, битта карцер ҳам камлик қилади аслида. Хуллас, суҳбатингиз тугаган бўлса, кетишингиз мумкин. Бизнинг ички ишларимизга аралашманг!
— Шунақами? Бошлиғингизга арз қиламан!
— Хоҳишингиз, — дея аравачани ташқарига олиб чиқишга чоғланди конвой. — Арз қилсангиз қилаверинг! Мен буйруқни бажаряпман!..
Мирсоли Марина билан хайрлашмади, конвойга ҳам ҳеч нарса демади. Индамайгина ўтирганча хаёлан иблиснинг гўрига ғишт қалади. Қисматнинг бу қадар шафқатсизлигидан куйди. Икки марҳума онасига тақдиридан нолиди, улардан дуо сўраб ёлворди. Нодонлик қилиб қишлоғини тарк этгани, ёмон йўлга кириб қолганидан надомат чекди. Бу орада аравача қайсидир темир эшик рўпарасида тўхтади.
— Уч кун шу ерда ўтирасан, — уқтирди унга конвой. — Адабингни ейсан, каллакесар, чўлоқ! Бу кунингдан баттар бўласан.
— Мени қўрқитма, — деди алам билан Мирсоли. — Сендақа қўрқитадиганларнинг кўпини кўрганман. Мен-чи, бунданам баттар кунларни кўрганман. Сендақа жўжахўрозлар қўрқади қийинчиликдан!
Конвой Мирсолининг гапларига жавобан масхараомуз кулди-ю, аравачани камерага киргазиб, дарров эшикни ташқаридан қулфлади.
Карцер деганлари ҳақиқатан ҳавас қилиб бўлмайдиган жой эди. Совуқ жонни узиб олай дер, на ўтириб, на ухлаб бўларди бу ерда. Лекин Мирсоли иложи борича ўзини қўлга олишга тиришиб, аравачани гоҳ олдинга, гоҳ орқага ҳайдайверди. Шу баҳонада бу азоблардан зўр келишга умид боғлади.

 

* * *

 

Аммо учинчи кун Мирсолини ҳолдан тойдирди. Карцердаги жирканч ҳид, қаттол совуқ жонидан ўта бошлади. Гарчи бу сўнгги кунлигини сезиб турса-да, ўзини тута олмади. Бор овозда қичқира бошлади.
— Вей, одамхўрла-ар! Чиқариб олларинг бу дўзахдан мени-и!!! Ифлосла-ар!!!
Орадан беш дақиача вақт ўтиб, ниҳоят эшик шарақлаб очилди ва ичкарига турма назоратчиси кирди.
— Ҳа, нима бўлди? — сўради у дағдағали оҳангда. — Ичинг ўтдими? Гапир, даюс!
— Мени чиқариб олларинг! — қичқирди Мирсоли совуқдан дағ-дағ титраб. — Сенларда заррача шафқат борми ўзи?
— Шафқат керак бўп қолдими сенга? — баттар ўдағайлади назоратчи. — Буни олдин ўйлаш керак эди. Энди поездинг кетиб бўлди. Буёғига мана шунақанги кунларнигина кўриб яшайсан. Ҳа-а, ҳали буниси ҳолва. Бир умрга қамалгин, судья ҳукмни ўқисин, ана унда кўрасан ҳақиқий азобни! Терингни шилволишади у ерда!
— Униси мени қизиқтирмайди ҳозир, — деди бу гал паст овозда Мирсоли. — Ҳозир мени шу жойдан чиқиб кетиш кўпроқ қизиқтиряпти. Илтимос, камерамга қамаларинг! Тавба қилди-им!..
— Шунақами? Бўпти, ўзи бугун охирги кун эди. Ўтира тур, мен бориб турма бошлиғидан рухсат олиб келаман…
Турма назоратчиси яна бир карра Мирсолининг аянчли аҳволига қараб олди-да, ҳуштак чалган кўйи чиқиб кетди.

 

* * *

 

Ҳақиқатан, сўнгги кунлардаги тушкун ва қийноқли лаҳзалар ростакамига Мирсолининг паймонасини тўлдирганди. Айниқса, карцерда ўтказилган уч кун бу нотавон йигитни жар ёқасига етаклаб келган, Мирсоли шу жарга улоқишни жуда-жуда хоҳлаётганди.
«Мен ўзингдангина ўлим сўраяпман, худо, — дея нола чекарди у турма назоратчиси етагида бошқа бир камера томон кетиб бораётиб. — Шу биргина сўровимни қабул қилсанг-чи! Сенда адолат борми ўзи? Мана шу қўлларим билан қанча марталаб қотилликларга хезландим, қанча бегуноҳ бандаларнинг кўнглини оғритдим, хонавайрон қилдим. Нима учун шу гуноҳларим жазосига жонимни ола қолмайсан? Наҳотки, сенга ҳам керагим қолмаган бўлса? Кўриб турибсан-ку, ожиз-у нотавонман! Оёқларимни тортиб олдинг, ўзимни қисмат ҳалинчалига итқитиб ташладинг. Яна нима қилай? Мен бу ёруғ дунёда бир сония ҳам қолишни, яшашни, манави бадбўй ҳаводан нафас олишни, ҳеч кимнинг кўзига қарашни хоҳламайман! Олақол жонимни..»
— Мана, етиб келдинг «беш юлдузли отел»ингга, — дея Мирсолини масхаралаган каби ҳиринглаб кулди назоратчи. — Биласанми бу камерада кимлар ўтирибди?
— Менга умуман қизиғи йўқ ким ўтирганининг, — деди Мирсоли назоратчига нафрат аралаш боқаркан. — Олиб кирмоқчи бўлсанг, оч эшигингни! Менга нима фарқи бор?
— Йў-ўқ, сенга айтиб қўйиш вазифам. Шунинг учун эшитишга мажбурсан. Эшитмай ҳам қаерга борардинг?!. «Баллон»ларинг дарз кетиб бўлган-ку!.. Хуллас, полициячининг жонига қасд қилганинг учун худди мана шу камерада ажр тўлайсан. Эҳ, буни тасаввур ҳам этолмайсан! Ичкарида ростакам ментлар ўтирибди. Улар аллақачон қилмишингдан хабар топишган. Шундай экан, тайёр тур!..
Мирсоли бу пўписаларни эшитиб қилт этмади. Бир туки ўзгармай хотиржам ўтираверди. Турма назоратчиси эса пилтанглаганча икки қадам ташлаб эшикни очди.
— Қани, маҳбус Морозов, ичкарига кирсинлар! Яхши дам олсинлар!..
Камерада уч нафар маҳбус ўтирарди. Икки нафари тахтадан ясалган стол атрофида қартабозлик қилар, уларга нисбатан анча бўйдор ва беўхшови орқароқдаги икки ярусли каравотларнинг пастки қаватида ястаниб олган кўйи газета варақларди. Маҳбусларнинг ҳар бири девдек баҳайбат, гўё юзларидан заҳар томарди. Мирсоли киргани ҳамоно орқароқда ястаниб олгани истамайгина ўрнидан турди ва қўлидаги газетани каравот устига ирғитиб, олдинга юрди.
— «Ғилай», — дея стол атрофидаги маҳбуслардан бирига юзланди у. — Жазони нимадан бошласак экан-а?
— Э, «Бургут», — бошқа маҳбус сакраб ўрнидан турди-да, камерадошига яқин борди. — Биз «Болта» иккимиз боя роса тортишдик шу масалада. Ахийри бир тўхтамга келдик.
— Ие, шунақами? — «Бургут» деганлари кафтларини бир-бирига ишқалай-ишқалай, Мирсолига яқин келди. — Қани, «Ғилай», нима тўхтамга келганларингни бир айтиб бер-чи! Агар менга маъқул тушса, ошиғинг олчи!
— Айтишларига қараганда, бу нусха ҳамкасбимизни қип-яланғоч қилиб ечнтирган экан.
— Нима? — «Бургут» худди бу гапни илк бор эшитган бўлиб сўйтолдек муштларини тугиб олди. — Шу манқа-я? Оёғи йўқ бўлсаям тавба қилиш ўрнига шунақа ишлар қилиб юрибдимикан ҳали?
— Э, бу-чи, очиқда гўё қироллардай гердайиб яшаганмиш. Пулиям роса кўп бўлганмиш. Ҳозир манавиндай латтаси чиқиб турибди холос. Ўзини зўр деб билган!
— Полиция ходимини ўлдириш қанақа бўлишини кўрсатиб қўйиш керак бунга, — деди «Бургут». — Аммо сенларга маслаҳатим шуки, буни ўлдиришга шошилмайсанлар. Ифлослар тозза қийналиши, сўлаги оқиб бетон полда керагича думалаши зарур.
— Ўзимизнинг ҳам режамиз шундай, — суҳбатга аралашди «Ғилай». — Мана, назоратчи ҳақини олиб ваъдасини бажарди. Бу келгинди буёғига бизнинг қўлимизда. Бошладикми?
— Бошладик!..
«Болта» лақабли маҳбус шерикларини нари сурган бўлди-да, Мирсолига яқинлашиб, кутилмаганда аравачани ағдариб юборди.
— Ҳай-ҳай, тўхта, «Болта», — дея шеригини нари суриб ўзи буткул ҳимоясиз, думалаб аравача остида қолган Мирсолига яқин борди «Бургут». — Ўзиям анчадан бери манавинақанги ҳолатда думалаб ётмаган бўлса керак баччағар. «Ғилай», кийимларини ечларинг чўлоқнинг!
— Оға, ўлдириб қўя қолсак-чи тезроқ, — деди «Болта» тоқати тоқ бўлиб. — Шу нусха билан пачакилашиб, бекор вақтимизни ўтказяпмиз-да!
— Бу нима деганинг? — уни койиб берди «Бургут». — Буни, ахир, анчадан бери кутдик! Менам қийналиб, шармандаланиб, орсизланиб ўлишини кўриб маза қилай-да энди! Инсоф борми ўзи сенда?
— Тушундим, — деди «Болта» икки қўлини кўксига қўйганча беўхшов тиржайиб. — Буюринг, оға! «Ғилай» икковимиз хизматингиздамиз!
— Кийимларини битта қўймай ечиб олларинг бошланишига! — буюрди «Бургут» афтини бужмайтириб. — Оёқсиз хунасани ҳеч қачон яланғоч кўрмагандим. Қани, кўрайлик-чи, қанақайкан булар!..
Шериклар бараварига Мирсолига ташланишди. Аввал уни аравача остидан тортиб олиб икки қўлини орқага қайиришди ва йўғон арқон бўлаги билан маҳкам бойлашди. Оғзини скотчлашди. Мирсоли энди ростакамига ҳимоясиз қолди. Аристонлар эса унга масхарали кўз ташлай-ташлай, бор кийимини ечиб ташлашди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ