КИЛЛЕР… (6-қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

— Ў, кимни кўряпман!?. — Остонада Вадимга кўзи тушган Самад ака даст ўрнидан туриб қучоғини очди. — Кел, сени бир бағримга босай!..

Криминал дунёнинг кишилари ҳеч қачон тасодифий ҳодисаларга, кутилмаган мулозаматларга ишонишмайди. Вадим ҳам қўлларини кўтаришга кўтариб Самад акага яқин келди-ю, бироқ эҳтиёткорлигини йўқотмади. Икки кўзи бутун хонани, Самад аканинг қўл ҳаракатларини кузатиб чиқишга улгурди…

Хайриятки, у кутган кўнгилсизлик содир этилмади. Тутинган ота уни тўрга ўтқазди. Хизматкор аёл бирпасда дастурхон устини ноз-неъматлар билан тўлдириб, икковларига навбатма-навбат чой қуйиб узатди ва шу заҳоти хонани тарк этди.

— Хўш, ота ўғил, гапиринг! — Самад ака негадир Вадимга сизлаб мурожаат қила бошлади. Киллерни бу мулозамат ҳам ҳушёр торттирди.

— «Нега мени бирдан сизлаб қолди? — кўнглидан ўтказди у. — Хусумати борлигини билмасам экан. Ўлармикан очиқ айтиб қўя қолса?..»

— Ниманиям гапирардим? — деди Вадим бош эгган кўйи. — Олдингизга кечирим сўраб келдим.

— Кечирим сўрайдиган бирор айб иш қилганмидинг?

— Ўзингизга аён-ку!.. Аҳмоқлик қилиб қўйдим… Кечиринг!..

— Мен-ку, кечирарман, бироқ Худо кечирармикан?.. Эсингдами, бир пайтлар кичкинагина эканингда бозор биқинида ўтириб тиланчилик қилардинг?

Вадим секин бошини қимирлатиб қўйди.

— Ўшанда сенга жуда раҳмим келиб кетганди. Қара, ҳозир ҳам худди ўша кундагидек раҳмим келаяпти. Нега шундай экан-а?..

— «Ана, энди мақсадга ўтаяпти. — ўйлади Вадим ер остидан билдирмай Самад акага қараб қўяркан. — Ҳозир қандай жазо бермоқчи эканини айтади…»

— Нега индамайсан? — сўради Самад ака. — Нима учун ҳозир сенга раҳмим келаяпти?

Вадим ғиқ этмай тураверди.

— Тўғрисини айт, Шўртумшуқ қандай ниятда сени бу ерга юборди?

— Мени у юборгани йўқ.

— Яна алдаяпсан… Сен шунча аҳмоқликлардан сўнг ўзингнинг калланг билан ҳузуримга келмасдинг… Гапиравер, бу ерда иккаламиздан бўлак ҳеч ким йўқ. Хўш, Шўртумшуққа яна нима керак бўп қопти?..

— Айтдим-ку, мени Шўртумшуқ жўнатмади бу ерга!

— Унда нимага келдинг? Мен сени чақирмагандим шекилли?

— Тўғри… М-мен… Айбимни ювиш учун келдим.

— Қандай?

— Шўртумшуқнинг ҳисоб рақамидаги пулларни сизнинг номингизга ўтказиб юбормоқчиман.

— Нима? Сен-а?.. Йўғ-э!..

— Ҳа, биз Рухсора билан шу ҳақда маслаҳатлашдик…

Самад ака тўсатдан кулиб юборди.

— Вей, бўлди, кулгимни қистатма!.. Ўша суюқоёқнинг қўлидан бунақанги қалтис ишлар келишига ўлай агар ишонмайман.

— Йў-ўқ, у уста экан! — ўзини оқлай бошлади Вадим. — Компьютерчини қўлга оламан деяпти…

— Бекорларни айтибди. Кимнингдир ҳисоб рақамидаги пулларни кимгадир ўтказиш учун биргина компьютерчи кифоя қилмайди. Яна Шўртумшуқдай айёр бир кимсанинг пулларини-я!.. Э, йў-ўқ, сен қўлингдан келадиган ишни қилсанг-чи, хумпар!..

Вадим қизариб-бўзариб бир муддат жим қолди. Нима дейишни, бу одамга қандай тушунтиришни билмай турганда, Самад аканинг ўзидан садо чиқди.

— Агар, ҳақиқатан айбингни ювмоқчи, еган нонингни оқламоқчи бўлсанг, — деди у ҳамон Вадимга сирли термулиб туриб. — Шўртумшуқни ўлдирасан.

— Бўпти, — Вадим кескин бошини кўтариб Самад аканинг кўзларига боқди. — бу иш менга чўт эмас. Фақат… Мени кечирсангиз бас!..

— Чўт эмаслигини биламан. Чунки сен аҳмоқ менинг тарбиямни олгансан… Ҳайронман, қаёқдаги суюқоёқни деб кимларга илакишиб юрибсан…

Рухсоранинг номига айтилган бир оғиз гап гарчи Вадимнинг ич-ичини музлатиб ўтган бўлса-да, сездирмади. Чидаб турди.

— Сен уни ухлаб ётган ерида тинчитишинг керак. — давом этди Самад ака. — Қўлингдан келадими ишқилиб?

— Албатта келади! — деди Вадим шоша-пиша. — Жа бўлмаса, Рухсора…

— Оғзингга олма ўша қанжиқни! — жеркиб берди Самад ака. — Бу ишга умуман ҳеч кимни аралаштирмайсан… Бир ўзинг бажарасан. Билиб қўй, мабодо яна қовун туширадиган бўлсанг, ухлайсан-у, қайтиб уйғонмайсан, етар!..

— Хўп бўлади!..

— Энди бор ўша Шўртумшуқникига!.. Натижасини эртага эрталаб кутаман.

— Хўп, сиз айтгандай бўлади!..

— Толиб! — қичқирди Самад акаВадимнинг дарвозадан чиққанини кўргач.

— Лаббай, ака, чақирдингизми?

— Сен тезда анавининг орқасидан кузатишни бошла!..

— Хўп!

 

* * *

 

Шўртумшуқнинг саройлардек дала ҳовлисига етиб келган Вадим яна бир кўнгилсизликка рўбарў бўлди. Дарвозада худди Самад акникидаги каби қўриқчилар тўхтатишди. У аввалига ҳайрон бўлди. Нега бирдан тўхтатиб қолишди?.. Ў… Ҳа, Шўртумшуқ ниманидир сезган. Йўқса, бу тахлит текширувлар ўтказмасди.

— Қўлингни кўтариб деворга ўгирил! — буюрди қўриқчилардан бири Вадимга. Иккинчиси шоша-пиша қўлига тўппонча олиб унинг бошига тиради. — Тез бўл!..

Вадим индамай девор томонга ўгирилди ва қўлини кўтарди. Қўриқчи титкилай-титкилай, ҳеч нарса тополмагач, тескари ўгирилди.

— Энди киравер!..

Вадим елка қисганча ҳовлига қадам қўйди. Ичкарида ҳар доимги каби жимжитлик ҳукмрон. Фақат хизматкорларгина уёқдан-буёққа чопиш билан овора…

Аста-аста юриб меҳмонхона эшиги рўпарасига борди. Бирпас иккиланиб қолди. Кирсинми-кирмай қўя қолсинми?.. Ҳаммасидан хабардор бўлган бўлса-чи? Унда тамом. Бунисиям бошида ёнғоқ чақа бошлайди. Эй Худо, нималар бўляпти ўзи?.. Икки ўтнинг орасида қолди. Буёғи нима бўлади?.. Бу олов куйдириб кул қилади ҳали… Биридан эсон-омон қутулганига шукр қила бошласа, иккинчиси рўпара бўлаверса…

Хаёл билан қандай эшикни очиб юборганини билмай қолибди. Шўртумшуқ ким биландир телефон орқали гаплашаётган экан. Вадимни кўрди-ю, гапни қисқа қилиб телефонини стол устига қўйди.

— Қани, гапир! — деди у деразага суянган кўйи Вадимга ўқрайиб. — Самад отанг қандай топшириқлар бериб юборди бу сафар?..

Вадим билдики, ҳаммасидан хабар топган.

“Шўртумшуқ деганича бор экан ҳароми! — деди хаёлан. — Буларнинг дастидан бир қадам босиб кўчага чиқиб бўлмайди шекилли…”

— Мен у ерга борганим йўқ. — таваккал ёлғон гапирди Вадим. — Бошқа ишим бор эди. Ўша ёққа бориб келдим.

— Шунақа дегин? — совуқ тиржайди Шўртумшуқ. — Барибир мени аҳмоқ деб ўйларкансан. На илож?.. Энди қаттиқроқ гаплашмасам бўлмайди экан сенминан… Вей, чувринди, ўшаникига борасан-у, мен билмайманми?.. Ким эканимни наҳотки унутган бўлсанг?..

Вадим лом-мим деёлмай қолди. Нима ҳам дерди? Агар ортидан кузатмаганда бу гапларни гапирмаган бўларди…

Хўш, энди буёғига нима деб ўзини оқлайди?.. Тағин қандай ёлғонлар тўқийди?..

— Бўпти, индамасанг индамай турақол. — ўртадаги жимликни бузди Шўртумшуқ. — Мен арқонни узун ташлаб қўядиганлар хилиданман… Унда гапимни эшит. Бугун кечаси Самадникига борасан. Қуролланган ҳолатда. Ўнингга йигитларимдан қўшиб бераман. Ўзим сени тегишли асбоблар орқали кузатиб тураман.

— Нима қилишим керак?

— Нима қилардинг? Самадни ухлаётган ерида тинчитасан. Айёрлик қилишга, ҳийла ишлатиб қочиб қолишга ҳаракат қилма!.. Фойдаси йўқ. Чунки сен шохида юрсанг, ёнингда борадиган йигитлар баргида юришади. Яна шуни эсингда тутгинки, агар уни ўлдириб, ишончимни оқласанг, келгусида сени яхши лавозимлар, мўмай пуллар кутаяпти. Аксинча иш тутсанг, ўзингдан кўр!.. Мен ҳийлагарларни ёқтирмайман…

— Майли, кетсам бўладими?

— Ҳа, бориб тайёргарлигингни кўр!.. Вақт жуда оз қолаяпти…

Вадим бошини хам қилганча бўшашиб меҳмонхонани тарк этди.

 

* * *

 

Икки ўт орасида қолишдан ёмони йўқ экан. Шўртумшуқ ажратиб берган хонага киргач, Вадим бошини чангаллади. Билади. Бу ерда ҳам омонат. Самад аканикида-ку, ҳамма уни қўли билан кўрсатиб ётибди. Хато қилиб қўйишини кутишаяпти холос…

Ҳа, демак, ҳаёти қил устида турибди ҳисоб. Бу ерда ҳам, Самадникида ҳам ортиқча…

Хўш, буёғига қандай йўл тутсин? Қай бирига яхши кўринармиканман деб жонини жабборга берсин? Қачонгача?..

Ана шу саволлар гирдобига кўмилиб маҳали Рухсора келиб қолди.

— Оҳ, ўзимнинг севгилим келибди-ку!.. — ичкарига кира солиб Вадимнинг бўйнига осилди у. — Дарвозадан кирдим-у, сизнинг келганингизни эшитдим. Жон-поним чиқиб кетаёзди қувонганимдан…

— Ишлар чатоқ, Рухсора. — деди Вадим қовоғини уйиб.

— Нега?.. Самад яна хафа қилдими?

— У ердагиларнинг мени кўришга кўзлари йўқ.

— Шу холосми? Шунгаям хафа бўлиб ўтирбсизми?

— Шунинг ўзи бўлса-ку, дўппимни осмонга отардим…

— Нима бўлди? Гапирсангиз-чи!..

— Биринчидан, Самад Шўртумшуқни ўлдиришга буйруқ берди… Иккинчидан… Шўртумшуқ ҳидланибди ҳаммасидан…

— Зуғум қилдими?

— Йўқ, яхшиликчасига огоҳлантирди. Бугун кечаси Самадни ўлдиришим лозим эмиш…

— Бу зўр-ку! — қувониб кетди Рухсора. — Сизга қийин эмас-ку бу иш!..

— Қийин эмаслигини биламан… Аммо… Шу кечаси Шўртумшуқнинг ўзиниям тинчитишим керак… Нима қилишни билмай бошим қотди, Рухсора!..

Рухсора бир муддат ўйланиб қолди. Ҳақиқатан аҳвол жиддий эди. Бундай ҳолларда ишни нимадан бошлаган маъқул?.. Эҳ, шунча пайт каллакесарлар орасида юриб бунақасини кўрмаганди!.. Икки бирдай зўравонни бараварига ўлдириш осон иш эмас… Жуда эҳтиёт бўлиш зарур.

— Энди бундай қиласиз, — деди ниҳоят бир тўхтамга келгандек лабларини қаттиқ тишлаб. — биринчи навбатда Самадни тинчитинг!.. Чунки сиз ҳозир Шўртумшуқнинг қармоғида илиниб турибсиз. Уёғи кейин… Худо пошшо…

— Сезиб қолса-чи?..

— Ким сезиб қолади?

— Ким бўларди? Шўртумшуқ-да!..

— Айтдим-ку, аввал анавинисини тинчитинг!.. Фақат… Милисалар билиб қолмаса бас… Жувонмарг бўлиб кетасиз-а… Бўлди, ҳадеб ўйланавермай, дам ҳам олинг!.. Ишонсангиз, сизни жудаям соғинганман…

Рухсора жилмайганча устидаги кийимларни ечиб бир четга ирғитди.

Вадим ҳозир кайф-сафо қиладиган аҳволда бўлмаса-да, ноилож севгилисининг белидан олди…

 

* * *

 

— Вадим, тез менинг олдимга кир!.. — икковлари ҳам ташқаридан келаётган Шўртумшуқнинг овозини эшитиб, даст ўрниларидан туришди. Вадим пардани кўтариб деразадан ташқарига қаради. Қош қорайиб қолибди. Демак, ҳадемай кутилган лаҳзалар яқинлашади… Ҳаёти ҳал бўлса ҳам ажабмас… Негаки, бундай хавфли ўйинларда қайсидир тараф ютқазиши зарур. Бусиз бўлмайди… Худо кўрсатмасин, Самад ака хабар топган бўлса, керагича қўриқчи қўйиб, Вадимни тўрга илинтириши аниқ… Хабар топмаган бўлса-чи?.. Унга худди шуниси керак… У ҳолда иш хамирдан қил суғургандек осон битарди.

— Хавотир олманг, — деди Рухсора ташқарига йўл олган Вадимнинг йўлини тўсиб. — мен ҳам ўша атрофда бўламан… Омад сизга ёр бўлсин!..

Вадим қизнинг юзларидан оҳиста ўпиб қўйди… Ишқилиб, охиргиси бўлмасин!..

— Ўзингни кўрсатадиган пайт яқинлашаяпти. — Шўртумшуқ ҳамон Вадимга ишончсизлик билан қараб ташқарига ишора қилди. Отагинангнинг икки-уч соатлик умри қолди… Эсингдами қай аҳволда уни тинчитишинг?

— Албатта эсимда. — жавоб қилди Вадим. — Ухлаётган ерида…

— Сездириб қўймасмикансан?

— Буёғини менга қўйиб беринг.

— Ҳа-а, сенга ишонса бўлади. — кулди Шўртумшуқ. — Жа пихини ёрганлардансан… Менга қара, тағин… Самадни тинчитган киши бўлиб менгаям ташланиб қолмагин-а!.. Аччиғим ёмон, биласан…

— Худа асрасин! — унга жавобан совуқ тиржайди Вадим ҳам. — Сиздай одамга қўл кўтариб бўларканми…

— Шундай бўлсин. Чунки мен жуда эҳтиёткор одамман… Бўпти, ҳозир омборга кириб керакли патронларни ол!.. Орқангдан йигитлар кузатишади. Сира ташвиш тортма… Жа зўр келса, очиқчасига ҳужум қилишданам тойишмайди улар…

— Хўп, яхши қолинг!..

— Омадингни берсин, киллер, ха-ха-ха-ха!..

Чиқиб кетаётиб Шўртумшуқнинг ёқимсиз кулгисини эшитган Вадим тишларини сездирмай ғижирлатиб қўйди.

«Ҳали шошмай тур, қари тулки, сениям галинг кеп қолар!..»

 

* * *

 

— Рухсора, қани буёққа кир!.. — Вадим жўнаб кетгач, ташқарига чиқиб кетаётган Рухсорага кўзи тушган Шўртумшуқ меҳмонхонадан туриб қичқирди.

— Чақираяпсизми? — ичкарига кириб ўтирмай, остонадан туриб сўради Рухсора.

— Чақирдим, кир ичкарига!

— Мен бироз шошаётгандим, ака!

— Кир дедим!.. Шошганингминан неча пуллик ишим бор?

Кирмасликнинг иложи йўқ эди. Бу тулки қаерга кетаётганидан хабар топса, Худо уради-қўяди…

Рухсора итоаткорона ичкарига кириб Шўртумшуқнинг рўпарасига ўтирди.

— Оҳ, сенинг лўмбиллаган сонларингдан!.. — қизнинг икки сонини баравар ғижимлаб пишқирди Шўртумшуқ. — Ана, эрингниям жўнатдик… Энди иккаламиз би-ир маишат қиламиз, нима дейсан?

— Ҳозир эма-ас!.. — эркакнинг қўлларига баданини жунжиктириб, асабийлаша бошлаган Рухсора имкони борича сездирмасликка тиришиб эркаланган бўлди. — Бир жойда ишим бор. Ўша ёққа ўтиб келай, кейин…

— Ҳаддингдан ошма! — Шўртумшуқ уни орқасидан маҳкам қучоқлади-да, диванга босди. — Аввал менинг нафсимни қондир. Ана ундан кейин қаерга хоҳласанг келавер!.. Ҳозир менинг итим кеп турибди. Итим келганда ҳеч кимни аяб ўтирмайман!.. Қани, жонидан, мана шу оппоқ сонларингни ўзинг кериб юбор-чи!..

Рухсоранинг қўлидан нимаям келарди. Балки бунинг ҳам бир кечалик умри қолгандир?!. Қолаверса, ҳозир ишни бузмаслик керак…

У тишларини-тишларига босиб диванга чўзилди…

 

* * *

 

Самад аканинг ҳайҳотдан ҳовлиси. Ташқари чироқ ҳар қачонгидек ёниқ. Аҳён-аҳёнда келиб-кетадиган машиналарни айтмаса, деярли жимжитлик…

Вадим бу сафар томорқа томондан ҳовлига яқинлашди. Ҳеч қачон юраги бу қадар безовта урмаганди. Қанча одамнинг ёстиғини қуритган бўлса, жуда хотиржам иш тутарди. Бугун эса… Юраги қинидан чиққудай типирчилаяпти…

У оёқ учида юриб бориб таниш дераза тагида тўхтади. Ҳа, худди шу дераза ортида Самад ака ухлайди. Бу ерда қўриқчи йўқ. Қўриқчиларнинг ҳаммаси ҳовлида. Айни муддао… Фақат билдирмайгина ичкарига кириб олса бас. Лекин бироз кутишга тўғри келади…

Ташқари совуқ бўлишига қарамай, Вадим икки-уч соат чамаси дераза остида ўтириб қолди. Гоҳ-гоҳида сумкадаги винтовкани ушлаб-ушлаб қўяр, икки кўзи ичкаридаги чироқда эди…

Ниҳоят кутилган онлар яқинлашди. Чироқ ўчиб, баъзан қулоққа чалиниб қоладиган товушлар ҳам тинди. Энди яна бир соат кутиш лозим эди. Самад ака қотиб ухлагандагина дераза оҳиста очилиб, винтовка ишга туширилиши мумкин…

Вадим ҳар эҳтимолга қарши винтовкасини ўқлаб, овоз пасайтиргичини пайпаслаб-пайпаслаб қўйди. Ҳаммаси жойида…

У бир нарсани биларди. Ҳозир қаердандир туриб Шўртумшуқнинг одамлари кузатаяпти…

Лекин… Рухсора қаерда экан?.. Ўша ифлосларнинг орасидамикан?.. Майли, ҳозир бу ҳақда ўйлайдиган пайт эмас… Тезроқ ишни тугатиб жуфтакни ростлаш лозим…

Самад аканинг ухлаганини тахмин қилиб, Вадим аста бошини кўтарди. Ичкари қоп-қоронғи. Ҳеч нарса кўринмайди…

«Э, шу ерда бўлмай, қаердаям бўларди… — кўнглидан ўтказди у таваккал винтовкани сумкадан чиқараркан. — Пешонамдан кўрдим… Жойида бўлса, марра меники. Бўлмаса… Ажал етмаган бўлса, қутулиб кетарман…»

Вадим бу уйдаги деразаларни кўз юмиб очарди. Қўйин чўнтагидан махсус пичоғини чиқарди-да, деразанинг зулфин бор ерига тиқиб, аста юқорига кўтарди. Зулфин овоз ҳам чиқаришга улгурмай, очилди…

Вадим яна бир маротаба атрофни кузатди. Жимжитлик. Ичкаридан ҳам товуш эшитилмади. Демак, Самад ака қотиб ухлаяпти…

У эҳтиёткорлик билан деразани қия очди-да, винтовкани ичкарига кирғазди. Ўзи астойдил хона ўртасидаги каравотни кўздан кечирди…

Ҳаммаси жойидадек кўринди. Винтовканинг уч қисмига фонар ўрнатилган. Агар қоронғида кимнидир отмоқчи бўлса, киллер худди ўша фонардан фойдаланади. Айниқса, ухлаётган одамни жуда аниқ кўрсатиб беради…

Вадим лабларини асабий тишлаб фонарни ёқди. Ва каравот ўртасини нишонга олди…

Зўр-да, бундай яқин масофадан туриб отиш кимга ҳам завқ бермайди…

Тепки босилди. Қайта-қайта уч маротаба босилгач, «ўлжа» қимирламай қолди…

Фақат… Биринчи ўқ бориб текканда сакраб олганди холос…

Хуллас, иш хамирдан қил суғургандек битди. Вадим шоша-пиша винтовкани сумкага жойлади-да, орқа-кетига қарамай, катта йўл томон чопди. Уни икки юз метрлар нарида махсус машина кутиши лозим эди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ