МУСОФИРЛАР… (4-қисм)

0

 

* * *

 

— Ты на него не обращай внимание! — худди ҳайрон бўлганимни пайқагандек елкамга қоқди қиз. — Он травки накурился! Ну-ка, идём сюда!..

Қиз қўлимдан тортқилаб мени катта хонага етаклади.

Ва жонҳолатда мени курсига ўтқазиб қўйиб, ўзи мендан олган битта шприц билан ўз билагига укол қилди.

— Сиз ҳам ўзингизни ёмон ҳис қиляпсизми? — сўрадим ундан бош чайқаб.

— Э, не волнуйся! — деди қиз. — Тебя сам Бог послал к нам!.. Спасибо тебе!..

Бу сўзни яхши тушунардим. Бошим билан «арзимайди» деган ишорани қилдим-да, қизга тикилиб маъюс кулимсирадим.

Чунки, ҳозирги бўлаётган ишлар кулимсирашимга арзирди. Мен кўчада қолиб кетмадим. Худойим менга яхши одамларни рўбарў қилди. Анави ошхонадаги йигитни билмадим-у, аммо рўпарамда турган қиз ёмонга ўхшамасди. Ана, биттагина дори бериб турганим учун қўлини кўксига қўйиб ҳалиям раҳмат айтиб ётибди. Шўрликнинг пули бўлмаса керак-да!.. Балки, мен каби қийналгандир. Кимлардир туфайли азият чеккандир. Ахир, дунёда Гулнорга ўхшаган разил ва уятсизлар каммиди…

Бироздан сўнг қиз янада жонланиб ёнимга ўтириб олди.

— Как тебя зовут-то? — сўради у кўзларини сузиб…

Бу сўзларни ҳам яхши тушундим. Негаки, мактабдаги рус тили муаллимимиз шу саволни беравериб хит қиларди. Ҳар куни шу саволни эшитаверганим туфайлими, жавобиям ёд бўлиб кетган.

— Меня зовут Марҳабо! — дедим рус тилида гапирганимдан ўзим ҳам қувониб.

— Ой, ты можешь говорить по русски? — икки елкамдан маҳкам қучиб сўради қиз.

— Йўқ, — дедим унинг нима сўраётганига унчалик ақлим етмаган бўлса ҳам бошимни қимирлатиб. — Бу сўзни мактабда ёд олганман.

— Ладно, — қиз даст ўрнидан турди-да, дераза токчасига қўйган бўш шприцни қўлига олиб яна менга юзланди. — Дай ещё одну дозу-а!.. — сумкамга ишора қилганидан тағин дори сўраётганини пайқадим-у, шоша-пиша битта шприц олиб қўлига тутқаздим.

Тўғри-да, шундай яхши одамлардан дорини аярмидим. Жа мазам қочса, яна учтаси турган бўлса…

— Я Наргизка! — деди дорини қўлига олган заҳоти бошимни маҳкам қучоқлаб. — Я азербайджанка. Только, жаль… Тебя не понимаю… Я-же, в России родилась, понимаешь!.. Обрусевшая я!.. Э…

Наргиза ҳадеганда сўзларига тушунмай, юзига ҳайрон боқиб тураверганимдан тоқати тоқ бўлди шекилли, қўл силтаб билагимдан тутди-да, ошхонага етаклади…

— Видешь, уже помирать начал сука! — не кўз билан кўрайки, боягина қотиб-қотиб кулаётган малла йигит икки қўли билан қорнини чангаллаган кўйи букчайиб ўтирар, ҳар-ҳар замонда инқиллаб-инқиллаб қўярди…

«Шўрлик, буям касалми дейман? — хаёлимдан ўтказдим мен йигитнинг билагига укол қилаётган Наргизанинг ҳаракатларини зимдан кузатарканман. — Дўхтир чақиришса бўлмасмикан?.. Э, ўзим ҳам жуда гўлман-да!.. Дўхтир чақиргани билан дори ёзиб беради. Дорига пуллари йўқдир-да!.. Мана, ўзим. Агар сумкамда дори бўлмаса, қанжиқ Гулнор бериб юбормаса, нима қилардим? Худди шу малла йигитга ўхшаб букчайиб ўтираверардим…»

Мен шу тобда кимгадир яхшилик қилганимдан, Худонинг менга кўрсатган марҳаматидан хурсанд бўлиб кетдим ва столга суянган кўйи жимгина йигитга тикилиб қолган Наргизага қараб маъюс жилмайиб қўйдим.

 

* * *

 

Эрта тонгда менинг ҳайратимни ошириб Наргиза ўзбекча гапириб юборди. Аввалига қулоқларимга ишонмадим. Ахир, қанча қийналиб тиллашдик! Бир гал у мени тушунмай гаранг бўлди, кейинги сафар мен елка қисишдан нарига ўта олмадим… Ҳозир эса…

— Мени кечир, яхши қиз! — деди Наргиза соф ўзбек тилида. — Ўзбекча гапирганимга ҳайрон бўлма. Одатим шунақа. Биринчи кўрган одамим билан ҳар доим русча гаплашаман. Шу йўл билан синаб оламан. Кўрдимки, сенам ўзимиздан экансан. Дардимиз, ташвишимиз бир экан. Кел, энди очиқчасига гаплашаверайлик.

— Нимани? — сўрадим Наргизанинг кўзларига ҳайрат аралаш боқиб.

— Сенда… Анавиндан йўқми яна?..

— Нимадан?..

— Доридан-да!.. Сумкангдан олиб бердинг-ку!..

— Ҳа-а, дорими?.. — кулимсираб сумкам тарафга кўз ташлаб қўйдим. — Охирини олиб бергандим. Ишонинг, агар бўлса, сиздан аярмидим?!.

— Ишонаман. — елкамга қоқиб қўйди Наргиза. — Менга қара, ҳозир бир жойга бориб келмаймизми?

— Қаерга?

— Бозор бор. Шунақанги дорилар сотишади. Сен ўзи бу дорининг нималигини биласанми, ё…

— Нима бўларди? Тинчлантирадиган дори-да!.. Бирор ерингиз оғриса, оғриқни қолдираркан… Бир танишим ёмон бўлиб қолганимда шу уколдан қилганди…

— Ҳали… Сен бунинг нималигини билмайсанми?.. — Наргиза кўзлари чақчайиб икки елкамдан маҳкам қучоқлаб олди. — Ё… Ўзингни гўлликка соляпсанми-а?..

— Нега гўлликка солай?.. Бор гапни айтдим холос… Ёки… Бу… Нима демоқчисиз ўзи?.. Тушунмадим.

— Ҳа майли, — Наргиза беихтиёр елкамдан қўлларини тортиб олиб нари кетди. — Мен… Бошқа нарсани айтмоқчийдим сенга. Хўш, бориб келамизми?..

Бу гаплардан сўнг ҳатто аҳмоқ ҳам ҳушёр тортади. Мен унинг нима демоқчи экани тўғрисида бош қотира бошлагандим. Очиғи, сўнгги лаҳзаларда ўша дорига нисбатан ўзимда ҳам шубҳа уйғона бошлаганди. Фақат… Ҳозир… Шу тобда бир қарорга кела олмасдим. Заҳарга йўйиш учун… далилим йўқ. Негаки, неча марта ўзимга ҳам шу уколдан қилишган. Ўлмадим. Ана, Наргиза ҳам бояги эркакка укол қилди. Аксинча, ўзига келиб кўзларини очди. Хўш, унда нима ўзи?.. Нега Наргиза бу қадар асабийлашди? Нега суриштириб қолди? Ўзидан сўрасаммикан? Айтармикан?.. Наҳотки, ёмон дори бўлса?..

— Хўш, борамизми? — саволини такрорлади Наргиза бетоқатланиб.

— Ҳ-ҳа… — дедим тез ўзимни йиғиштириб. — Борамиз… Кетдик!..

 

* * *

 

— Менга қара, ёнингда пулинг йўқмиди мабодо? — катта кўчага чиқиб эллик чақиримлар юрганимиздан сўнг Наргиза бирдан тўхтаб саросималанган оҳангда сўради.

— Й-йўғиди. — жавоб қилдим хижолат тортиб. — Бир сўм ҳам пулим қолмаганди.

— Оббо, мендаям йўқ эди. Энди нима қиламиз?..

— Ўша дорини қарзга олиб турса бўлмасмикан? — ростини айтганда, ўзимнинг ҳам сўнгги дақиқаларда бошим оғриб, аъзойи баданим увишиб бораётганди. Билардимки, организмим тағин укол талаб қила бошлади. (Мен ҳам бошим нимадан оғриши, баданларим увишиши, баъзан кўнглим айниб қусгим келишини айнан шу укол кераклиги сабаб дея ҳисоблай бошлагандим) — Наргиза, бирор танишингиз йўқми дори сотадиган?..

— Уф-ф… Ҳалиям тушунмадингми? Бу дори ноёб ва шу билан бирга хавфли ҳисобланади. Ҳозир танишларга ишониб бўларканми?

— Шу пайтгача қандай олиб юргансиз унда?

— Бозорга тушиб нақд пулга олардим… Бўпти, унда бундай қиламиз. — Наргиза бирпас бош қашиб тургач, давом этди. — Бир таниш кампир бор. Уйида доим пул бўлади. Ўзи ичкиликни яхши кўрсаям, барибир пулсиз ўтирмайди. Ҳозир-чи, таниш дўкончидан бир шиша ароқ оламиз-да, ўшаникига кирамиз. Мен кампирни чалғитиб тургунимча сен каравотларини, қутичаларини, кўрпаси остиларини титкилаб чиқасан. Зора, дорига яраша пул ишлаб олсак.

— Ахир… Бу ўғирлик-ку!.. — дедим ортга тисланиб.

— Нима қипти?.. Қандайдир йўл билан дори олишимиз керак-ку!..

— Мен умримда ўғирлик қилмаганман.

— Бас қил!.. — Наргиза танишганимиздан бери биринчи марта мени жеркиб ташлади. — Менинг гапимни икки қиласанми? Мени-я?.. Менам сенга ёрдам бердим-ку!..

Мана шу гапи юрак-юрагимга нишдек қадалди. Йўқ, Наргизадан хафа бўлмадим. Мусофирлик тузини тотиб кўраётганимдан, кимларнингдир қаршисида бош эгишга маҳкум эканимдан ўксиниб кетдим.

Аммо унга сездирмадим.

Сўзсиз рози бўлдим.

Чунки, шундан бўлак йўл йўқ эди.

Дори менга ҳам сув ва ҳаводек зарур, укол қилиб ўзимга келиб олмасам бўлмасди.

 

* * *

 

Наргиза ўйлаб топган иш гарчи мен учун номаъқулроқ туюлган бўлса-да, осон битди.

Кампирнинг қулоғи оғир экан. Мен улар ошхонада ароқни майдалаб ўтиргунларича бир даста пул топишга муваффақ бўлдим.

Тўғри, бу тахлит ишларни қилиб юрмаган одам шошиб қоларкан. Ҳожатга киришни баҳона қилиб йўлакка чиққандан тиззаларимдан тортиб бармоқларимнинг учигача титраб-қақшаб борар, лекин ортга йўл йўқлигини фаҳмлаб титроқ тўла вужудим билан каравот остилари-ю, қутичалар ичини титкилардим.

Мана, ниҳоят, катта кўчага ҳам эсон-омон чиқиб олдик. Кампир бир-икки қадаҳ ароқ ичгач, тили валдираб, қандай кузатганини ҳам билмай қолди-ёв!..

— Тўхта, — деди оғзи қулоғига етган Наргиза қўлимдаги пулларни тортиб оларкан. — Бошқа кўчадан кетамиз. Катта йўлда ментлар дуч кеп қолиши мумкин.

«Мент» сўзидан тахминан билдимки, у мелисаларни назарда тутяпти.

Ҳақиқатан, ўзимга ҳам мелисаларнинг қўлига тушиш балога йўлиқишдай гап эди.

Наргизанинг кетидан кимсасиз, тор бир кўча томон юрдим…

Чамаси, бир чақиримча йўл юрганимизда, иккаламиз бараварига тўхтадик.

Биздан юз метрлар нарида мелисаларнинг машинаси турар, машинанинг ёнбош тарафида кимдир чўзилиб ётар, форма кийган бир мелиса ётган одамнинг теварагини тинмай айланиб, ора-сирада кўчанинг биз турган томонига кўз ташлаб оларди.

— Эй, ну-ка, иди сюда!.. — бир маҳал мелиса бизларни кўрди-ю, овозининг борича қичқирди. — Че стоиш!.. Быстро ко мне!..

— Ўлдик! — шивирлади Наргиза қўлидаги пулларни шоша-пиша кўкраклари орасига беркитиб. — Менга қара, оғзингдан гулламагин!.. Сени танимайди. Мен-чи, ҳозир орқага қараб қочаман! Сен унинг олдига қўрқмасдан боравер!.. Мени сўраса, танимайман деб айт!..

Наргизага сўз қотишга-да улгурмай қолдим.

У жонҳолатда орқага бурилиб югура кетди…

Унинг қоча бошлаганини кўрган милиционер эса тўғри менинг олдимга чопиб келиб маҳкам билакларимдан тутди.

— Ну-ка, пошли!.. — машина тарафга судраклай бошлади у мени.

— Қўйвор, ўзим бораман, ўзим!.. — унга ўзбекчалаб бақирганча кучли қўллар зарбидан оғрий бошлаган билакларимни тортиб олишга уринардим. — Қўйвор дедим!..

— Ҳали сен… Ўзбекмисан?.. — милиционер тўсатдан мени қўйиб юборди-да, қочиб кетмасин деди шекилли, олдимни тўсиб олди. — Гапир, ўзбекмисан?

— Ҳа, ўзбекман!.. — дея бошимни эгдим.

Гапнинг сирасини айтганда, Гулнорнинг ишларидан сўнг ўзбекларга ҳам ишонмай қўйгандим. Шунинг учунми, қаршимдаги ўзбек милиционерни кўриб ҳам қувониб кетмадим. Аксинча, ижирғаниб қўйдим.

— Бояги-чи? Уям ўзбекмиди?..

— Йўқ, у бошқа миллат.

— Бўпти, юр унда!.. Машинанинг олдига борайлик, ўша ерда гаплашамиз!..

 

* * *

 

Ҳаво совуғиданми, ё қўрқувми, балки, дорига маҳтал бўлиб танамдаги оғриқ устун кела бошладими, дир-дир титраб, девкелбат, қош-кўзлари қоп-қора, лаблари қалин, бироқ нигоҳларидан гўёки заҳар томиб турган милиционернинг кетидан эргашганча машина олдига бордим.

У келибоқ, ерда чўзилиб ётган одамнинг устидан оқ чойшабни олиб ташлади.

Не кўз билан кўрайки, ерда Бахтиёр… Ҳа, худди ўшанинг ўзи ўлиб ётар, юзлари, қўл-оёқларининг очиқ жойлари кўкариб кетганди.

Шартта юзимни тескари буриб олдим.

— Ҳа-а, қўрқиб кетдингми? — ўдағайлади милиционер менга. — Қилғиликни қилиб қўйиб-а?..

— М-мен… Нима қилибман? — зўрға шивирлаб сўрай олдим мен. — Мен…

— Қара, — у мени силтаб мурда томонга ўгирди. — Отган ўқинг нақ юрагини тешиб ўтган. Айт, қуролинг қани?..

— Қ-қанақа қурол?.. — беихтиёр бақириб юбордим. — Менинг ҳеч қанақа қуролим йў-ўқ!..

Шу гапни айтиб улгурмасимдан қаердандир яна бир милиция машинаси рўпарамизга келиб тўхтади ва ичидан беш-олти нафар формалилар тушиб, иккаламизни ўраб олишди.

— Ҳа, Собир, шумикан ўлдирган? — формалилардан бири мени кўрсатиб сўради.

— Билмадим… Ҳозирча гумоним шундан. — жавоб қилди у.

— Офисга олиб борайлик унда! Ўша ерда аниқлаб оламиз!..

— Шошилма!.. Айтганча, машинада «чучело» йўқмиди мабодо?..

— Бор, — деди сал нарида турган бошқаси. — Олиб тушайми?

— Ҳа, олиб тушгин-да, ҳов анави панага олиб бор! Текшириб кўрамиз!..

Менга алам қиладигани, қаршимдаги барча милиционерлар ўзбек тилида гапирарди.

Лекин биронтаси менга шафқат назари билан боқмас, аксинча, тез-тез нафрат аралаш қараб қўйишарди.

Мени судраклаб панага олиб ўтишди.

Бу жойнинг паналиги шунда эдики, икки домнинг ораси, на машина, на одам ўтади. Ғарб қисмига сим тўр тортиб чиқилган.

Бир милиционер кўкимтир латтага ўроғлиқ нарсани ерга ташлаб латтани олиб ташлади.

Энди кўз ўнгимда қўғирчоқ одам пайдо бўлди.

Уни дом деворига тик қилиб суяб қўйишди.

Шунда ҳам буларнинг мақсади нелигини идрок эта олмай ҳар бирларига умидвор тикилиб олишда давом этардим.

Собир дегани, яъни, мени биринчи бўлиб тутган милиционер ёнидаги ғилофдан тўппонча чиқариб менга узатди.

— Қани, икки метр нарига бориб мана шу қўғирчоқ одамга қарата ўқ уз! — буюрди у менга. — Нега қараб турибсан? Бўлмайсанми?

— Нега отарканман? — ҳайрон бўлиб титроқ ичида сўрадим мен.

— Негалигини кейин билиб оласан. Ҳозир буйруқни бажар!..

— Бўл тез!.. — ўдағайлади менга қарама-қарши турган юзлари чандиқли милиционер. — Йўқса, бир уриб абжағингни чиқараман, қанжиқ!..

Ҳа, тушуниб ета бошладим. Булар мени қотилга чиқаришганга ўхшайди. Бахтиёрнинг ўлимида мени айблашмоқчи чоғи. Аммо… Нимага?.. Қайси гуноҳим учун?.. Мен бу ўликка яқин ҳам келмагандим-ку!.. Ўзи судраб олиб келди-ку!.. Нимага мени бекордан бекорга ҳақоратлашади?.. Худойим, нимага мени бу кунларга соляпсан? Биргина хатоим учунми? Ўша Гулнорнинг гапларига лаққа тушганим учунми?..

— Тўппончани ўнг қўлингга ушла! — турган ерида бақирди Собир. — Қўрқма, ичидаги ўқ жанговар эмас! Тез бўл!..

Қуролни қайси қўлга ушлашни унинг маслаҳатисиз ҳам ўзим яхши билардим.

Гарчи, умримда тўппончадан отиб кўрмаган бўлсам-да, қуролдан қандай фойдаланишни мактабдалик пайтимда яхши ўзлаштиргандим.

Буйруқни бажармасам бўлмаслигини билиб қўлларим титрай-титрай, тўппончани баланд кўтариб қўғирчоқ одамга тўғриладим ва тепкини босдим!..

Шу заҳоти Собир югуриб бориб ўқ теккан жойни аниқлади.

— Кўрдиларингми, мен адашмабман! — ҳайқирди у шерикларига. — Нақ юрагидан урибди!.. Мана шу!.. Шу ўлдирган, тамом, вассалом!..

Бу гапдан сўнг Собирнинг ёнидагилардан иккитаси югуриб келди-да, қўлларимни орқага маҳкам қайириб, арқон билан бойлаб ташлашди ва машинанинг орқа ўриндиғига босишди. Икки ёнимга икки милиционер ўтириб олди…

— Кетдик офисга! — ҳайдовчига буюрди Собир.

— Қолганлар-чи? — сўради ҳайдовчи пастдаги уч милиционерга ишора қилиб.

— Улар таксида кетаверишади. Ҳайда!

— Хўп бўлади!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...