ДАРДИМИЁНА… (9-қисм)

0

 

* * *

 

Мен карахт эдим. Солиқ идорасида ўтирганлар қаерга қараяпти? Мэрнинг атрофидагилар-чи, деган, ниҳоятда содда одамнинг гапи билан айтганда, жудаям беўхшов ўй миямни қамраб олди…

Олег Абрамович «ҳақ» беражагини айтди. Шаҳар ташқарисида. Казо-казоларга. «Сен ҳам қатнашасан. Менинг қандай гўзал қизим борлигини бир кўриб қўйишсин!» деди. Мен Москвадан эллик чақирим шимоли-шарқда шунақа жой бор деб сира ўйламагандим. Катталиги қарийб икки квадрат километрни эгаллаган кўл бўйида шоҳона ресторан бор экан. Отамнинг гапи. Унинг яқинига бормагунингизча шоҳоналигини билмайсиз. Бу ҳам отамнинг гапи.

Отам йўлга чиқишимиздан олдин мени дўконга олиб кирган ва кучли жинс вакилларининг кўзини ўйнатадиган кўйлак совға қилганди. Бирдан кўз олдимга Рустам келди. У мени бунақанги ҳолда кўрса, албатта, ёнига яқинлаштирмайди. Қувиб солади. Кўйлак ярашганди. Лидага ўхшаганлар бўлганида жон-жон дейдиган эди. Ҳаттоки уни совға қилган одамнинг бўйнига осилиб олар, чўлпиллатиб-чўлпиллатиб ўпарди. Бироқ мен… Йўқ, жудаям очиқ экан, дедим Олег Абрамовичга. «Бизга айнан мана шуниси керак. Ундан кейин, у ердагилар ёнида олақарғага ўхшаб ажралиб туришингни сираям истамайман… Бошқа томондан, мендайин замонавий, қўли очиқ одамнинг қизисан», деди у. Менимча, сўнгги гапига унинг ўзи ҳам ичида кулган бўлса керак, бирдан юзини терс ўгирди. Яна менга шундай қимматбаҳо ҳадя бераётганидан чек-чегарасиз азобда эди у. Ҳа, юз-кўзидан дард чекаётгани шундоққина кўриниб турарди. Қўлини совуқ сувга урмасдан бир дунё бойликка эга бўлди. Эҳтимолки, шунинг шарофатига менга нимадир совға қилмоқчи бўлган-у, охирги лаҳзада ичидаги шайтон: «Нима қиляпсан? Кўзингни оч. Сен чиқим қилмасанг ҳам, ҳаммаси жойида!» дегандирки, ҳаяжонланиб кетган…

Хуллас, устимда шоҳона кўйлак, сўнгги русумдаги қоп-қора «Мерс»да кетяпман. Атроф ўрмон. Йўл ўйдим-чуқур. Асфальт ётқизилмаган. Чангияпти. Бирдан юрагимга ваҳима оралаб қолди. «Нега? — дедим ўзимга ўзим. — Ахир мен отамнинг бойиб кетишига ёрдам бердим-ку. Энди у мени… Гувоҳ йўқ, фирма директори ўлган. Кимдир уни отиб кетган. Ёки дарахтга осган, пичоқлаган… Уни шу кўйга солган шериклари, аммо отаси эмас».

Ўғринча отамга қарадим. Қоп-қора костюм-шим. Оппоқ кўйлак. Бўйнида капалакнусха бўйинбоғ. Бошида америкаликларнинг шляпаси. Илгари бир-икки марта эски журналларда кўрганман. Бобчинский билан Добчинский (Гоголнинг «Ревизор» комедиясидаги қаҳрамонлар) га ўхшаган юқори мансабли америкалик амалдорлар бошқа давлатларга қурол сотиб, эвазига бойиб кетаётганликларини карикатура қилишганида бошларига шунақа шляпа кийдириб қўйишганди. Отамнинг бошидаги шляпанинг уларникидан фарқи, байроқ расми йўқ, қоп-қора эди. Хўш, ҳа-а, эсим қурсин, айтганча, унинг костюмининг орқаси қалдирғоч думига ўхшайди. Тавба қилдим. Биринчи бор кийганини кўрганимда кулгидан зўрға ўзимни тийгандим. Ҳозир эса қўрқиб кетяпман. Бу одам гарчи отам эса-да, кўзимга жуда қўрқинчли кўриняпти. Олег Абрамович ўта сезгир одам. Дарров боқишимни пайқади ва иржайганча елкамга қўлини қўйиб олди.

— Дада, — дедим ўпкамни босиб олиш учун.

— Лаббай, қизалоғим, — жавоб берди у.

— Одам кўп бўладими?

— Ўнта. Ва уларнинг хотинлари.

— Мен танийманми уларни?

— Танимайсан, деб қўрқаман. Лекин сен ўзингни аслзодалардай тутишинг керак. Ўрнингга Анастасия Березовскаяни таклиф қилишим мумкин эди. Аммо унинг нафси ёмон. Буни сен азбаройи қизим бўлганинг учун айтяпман. Қўрқаман. Аслзодалар билан тезда танишиб, улардан қандай фойдалансам экан, деб ўйлайди. Ва шунга яраша хушомад қилади. Буниси менга асло ёқмайди. Чунки, қизалоғим, — деб Олег Абрамович юзимдан ўпиб қўйди, — ҳали ўзим улардан тўла фойдалана олмадим. Бўлди.

Мен унинг юзига савол назари билан қарадим.

— Йўқ, — деди отам юзига жиддийлик тусини бериб, — шундоғам кўп нарсани гапириб юбордим. Қоидага кўра, кўп гапирмаслик керак. Кўп гапирган одам сирларини ошкор этиб қўяди. Сенга айтадиган яна битта нарса бор: меҳмонлар ўзимизнинг қавмдошлар.

Мен унинг қўлини елкамдан олдим. Назаримда, отам шундан ҳам қандайдир фойда олаётгандай эди. Қизиқ, одамга мутлақо ишонмасанг, унинг ҳар қандай ҳаракати шубҳали туйиладиган бўлиб қоларкан.

У гердайиб ўтирарди. Илгари бирор марта ҳам бунақа ўтирганини кўрмаганман. Сипо, айёр ўтирарди. Манмансирамасди. Ҳозир эса ўша эски одатига хиёнат қилиб, ғўдайяпти. Демак, бунинг замирида мен билмайдиган нимадир бор. Аммо нимадирни менга ошкор этмайди. Агар ҳозир охирги дақиқаларини яшаётган бўлса ҳам. Нега шунақа? Нега мураккаб бўлишни одат қилиб олган? Мен унга ҳавас қилишим керакми?.. Илгари ҳеч қачон ҳайдовчи ёлламаган. Ахир унга ҳам пул бериш керак-да. Бугун ёллади. Уни ҳам пўрим кийинтирди. Яна унинг олдида мен билан очиқ-ойдин гаплашяпти. Энди жуда очиқмас-у, аммо, ҳар қалай, бировларнинг ёнида айтилмайдиган гапларни айтяпти. Ё Тангри, отам қандай одам ўзи?!

Ўйдим-чуқур тугаб, кутилмаганда асфальтланган текис йўл бошланди.

— Оз қолди, — деб Олег Абрамович соатига қараб қўйди-да, сўнг силлиқ таралган сочларини бармоқлари билан силади.

Ҳайрон бўлганча, кулиб:

— Дада, нега бунақа? Одатда, текис йўлдан кейин ўнқир-чўнқири келарди. Бу йўл эса бутунлай тескари экан, — дедим.

— Эҳ, менинг соддагина қизим-а, ҳали ўйлаганимдан ҳам анча хом экансан. Ҳечқиси йўқ, вақти-соати келгач, ҳаммасини билиб оласан, — деб у ҳайдовчининг елкасига енгилгина туртиб қўйди. — Тезроқ, бўталоғим. Биз бир дақиқага яқинроқ кеч қоляпмиз.

Машина тезлашди. Ва биз орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас манзилга етиб келдик.

Отам ҳақ бўлиб чиқди. Ресторан қасрнинг ўзгинаси. Фақат атрофи баланд деворлар билан ўралмаган. Замонавий. Деворга бало борми? Ҳозирги замонда деворларнинг умри битган. Энди улар тўсиқ вазифасини бажара олмайди. Чунки ҳамма нарса ривожланиб кетган. Айниқса, одамни йўқ қиладиган қурол-аслаҳалар. Мен энди ўн тўққизга боряпман. Билганим, ким кимларнидир телефонидан топиб, ўша телефонининг тўлқини орқали ракеталар билан уриб, йўқ қилишган, билмаганларим… Кўп. Шунчалик кўпки, қанчалигига ҳатто ақлим етмайди. Бироқ ҳамиша ҳам одамни сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Нега? Одам одамни ўлдиришнинг миллиондан зиёд турини ўйлаб топган. Бироқ даволаш, омон сақлаш йўллари жуда оз…

Ўтлаб кетдим. Келинг, яхшиси, қасрга қайтайлик. Унинг баландлиги, хў-ўш, уч, йўқ, тўрт қаватли уйнинг баландлигича келади. Ташқи томони ҳар хил нақшлар билан безатилган. Ҳаммаси бир хил қизғиш рангда. Кираверишда пештоқига қандайдир олтита қирраси бор юлдузга ўхшаш бир ниманинг акси туширилган. Эшик ёнига боришингиз билан у автоматик тарзда ўзи очилади. Кейин сипо кийинган хизматчи қўлини кўксига қўйиб, сизни кутиб олади-да, ичкарига бошлайди.

Катта зал. Деворларга, эскилик билан замонавийлик уйғунлашган ҳашамдор расмлар ва яна менинг ақлим етмайдиган алламбалолар осилган. Тўрт томонда дунё харитаси осиғлиқ турибди. Йўқ, аниқроғи, ёпиштирилган. Эҳтимол, чизилгандир. Катта давлат ва шаҳарларнинг тагларига чизиб қўйилган. Ва миттигина, одатда, мактаб хариталарида рақам билан белгилаб қўйиладиган давлат шундай антиқа чизилган эдики, у худди бутун дунёни эгаллаб турганга ўхшарди. Янаям аниқроғи, у иккала кафти билан ер юзини, ундаги одамларни тутиб турибди. Ҳаммаёққа пул ва яна алламбалолар сочиляпти. Буни асло оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Ниҳоятда синчковлик билан термилиб, ақлингизни ишлатолсангизгина кўра олишингиз мумкин. Пулнинг ранги яшилтоб кўк, аммо нега қизил ранг аралашганига тушунмадим.

 

***

 

Олег Абрамович яна билагидаги соатга қаради-да, жилмайди.

— Қизалоғим, столга қара, қирқ киши учун мўлжалланган. Унинг устида бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган нарсалар бор. Мазаси бир умр оғзингда қолиб, бутун ҳаётинг давомида мана шу ресторанни эслатиб туради. Ёнига бор, томоша қил. Яна роппа-роса ўн дақиқадан сўнг меҳмонлар етиб келишади, — деди у ва қўлларини чўнтагига тиқди.

— Кимлар улар? — дедим столга эътибор бермасликка ҳаракат қилиб.

— Кимлар? Ўзимизникилар, қизалоғим, ўзимизникилар. Уларни кўрганда етмиш икки томиримда шароб оққандай бўлади. Аслзодаларнинг аслзодалари. Аёллари ҳам аслзодалар.

Тушундим. Дадам менга бошқа нарса айтмайди. Савол берсам, энди пешонасини тириштиради. Чунки берадиган саволим унинг учун ниҳоятда содда ва аҳмоқона туйилади. Шу боис стол ёнига бориб, унинг устига қўйилган ноз-неъматлар, егулик-ичкиликларни томоша қилдим. Ҳақиқатан ҳам, дўконларда учрамайдиган нарсалар. Учраши мумкин, фақат жуда ози. Еб кўргим келди. Аммо иложи йўқ. Меҳмонлар келиб, жойларига ўтириб, озгина-озгинадан тотинмагунча қўл уриб бўлмайди. Шунга қолганда ақлим етади.

Олег Абрамович адашмаган экан. Меҳмонлар роппа-роса ўн дақиқадан сўнг бирин-сирин кириб кела бошлашди. Ҳаммасининг ёнида аёли. Бирининг ёши ўтинқираб қолган, бошқаси ёш, кўркам. Бироқ ҳаммаси мендан катта.

— Бу менинг оқила ва гўзал қизим, — деб дадам келгувчиларнинг ҳар бирига мени таништирарди.

Эркаклар қўлимдан ўпиб қўйишар, жилмайишар ва:

— Мафтункорсиз, — деб қўйишарди.

Аёллар эса Олег Абрамовичга хушомад қилишаётганди.

— Шундай жозибали фаришта фақатгина сиздан дунёга келиши мумкин, — дерди улар.

Энди кийиниш масаласига келсак.

Эркаклар:

Улар отамга ўхшаб қалдирғоч думли қора костюм-шим кийишган, бошларига уники каби шляпа қўндиришганди.

Аёллар:

Ҳаддан зиёд ўзларига зеб беришган. Устларида таналарини бемалол кўрсатиб, кўз-кўз қиладиган кўкси-ю, орқа томони ўта очиқ кўйлак кийишган. Ҳа-ҳа, фақат кўйлак. Бирининг бошқасиникидан фарқи фақатгина рангида. Бўйинларида биттадан занжир… Шошма, баъзилариникида йўқ экан. Лекин ўша йўқларининг қўлларидаги узук катта. Тошиям йирик. Тоши қарашинг билан кўзингни олади. Олмос. Бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. Аммо бирортасининг ҳам қулоғида сирға йўқ.

Хуллас, аёллар орасида энг сипоси ва оддий кийингани мен эканман.

Базм бошланди. Бошланишда ҳеч ким гапирмади. Олег Абрамович: «Дастурхон сизларга мунтазир. Қани, олинглар», дейиши билан ҳамма олифта зодагонлар ишга киришиб кетишди. Эркаклар фақатгина ёнларидаги гўзаллар билан гаплашишар, иржайиб-тиржайиб қўйишарди. Кейин улар ҳаддан зиёд отишаркан. Бир оғиз луқма ер-емас, битта қадаҳни бўшатишади.

Мен ўтирибман отамнинг ёнида номигагина тотиниб. Қорним оч. Роса егим келяпти. Аммо уяляпман. Нега уялаётганимни ўзим ҳам билмайман.

Орадан роппа-роса бир соат ўтганидан кейин эркаклар ёппасига ўринларидан туриб, бошқа залга ўтиб кетишди. Эшик очилиб-ёпилаётганида кўрдим: қўшни залнинг ўртасида фаввора бор экан. Отилиб ётибди. Сув. Яхши неъмат ва сирдош. Унинг ёнида ниманики айтсанг, биров эшитмайди. Ҳеч қандай қурилма ёзиб ололмайди. Чунки сув ҳамма гапингни ичига ютиб юборади. Қайтиб чиқармайди. Шунинг учун бўлса керак, нима дардинг бўлса, қудуққа айт, дейишган.

Аёллар рақс тушди. Едик, ичдик, кулдик.

Отам қўшни залдан нақ икки соат деганда чиқди. Унинг оғзи қулоғида эди. Келди-ю, меҳмонлардан бирининг хотини билан вальс тушди.

Қайтаётганимизда отам нега шунча одамни чақириб, меҳмон қилганига тушунмай ухлаб қолибман. Ўзиям ярим кечадан ўтиб кетганди. Кейин роса чарчаган эдим. Айниқса, хайрлашув маросими ҳам ҳайратлантирди, ҳам роса чарчатди. Олег Абрамович ресторанга нақд юз минг «кўки»да тўлади. Бундан ташқари, бошқалар ҳам чойчақа ташлашди. Чойчақаки, бундайроқ одам бир йил давомида бемалол ўйнаб-кулиб яшаса бўлади.

Эртасига эса «Люба, ҳамма нарса кўнгилдагидек бўлди. Энди бемалол ишдан бўшайвер», деди отам. Ишонасизми, шунақанги енгил тортдимки, у ёқ-бу ёғи йўқ. Ҳаттоки ишхонамдан ташқарига чиқиб, бир-икки марта осмонга сакрадим. Чунки, чунки шу ўтган ой мобайнида юрагим тамом бўлганди ҳисоб. Олег Абрамович: «Ҳаммаси қонуний, қонундан бир қадам ҳам чиққанимиз йўқ», деб мени хотиржам қилишга уриниб юргани билан, барибир, кўнглим безовта эди. Ахир миллион-миллион долларни у ёқдан бу ёққа ўтказиб юбордим. Яна ҳисоб рақамда иккита «лимон» қолди. Шундай экан, мен безовта бўлмай, бошқа биров бўлсинми?! Отам… Унга ишонч йўқ. У ҳеч нарсага аралашмай, четда қолиб кетаверади.

 

***

 

Ҳа, у менга ваъда қилинган пулни берди. Фақат қандайдир солиқларни, уйда мен учун сарфланган пулларни ушлаб қолиб, кейин берди. Биласизми, қанча, уфф, айтгунча қийналиб кетаман, лекин илож қанча, айтаман: беш минг доллар. Ваъда эса йигирма минг эди. Тўғри, унинг ўзини ҳам яхшигина туширишим мумкин эди. Қандай қилиб, дейсизми? Жуда оддий. Котибам билан «олди-берди»сини ойимга айтсам, тамом. Орттирганининг ярмидан кўпидан айрилади. Аммо бошимни қотиргим келмади. Бўлмаса, ўз кўзим билан кўрганман уларнинг қилғиликларини. Ҳа-а, куппа-кундуз куни. Мен ишлайдиган хонада… Улар менинг кириб келганимни ҳам сезишмади. Жаҳлим чиқиб кетди. Ортимга бурилдим-у, ташқарига чиқиб, эшикни қарсиллатиб ёпдим. Кейин югурганча пастга тушиб кетдим. Йўловчи йигитдан битта тутатқи олдим. Тутунни ичимга чуқур тортгандим, бирдан йўтал ушлади. Эгилганча кўзимдан ёш чиққунича йўталдим. Кейин сигаретани оёғим остига ташлаб, эзғиларканман:

— Қандай чекишаркан?! — дедим.

— Увол бўлди. Чекмаскансан, нега оласан?

Бошимни кўтариб қарасам, йигит ҳали кетмаган. Ажабланганча қараб турибди.

— Камайиб қолдими?! Ёки сенга ҳам фоизи билан қайтарайми? Неча пул туради бир пачкаси? Минг рублми? Балки, икки мингдир?!

Мен гапириш асносида сумкачамдан пул олдим-да, йигитнинг чўнтагига тиқиб қўйдим. Сўнг:

— Энди орамиз очиқ! — дея бақирдим ва бошим оққан томонга кета бошладим.

Анча юрдим. Cўкиндим. Худди ўғил болачасига. Ён-атрофимдагилар ғалати қараш қилишди. Айниқса, буғдой ранглилар. Лекин менга барибир эди. Ҳа, барибир. Ким деб ўйлашса, ўйлайверишсин. Энг пастлар қаторига қўшиб қўйишса ҳам, розиман. Мен… Мен ўзимга келиб олишим учун сўкинишим керак. Йўқ, бу ҳам камлик қиляпти. Ер тепдим. Гўёки шу кўйга тушишимга ер сабабчидай.

Бир маҳал дарё бўйига бориб қолибман. Бирдан ўлим хаёлимга келди. Ва бундан негадир хурсанд бўлиб кетдим. Ахир жуда зўр-ку. Шундоқ ўзимни сувга ташласам, бўлди, ҳаммасидан қутуламан.

— Люба, — дедим пичирлаб, — киминг бор? Отанг, онанг, аканг… Йўқ, улар сенга қариндош бўлишолмайди. Дунёга келтиргани билан, ўн саккиз йил боққани билан… Ахир булар кам-ку! Кам! Шундай экан, ўзингни сувга ташла. Бор-йўғи тўрт-беш дақиқа қийналасан. Кейин ҳаммасидан қутуласан.

Жимирлаб оқаётган яшилтоб сув. Катта-катта балиқлар сузиб юрган бўлса керак. Улар ўлишим билан ейишармикан ёки танам илвираб қолганидан сўнг ҳужумга ўтишармикан? Ўлганимдан кейин қолгани билан нима ишим бор. Хайр! Хайр ҳаммага! Мени кечиринглар! Рустам… Эй, тўхта. У билан сўнгги бор кўришиб олишим керакмасмиди?

Бирдан ўзимга келдим. Миям ҳам тиниқ ишлай бошлади. Яна ич-ичимдан Рустамни соғинганимни ҳис этдим.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

loading...