ҚАМОҚХОНАДА КЕЧГАН КУНЛАРИМ… (14-қисм)

0

 

* * *

 

У ҳақ экан. Эрта тонгда назоратчининг:

— Ўғри, босқинчилар! Тез туриб йўлакда саф торт! — деган бақириғидан уйғониб кетдим.

Кўп қатори ўрнимдан туриб саф тортган маҳбуслар қаторидан жой эгалладим. Энди мен турма бошлиқлари учун Шарипов эмас, 358- рақамли маҳбус эдим.

Бизни ошхонага олиб киришди. Ҳар бир камера учун алоҳида стол қўйилганди. Мен Серсоқолнинг ёнидан жой олдим. Бу ернинг овқати СИЗОникидан бирмунча сифатли экан. Бўтқасида бироз бўлса-да, маза бор, чойдан шакар таъми келиб турибди.

Чамаси беш дақиқадан сўнг туришга буйруқ берилди. Яна саф тортиб, ишга кетишга тайёрландик.

— Ҳозир кўрасан, — деди Серсоқол мени туртиб, — иш бошлайлик! Соқчиларни кўриб ҳайрон бўлмасанг бас!

Ажабо!.. Бизни пиёда қалин ўрмон ёқасига олиб келишди. Эллик метр нарида дарё. Фақат музлаб қолган. Муз устида қандайдир излар…

Етиб келишимиз билан чор атрофни автомат тутган соқчилар ўраб олишди.

— Кўрдингми? — деди Серсоқол соқчилар таъқиби остида ўрмон ичкарисига кетиб борарканмиз. — Бу турма худди уруш пайтидаги немисларнинг концлагерига ўхшайди. Бир метр ҳам бўш жой йўқ, соқчилар ўраб олишади. Қани, шундай шароитда қочиб ҳам кўр-чи!..

— Барибир қочаман! — дедим соқчиларнинг бўралаб сўкишлари, ҳақоратларини эшитганим сайин ғазабим қўзғаб. — У ёқдаги ишларни битириб қайтмасам бўлмайди.

— Баҳоргача сабр қилишингга тўғри келади, Мурод! — деди Серсоқол. — Баҳорда анави музлар эрийди. Биз кесилган тайёр дарахтларни бир-бирига боғлаб, кейин дарёга оқизамиз. Ана шунда қочишинг учун осонроқ йўл топса бўлади. Тўғри, дарёда муз йўл қилинган. Аммо бу йўл бўйлаб узоққа бора олмайсан. Икки қадам юрмасингдан, итдай отиб ташлашади.

— Ҳозир-чи? Нима иш қиламиз?

— Нима қилардик, дарахт кесамиз, дарахт.

— Тушунарли. Демак… баҳоргача сабр қилиш керак экан-да?..

Суҳбатдошим жавоб қилишга улгурмади. Секинлаб қолган эканмизми, соқчилардан бири кетма-кет елкаларимизга автомат қўндоғи билан туширди.

— Текинтомоқлар, кўп гапирмай, тезроқ қимирланглар!..

 

* * *

Мени дарахт кесишга қўйишди.

 

Айтганларича бор экан. Гарчи илгари қурилишларда жисмоний иш билан кўп шуғулланган бўлсам-да, бунақасини етти ухлаб тушимда кўрмагандим. Аррада дарахтни ағдаргач, шохларини кесиб чиқиш лозим. Ундан сўнг яхшилаб ўлчаб, уларни бир хил узунликка келтириш керак. Соқчилар бўлса ўраб туришади. Эндигина оғриб кетган белга дам бериш илинжида қаддингни кўтардингми, қаердандир назоратчи қўлида таёқ билан пайдо бўлади ва дуч келган ерингга тушириб қолади. Энг ёмони назоратчи ҳам ўзимизга ўхшаган маҳбус. Бизлардан фарқи — у турма бошлиғига сотилган. «Қизил зона»ларда бу янгилик эмас.

Икки соатча дам олмасдан ишладим. Ўзиям анчадан буён меҳнат нималигини билмаган қўлларим роса маза қилди. Ишга шунчалик берилибманки, азбаройи терлаганимдан эгнимдаги кийим жиққа ҳўл бўлиб кетганини ҳам сезмабман. Бир пайт хумор тутиб қаддимни ростладим ва чўнтагимдаги сигаретни олишга тутиндим. Шу заҳоти юмалоқ юз, юқори лаби учиб-учиб турадиган назоратчи кела солиб қўлидаги таёғи билан бўйним аралаш тушириб қолди.

— Ҳа-а, уч юз эллик саккизинчи! Ишга чиқар-чиқмасингдан дам олгинг келяптими? — у бақириб қўлимдаги сигаретни тортиб олди-да, оёқлари остига ташлаб эзғилаб ташлади. — Курортга келдим деб ўйлаганмидинг, ўғри, босқинчи?..

У қайтадан мени таёқ билан туширмоқчи бўлди. Чап бериб қолдим. Шунда назоратчининг бош кийими ерга учиб тушди.

— Вой аблаҳ-эй! — қичқирди у лаби учганча менга яқин келиб. — Ҳали менга чап берадиган бўлдингми? Қани, телпакни ол ердан!.. Тез бўл!

— Вэй, мен мусорларга хизмат қилмайман, билдингми? — дедим муштимни тугиб. — Керак бўлса, ўзинг ол!

— Нима? Нима дединг? Ҳали қараб тур, турмага қайтайлик тилингни суғурволаман!..

Даҳанаки жангимиз қанчага чўзилди, билмадим, шу пайт: «Мана шапкангиз!» — дея қаердандир пайдо бўлган пакана аристон назоратчига бош кийимини тутқазди.

Мен уни келганимдан бери кўрмагандим.

— Майли, кўрамиз, — дедим ўзимга ўзим. — Қайси камераданлигингни суриштириб билай, кунингни кўрсатаман, дўмбирачи!.. (Бунақа ялтоқларни турмада «дўмбирачи» деб аташади).

— Қани, ишга кириш! — буюрди назоратчи бош кийимини кияркан хунук сўкиниб. — Масалангни кейин ҳал қиламиз, итдан тарқаган!..

 

* * *

 

Қанчалар чарчаб, ҳолдан тойганим, белим, елкаларим симиллаб оғриб, қаттиқ азоб беришига қарамасдан кечки йўқловгача тин олмасдан ишладим. Ҳеч кимга сўз қотмай, тезроқ йўқлов тугашини ва камерага қайтиб каравотга ёнбошлашдек бахтли онларни орзиқиб кута бошладим. Чарчоқ туфайлими, кундузги воқеаларни унутибман. Йўқлов охирлаб улгурмай, ҳақиқий назоратчилардан бири сафни оралаб ўтиб менга яқин келди.

— Қани, олдимга туш! — буюрди у. — Нега қаққайиб турибсан? Юр дедим!

— Қаергалигини билсак бўладими, начальник? — бўш келмадим мен ҳам масхараомуз кулимсираб.

— Карцерга! — бақирди назоратчи. — Биринчи кунданоқ қилиқ қилганинг учун уч кун карцерда ўтирасан!

Нимаям қилардим? Сал нарида бизни зимдан кузатиб турган Серсоқолга кўз қисиб қўйдим-у, назоратчининг олдига тушдим.

 

* * *

 

Турма карцери СИЗОдагидан икки ҳисса ёқимсиз ва жирканч эди. Бетон деворларни шўр босган, ичкаридан келаётган ҳид кўнгилни айнитади. Фақат бир жиҳати далда беради. Шу ерда хаёлларни жамлаб, фикрлаб олишга имкон бор.

Бетон супага ёнбошларканман, беихтиёр хўрлигим келди. Келгуси ҳаётимни тасаввур этишга уриндим. Лекин ҳеч нарсани кўз олдимга келтира олмадим.

Ярим соатча ётганимдан сўнг совуқ ўтди, шекилли, йўтал тута бошлади. Ўрнимдан туриб карцернинг у ёғидан-бу ёғига юра бошладим. Аммо бу ҳам ёрдам бермади, йўтал кучайгандан кучайди.

«Шу ерларда ўлиб кетмасайдим! — хаёлимдан ўтказдим эгнимдаги турма кийими ёқасини бўйнимгача кўтариб. — Болаликдан хотиржамлик, ҳузур нималигини билмаганим камлик қилгандай, бу азоблар нимаси эди? На уйим, на оилам бор. Ҳеч кимга керак эмасман? Нега яшаяпман? Мақсадим нима? Бу ердан чиққач қаерга бораман? Қишлоққами? Кимнинг кўзи учиб турибди аристонга?..»

 

* * *

 

Уч кунни тугатиб, шом пайти назоратчидан бир метр олдинда камера томон кетиб борарканман, биринчи навбатда нима иш қилишим лозимлигини яхши билардим. Фақат тезроқ камерага етсам, бас…

— Деворга орқа ўгир! — буюрди назоратчи белимга чарм таёғи билан нуқиб. — Адабингни едингми, текинтомоқ?..

— Оғзингга қараб гапир! — дедим бошимни у томон ўгириб. — Карцеринг нима бўпти менга? Илтимос, ёлғиз қўлимга тушма! Туғилганингга пушаймон бўласан!

— Мен-а?.. Нима, орқага қайтгинг келаяптими?

— Сени огоҳлантирдим, холос. У ёғи ўзингга ҳавола.

— Кўрамиз! — деди назоратчи эшикни очаркан. — Қани, ичкарига кир!..

Пайқадим. Назоратчи сўнгги гапларимдан сўнг анча паст тушди. Тушмай ҳам кўрсин-чи!.. Энди ҳеч бирини аяб ўтирмайман. Менда на шафқат, на меҳр-оқибат қолди. Қалбим, вужудим бўм-бўш. Ҳеч қачон тўлмайди. Бўшлигича боқий дунёга равона бўламан. Камерага киришим билан барчалари ўринларидан туриб қарсаклар билан қарши олишди. Улар билан бир-бир кўришдим.

— Рангингда қон қолмабди, йигит! — деди Серсоқол қўлидаги қайноқ чой тўла кружкани узатиб. — Бошланишига манавини ич! Ўзингга келасан.

— Ўрмондаги аристон қайси камерада яшайди? — сўрадим каравотлардан бирига чўкиб, чойдан бир-икки хўплаганимдан кейин. — Уни тез кўришим керак.

— Ҳа-а, анави… Тиртиқнинг бош кийимини олиб берганни айтаяпсанми?

— Худди ўша.

— Хавотир олма. Топамиз. Қочиб кетмайди. Кел, биргаликда тамадди қилайлик! Лекин Тиртиқни бопладинг!.. Ишонсанг, яқинда менам боплаб сўккандим уни.

— Менга барибир, — дедим афтимни бужмайтириб. — Зарур бўлиб қолса, калласини сапчадай узиб ташлайман.

Бостириб-бостириб қайноқ чой ичгач, ростдан ҳам ўзимга кела бошладим. Йўтал пасанда бўлиб, танамга қон югургандек бўлди.

— У нега қамалган ўзи? — сўрадим Серсоқолдан ҳамон оғзимга тикилиб ўтирган аристонларга бир-бир назар ташлаб. — Ўғрими?

— Қанақа ўғри? Ҳамтовоқлари билан босқин уюштиришган. Бой одамни калтаклаб, пулларини тортиб олишган. Ўзи яқиндагина турмага келганди. Лақаби Тюлен. Келиши биланоқ Тиртиқнинг назарига тушгиси келиб қолганга ўхшайди. Дўмбирачиларнинг етказишларича, камерасидагиларнинг ҳаммаси билан муштлашиб улгурибди.

— Зўр муштлашарканми шунақа?

— Қайдам? Бизга қоронғи.

— Кўрамиз, — дедим столни муштлаб. — Уни бу ерга чақириш керак, нега унга хизмат қилганини тушунтириб берсин, агар тушунтира олмаса, ўзидан кўрсин!

 

* * *

 

Вақт хуфтондан ошиб, ташқарида сукунат ҳукм сура бошлади. Камерадагилар ҳам эртанги меҳнатдан олдин тўйиб ухлашни маъқул кўриб, жой-жойларига чўзилишганди. Мен эса айбдорни олиб келишларини кутиб, сергак ўтирибман. Тоқатим тоқ бўлай деганда камера эшиги очилди ва уч кун аввал Тиртиқнинг бош кийимини олиб берган аристон ичкарига кирди.

— Мана, қаҳрамон ўз оёғи билан келди! — деди Серсоқол кулиб. — Бу ёғини ўзинг ташкил қилавер!

Мен қаршимдаги пакана, думалоқ юз, сочлари қириб ташланган аристоннинг кўзларига боқдим. Қўрқинч аломатларини сезмадим. Аксинча, нигоҳларида ғазаб зоҳир эди.

— Мана келдим, кимнинг нима гапи бор эди? — салом бериш ўрнига аристон дағдаға қилишга ўтди.

— Ў, зўрсан-ку! — уни икки елкасидан ғижимлаб стол томон итардим. — Қайси ертўлада таълим олгансан?

— Ҳой, қораялоқ? — аристоннинг дағдағаси янада кучайди. — Қаерда яшаётганингни унутиб қўйдингми? Олифтагарчилигингни ватанингда қиласан!

— Вой аблаҳ-эй! — жаҳл билан аристоннинг ёқасидан олдим. — Назоратчилар билан ош-қатиқ бўлган кишига хизмат қилганинг етмагандай яна менга дўқ уряпсанми?

— Нима қипти? — бўш келмади Тюлен. — Бу ўзимнинг шахсий ишим.

— Нотўғри гапираяпсан, — танбеҳ берди унга Серсоқол. — Ундан кўра, Тюлен, сен, айбингга иқрор бўл. Ростдан ҳам мусорларнинг одамига қуллуқ қилиб қўйдинг. Ўзинг биласан, тартибли аристонлар бундай қилишмайди. Мана шунга Муроднинг ҳам, бизнинг ҳам жаҳлимиз чиқяпти. Бу гап бошқаларнинг қулоғига етса, яхши иш бўлмайди. Ё етказайликми?

Тюлен шу гапдан сўнг лабини тишлаганча терс қараб олди.

— Шундай экан, ҳозир нега бундай йўл тутганингни изоҳлашинг лозим, — давом этди Серсоқол. — Хўш, ўзингни оқлаш учун нима демоқчисан?

— Демак, сенларга изоҳ керак экан-да? — дея бир менга, бир Серсоқолга боқиб сўради Тюлен.

— Албатта. Сени бекорга бу ерга чақиртирдикми? Биласан-ку, назоратчилар текинга ишлашмайди…

— Сенлар ўзларинг ким бўлдинглар-у, менинг кимлигимни суриштиряпсанлар?! — бўш келмади Тюлен ҳам. — Бирор нарсани исботлаш керак бўлса, юринглар паханнинг олдига борамиз. Сенлар менга жиддий айб қўймоқчига ўхшаяпсизлар, мен эса бирор гуноҳ иш қилганим йўқ, буни керакли одамларнинг олдида исботлайман!

Тюлен ўзига шунчалик ишонч билан гапирардики, унинг гап оҳангидан «қўлларингдан нима ҳам келарди?» деган фикрни уқиш мумкин эди. Бундан баттар жаҳлим чиқа бошлади.

— Йигитлар, бизда болта топиладими? — сўрадим камерадагиларга бир қур назар солиб.

— Болтани нима қиласан? — сўради Серсоқол хавотир аралаш. — Тюленнинг бошини чопмоқчимисан?

— Аҳмоқ бўлганим йўқ калла кесиб. Шундай қиламанки, манавининг кўнгли жойига тушади. Нега қараб турибсанлар? Болта бор бўлса, беринглар…

Йигитлардан бири зум ўтмай дасткаллак келтириб, қўлимга тутқазди. Буни кўрган Тюленнинг рангидан қон қочди.

— Қани энди ҳаммани ўртага йиғинглар, — дедим Тюленнинг ҳолатига эътибор ҳам бермасдан тиғ келтирган йигитга қараб. — Барчани турғаз!

Аристонлар унинг ишораси билан бир-бир туриб бизни ўраб олишди.

— Отинг нималигини билмадим-у, аммо мени бир умр эслаб қоласан! — Тюленга юзланиб сўз қотдим. — Назоратчига хизмат қилган қўлингнинг бармоғини чопиб ташлайман!

Шундай дедим-у, Тюленнинг ўнг қўлини шахд билан столга қўйдим ва айтганимни қилдим..

Бу манзарани кўриб барча донг қотиб қолди. Бирор киши на иҳлаганча дарича томон югурган Тюленга ёрдам кўрсатишни ва на полда сакраб-сакраб ўйнаётган бармоқни олишни биларди. Ҳайрон қолганим, Тюлен бақир-чақир қилмади. Кимнингдир чойшабини олиб қонни тўхтатиш мақсадида билагини сиқиб боғлаб, у ёқдан-бу ёққа асабий бориб кела бошлади.

— Тезда қонни тўхтатларинг! — бақирди биринчи бўлиб ўзига келган Серсоқол. — Қон тўхтамаяпти! Бунақада бошимизга ғавғо орттириб оламиз, тез бўлинглар!

Камерада ўзига хос ҳукмронлик ўрнатган кишининг гапини эшитганлар ғимирлаб қолишди. Кимдир Тюленга кўмак беришга шошилди…

Асосийси, Тюлен ҳеч кимни сотмади. Сўраб-суриштирганларга «Болта тегиб кетди», деб қўя қолибди.

 

* * *

 

Мен турманинг яна бир ёзилмаган, ҳеч кимга гапирилмайдиган, ошкор этилмайдиган ва бўйин товлаб бўлмайдиган қонунидан хабар топдим.

Ишдан қайтгач, камерага кириб, юз-қўлимни чайиш илинжида кранга қўл чўздим. Шу пайт камера эшиги очилиб, назоратчи пайдо бўлди.

— Уч юз эллик саккизинчи, мен билан юр! — буюрди у негадир мулойим оҳангда. — Сени тезкор гуруҳ бошлиғи майор Самойлов йўқлаяпти!

Бу фамилияни биринчи марта эшитиб туришим эди.

Ғиқ этмай назоратчига эргашдим.

У мени турма йўлаги бўйлаб анча нарига олиб кетди.

Яшил эшикка етганимизда назоратчи тўхтади ва мени деворга орқа ўгиртириб, ўзи эшикни очди.

— Ўртоқ майор, олиб келдим! — деди у ичкарига мўралаб. — Кираверсинми?

Рухсат теккач, боши билан менга «Кир» ишорасини қилди.

Остона ҳатлаб ичкарига кирдим. Кенг хона. Тўрга узун стол қўйилган. Стол устидан уч хил рангдаги телефонлар жой олган. Юмшоқ чарм курсида ўрта бўйли, озғиндан келган, ингичка мўйлови ўзига ярашиб тушган, қирқ ёшлардаги эркак оёқларини чалиштирганча сигарет тутатарди.

Мени кўриб бир муддат тикилиб қолди. Эринмасдан бошимдан оёғимгача кузатди. Сўнг секин ўрнидан қўзғалиб, бўш курсига ишора қилди.

— Қани, Шарипов, ўтир!

Ўтирдим ва савол назари билан майорга боқдим.

— Хўш, янги жойга кўникиб қолдингми? — мулойимлик билан сўради майор.

Унинг кўз қарашлари, айёрона жилмайиб туришидан жаҳлдор эмаслигини билиб олса бўларди.

«Хайрият, турмада ҳам сал одамбашара бошлиқлар бўларкан, — ўйладим жавоб беришга шошилмай. — Шу пайтгача кўрганларимнинг ҳаммаси ерга урсанг кўкка сакрайдиганлар эди. Уларга ҳатто сўз қайтариб бўлмасди. Еб қўйишга тайёр туришарди.

— Шунақа десаям бўлади, — дедим хотиржамлик билан ва сир бой бермай савол ташладим. — Тинчликми, начальник? Чақиртирган экансиз…

— Ҳа, чақиртирдим. Чунки сен менга маъқулдай кўриндинг. Ҳарқалай, тартибли аристонга ўхшайсан.

Қизиқ, булар ҳам жиноятчилар тилида гаплашишади-я!.. Нега? Бизнинг кўнглимизга йўл топиш мақсадида шундай усул қўллашадими? Дўқ-пўписа билан ҳам муомала қилаверишса бўлади-ку!.. Масалан, анави назоратчига ўхшаб!.. Билмадим… Билмадим…

— Балки шундайдир, — жавоб қилдим. — Менга гапнинг индаллосини айтсангиз девдим…

— Йўқ, шошилма, — деди майор, — сен қачон рухсат берсам, ўшанда кетасан. Шуни биласанми?

— Аҳмоқ эмасман.

— Унда эшит. Турманинг ўз қоидалари бўлади. Сени шуларнинг бири билан таништираман.

— Таништираверинг.

— Ҳар бир тартибли аристон турмадаги қайсидир бошлиққа сирдош бўлади. Шуни биласанми?

Ҳайратим ошиб, елка қисиш билан кифояландим.

— Кўрдингми, билмайсан. Сабаби равшан. Сен турмамизга эндигина келдинг… Майли, давом этаман. Сирдошлиги шундаки, унга махфий топшириқ берилади. Аристон шу топшириқни бажариши шарт. Эвазига… Эвазига унинг ҳам илтимослари қондирилади.

— Масалан, қандай илтимос? — сўрадим ҳушёр тортиб.

— Ҳар қанақанги бўлиши мумкин.

— Бир-икки кунга озодликка чиқишни илтимос қилса-чи?

— Ў, иштаҳа зўр-ку, Шарипов! — кулиб юборди майор. — Ҳали турмага жойлашиб улгурмай, озодликдан гап очганинг нимаси? Ундан кўра, аристонларга хос нарсаларни илтимос қилсанг-чи! Наша, ичкилик, аёллардан сўра! Буларнинг иложини топса бўлади.

— Тушунарли, — столнинг бир четига ташлаб қўйилган сигарет қутисига кўзим тушиб, бир-икки қимирлаб қўйдим. Бу ҳолатимни майор дарров пайқади ва жилмайганча қутини менга узатди.

— Қани, ол, бемалол чекавер, Шарипов…

Бундай узун, фильтри қоп-қора сигаретни умримда биринчи марта кўриб туришим эди. Шошилмасдан бир донасини олиб тутатдим.

— Ана энди қулоқ сол, — давом этди майор. — Бугундан эътиборан сен менинг топшириқларимни бажарасан.

— Қанақа топшириқ?

— Биласанми… Яқинда турма навбатчилик қисми бошлиғи майор Маратов ўзини осиб қўйган. Лекин мен бундай деб ўйламайман. Унга кимлардир ёрдам берганлиги аниқ. Шу воқеадан сўнг бир каллакесар аристонни бошқа турмага ўтказиш ҳақида буйруқ беришди. У машинада турмадан олиб чиқиб кетилди. Афсуски, у ҳам манзилига етиб бормаган… Ажабланарлиси, худди ўша аристон майор билан анча яқин эди. Хуллас, бўлаётган ишлар сал ғалатироқ… Шу ишни очишда менга ёрдам беришинг керак. Камерангга қайтганингдан кейин фурсат топиб, гап орасида шундан сўз очасан. Эскитдан ўтирганлар нималарнидир билиши керак. Нимани аниқласанг, менга кириб айтасан. Ишон, ҳамма гап орамизда қолади.

— Тушунарли, — дедим лабимни тишлаб, — дўмбирачилик қиларканман-да-а, ўртоқ бошлиқ?!.. Шу ерда сизга бир маслаҳат бермоқчийдим, агар гапимни эътиборга олишни лозим топсангиз. Ўзингга бошқа қулоқ ахтар, началник, мен унақалардан эмасман. Бошқа мени бу масалада безовта қилма!

Ажабки, бу жавобимдан кейин майорнинг бир туки ҳам ўзгармади.

— Шарипов, қаерга келиб қолганингни яхшилаб ўйлаб, кейин жавоб берсанг бўларди. Бу ерда кимнингдир соясида юришни орзу қиладиган аристонлар тиқилиб ётибди, — деди у хотиржамлик билан қутидан сигарет олиб эзғиларкан. — Мен билан ҳамкорлик қилсанг, ўзингга яхши бўлади. Қийналиб қолмайсан, қўлимдан келганча ёрдам бераман.

— Майор, шу пайтгача номимга доғ туширмаганман, бундан бу ёғига ҳам сенинг кўмагингсиз кунимни кўрарман!

— Аҳмоқ, ўзингга яхши бўлади! — майор кутилмаган жавобимдан тутақиб кетди. — Ана, агар менга ишонмасанг, сўра! Ўша Серсоқол ҳам қайсидир офицерга хизмат қилади. Акс ҳолда, унга аристонлар устидан ҳукм ўтказишига йўл қўйишмасди.

— Бу унинг иши. Мен буткул бошқа одамман.

— Ўзинг биласан. Ақлинг бўлса, ўйлаб кўрарсан. Башарти, бир қарорга келсанг, албатта, хабар бер! Энди эса кетавер!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...