ҚАМОҚХОНАДА КЕЧГАН КУНЛАРИМ… (16-қисм)

0

 

* * *

 

Энди вақтинчалик Анатолий айтган гапларни унутиб, арманидан қандай ўч олиш ҳақида бош қотирардим. У тарафга ўғринча назар солганим сайин аъзойи баданим қасос ўтида ёниб, вужудим титрар, хаёлимда: «Қанийди бир баҳона топилса-ю, шу ярамасни ер билан яксон қилсам! Ахир яқиндагина у мени ўлдирмоқчи бўлди. Бу ишини ошкора амалга оширишга уринди. Қандай кечирай бу нусхани?..» деган фикр кечарди. Аммо ўйларимни охирига етказа олмадим. Камера эшиги шарақлаб очилиб, ичкарига майор Самойлов назоратчи ва соқчи аскар ҳамроҳлигида кириб келди.

— Қани каллакесар, ўғри! — деди майор ичкари кира-кирмас Арсенга қараб қичқираркан. — Тез деворга орқанг билан ўгирил! Тез бўл дедим!

Бу орада назоратчи мени ҳам қуруқ қўймади.

— Сен нега қараб турибсан! Ё махсус таклиф керакми?

Бу гапдан кейин мен ҳам Арсеннинг ёнидан жой олдим.

— Соат қани? Қани соат? — ўшқирди майор Арсенга. — Нега индамайсан? Нега топширилган нарсани қайтадан ўғирлаб олдинг?

Арсен деворга ўгирилган кўйи норози оҳангда жавоб берди:

— Командир… У соат менга эсдалик эди.

— Кўрсатиб қўяман эсдаликни!..

Майор кўрпа остидан ярқираган қўл соатини олиб чўнтагига солди. Арсен эса бир муддат сукут сақлаган бўлди-да, кутилмаганда ортга ўгирилиб, майорнинг ёқасига ёпишди. Соқчи ва назоратчи бараварига уни чарм таёқ билан савалай кетишди. Арсенга бу калтаклар ҳам таъсир этмагандек, Самойловни маҳкам бўғиб турарди. Йўқ, барибир таёқ устун келди. Кетма-кет тушаётган зарбалар Арсенни полга қулатди. Соқчи шу заҳоти унинг қўлларини кишанлаб, қўлтиғидан олди-да, ташқарига бошлаб чиқиб кетди.

— Карцерга! — хириллаб қичқирарди майор. — Уни карцерга қама!..

 

* * *

 

Ҳаммаси остин-устун бўлиб кетганди. Шу сабабли Анатолий «учрашув»ни эртанги кунга қолдирди. Мени тушга яқин майор Самойлов ҳузурига олиб киришди.

Армани унинг томоғига шикаст етказганга ўхшайди, дока билан боғлаб олибди.

— Кел, ўтир, ўтир! — қаршисидан жой кўрсатди майор. — Чекасанми?

— Йўқ, раҳмат! — дедим қовоғимни уйиб.

— Унда сенга топшириқ бор, — гап бошлади майор. — Буниси анча қалтис.

— Айтаверинг! — дедим хотиржамлик билан. — Мен учун ишнинг қалтиси бўлмайди.

— Кўрдинг-а, анави кавказликнинг нима қилганини?! Жуда ҳаддидан ошиб кетди!

— Демак, уни…

— Тўғри тушунибсан, арманини тинчитиш керак!

Майор қулоғимга нималар қилишим лозимлигини уқтира бошлади. Уни охиригача тинглагач, секин ўрнимдан қўзғалдим.

— Эвазига бир илтимосим бор, — дея майорга тик боқдим. — Ўзингиз ваъда бергансиз…

— Сўрайвер! Нима истайсан?

— У ёқда ўтирганимда Елена исмли аёлни ёқтириб қолгандим. Ўша билан учрашув уюштириб берасиз.

— Елена?.. — майор бироз ўйланиб қолди. — Ким ўзи? Аристонми?

— Йўқ, у аёл турмада врач эди. Кейин ишдан бўшаб кетган. У билан учрашишни хоҳлардим…

— Яхши, хотиринг жам бўлсин. Буни ташкил қилса бўлади. Бироқ менинг топшириғим бугундан, йўқ, ҳозирдан қолмасин! Ими-жимида ҳаракат қил!

— Бу ёғини менга қўйиб бераверинг! — айёрона кўз қисдим. — Айтганингиздан ҳам зиёда бўлади.

— Бўпти, бор, мен назоратчига тайинлайман!..

 

* * *

 

Кейинги кунларда назоратчи ҳам менга қўполлик қилишни йиғиштириб, юмшоқ муомалада бўла бошлаганди. Айниқса, ҳозир унинг муносабати буткул бошқача тус олди. Йўлак бўйлаб бориб, камералар томон бурилганимизда, назоратчи тўхташга буйруқ берди.

— Бор, тезроқ қимирла! — деди у йигирма қадамча нарида полга нималарнидир сепиш билан банд аристонларни кўрсатиб.

Пайқадим. Улар каламушга қарши дори сепишаяпти. Шундан сўнг карцерга йўл оламан. Менга атиги ярим соат вақт берилган. Раҳбарлар ҳидланиб қолмасликлари учун шошилишим шарт.

— Қадамингни тезлат! — деди назоратчи эҳтиёт шарт у ёқ-бу ёққа қараб олиб. — У ердаям узоқ қолиб кетма! Айтиб қўяй, ортиқча бақир-чақирлар бўлмасин! Нақ калламиз кетади-я!

— Хавотир олма, начайлик!

 

* * *

 

Карцернинг бетон супасида Арсен қунишганча ўтириб, сигарет тутатарди. Мени кўрди-ю, қўлидаги сигаретни ерга ташлаб, ўрнидан турди.

— Салом, дўстим! — совуқ кулимсираб унга яқин бордим. — Зерикиб қолмадингми?

— Нега келдинг? — тўнғиллади Арсен норози оҳангда.

— Сенга ҳамроҳ бўлишни буюришди. Мана, келдим!

— Ўлдирадиган бўлсанг, гапни айлантирмай айтавер! — деди Арсен аста-секин ортга тисланиб. У худди ўлимини олдиндан сезгандек бирдан маъюс тортиб қолди. — Мурод, сени бунчалик ичи қора деб ўйламагандим.

Тўғриси, лаҳзалар ичида Арсенга ичим ачиб, раҳмим келиб кетди. Унинг кўзларига тик қарадим-да, дедим:

— Мен сенинг жонингни олиш учун келгандим. Чунки сен шунга лойиқсан! Аммо ҳозирги аҳволингни кўриб, бу фикримдан қайтдим. Бундан бу ёғига ҳеч қачон дўсту биродарларни сотма! Акс ҳолда кейинги сафар кечирмайман!

Шу гапдан кейин Арсенни қорни аралаш кетма-кет зарбалар билан сийладим-да, карцернинг эшигини тақиллатдим.

Йўлакка чиққанимда руҳимда шундай кучли чарчоқ ҳис қилдимки, илгари ҳеч қачон бундай ҳолатга тушмаган эдим. Ҳозир камерамга бориб, ухлашга ҳаракат қилиб кўраман. Тиниқиб ухласам, балки енгил тортарман. Демак, ухлашим керак…

 

* * *

 

Қачон кўзим илинганини эслай олмайман. Фақат кўрган тушим ёдимда.

Тўрт томони темир панжаралар билан ўралган гулзорда пайдо бўлдим. Гулзор ўртасида қотиб турган кўйи бепоён адирга боққанча кимнидир кута бошладим. Теварагимда турли сайроқи қушлар хониш қилар, бошқа товуш қулоғимга чалинмасди. Бир маҳал қип-қизил кийимда таниш чеҳрали киши адир тарафдан менга қараб кела бошлади. У ҳар қадам ташлаганда теварак зириллаб кетарди.

— Бекор қилдинг шу ишни! — кутилмаганда ҳайқирди у кимса. — Бекор қилдинг! Бекор қилдинг!

Ҳайқириққа нималарнингдир тарақлагани, чийиллаган товушлар жўр бўлди. Юрагим ҳаприқиб, нафасим бўғзимга тиқилди. Қочишга тутиндим. Бироқ оёқларим жойидан жилмас, ўзимга номаълум бир куч олдинга босишга қўймасди…

Шунда беихтиёр уйғониб кетдим-у, сакраб ўрнимдан турдим. Кеч тушиб, камерадагилар ишдан қайтишибди.

Қора терга ботган баданимни чойшабга арта-арта камерадагилардан бирига бақирдим:

— Ўлармидинг шовқинсиз кирсанг?..

Кейин қолганларга қичқирдим:

— Оғзингга толқон солволганмисанлар?

Ҳеч кимдан садо чиқмади. Бу манзара мени тамоман гарангситиб қўйганди. «Алаҳсираётганга ўхшайман» деган хаёлда крандаги сувда юз-қўлларимни чайдим. Бироз ўзимга келган бўлсам-да, камерадаги манзара ўзгармаганди. Аристонлар тескари ўгирилиб, ўзаро пичир-пичир қилишар, гўё мен бу ерда йўқ эдим.

— Гапирмайсанларми, аблаҳлар?! — жазавага тушиб янада баландроқ овозда бақирдим тахтадан ясалган столни тепганча. — Ўлдираман ҳаммангни, ўлдираман!..

— Биламиз, сен зўрсан! — ниҳоят тилга кирди шу пайтгача индамай сигарет тутатаётган Серсоқол. — Ўлдириш ҳам, дўппослаш ҳам қўлингдан келади. Аммо биз ҳам сенга ўхшаган аристонмиз. Пешонамизда озми-кўпми жиноят излари тамға бўлиб турибди. Шу сабаб бизларни сал-пал ҳурматласанг, иззатласанг ёмон бўлмасди. Масалан, бу ерда ёши сеникидан анча улуғлар бор. Улар турманинг шўрвасини ичиб, тартиб-қоидаларни ўрганиб юришганда, сен ҳали онангнинг қорнида ҳам йўқ эдинг. Бугун бўлса, барчага бирдай ўдағайлаяпсан. Бу ҳам камлик қилгандай мениям ер билан битта қилиб ташлаяпсан. Ҳамма нарсанинг чегараси бўлади. Унутмагинки, қурбақани боссанг вақиллайди. Бир кун келиб бу ердагиларнинг ҳам сабр-косаси тўлиши мумкин. Ўшанда сенинг тўсатдан юрагинг хуруж қилиб қолиши ёки чойшабдан ясалган арқон билан ўзингни ўзинг осиб қўйишинг ва буни ҳеч ким кўрмай қолиши ҳеч гапмас.

— Менга барибир, — дедим Серсоқолнинг гапларидан таъсирланган бўлсам-да, паст туша бошлаганимни сездирмасликка уриниб, — ёшинг улуғми, кичикми, бу сенинг ишинг! Бу ер турма! Ҳурматни очиққа чиққанингдан кейин бошқалардан талаб қил! Ҳозирча бу ерда мен камерани назорат қилиб турибман. Обидийдангни кўтармайман…

Шундай дедим-у, қайтадан каравотга чўзилдим ва деворга ўгирилиб кўзларимни юмдим.

Чамаси бир соатдан ортиқроқ ухлабман. Кимнингдир оҳиста турткисидан уйғониб кетдим. Тепамда ўғирлик туфайли қамалган Сакенбой исмли қозоқ аристон турарди.

— Нима дейсан? — сўрадим пардани нари суриб.

— Сенда гапим бор, — шивирлади у каравотларга бир-бир кўз ташлаб. — Афсусланмайсан…

— Айт, нима гап?

— Майорнинг ўлими билан қизиқаётганмидинг? — деди Сакенбой.

— Сен қаердан биласан? — унинг ёқасидан олиб ўзимга тортдим. — Тез гапир, ким айтди сенга бу гапни?

— Э, анави куни қулоғимга чалинганди-да!..

— Хўш, нима дейсан?

— Биласанми, — янада секинроқ шивирлади Сакенбой, — майорнинг ўлимида, менимча, Серсоқолнинг қўли бор.

— Нима?.. — бу гапни эшитиб ўрнимдан туриб ўтирдим. — Давом эт!

— Агар ишонмасанг, ортидан кузат. У турмадаги қандайдир ертўлага тез-тез қатнаб туради.

— Ертўла? Нима қилади у ерда?

— Бунисини билмадим. Суриштирсанг, ҳаммасини аниқлайсан.

— У ҳолда ўзинг кузатасан.

— М-мен?.. — Сакенбой ортга тисланди. — Йўқ, мен… Қўрқаман…

— Қўрқасанми?.. Билиб қўй, ўзингни ўзинг тутиб бердинг. Энди фақат сен кузатасан уни. Агар гапинг исботланмаса, ўлдим деявер!..

Пайқадим. Сакенбой фақат менга яхшилик қилмоқчи, шу йўл билан ишончимга киришни истаганди. Мен бўлсам, уни чўчита бошладим…

Нима бўлаяпти менга ўзи? Нега ҳеч кимга одамгарчилик қила олмайдиган бўлиб қолдим…

Шу ўйлар билан билинар-билинмас титраётган Сакенбойнинг елкасига қўл ташладим.

— Қўрқмасдан кузатишни бошлайвер! Иш битса, ўзим сени хурсанд қиламан!..

 

* * *

 

Бугун Анатолий хат орқали хабар берди. Тунги соат ўндан сўнг махсус белгиланган учрашув хонасига киришим лозим экан. Демак, берган топшириғини тезлатиши аниқ.

То назоратчи олиб кетгунча ўзимни суҳбатга руҳан тайёрладим.

Учрашувлар хонасига яқинлашиб келарканман, қалбимни фахр туйғуси қамраб олганди. Ортимда шошилмасдан қадам ташлаётган назоратчига ўғринча қараб қўяр, ич-ичимдан ғурурланардим.

Ҳа, мен қисқа вақт ичида Анатолийдек хавфли ва ўта шафқатсиз ўғрибошига яқинлаша олдим. Унинг ишончига кирдим. Балки энди турмадаги ҳаётим бундан-да яхшироқ, ёқимлироқ кечар…

Ҳайратга тушганим, ишда ҳам назоратчи, соқчиларнинг менга нисбатан муносабатлари ҳийла ўзгарганди. Энди улар башарти қаддимни ростлаб бир-икки сония нафас ростласам, дағдаға қилишмас, ўзларини худди кўрмагандек тутишарди.

Анатолий одатига кўра оромкурсига ястаниб олганча коньяк ичар, рўпарасидаги курсида менинг камерадошим — Серсоқол ўтирарди. Уларга хизмат қилаётган калбош, паст бўйли аристон эса мен кирганимдан кейин дарҳол эшик ёнига бориб олди.

— Ўтир! — Анатолий менга жой кўрсатгач ўзи қадаҳларга коньяк қуйди-да, сўради. — Хўш, братва, камерада нима гаплар? Ҳеч кимдан шикоят йўқми?..

— Тинчлик.

— Яхши, унда асосий масалага ўтайлик.

Анатолий лаб тишлаб пича ўй суриб турди-да, давом этди.

— Улар билан гаплашдим. Ҳаммалари рози. Фақат бир юмуш қолди…

— Тавсияномаларми? — ҳовлиқиб сўради камерадошим. — Шу пайтгача ҳеч жойда ҳол қўймаган, фақат бир марта, аввалги «дам» олган жойида «хўжайин»га сир бергандек бўлган экан. Йигитлар яхшилаб синовдан ўтказишган, тоза чиққан!..

Мен ҳамон гап нимада эканини тушунмас, бир Серсоқолга, бир Анатолийга ҳайрат аралаш тикилардим. У ҳолатимни пайқадими, саволга жавоб бериш ўрнига мен томон юзланди.

— Яқинда озодликка чиқаман, ўрнимни унга қолдирмоқчиман. Сен нима дейсан?

— Серсоқолни қолдирсанг арзийди, чунки у, — мамнунлигимни яшира олмай кафтларимни бир-бирига ишқалай бошладим, — барчага бирдай қарашни, қандай қилиб тартиб сақлашни яхши билади, обрўси ҳам чакки эмас…

— Гапинг тўғри, мен уни анча йилдан бери биламан: тартибли, бекорга бировнинг бурнини қонатмайдиган, адолатпарвар аристон. Лекин, барибир, керакли жойларга хабар бериб суриштирмасак бўлмайди. Чунки турмадаги шунча одамнинг ҳаётини унга шунчаки ишониб топшириб қўя олмайман. Хуллас, шу кунгача қилган ишларингни яна бир карра текшириб кўрамиз. Унгача Мурод сенинг ўрнингга ҳам камерабоши, ҳам ғазначи бўлиб ишлаб туради. Сен, Мурод, камерага борибоқ ишни қабул қилиб ол! Ҳарқалай, ишончимни қозона олдинг. «Обшак» пулларини яхши сақлай олсанг, камерада тартиб ўрнатиш ҳам қўлингдан келади. Мабодо муаммо туғилса, тортинмай келавер! Лекин… иложи борича менсиз, ўзларинг ҳал қилишга ҳаракат қилларинг, тузукми!?

Мен индамай бош ирғадим. Тўғриси, воқеаларнинг бу томонга ўзгариб кетишини сира кутмагандим.

 

* * *

 

«Обшак»ка тегишли пуллар оз эмасди. Уларни санаб олиб, ишончли жойга беркитгунимча тун яримлаб қолди.

Азбаройи чарчаганимдан каравотга ёнбошлабман-у, кўзим илинибди. Бир маҳал кимнингдир оҳиста шивирлашидан уйғониб кетдим. Тепамда қарта ўйинларига ишқибозлиги билан ном қозонган Болта лақабли аристон қимтинганча қараб турарди.

— Сенга нима керак? — сўрадим совуққонлик билан.

— Биласанми, Мурод… — тутилиб гап бошлади Болта. — Қўшни камерадагилар билан қарта ўйнаб, пича қарз бўлиб қолгандим. Аксига олиб онам ҳам пенсиясини ўғирлатиб қўйибди. Демак, яқин орада уйдан пул келмаслиги аниқ. Қарзни тўлаш муддатим эса эртага тугайди. Шунга…

— Чайналмасдан тезроқ гапирсанг-чи! — дағдаға қилдим унга.

— Беш юз қарз бериб турсанг девдим.

— Қаердан оламан шунча пулни?

— Мурод, илтимос, бир илож қилиб ёрдам бериб юбор, бу яхшилигингни умр бўйи унутмайман. Очиқдаги ошналаримга «Соққа керак» деб хабар жўнатганман. Келди дегунча сен берган пулни ортиғи билан қайтараман, илтимос, йўқ дема!

— Биринчидан, менда бунча пул йўқ, иккинчидан, мана шунақа қийналсанг бошқа сафар ақлингни йиғиб иш қиладиган бўласан. Энди эса, бошқа мени безовта қилма, чарчаганман, дам олишим керак.

— Аҳвол жиддий! — деди сал қурса йиғлагудек бўлиб Болта. — Бир умр унутмасдим яхшилигингни.

— Бўлмаган гапни гапирма! Беролмайман. Ана, бошқалардан сўра!..

— Улардаям йўқ экан-да!

— Унда билмадим. Бўлди, гап тамом! Ётиб ухла!..

Шундай дедим-у, пардани ёпдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...