Йигитали Мамажонов миш-мишларга жавоб қайтарди: «Ҳали қизимни кўргани борганим йўқ!»

0

Йигитали Мамажонов ва Муқаддас Саъдуллаева ҳақидаги сўнгги миш-мишлар декабрь ойида пайдо бўлди. Бунга сабаб Муқаддас Саъдуллаеванинг кинофестивалга ҳомиладор ҳолатда ташриф буюргани. «Муқаддас эрга тегдими? Унинг эри Йигиталими? Йигитали яқинда Нигина исмли қизга уйланмаганмиди?» каби саволлар ижтимоий тармоқларда кенг айланиб, муҳокамалар кўпайди. То Муқаддас ўғли Абубакрни дунёга келтирмагунча жуфтлик бу ҳақда оммага ҳеч қандай маълумот айтмади ҳам. Кейин эса аста-секин уларнинг бирга тушган суратлари шахсий саҳифаларида пайдо бўла бошлади. Яқинда Йигитали Мамажонов ушбу сирли вазиятлар юзасидан ниҳоят, интервью берди ва ҳеч бир саволни жавобсиз қолдирмади.

— Райҳон билан никоҳингиздан сўнг Нигина исмли қизга уйландингиз. Нима учун у билан ажрашдингиз?

— Сабаби, у қизнинг дунёқараши, олган тарбияси менинг дунёқарашимга тўғри келмади. Агар тўғри келганда, бизнинг ҳаётимиз ҳозир давом этаётган бўларди. Инсоннинг тарбияси оиласидан, яшаётган шаҳридан келиб чиқар экан. Бу ҳақида чуқурлашишни хоҳламайман. Мен унинг ҳаётини, хатоларимизни, нима учун чиқиша олмаганимизни гапирсам, бу менга тўғри келмайди. Мен у қизга доим яхшилик тилайман. У жуда яхши инсон. Худонинг ҳар бир бандаси бахтли бўлишга ҳақли. Фақат бир нарсани айтишим мумкин: «Мен ҳеч қачон аёлнинг кетидан кета олмайман».

Биз у билан жуда кўп йиллар давомида гаплашмаганмиз. Мен шунчаки тезроқ оила қуришни истагандим. Чунки бундай пайтда эркак кишининг адашишга мойиллиги кўп бўлади, ҳаром йўлга кириб қолиш деган нарсалар ҳам бор. Эҳтимол, шу томонидан шошиб қўйгандирман. Лекин буларнинг бари тақдир.

— Нигина билан турмушингиздан қиз фарзандингиз бор. Уни кўргани бордингизми?

— Очиғини айтсам, ҳали қизимни кўргани борганим йўқ. Лекин ниятим бор. Чунки ўзимнинг ҳам жуда кўргим келяпти. Расмларини юбориб туришади.

— Икки ўғлингизни-чи?..

— Йўқ, тўғрисини айтсам, бормаяпман. Адашмасам, уч ойча бўлди.

— Нима учун, вақт йўқми?

— Гап вақтда эмас. Баъзи сабаблари бор. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади.