ДАРДИМИЁНА… (24-қисм)

0

 

* * *

 

У гўшакни қўйиб қўйди. Менинг гапларим ичимда қолиб кетди. «Ишинг ҳам, бошқа нарсанг ҳам ўзингга сийлов. Гапини қаранглар, синадиммиш. Бошқа нарсани кўнглинг тусамайдими?!» дея хаёлимдан ўтказдим-да, апил-тапил компьютерни ўчириб, ташқарига йўналдим.

Ҳайдовчи ёнимга югуриб келди. Ҳеч кимни кўришни истамас, ёлғиз ўзим қолишни хоҳлаётгандим. Шу боис унга «Ўзим ёлғиз шаҳарни айланиб кетмоқчиман», дедим. У унамади. «Хавфли», деди. Кулгим қистади. Бу шаҳарга келганимда бировнинг мен билан иши йўқ эди. Очмисан, тўқмисан, уй-жойинг борми, ҳеч ким хафа қилмаяптими, деб ҳеч ким сўрамасди. Мана энди ҳаттоки кўчага чиқишимда ҳам қўриқчи тиркаб қўйишяпти. Агар шундай давом этаверса, эрта ҳожатга ҳам ёлғиз бормайман, шекилли. Қийин, ҳаммаси қийин. Олдинги шароитимдан ҳозир минг чандон қийинроқ. Чунки ҳозир жоним гаровда, хатарда.

Ноилож машинага ўтирдим. «Уйга ҳайда», дедим. Тавба, уймиш. Геннадий вақтинчалик бериб турган бошпана. Ўзимнинг… Ўзимнинг ҳали товуқ катагим ҳам йўқ-ку.

Машиналарнинг тирбандлиги, юз метр юрар-юрмас тўхташи асабни ўйнатмай қўйганига анча бўлган. Бир тарафдан, шуниси ҳам яхши. Маза қилиб хаёл сурасан.

Орадан тахминан ярим соатча ўтганди. Кутилмаганда, икки томонимиздаги машиналар бизни сиқишди. Олдиндаги эса тўхтади. Бир-биридан совуқ, бир-биридан барзанги йигитлар тушишди улардан ва биз томонга яқинлаша бошлашди.

Яна нима бу? Тинчлик борми-йўқми? Эндигина уйландим. Одамга ўхшаб бир роҳатимни топаманми, десам, ҳали у нарса, ҳали бу нарса чиқиб келяпти. «Ҳе, энангни эмгурлар», дедим-да, машинанинг эшигини қарсиллатиб очиб, пастга тушдим. Тўғри барзангилар томонга юрдим. Қўлим мушт, кўзимдан ўт чақнайди. Ҳозир бетондан девор бўлса, ёриб, ағдариб ўтиб кетадиган шаштим бор.

— Нега тўсдинг?! — дея бақирдим олдинги машинадан тушиб келган барзангига бақириб. — Нега тўсдинг, деяпман!

У қўлларини икки ёнига ёзиб иржайди. Жаҳл устида тўғри бориб ёқасидан ушладим-да, силтадим. Ишонасизми, қилт этмади. Худди иккита бешлик тахтани ерга қоқиб, тепасини бир нимага михлаб қўйгандай.

Одамзот бутун танасини қанчалик пишитмасин, битта жойи нозиклигича қолиб кетаверади. Уни пишитишнинг сира иложиси йўқ. Пишитаман десангиз, майиб қилиб қўясиз, кейин анавиларга ўхшаб қоласиз… Шуни билганим боис ўша жойига чунонам мушт туширдимки, барзангининг кўзи соққасидан отилиб чиқиб кетаёзди.

— У-ув! — деганча икки букилиб қолди.

Аммо шу заҳоти ўзим ҳам битта зўридан олдим. Кўрмадим-у, лекин, назаримда, калламдай келадиган мушт елкамга тегди. «Пиқ». Нафас олиш йўқ. Бор кучимни тўплаб, нафас олишга уриняпман. Аммо сира иложи бўлмаяпти. Ёрдам, ёрдам керак менга… Лекин гапиролмайман. Қотиб қолганман. Энди шу лаҳзада афт-ангорим қай ҳолга келган, фақатгина мени кўрганлар билган. Ҳартугул, ёрдам беришди. Тўғрироғи, орқамга яна битта мушт туширишди. Ҳаддан зиёд сув остида бўлган одам юзага чиқиши билан қандай нафас олса, мен ҳам худди шундай қилдим.

— Энди мен сенларга кўрсатаман! — дея бақириб, шундай ортимга қарашимни биламан, «Урҳо-ур, жағига ур… Қорнига ур… Бошига ур»га кўзим тушди. Тақирбошлар ва анави барзангилар бир-бирларини шундай кўйга солишаётган экан. Тушунмадим. Бу тап-тақирлар қаердан келиб қолишди? Нега менинг ёнимни олишяпти? Ахир қора бўлсам. Мендақаларни барзангилардан кўра кал бошлар кўпроқ ёмон кўришарди-ку. Ҳар қалай, кўрмаган бўлсам ҳам, шунақа деб эшитганман. «Эй-й, менга нима? Баттар бўлларинг. Бир-бирингнинг гўштингни е!» дедим-да, сал нарироққа қочдим. Шу ёқдан ҳайдовчимга бақирдим. У бўйнини чўзиб мени қидираётган экан.

— Таксида бораман!

У эшитди. Таниркан овозимни. Бўлмаса, бунақанги бақир-чақир, қий-чувда бировга бир нимани айтишнинг ҳеч иложи йўқ.

Ҳайдовчи «хўп», дегандай бошини қимирлатди.

Бошқа кўчага қочиб ўтдим. Такси тўхтатдим. Миндим. Жўнадим.

Люба безовта экан. Уйга киришим билан бўйнимга осилиб олди. «Қаерларда қолиб кетдинг? Сени роса соғиндим. Хавотир олдим», дейди. Бўлмаса, яхшилаб афт-ангоримга қарагани йўқ. Йўлда нималар бўлганини гапирганим йўқ. Бирдан, ўз-ўзидан шунақа деяпти. Ёки кимдир қўнғироқ қилиб, менинг ишдан чиқиб кетганимни айтдимикан?..

Ўйимни охирлатмасимдан елкамда оғриқ турди. Азбаройи инграб юбормаслик учун тишимни тишимга босдим.

Люба мени қучоғидан бўшатиб, юзимга қаради. Афтим бужмайган, шекилли, ажабланиб:

— Нима бўлди?! — деди.

Қўл силтадим.

— Арзимаган нарса, йўлда бир-иккита безориларга дуч келиб қолдим.

— Йўқ, нима бўлганини бирма-бир ҳамма тафсилотларигача айтиб бер. Менинг юрагим бекорга сиқилмаган. Гапир, — деди у ўқдай нигоҳини менга қадаб.

— Бўпти, бўпти, айтаман. Фақат сен олдин менга бир қултум сув бер. Томоғим қақраб кетяпти.

У қўлимдан ушлаб, ошхона томонга бошлади. Сув ичдим. Кейин диванга ўтирдим. Люба қўлимни қучоқлади. Юзимга тикилди.

Ноилож ҳаммасини бирма-бир гапириб бердим. Унинг юзи жиддийлашди. Кўзида ёш пайдо бўлди. Аммо ўзимнинг қаттиқ мушт еганимни юмшоққина қилиб айтиб бердим: «Биттасининг қўли елкамга ё тегди, ё тегмади. Ишонсанг, ҳеч нима қилишолмади. Аммо мени бир нарса ҳали-ҳамон қизиқтиряпти. Яъни анави тақирбошлар. Нега менинг ёнимни олишди, ҳеч тушунолмадим».

— Қўй уларни, кўйлагингни еч, — деди Люба.

— Нега?

— Еч дегандан кейин еч.

Мана, уйландик. Мана, эркинлик қўлдан кетяпти. Еч деди, ечяпмиз. Кий деса, киямиз-да.

— Нима бу?! — бирдан бақириб юборди Люба елкамни кўриши билан.

— Нимайкан? — дедим ўзимни гўлликка солиб.

— Кўкариб кетибди-ку! — деди Люба йиғи аралаш.

— Кўкарибди? Наҳотки? Лекин менга ҳечам билинмаяпти.

— Бекор айтяпсан! Бунақанги катта кўкариши учун, биласанми, одамни қанақанги қаттиқ уриш керак. Ундан кейин қўл тегмаган. Бирон нима билан уришган. Дарров дўхтирга борамиз!

— Шунчаки кўкарган бўлиши мумкин. Лекин аниқ биламан, ҳеч қаеримга ҳеч нима қилмаган. Қилганида оғриғини сезардим, — дедим.

— Юзингга бир қарашдаёқ қанчалик қийналаётганингни сездим-ку. Агар ҳозир дўхтирга бормасанг, ундан кейин… Рустам, азбаройи сени севишим ҳақи-ҳурмати, юр, борайлик. Мен аниқ нима бўлганини билмагунимча тинчиёлмайман. Хўпми, жоним? Мен сенга керакман, тўғрими?! Агар шундай бўлса, мени сиқилишдан халос эт.

 

***

 

 

Боши берк кўчага кириб қолдим. Негаям Любага ҳаммасини айтиб бердим? Шунчаки, йўлакка кираётганимда деворга уриб олдим, десам ҳам бўларди-ку. Ҳозир Люба менинг энг яқин одамим. Уни ранжитиб қўйсам, анчагача ўзига келолмай юради.

— Лекин дўхтирга нима деймиз? Агар бўлган воқеани айтадиган бўлсак, дарров полицияга қўнғироқ қилиб айтади. Кейин маҳкамада нимайди, қачонийди, нега, нечта эди, деган сўроқларга эзилиб жавоб беришимиз керак. Бу ёғи Руслан Нагаев шаҳар ташқарисига таклиф қилган. Шунинг учун ҳам менга рухсат бериб юборди. «Тайёрлан», деди. Сен ҳам тайёрланишинг керак. Кейин Зоҳид билан Надяга ҳам қўнғироқ қилишимиз зарур. Шундай экан…

— Бормаймиз ҳеч қаёққа! Дўхтирга бирон нимани баҳона қилармиз.

— Шошма, Руслан Нагаевнинг ўз дўхтири бор-ку, ана шулар қараб қўйишади.

— Ишқилиб, вақт ўтиб кетмасмикан?

— Ўтмайди. Кейин, ўйлашимча, ваҳима қиладиган ҳеч нима йўқ.

Шу пайт қўл телефоним жиринглади. Экранда Руслан Нагаевнинг исми турарди.

— Ана, шефнинг ўзиям қўнғироқ қилиб қолди, — деб яшил тугмачани босдим-да, телефонни қулоғимга тутдим ва ҳали «алло» дейишга улгурмасимдан хўжайиннинг ўзи гапира кетди: «Рустам, ҳаммасини эшитдим. Чорасини кўрамиз. Уйингнинг ёнига қўшимча одамларни жўнатаман. Аммо ҳозир сен хотининг билан бирга вокзалга борасан. Магдебург — Москва поезди келади. Ўн саккизинчи вагон. Кузатувчи олма қути беради. Оласан. Машинага ортасан, қолганини кейин айтаман».

Телефон ўчди. Мен гарангсиб Любага қарадим. Хотиним иккаламиз бирга борамиз… Яширинча келаётган юк. Бундан чиқди, криминал. Демак, криминалга ўзим аралашишимдан ташқари, Любани ҳам шерик қиламан. Руслан Нагаев мени ким деб ўйлаяпти? Наҳотки мени… Аммо бормасам ҳам бўлмайди. Балки, шунчаки оддий нарсадир. Балки, у менга сюрприз қилмоқчидир.

— Нега ўйланиб қолдинг? — деди мендан кўзини узмай турган Люба.

— Биласанми? — дея эндигина оғиз очишим билан эшик қўнғироғи жиринглади.

«Ким бўлиши мумкин?» деган савол яшин тезлигида хаёлимни сермаб ўтди. Люба эса бошини эгди.

— Нима гап? — дея сўрадим.

— Сендан сўрамасдан бир иш қилиб қўйгандим, — дея жавоб берди у.

— Яъни?..

— Турмушга чиққанимни ойимга айтдим. У дадам билан бирга уйда ўтирган экан… Хуллас, кўп гаплар бўлди. Улар жудаям қаттиқ норози бўлишди. Минг битта найранг ишлатиб, турган жойимни айтишга мажбур қилишди…

Мен Любани бағримга босдим. Пешонасидан ўпдим.

— Хавотир олма, бориб эшикни оч. Улар билан ўзим гаплашаман, — дедим.

Мен бунақа бўлишини мутлақо кутмагандим. Улар — Любанинг ота-онаси — менинг қайнона-қайнотам худди махсус бўлинма ходимларидай эшик очилиши билан ўзларини ичкарига уришди.

— Қани у муттаҳам?! — дея бақирди Олег Абрамович.

— Менинг қизимни кафангадо қилиб қочмоқчи бўлган қаҳрамонни бир кўриб қўяйлик! — дея эридан ўтказиб чинқирди Анастасия Березовская.

Бўлмаса, улар киришлари билан мени кўришди. Шунга қарамасдан бунақа гап қилганларига сира тушунмадим. Шунақа пайтда ҳаттоки жинни-пиннимасмикин, деган хаёлгаям борасан.

— Қизингизни қанақанги муттаҳам қандай қилиб кафангадо қилмоқчи бўлганидан бехабарман-у, лекин унга уйланган йигит мен бўламан, — дедим бироз асабим бузилган эса-да, ўзимни босиб.

Олег Абрамович бирдан илжайди. Ва худди ҳайвонот боғидаги маймунни томоша қилаётгандай у ёқ-бу ёғимдан ўтиб, менга бошдан-оёқ қарай бошлади. Сал ўтиб эрига Анастасия Березовская ҳам қўшилди.

— Нима қиляпсизлар?! — дея бақирди уларга Люба.

Мен кўрсаткич бармоғимни лабимга босиб:

— Индама, — дедим.

— Жуда яхши, жуда яхши, демак, гаплашишимиз керак, — дея Любага юзланди Олег Абрамович, — балки, ошхонангга таклиф қиларсан. Ўша ерда обдан келишиб олардик.

— Марҳамат.

Люба алами келганиданми ёки уларга бошқача ҳаётни кўрсатиб қўймоқчи бўлдими, бирпасда стол устини тўлдириб ташлади. Қўйганлари орасида «иситмаси» баланд ичимлик ҳам бор эди.

— Бунақанги исрофгарчиликни шу йигит сенга ўргатдими? — дея сўради Анастасия Березовская мени кўрсатиб.

— Йўқ. Ҳеч қанақанги исрофгарчилик йўқ… Хўш, гаплашамизми?!

— Биринчидан, — деди Олег Абрамович қаншарини қашлаб, — сенда бунақанги кескинлик бўлмаслиги лозим. Ахир биз сен билан келишиб олганмиз. Ҳар қалай, ўн саккиз йил мобайнида… Иккинчидан, — деб менга кўз қирини ташлади у, — бу йигитнинг толеи унақа баландга ўхшамаяпти. Сабабини биламан. Учинчидан, сенга уйланадиган бўлса, унда бўйнингдаги қарзларни ҳам тўлаши керак. Шунга кучи етадими?

— Нималар деяпсан, ота? Яна қанақанги қарзлар? Ҳамма олган пулларимни фоизлари билан тўлаганман-ку, наҳотки умримнинг охиригача қутулмасам?

— Агар бизнинг йўриғимиздан юрганингда, қутулардинг. Чунки қондошларимиз, ҳеч шубҳасиз, ишбилармон, кўп пул топишни биладиган ва ҳар қандай шароитда ҳам ўзларини босиб оладиган одамлар.

— Мен сизларни кўришни истамайман. Рустам ота-онанг ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат қилишинг ва маслаҳатларига амал қилишинг керак, дегани учунгина сизларга манзилимни айтдим. Ва сизлар билан гаплашиб турибман. Акс ҳолда…

— Бир дақиқа, — дея бармоғини юқорига кўтарди Олег Абрамович, — бир дақиқа танаффус, хоним… Рухсат берсангиз… Ҳаракатингиздан мен шуни билдимки, дастурхон устидагиларнинг ҳаммаси мутлақо текин. Ундан ҳамма ейиши ва ичиши мумкин. Шуларни инобатга олиб, мен Рустам билан қадаҳ тўқиштирмоқчиман. Зеро, қадаҳ одам асаб толалари таранглашувининг олдини олади.

Любанинг гапи бўлинди. У қизарган, азбаройи ҳаяжонланганидан титраб кетаётганди.

— Олег Абрамович, сиз доносиз. Бу ҳақда, билсангиз, мен сизга бир неча марта айтганман. Қани, ўшандан қуйинг, — деб Анастасия Березовская идишини эрига берди.

Иккаласи ҳам кулишган бўлишди.

— Дарвоқе, нега биз асабийлашишимиз керак? Ҳаммасини тичгина ҳал қилса бўлади. Шу йигитга турмушга чиқмоқчимисан, — дея Любага мени кўрсатди Олег Абрамович, — марҳамат, ҳечам қаршилик жойимиз йўқ. Қани энди, ўзинг ҳам ўтир. Мен сенга айтсам, уй ниҳоятда кўркам экан. Албатта, биламан, ўзларингники эмас. Ижарада турибсизлар. Сенинг мендан ундирган пулингга бу уйнинг ювиниш хонасидаги нарсаларни ҳам бермайди. Ўтир, Люба, ўтир. Бизда ҳаётий тажриба бор. Ўртоқлашсанг, албатта, кам бўлмайсан. Қолаверса, мен бир инсонни биламан. У, — деб менга юзланди қайнотам, — сиз иссиқ ўлкалардан бўлсангиз керак, тўғрими?

— Шундай, — дедим бошимни қимирлатиб.

— Жуда яхши-да. Ўша сен биладиган ҳаттоки мен икки марта қўл олиб кўришган одам ҳам сизнинг иссиқ ўлкангиздан. У жудаям катта бой. Ниманинг ҳисобига? Тўғрироғи, кимнинг ҳисобига?

Олдин елка қисдим. Сўнг:

— Ишбилармонлиги, замоннинг ўзгаришини олдиндан кўра билганлиги ҳисобига бўлса керак, — дедим.

— Йў-ўқ, хотинининг ҳисобига, хотинининг. Чунки хотини биздан, — дея ҳиринглаб кулди Олег Абрамович.

— Нима демоқчисан? — деди шу заҳоти Люба жиддийлашиб.

— Ўзимнинг ақллигинам. Ҳамма нарсага ақли етадиган оппоққинам, қани, манавиндан озгинадан татийлик энди, — деб Олег Абрамович идишидагини ичиб юборди. Кейин шишага бир муддат тикилиб турди-да, сўзида давом этди: — Чиққанига икки ой бўлган. Ҳақиқий заводники. Бунақалар фақат четга экспорт қилинади. Шунинг ўзиёқ сизларда яхшигина таниш-билишлар борлигидан далолат бериб турибди. Нимаям дердим, бу — омад.

— Ота, сен бошқа нарсани айтмоқчи эдинг. Мени…

— Шошма, — дея бирдан қизининг гапини бўлди Анастасия Березовская, — биз сенинг тўйинг ҳақида бугун эшитдик. Албатта, танловингга қарши бормаймиз. Боролмаймиз ҳам. Кимни танлашинг мутлақо ўзингнинг ишинг. Бироқ нишонлашга ҳақимиз бор, деб ўйлайман.

Люба бошини эгди. Сўнг қўлига санчқини олиб, салфеткани уриб теша бошлади.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

loading...