Ҳақиқий ҳангоманинг бундан баттари бўлмайди…

0

 

 

ЭРТАКДАГИ ДУМСИЗ ЭШАК САРГУЗАШТЛАРИ

(ҳажвия)

 

Ўзга дунё

 

Бир ҳатлаб кўлчанинг нариги соҳилига ўтгандим, буткул бошқа дунёга тушиб қолибман. Бу ерда на айиқ, на чўчқача, на бойқуш хоним бор экан. Теварак мол, қўй, эчки, отларга тўла. Уларнинг барчаси бахтли. Чунки ҳаммаларининг думи бор. Эгалари ҳар биридан хабар олиб турибди. Еганлари олдида, емаганлари кетида маза қилиб яшашяпти.

Алам қилгани, бу дунёда мени ҳеч ким танимади. Ёвга қараган ғанимдай бегонасираб, шубҳали кўз ташлашди. Баъзи эшак акаларим устимдан кулганиниям сездим. Тўғри-да, думсиз эшакни ким ҳам менсирди…

 

Туғилган кун

 

Қачонлардир менга чўчқача, айиқполвон ва бойқуш хоним ўзаро келишиб, дум совға қилишганди. Бирам қувонгандим! Суюнганимдан «Ура, энди менинг ҳам думим бўлади!», деганча шаталоқ отгандим. Ўйлаб қарасам, ҳаммаси туш экан. Мана, ёшим бир жойга етай деяптиямки, думсиз қолиб кетавердим. Аксига олиб бу ерларда на дўстим, на дардкашим бор. Кечалари тезак аралаш хас-чўпга тиқилиб ҳиқичоқ тутади. Ёрдам берадиган, дардимга малҳам бўладиганнинг ўзи йўқ. Аламим келганидан ҳатто ярим кечалардаям билмасдан ҳангравораман. Қанийди, мениям кимдир туғилган куним билан табрикласа!..

 

Муҳаббат

 

Елка яғирланиб, соқол-мўйловга оқ тушган бўлса-да, ҳали кўнглим ёш. Ҳар шаталоқ отиб ўйнагим келганда, ёшлигим эсимга тушади. Думим бор вақтдаги даврларимни ёдга оламан. Эҳ, ўшанда жуда келишган, барваста ва қайсар эшак эдим. Унча-мунча урғочини тан олмасдим. Ҳанграб хушомад қилса, обдон кузатардим. Думи борми, қанақа, қулоқлари шалпаймаганми, кўз қарашлари совуқмасми, ишқилиб, ипидан игнасигача ўрганиб чиқардим. Жа кўнглимга ўтиришса, бирга сайр қилиш, ҳалигидай ишқий саргузаштларга эрк берганман. Энди-чи? Ана, атрофимда саттанга биядай, бир сакраб юлдузни уришга шай урғочилар ўтлаб юришибди. Аммо уларнинг биронтаси мен томонга қайрилиб қарамайди. Эътибор ҳам бериб қўймайди. Уларга ҳар тикилиб қараганимда кўнглим куяди, кўксимни муҳаббат ҳисси тилкалайверади. Қанийди биронтаси менга қараб, ҳеч қурса бош силкитса, ҳанграмасаям майли, бош силкитиб, ҳурмат, меҳр бажо айласа бас эди. Афсуски, ундай бўлмайди. Ахир, юнглари тўкилиб тушаёзган, думсиз эшакнинг кимга кераги бор!?.

 

«Югур-югур»

 

Эшаккаям тадбиркорлик керак, ишнинг кўзини билиши шарт дейишади. Нима қилай? Қайсар ва мағрур бўлиб туғилганман. Қорним очганда, чанқаганимда дунё кўзимга жуда тор кўрина бошлайди. Ер остидаги ажриқ томирларини тортиб ейишга уринаман. Кучим етмайди ё ўшанинг ҳам эгаси бор чиқиб қолади. Шунда бир нарсага ҳайрон бўламан. Бу ердаги эшаклар жа ҳаддиларидан ошиб кетишибди. Ернинг тагидаги томирларгаям хўжайинлик қиладиган бўлишибди. Эгалари арқонни керагидан ортиқ узун ташлаб қўйишибди. Тўғри, тирикчилик тошдан қаттиқ дейишади. Бунинг устига аллақаерларимдир лўқиллаб оғриб азоб беради. Бунақанги пайтда мағрурликнинг белига тепиб кўзни чирт юмиш керак-у, тириклик учун интилиш зарур. Шох-шаббага, ўт-ўланга эга чиққан эшакка яқин бориб, бош эгсанг бас, бирпас депсиниб, шаталоқ отади-ю, сенгаям нимадир беради. Бахтга қарши, бу иш барибир қўлимдан келмади.

 

Йўл четида

 

Мана, бир неча кундан бери катта йўл четида ётибман. Туришга ҳол йўқ, аллакимлар келиб мени ишлатмоқчи, устимга миниб сайр қилмоқчи бўлишади. Тура олмайман. Шунда дуч келган еримга тепишади-ю, кетиб қолишади. Хўрлигим келяпти. Наҳотки, думсиз бир бечора эшакка ҳеч кимнинг раҳми келмаса? Наҳотки, бирор кимса эртакка ишонмаса? Ахир, мен оддий эшакларданмасман! Тўппа-тўғри эртаклар дунёсидан келиб қолганман…

Билмадим, қоринни-ку, ўйламай ҳам қўйдим. Барибир насибам қирқилган, менга тушиб қолган емиш йўқ. Ҳеч бўлмаса, бирор инсоф-диёнатли кимса келиб ярамга малҳам қўйса, армоним қолмасди. Ундан бир умр миннатдор бўлиб яшардим. Куч йиғиб, ўрнимдан қўзғалсам, беармон хизматини қилардим.

 

Тўй

 

Куни кеча маҳаллада бадабанг тўй бўлди. Ёш-яланг роса қийқириб ўйнади, хурсандчилик қилди. Мен бўлсам, йўл четида ётганча яйловдаги жониворларни кузатардим. Энсам қотиб-қотиб қўярди. Тўй маҳаллада-ю, сигир ҳам, эчки-қўйлар ҳам шаталоқ отишар, ўзларича рақс тушишарди. Яна мўъраб, маъраб қўйишларига ўлайми! Айниқса, анави айғирга худо берди. Чўзиб-чўзиб кишнади ярамас. Очиғи, айғирларни кўришга кўзим йўқ. Бир пайтлар кучга тўлиб, уйланганимда шунақа айғирлардан бири урғочимга кўз сузганди. Қараб ўтирмаганман. Кучим етганича, тишлаб, тепганман уни. Афсуски, айғир, барибир айғир экан. Урғочимни йўлдан уриб кетди. Ўша-ўша сўққабош бўлиб қолдим, урғочилардан кўнглим совиди…

Шунақа дейман-у, шаталоқ отиб, тўй баҳона хурсандчилик қилаётган қариндошларимга ҳавасим ҳам келяпти. Чунки уларнинг ўз уйи, эгаси, асосийси, думи бор. Уларга эртак ҳам, айиқполвон, чўчқача-ю бойқуш ҳам керак эмас. Ҳадемай эгалари ҳаммаларини уйга етаклаб олиб киради, олдига похолми, емми ташлайди. Балки тўйдан тушган тансиқ таомлар билан сийлашар!?.

Мен-чи? Афсус! Минг афсус! Мендек бахти қаро, ташландиқ, думсиз бир эшакнинг ҳеч кимга кераклиги йўқ. Ўткинчилар, ноинсоф бандалар тепиб ўтишса, дайди итлар ириллаб қўрқитишсаям, чидашга мажбурман. Чунки мен ғарибман, куч кетди, хасталана бошладим.

Худойим, қанийди ухлаб кўзимни очсам-у, ўзимнинг ўша эртаклар дунёмга бориб қолсам! Думим бўлмасаям майлийди. Ҳеч бўлмаса, айиқполвондек дўстларим ёнимда бўларди. Дардим арирди… Нима қилсам экан-а? Бир ҳанграб кўрсаммикан? Аламдан чиққунча, беармон ҳанграйинми?..

Ҳанграшгаям қўрқаман. Чунки мендек думсиз эшакнинг ҳанграши ҳов анави думдор, соғлом, охури емга тўла баъзи эшакларга оғир ботиши мумкин…

Йўқ, чидайман, кутаман. Ажаб эмаски, вақти келиб ҳақиқий инсофли, соф юрак бандаи мўмин менга қиё боқса-ю…

Ўшанда ундан ҳеч нарса сўрамасдим. «Биттагина, ингичкагина бўлсаям дум олиб беринг» деб ёлворардим. Йўқ, дум ҳам сўрамайман. Яғирланган елкамга туз сепишини илтимос қиламан. Оғриқ баҳона роса шаталоқ отиб сакрайман, аламноклардан аламимни оламан, хумордан чиқаман, эртаклар дунёсини унутаман.

Ишқилиб, шу кун тезроқ келсин-да!..

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

loading...