БОЛАЛИКНИНГ АЧЧИҚ ВА ШИРИН ХОТИРАЛАРИ… (9-қисм. Охири)

0

 

МЕНГА ЭРТАК АЙТИБ БЕРИНГ, ДАДАЖОН!

 

Ҳали ғўрлик пайтимда, нодон болалик пайтларимда бобом менга жуда кўп эртаклар айтиб берарди. Айниқса, қиш кунлари танча атрофида ўтириб бобомдан эшитган «Шавла куйди», «Уч ёлғонда қирқ ёлғон» каби ажойиб эртакларни ҳамон унута олмайман. Бу эртакларни ҳар сафар бобом раҳматлидан эшитганимда кучимга куч, меҳримга меҳр қўшилгандек бўлар, тез-тез эртак қаҳрамонлари образига кирган бўлиб, ўзимни улар даврасидагидек ҳис эта бошлардим…

Аммо кунларнинг бирида синфдош дўстларимдан бири Афзалнинг мақтаниши ўксик кўнглимни бузиб юборгани алам қилганди.

— Менинг дадам зўр, — дея мақтанганди у синфдошлар орасида ўтириб. — Ҳар куни янги-янги эртаклар айтиб беради. Маза қилиб эшитаман. Кейин ухлаб қоламан…

Бу гаплар нақ кўксимни тешиб ўтгандек бўлганди ўшанди. Отам, онам олисда эканини, мендан хабар олай демасликларини кўнглимнинг бир четига яшириб қўйган бўлсам-да, бобожоним, моможоним раҳматлиларнинг эркалашлари, талтайтиришларига овуниб яширин аламлар мудроқ эди. Афзал уларни уйғотиб юборди. Аламларим мурғак бағримни тешгудек, ўпкам тўлганча уйга кириб келдим.

— Ҳа-а, нима бўлди, болам? — момо ҳар доимгидек менинг сўлғин юзларимга боқди-ю, дарров қўлига ҳассасини олди. — Ким хафа қилди сени?..

Билардим, момом ҳар сафар кимдир мени калтакласа, ёки койиса, албатта шу ҳассасини қўлига оларди-да, айбдорнинг ёнига мени етаклаб борарди. Ана энди унинг аҳволини бир кўрсангиз эди. Елкаси, ё оёқлари аралаш шу ёғоч ҳасса бир-икки марта келиб тушса, бас, қайтиб мен томонга қайрилиб қарамайдиган бўларди.

— Нега индамайсан? — ўксинган кўйи бош эгиб турганимни кўриб икки елкамдан тутди момом. — Айтақол, ўша хафа қилганнинг уйига ўт қўяман!..

— Момо, — дедим эшитилар-эшитилмас бурнимни тортиб. — Мениям дадам бор-а?

— Ҳа, албатта бор, — деди момом сал паст тушган каби енгил хўрсиниб. — Нима, соғиндингми дадангни?

— Анави… Афзалга ҳар куни дадаси эртаклар айтиб бераркан. Бугун роса мақтанди… Моможо-он, менгаям дадам эртак айтиб берси-ин!..

— Вой, — кулди момом. — Бобонг айтиб беряпти-ю эртак! Ёқмаяптими бобонгнинг эртаклари?

— Ёқади-и, — дедим момомга суйкалиб. — Лекин… Дадам ҳам эртак айтиб берса нима қипти?.. Ахир, дадам-ку!..

— Бўпти, — мени маҳкам бағрига босди момом. — Эртагаёқ икковимиз жўнаймиз ўша Каримбувасига. Дадангни кўрасан. Эртак айтиб берсин! Сўрайсан. Айтиб беринг деб турволсанг, айтади. Ҳа… Албатта айтади…

 

* * *

 

Ҳа, мен бахтиёр эдим. Момом эгнимга ўзи тикиб берган тринка шимни, бобом бозордан олиб келган оппоқ кўйлакни кийдирди-да, биз етаклашганча дадам яшайдиган Каримбува қишлоғига жўнадик. Қишлоқ биздан анча олис эди. Автобусда узоқ йўл босдик. Тушга етмай, ниҳоят қишлоққа кириб бордик. Момом дадамнинг қариндошлариникидан бириникида қолди. Амакиваччам экан, ўзим каби маллагина бола дадам яшайдиган уй — мен туғилиб, озми-кўпми истиқомат қилган ўша ҳовлига олиб бориб қўйди-да, ўзи дарҳол ортга қайтди. Бирпасдан кейин олиб кетишини айтиб кўнглимни кўтарди…

Мен негадир қўрқа-писа ҳайҳотдай ҳовлига кирдим-да, атрофга алангладим. Ҳовли ҳақиқатан жуда кенг эди. Томорқа тарафдаги четига узундан-узун ток экилибди. Ток остига ёғочдан ясалган сўри қўйилибди. Ўша сўрида дадам бегона бир эркак билан ўтирган экан. Узоқдан мени кўрди-ю, бир муддат аланглаб турди. Кейин чопа келиб мени бағрига олди.

— Олимжонмисан? — ҳайқирди дадам негадир қизариб кетган кўзларини катта-катта очиб. — Суюнбой, болам кепти мени кўргани! Олимжон кепти мени кўргани!..

У мени етаклаб сўри қаршисига борди. Бегона эркак, дадам Суюнбой деб атаган эркак ҳам қизариб кетган юз-кўзларини кир сочиққа арта-арта хунук тиржайиш қилиб менга сўрашиш учун қўл узатди…

Мен ўрталарига ёзилган дастурхонга беихтиёр разм солдим. Бир четида иккитами, кўпроқми, ишқилиб ичкиликдан бўшаган шиша идишлар думалаб ётар, дастурхон ўртасидаги сирлари кўчган сопол товоқда тўғралган помидорларни пашша таларди.

— Қани, ўтир, — деди дадам мени тезлаб. — Ҳозир ўзим сенга дўкондан қанд обераман. Қандни яхши кўрасанми ўзи?..

Бирпас дадамнинг саволига жавоб бермай сукутга толдим. Ичимдагини айтишга ошиқардим-у, қандайдир номаълум куч мени тўхтатиб қолаверарди…

Кўнглим эса тезроқ дадамнинг оғзидан эртак, биттагина бўлса ҳам қизи-иқ эртак эшитишни хоҳларди. Кейин эса эртага Афзалга менам мақтанишни орзулай бошлагандим.

— Дада, — дедим ҳам қўрқув, ҳам андиша аралаш. — Менга эртак айтиб бери-инг!..

— Эртак? — дадам бу гапимдан кейин кулиб юборди. Аммо дарров кулишдан тўхтади. Ўтирган ерида мени бағрига босди-да, беихтиёр қўйиб юборди-ю, дастурхон четидаги ичкилик тўлатилган пиёлани қўлига олди.

— Эртак дейсан-да, демак, — деди у пиёладаги ичкиликни сипқориб, идишдаги тўғралган помидордан бир бўлагини оғзига соларкан. — Айтамиз, ўғлим, айтамиз! Суюн амакиси, сен нима дейсан? Айтамизми эртак?..

Суюнбой амаки ғўлдириб улгурган экан. Айтмоқчи бўлган гапини зўрға тилига кўчира олди.

— А-албатта айтамиз!.. А-а-айт-т-тамиз…

Дадам эса унинг ҳолатига умуман эътибор қилмасди. Икки елкамдан маҳкам тутди-да, деди:

— Эшит, сенга зўр эртак айтиб бераман!..

Мен хурсанд бўлиб дарров қулоқларимни динг қилдим. Гўдак кўнглим дадамдан, ўз-ўзимнинг дадамдан жуда ҳам қизиқ, узундан-узун эртак кутарди.

Ниҳоят дадам эртагини бошлади.

— Биласанми, анави Суюнбой амакинг-чи, бир ўтирганда тўрт шиша ароқни паққос тушира олади. Ҳамма улфатлар тахта бўп қолади ҳар сафар. Бунақаларни анави… Нимайди… Ҳа, Гэннэс диган китоб бор-у, ўшанга ёзиб қўйиш керак… Ҳа-а, Суюн амакингга ўхшаб бир ўтиришда тўрт шиша ароқ ичиб ташлайдигани ҳали дунёда йўқ… Хўш, эртагим ёқдими сенга?..

Индамадим. Индай олмадим. Чунки бу биринчидан, жуда қисқа эди, иккинчидан, бобомнинг эртакларига ўхшаб қизиқарли эмасди…

Аламим келиб аранг ўзимни йиғлашдан тия олдим. Негадир кўзим ҳар четда думалаб ётган шиша идишларга тушиб қўрқа бошладим. Худди анави маст Суюн амаки уйғониб, дадам иккови менга ташланиб қоладигандек ич-ичимда титроқ турди. Нима қилишни билмай, эҳтиёткорлик билан ўрнимдан тура бошладим. Бу орада дадамнинг ўзи ҳам азбаройи кайфи ошганидан сўрига узала тушиб ётиб олган, ора-сирада «эртак»… «эртак» дея ғудраниб қўярди…

Қандай кўчага чопиб чиққанимни билмай қолдим.

Келиб тушган уй ёдимда қолганди. Ўша ҳовлига йиғламсираганча кириб бордим-да, ичкарида ўтириб қариндош аёл билан чойхўрлик қилаётган момомга ёпишдим.

— Момо, кетайли-ик! Кетайли-к тезро-оқ!!!

Момом ҳам, уй бекаси ҳам нималар бўлганини идрок эта олишмасди. Нуқул бир-бирларига маъноли боқишар, елка қисишдан нарига ўта олишмасди…

Мана, орадан кўп йиллар ўтди. Бобомнинг узундан-узун, бир-биридан қизиқарли эртаклари ҳам, дадамнинг «эртаги» ҳам қалбимда муҳрланиб қолган. Лекин ҳануз дадамнинг мени алам ўтига солган, ўксинишга мажбур этган, орзуларимнинг саробга айланишига сабабчи бўлган «эртаги»ни қур-қур эслаб қолсам, юрагимни ваҳима, қўрқув ва алам ўти куйдираверади. Унсиз йиғлаганча, хаёлан бобомни қидириб топаман ва ялина бошлайман:

— Бобожон, менга ўзингиз эртак айтиб бери-инг!

 

МАСТОН КАМПИР

 

* * *

 

Боланинг кўнгли мўрт бўлади. Унга бир марта қаттиқ тегдингизми, бир умр ўша жойида кўринмас жароҳат асранди фарзанд каби аросат ва қийноқда қолиб кетади. Бу жароҳат одамзод то ёруғ дунёни тарк этмагунча қўзғалаверади, бағирни тиғлайверади. Ҳеч кимга қулоқ тутмайди. Ҳеч кимга итоат этмайди. Ўз ёғида қовурилади, куяди…

Онам раҳматлининг қайнонаси Мастон кампир жуда жоҳил ва совуққон хотин эди. Гўдак бўлсам-да, онамга кун бермасликларига, куракда турмас ҳақоратлар билан онамнинг шаънини булғаганларига кўп бор гувоҳ бўлганман. Ана шундай воқеалардан бири ҳали-ҳали эсимга тушса, асабларим таранг торта бошлайди. Гарчи ўлганларга тош отиш гуноҳ эканини билсам-да, Мастон кампирни хаёлан бўлса-да, қарғашдан ўзимни тия олмайман…

Якшанба куни эди. Онамни соғинаверганим сабабли момом қўшни қишлоққа — онам яшайдиган уйга юборганди. Хурсанд бўлиб ўша ҳовлига кириб бордим. Соғинч ҳисси устун келиб ўгай отам Нурмат қоранинг совуққон, ғазабнок боқишлари ҳам кўзимга кўринмади.

Афсуски, жанжалнинг устига келиб қолибман. Ичкаридаги сўрининг бир четида онам рўмоли учини тишлаганча қон йиғлар, тепасида эса ёши олтмишдан ошган Мастон кампир икки қўлини белига тираганча саннарди.

— Ҳа, келинхон, тилингиз чиқиб қолдими? — дея ўдағайларди кампир. — Ҳали менинг суюкли ўғлимга тик боқиб гап қайтарадиган бўлдингми? Вей, сен ўзи ким бўпсан-а? Бир сўқир муллаваччанинг ташландиғисан-да! Гапиргилигинг бормиди!?. Энанг Баҳри ўша сўқирга иссиқ-совуқ қилиб тегволган бўлса!.. Э, эрсиз қолмасин деб сен мегажинга раҳмим келиб гулдай боламга олиб берибман-а!

Онам негадир миқ эта олмасди. Фақат йиғларди холос…

Момом ва бобомнинг шаънига ёғдирилган ҳақоратларга чидаб тура олмадим. Лекин Мастон кампирдан қўрқардим. Шунинг учун уёқ-буёқни тимирскилаган бўлдим-да, каттакон бир кесакни олиб мастон кампир томонга улоқтирдим. Кесагим унга тегмаган бўлса-да, мени пайқаб қолди барибир.

— Ҳе етимча-етти кулча, — энди мен томон ўгирилиб қарғана бошлади Мастон кампир. — Тарбия берганларингга минг лаънат! Илоё менга кесак отган қўлларинг узилиб тушсин, етимча! Йўқол!..

— Бобомминан момомни ҳақорат қилма! — «сен»сираб қичқирдим бўш келмай. — Олдин ўзингга боқ! Онамни сўкма! Сўкишга ҳақинг йўқ!..

— Ие, ҳали сен тиррақи қўйниям тилинг борми? Қараб тургин, итдан тарқаган, ҳозир Раҳматали ўғлимни чақирай, онангминан қўшмозор қилади! Ҳай Раҳмат-а! Раҳма-а-ат бола-ам! Чиқақол тезроқ! Манави келгинди, тасқаралар мени ўлдириб қўяди ҳози-ир!!!

Онам Раҳмат қайниси қандай одамлигини биларди. Мен ҳам кўп кўрганман. Ўша Раҳмат пакана қайниси онамни бир гал болта олиб қувганига гувоҳ бўлганман…

Шунинг учунми, онам югура келиб мени кўчага судраклади.

— Бор, кет! — дея катта кўчага олиб чиққач, йиғи аралаш мени кетишга ундай бошлади онам. — Нега келдинг ўзи? Пишириб қўйганмиди бу уйга келиб? Бор, улар сени ўлдириб қўйишади! Кетақол!

— Сиз-чи? — қайсарларча икки оёғимни ерга маҳкам тираб онамга алам аралаш боқдим. — Сизни ўлдиришса майлими? Юринг, бирга кетамиз момомларникига! Ҳозир… Раҳмат пакана чиқади. Сизни ўлдириб қўяди!..

— Йўқ, — деди онам асабий лаб тишлаб. — Ўлдирмайди мени. Зўр келса бир-икки мушт урар-да! Ўлмайман! Кет! Энди келма бу уйга! Бор тез!..

Жуда хафа бўлиб кетдим. Шу қадар мурғак кўнглим қаттиқ оғридики, кўзларимда ёш ғилтиллади.

Онамнинг ҳайдаб солишлари оғир ботди.

Мени ҳимоясига олмагани, мени етаклаб бизникига кета қолмагани, жеркий-жеркий кетишга ундагани оғир ботди. Бироқ сездирмадим. Ниҳоятда ачиндим. Мени етимга айлантиргани учун отамдан ҳам, онамдан ҳам қаттиқ ранжидим. Истамайгина, бўшашганча қишлоқ сари кетиб борарканман, нуқул бир гапни такрорлардим.

— Худойим, нимага онам мен билан яшашни хоҳламайди? Нега соғиниб келсам, мени ҳайдаб солаверади? Нима учун мени Мастон кампир, Раҳмат паканадан ҳимоя қила олмайди? Нега тарафимни олмайди? Қайси гуноҳим учун мени сарсон қилаверади?..

Мана, шу воқеага ҳам адашмасам, қирқ йилдан ошди. Лекин онам раҳматли бир умр яшаб ўтган ўша кўримсиз ва хунук ҳовли ёнидан ўтиб қолсам, албатата болалик аламларим қалбимнинг туб-тубидан юқорига қалқиб чиқа бошлайди. Мастон кампирнинг дағдағали қичқиришлари, онамнинг «Кет! Кет» дея ҳайқиришлари қулоқларим остида қайта жаранглагандек бўлаверади. Хаёлан боқий дунёда ҳам Мастон кампирнинг ўзгаларга ёмонлик тиламаслигини сўраб худойимга ёлвораман. Мастон кампирнинг руҳига тўзим тилайман!

Астағфирилло!

(Тамом)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...