ДЎХТИРГА АРЗ-ДОД
(ҳазил шеър)
***
Кел, дўхтиржон, дардимизни бўлишамиз,
Дард тутганда биргалашиб сўлишамиз.
Майли, агар кўнглингиз чўкмасин десанг,
Ўлишдаям биргалашиб ўлишамиз.
Кел, дўхтиржон, дардимизни бўлишамиз.
***
Э, бақирма, беморга ҳеч бақирмаслар,
О. Ҳайитни “Ҳайитов” деб чақирмаслар,
Дилга оғир ботар гапдан гапирмаслар,
Кел, дўхтиржон, дардимизни бўлишамиз,
Дард тутганда биргалашиб сўлишамиз.
***
Хастаман-ку, дарров чопиб келмадинг-а,
Мен ғарибни мундоқ кўзга илмадинг-а,
Минг чирандим, барибир дўст бўлмадинг-а,
Кел, дўхтиржон, дардимизни бўлишамиз,
Ўлиш бўлса, биргалашиб ўлишамиз.
***
Ҳай, қанисан, кўз кўкарди, кўринмайсан,
Муросали бўлишга ҳеч уринмайсан,
Ялинтириб, ёлвортириб эринмайсан,
Кел, дўхтиржон, дардимизни бўлишамиз,
Жа зўр келса, довлашамиз, уришамиз.
***
Қара, лекин, жаҳлим чиқса кетвораман,
Сен дўхтирнинг баҳриданам ўтвораман,
Отам айтган гапни менам айтвораман,
Кел, яхшиси, дардимизни бўлишамиз,
Келишолсак, бир йўл топиб келишамиз.
Олимжон ҲАЙИТ