Би-ир кулишмаймизми, оға?..

0

 

 

«МОДНИЙ» КУЁВ

(ҳажвия)

 

 

«Модний»деган сўзни бошқача тушунманг. Очиқроқ айтадиган бўлсам, мени хотинчалишакан деб ўйламанг. Эшитиб қолсам, «Пўканбой» деган бақувват ошнам бор, ўшанга айтаман, абжағингизни чиқариб қўяди. Чунки мен буни замонавий деган мазмунда айтдим. Ўзингизам кўриб турибсиз, замон ўзгаряпти. Биз куёвлар ҳам сира замондан орқада қолаётганимиз йўқ. Ўша замонидан ўзиб кетай дейман-у, сал инсоф қиламан-да! Бўлмаса…

Келинг, яхшиси, мендек модний куёвнинг таъриф-у тавсифини эшитиб кўринг, ажабмас сизниям ҳавасингиз келиб ортимдан эргашсангиз…

 

 

Танишув

 

 

Мен хотинжон билан танишишда ўзига хос, тўпори тилда айтганда, теша тегмаган йўлни танлаганман. Тўғри-да, ҳамма қилган ишнинг сийқаси чиқиб кетган. «Йигит деган ҳаётда янги йўл танласа кам бўлмайди», деганди бир замонлар Кўрқул бувам раҳматли. Хуллас, келин бўлмишни кўришдан олдин унинг онаси билан танишишга қарор қилдим. Ахир халқимизда «онасини кўриб қизини ол»деган нақл бекорга айтилмаган! Улфатлардан ўша аёлнинг исмини, туриш-турмуши қанақалигини аниқлаб олдим-у, жуда қулай фурсатни кутдим. Билсам, ҳар куни шомдан кейин бўлғуси қайнонажоним қудуққа иккита челак кўтариб чиқаркан. Қудуқ атрофида ит ҳам юрмаскан. Бундан қулайи бўлмайди дедим-у, кийиниб ўша томонга йўл олдим. Узоқдан қайнонамнинг туриш-турмушини кузатдим. Ҳа-а, келишгангина, думалоққина аёл экан.

«Хайрият, мениям хотиним думалоққинайкан», деб ўйладим. Нега десангиз, азалдан хотинимнинг думалоқдан келган бўлишини орзулардим…

Ана энди асосий ишга, яъни, текширув, синовга ўтсам ҳам бўлади. Агар қайнонам шу синовимдан яхши ўтса, қизига сира қўрқмасдан уйланворардим.

Яхшиям қайнонам мени танимасди, умрида кўрмаганди. Йўқса, бу синовга юрагим умуман дош бермаскан…

Аста яқин бордим. Қайнонам ҳайрон бўлиб йўғонгина қаддини тиклади-да, менга ғалати қаради. Пайтдан фойдаланиб, қайнонамга бир-икки кўз қисдим. Ҳали қоронғи тушмаганди, қайнонам кўз қисганимни аниқ кўрди. Кўрди-ю, кўрсаткич бармоғини бошига тираб «Жинними бу бола?» дегандай лаб буриб қўйди. Мен бўлсам, улоқни қўлдан бермаслик учун иккинчи ҳаракатга ўтдим.

— Мунча асалсиз? — дедим эҳтиёткорлик билан унга яқинлашиб. — Танишэйлу-у, асал!..

Яширмайман, умримда ёши улуғ аёлларга шилқимлик қилиб кўрмагандим. Ҳозир ҳам шу гапни айтишга айтдим-у, ичим дағ-дағ титраб кетаверди. Қайнонам эса қўрқувга йўл бергиси келмадими, босиқлик билан сув тўла челакларини бир четга қўйди-ю, икки қўлини белига тиради. Шундан кейингина сал тинчлангандек бўлдим. Негаки, сув тўла челакни башарамга отадими деб ўйловдим. Хайрият, бўлғуси иккинчи онам жуда фаросатли экан.

— Ҳе қирчинингдан қийилгур! — дея қичқирди қайнонам тепамга бостириб келиб. — Худоё оғзингдан қонинг келгур, онанг тенги аёлга шилқимлик қилишга уялмадингми? Қайси ахлатхонада тарбия топгансан ўзи-а? Гапир гўрсўхта! Ҳозир маҳалладагиларни чақираман, ит! Илоё тракторнинг тагида қолгин!..

Дарҳол режанинг учинчи босқичига ўтдим. Оёғимни қўлимга олдим-у, орқа-кетимга қарамай қочвордим. Югуриб боряпман-у, ҳануз бўлғуси қайнонамнинг қарғиши қулоғимни тешай дерди.

— Худоё эски зовурнинг ботқоғига ботиб ўлгин! Менга гапирган тилгинанг узилиблар тушмаса розимасман!

Ишонаверинг, уйга келиб бирпасда тинчландим. Яқин орада мени қуршаб олиши лозим бўлган бахтим вужуд-вужудимни қитиқлаб, оғзимнинг таноби қочди. Хайрият, бўлажак хотиним садоқатли, тилли-жағли экан. Энди қўрқмасдан ўзини уйда ёлғиз қолдириб хорижга мардикорчилик қилиш учун кетаверсам ярашади.

 

 

Меҳрнинг мағизи жанжалда

 

 

Ўзини ақлли кўрсатяпти, деманг-у, бошимдан ўтганини айтяпман. Хотин билан жанжал ёрдамида тиллашган маъқул экан. Ўшанда бир- бирингизга бўлган меҳрингиз ошиб-тошиб, муҳаббатингизга муҳаббат қўшиларкан. Айниқса, жанжални рашкка қориштирсангиз, маза бўларкан. Бизам хотинжон билан ҳатто телефон орқали жанжал ёрдамида тиллашамиз.

— Ҳозир қайдасан? — телефон орқали қўнғироқ қилиб сўрайман хотинимдан.

— Катта холамникида! — дарҳол жавоб қайтаради у. Шу заҳоти бетимдан қон қочиб, афтим буришади.

— Катта холангнинг катта ўғлиям ёнингдадир? — сўрайман бақириб. — Нуқул сенга тиржайиб муқом қилаётгандир-а?

— Албатта, — дейди хотиним тап тортмай. — Сиздақалар Марусахонларга тиржайиб юрса ярашади-ю, бизга тиржайишса ярашмайдими?..

— Ҳе энангни…

— Энамга тил теккизма! Энам думингни босволдими, калтакесак?

— Мен калтакесак бўлсам, сен заҳарли илонсан!..

Кўрибсизки, жанжалнинг ҳақиқийси шундан кейин бошланади.

Аммо телефон ўчирилгандан сўнг мен гўё кайф қила бошлайман. Ахир, хотинжонимнинг уёқларда менга хиёнат қилмаётганига, вафодорлигига гувоҳ бўлдим! Феълини биламан. Онасига тортган. Ҳақ бўлса, қарғанади, бақиради, аюҳаннос солади. Қолаверса, бу тахлит сўзлашувлар иккаламизнингам қонимизга сингиб кетган…

Худога шукр! Шундай хотинга йўлиқтирганига шукр!

 

 

Дўстим ҳисобидан…

 

 

Анчадан бери қайнонамга ўзимни оилапарвар, рўзғорбоп, камхарж қилиб кўрсатолмай хуноб эдим. Уяли алоқа компаниясидагилар «Дўстим ҳисобидан» тарифини ўйлаб топишди-ю, куним туғди. Ўзингиз ўйланг, қайнонанинг дўстдан қаери кам? Шу тарифдан фойдалансам, ярашадими-йўқми?

Нима бўлса бўлар дедим-у, хотин билан жанжаллашиб кайф қилган чоғларимда қайнонамга дўстим ҳисобидан қўнғироқ қиладиган бўлдим. Куёвининг қанчалар камхаржлиги, уйим-жойим дейдиган эркак эканини бир кўриб қўйсин дедим…

Аввалига бир-икки марта гўшакни кўтарди. Локигин уям айёрлик қилишга ўтди. Соатлаб гўшакни кўтармайдиган одат чиқарди. Чидадим, бардош қилдим, рақамини теравердим, теравердим…

Нолимайман, қайнонам менга дўст экан. Аҳён-аҳёнда бўлсаям гўшакни кўтариб турибди.

Билдингизми, мен ана шунақа модний куёвларданман. Ўрганинг!

Ҳормасбой ТОЛМАСБОЕВ