АЛАМЗАДА… (17-қисм. БИРИНЧИ ФАСЛ)

0

 

* * *

 

Толибнинг жаҳл устида куйиниб айтган сўзлари миробни сергак тортишга мажбур этганди. У кўнгли бекорга ғаш торта қолмаганига, юраги бир маромда, хотиржам уриб турмаганига амин бўла бошлади. Толибнинг деярли қасамга тенг жавобига ишонди. Ишонишни истади. Шу сабабли ҳаяжон, эҳтиросларни сира жиловлай олмай, кутилмаганда тиз чўкди.

Шу тахлит бир неча ўн сония ўтириб қолди. Сўнгра бошини кўтарди. Толиб ҳамон асабий эди. Қўлидаги сигаретни чўзиб-чўзиб тортар, ора-сирада миробга алам аралаш қараб қўярди.

— Кечиринг! Мен ғофил бандани кечиринг, иним! — дея ёлворишга тушди мироб бошини полга тираб. — Омилик қилиб қўйдим! Туз ичган жойимга тупурдим! Ўлдирманг, ўтинаман, ўлдирманг! Қизгинам етим бўлиб қолмасин!

— Туринг-э, садқаи одам кетинг! — Толиб қўл силтаб нари кетди. — Сизни ўлдирганнинг ҳақи кетади. Туринг дедим сизга!

Мироб инқиллай-инқиллай ўрнидан турди. Қаддини тиклаб олгач, кийимларини тўғрилаб, икки қўлини кўксига қўйган кўйи Толибнинг сўнгги қарорини кута бошлади.

Толиб эса қарор чиқаришга шошилмасди. У чуқур хўрсина-хўрсина диванга қайта чўкиб, арчилган олмани қўлига олди. Уни кафтлари орасида айлантириб, гўёки асабларини тинчлантирган бўлди. Сўнгра бошини кўтариб, қўлини дастурхон четига артди-да, миробга юзланди.

— Хўш, нималар деди ўша суюкли инингиз? — сўради у истеҳзоли оҳангда. — Тоза ош-қатиқ бўлгандирсиз? Меҳмонам қилгандир? Гапиринг!

— Ош-қатиқ бўлиш қаёқда? — тилга кирди мироб қўрқа-писа. — Ўзиям турмадан қочиб ўрмонда беркиниб юрганакан. Ёнида беш-олти чоғли шериклариям бор. Ҳаммалари турма кийимида. Қўлларида милтиқ. Сал қурса мениям отиб қўяёзди баччағарлар.

— Қочиб юрибди дейсизми? Турмадан-а?

— Ҳа, мана шу қулоқларим билан эшитдим, иним. Қочиб-пусиб юрибдийкан.

— Сиз унинг Баҳромлигини қаердан била қолдингиз?

— Ўзи айтди. Йўқ, олдинига мени «Душманимнинг элчиси» деб эди. Тушунмай қараб турдим. Кейин «Мен Баҳромман, ўша ёғочларниям биз ёққанмиз. Локигин бу билан Толиб камбағаллашиб қолмайди» деди.

— Шунақа дедими? Қаранг-а! Жа хотирангиз зўр ишларкан-у-а, бобой? Шунча гапларни миянгизда сақлаб қолибсиз-а вей!

— Ҳа энди… Иним…

— Сиз уни қайириб ташламадингизми? «Нимага Толибга ёмонлик қилдинг?» демадингизми? Дўқламадингизми? Бизнинг тарафимизни олмадингизми?

— Қўрқдим-да! Нақ белимга милтиқ тираб олишганди. Қимирлашгаям қўйишмади ярамаслар!

— Шу холосми? Уришиб-уришиб қўйвораверишдими? Бошқа ҳеч нарса дейишмадими?

Бу саволни эшитиб, Мелибой мироб илкис орқага ўгирилди-да, ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, белидаги белбоғини ечиб орасига жойланган латтага ўроғлик шишачани чиқарди.

— Манавини бериб юборди, — деди у қалтирай-қалтирай ва латтани очиб ичидаги дорини Толибга кўрсатди. — Бу заҳармиш, иним, заҳар!

— Ие, қани, буёққа беринг-чи!

Толиб шишачани кўздан кечириб, хонтахта устига қўйди.

— Буни нима мақсадда берди? — сўради у миробдан тишларини ғижирлатиб. — Нега опкелдингиз буни менинг пешонамга?

Мироб беихтиёр каловланди. Айтмоқчи бўлган гапини тилига кўчира олмай, қисқа-қисқа йўтала бошлади.

— Э, гапирмайсизми? — жеркиб берди уни Толиб. — Айтинг, нима ниятда бу заҳарни опкелдингиз?

— Сизни… Ў-ўлдиришимни буюришди, — деди мироб қаттиқроқ титраб. — Агар ўлдирмасам… Орқамдан пойлоқчи қўярмиш. Мени… Тириклай гўрга тиқармиш!

— Ваҳ, мана буниси зўр гап бўлди! — дея икки қўлини баланд кўтарди Толиб. — Демак, сиз меникига шундай ниятда кириб келган экансиз-да? Хўш, нега қараб турибсиз? Ўлдирмайсизми? Духингиз етадими ўзи?

Мелибой мироб қаршисидаги кўзлари ёна бошлаган Толибга ялт этиб қаради-ю, бирдан ортга тисланди.

— Сизни ўлдиришдан худонинг ўзи асрасин! — шивирлади зўрға. — Мен… Шунчаки… Дағдағасидан қўрқиб олволгандим-да!

— Тулкиси-из, тулки! — совуққонлик билан сўз қотди Толиб сал шаштидан тушган каби зўрма зўраки тиржайиб. — Керак бўлса, тулкининг энасига дарс берасиз, ҳа! Водийликсиз-да нима бўлгандаям! Серсаломсиз, доғулисиз, ҳийлагар, айёрсиз!.. Дағдағасидан қўрққанмиш! Мен-чи? Мени ўйламадингизми? Демак, шу ерга келиб ўша ит эмган тағин дағдаға қилса, менга тиғ тортишданам тийилмас экансиз-да-а? Шундайми, бобой?

— Йўқ, йўқ, қасам! Худо урсин! Нон урсин! — ҳовлиқиб қасам ича кетди мироб. — Мен… Ҳеч қачон…

— Шунақами? — унга айёрона тикилиб қаради Толиб. — Яхши-и, кўрамиз унда! Қани, шу қасамингизда тура олармикансиз?!. Энди-чи, бобой, мундай қиламиз!.. Майли, бўлар ишлар бўлиб ўтди, кетган молни қайтариб бўлмайди. Қолаверса, менам аҳмоқмасман. Ҳали ўша ёғочларни ўн баравар қилиб қайтарволаман. Хуллас, ҳозир ичкарига ўтамиз, қиттай-қиттай қилинг, оғайнилар билан танишинг! Ҳар ҳолда менинг меҳримни қозонган одамсиз. Йўқса, сиз билан пачакилашиб, ўралашиб юрмасдим. Хуллас, ўтирасиз, дам оласиз, исстироҳат қиласиз. Кейин зўр иш бор сизга! Уни эртага айтаман. Маъқулми?

— Маъқул, маъқул, — шоша-пиша жавоб қилди мироб бирдан енгил тортиб. — Сиз нима десангиз шу! Умримнинг охиригача сизга қулдай хизмат қиламан, ҳа, ишонинг!

— Кўрамиз, — деб қўйди Толиб афтиини бужмайтириб. — Юринг энди, қўрқманг, еб қўймайман! Есам боя кириб келганингиздаёқ масалангиз ҳал бўларди. Тез бўлинг!

Мироб итоат билан Толибнинг олдига тушганча меҳмонлар ўтирган хонага зипиллади.

 

* * *

 

Тонгга яқин Толибнинг меҳмонлари тарқади. Мироб ҳам уларга қўшилиб пича ичганди. Ичкилик орадан бирмунча вақт ўтиб негадир кўнглини беҳузур қилди. Уй эгаси берган дорини ичди-ю, ўринга чўзилди. Шу заҳоти танасига қадрдон ва суюкли илиқ тафт югуриб, жони ором топди. Ётган ерида ишонқирамай тез-тез бошини кўтариб ташқарига қулоқ тутаверди. «Ишқилиб, Толиб алдамаган, чалғитмаган бўлсин! Кўзим илинса-ю, ўч олиш илинжида кириб бўғизлаб ташласа-я?!.» деган хаёл ҳадеганда тинчлик бера қолмади. Қалби эса сокин эди. Шайтоний хаёлларни йўққа чиқариб, Мелибой миробнинг вужудига хотиржамлик ҳадя этди. Миясидан ёмон, бўлмағур хаёлларни аритди.

«Илойим, шуларнинг бари рост бўлсин, — кўнглидан ўтказди мироб оқаришиб келаётган тонгни чалқанча ётган кўйи тек кузатаркан. — Ҳақиқатан худога айтганим боракан. Яна паноҳига олди. Каллакесарнинг ғазабидан асради. Унга инсоф ато этди. Илойим охиригача шундай бўлсин!.. Қизиқ, тағин нима иш буюраркин Толиб? Гўр ковлатармикан? Бу сафар кимнинг бошига етдийкин бу хонасалот?.. Умуман, нега мени ҳайдавормайди ўзи? Ёши ўтаёзган бир одам бўлсам. Нима зарил экан бу йигитга? Бошқа қиладиган иши йўқми нима бало? Қайдам, бир балони ўйлагандир-да!..»

Шундай ўйлар исканжасида кўзи илинибди.

Кимнингдир турткисидан уйғониб кетди.

Толибнинг ўзи экан. Мироб ҳайрон бўлди. Илгарилари у мироб ухлаётган хонага кириб ўтирмас, ё ўтирган ерида қичқириб чорлар, ё шатакларидан кимнидир буюрарди. Нима бўлди экан? Тинчликмикан? Ё югурдаклари аразлаб кетиб қолишдимикан?

Айни лаҳзаларда бу каби хаёлларга берилиб ўтиришга фурсат йўқ эди. Мироб шоша-пиша ўрнидан турди-да, худди аскар каби Толибнинг қаршисида қаддини ғоз тутиб қулоқларини динг қилди.

— Бундан буён сизга илгаригидек мурувват кўрсатилмайди, — деди Толиб қовоқ уйиб. — Биласизми нега?

— Й-йўқ, билмадим, — жавоб қилди мироб тутилиб. — Ҳарқалай…

— Чунки сиз душманнинг тузини тотиб қўйдингиз. Бунинг бадалини тўламагунингизча менинг ҳузуримда ҳаддингизни билиб яшашингизга тўғри келади. Яъни, ҳар бир қадамингиз кузатувда бўлади, ейдиган нонингизни оқлаш учун биз буюрган ишни бажарасиз. Агар хоҳламасангиз, ўзингиз биласиз. Бошқачароқ йўл тутиш ҳам қўлимдан келади. Хўш, розимисиз?

— Сиз нима десангиз шу, иним, — деди мироб. — Ҳар қанақанги ишни қилиб кетавераман. Фақат бир илтимосим бориди. Агар… Айбга буюрмасангиз, уришмасангиз, айтсам.

— Айтинг! Нимайди?

— Қизимни… Жуда соғингандим. Шунга…

— Буёғидан хавотир олманг. Мен айтмоқчи бўлган ишни дўндиринг, жўнатамиз қизингизнинг олдига. Тушунтира олдимми?

— Хўп, хўп, худо хайрингизни берсин! Буюраверинг, буюраверинг!

Толиб ер остидан миробга қараб тиржайди-да, киссасидан ўзи берган шишачани чиқарди.

— Мана шуни заҳар дебмидингиз? — сўради у жиддийлашиб. — Тўғри топдимми? Ё нотўғри эшитганмидим?

— Т-тўғри, заҳар дегандим.

— Қаердан биласиз бунинг заҳарлигини?

— Б-Баҳром айтиб эди, Баҳром.

— Шунақами? У қаердан билибди?

— Унисидан хабарим йўғиди.

— Демак, уям билмаслиги мумкин. Нимаям қилардим? Биласизми, жуда қизиқиб кетяпман. Қанақанги заҳарни атаган экан менга деб тоқатим тоқ бўляпти. Бобой, шу заҳарни ўзингиз синовдан ўтказиб берасиз.

— Н-нима? — миробнинг даъфатан ранги бўзарди. — Қ-қандай қилиб?

— Ие, мени қанақа йўл билан ўлдирмоқчийдингиз? Айтганмиди ўша заҳар берган?

— Ҳ-ҳа… Чойгами, ичкиликками солиб қўйишимни тайинлаганди қизиғар.

— Ў, унда сизам чойга соласиз-да, ичиб кўрасиз. Агар…

— Ў-ўлиб қоламан-ку! — жавдирай-жавдирай ортга тислана бошлади мироб. — Ахир…

— Ха-ха-ха-ха-ха-а-а-а!!!

Толиб миробнинг сўнгги гапини эшитиб қотиб-қотиб кулди. Бироқ тезда ўзини босиб қайтадан гап бошлади.

— Қўрқманг, ҳазиллашдим, — деди миробнинг елкасига қоқиб. — Сизни бир текшириб кўрдим-да, бобой!.. Бу нарсанинг нималигини ўзим ҳам яхши биламан. Қўрқманг! Буни-чи, бошқа бир одамга ичирамиз. Шуни айтмоқчийдим.

— Кимга? Танишми?

— Шахсан сизга танишмас. У аёл киши. Баҳромнинг суюкли хотини. Ҳозир баннисада ўсал ётибди. Ўшанга ичириб келасиз. Душмандан худди шундай йўл билан ўч оламиз. Тушундингизми ё яна қайтарайми?

— Ҳалиги… Қ-қўлга тушиб қолсам-чи?

— Буёғи сизнинг муаммонгиз. Эҳтиёт шарт ёнингизга йигитлардан бировини қўшиб бераман. Аммо у ичкарига кирмайди. Нима дейсиз, аёлга ўзингизни қандай таништирасиз, қанақа йўл топасиз, бу сизнинг ишингиз. Ўйланг, каллани ишлатинг. Акс ҳолда…

Мироб гапнинг индаллосини эшитишга тоқат қила олмади. Шошиб Толибнинг сўзини кесди.

— Бўлди, иним, тушундим, тушундим. Айтганингиздай қиламан!..

Шундай дейишга деди-ю, аммо ичидан зил кетди. Сабаби, у умри бино бўлиб одам боласини ўз қўллари билан ўлдириб кўрмаган. Бундай ишга қўл уришини тасаввур ҳам эта олмасди.

 

* * *

 

Мелибой мироб қизига шикаст етмагани, номуси топталмаганига аллақачон амин бўлганди. Буни Толибнинг кўз қарашлари айтиб турарди. Ана энди агар шунга қадар интиқом миробдек ювош, беозор, камсуқум одамни қотилликка қўл уришга ундаган, бу чиркин, кир ишни бемалол уддалашига қаттиқ ишонган бўлса-да, қалби хотиржам тортиб, руҳан енгиллашгач, юрагини ваҳм босди. Бировга дори бериб, унинг ўлишини томоша қилишини қайта-қайта тасаввур этди-ю, қалбан типирчилаб қолди. Пешонасини ҳалитдан совуқ тер босиб, икки ўт орасида қолган банда каби гарангсий бошлади. Таҳлика исканжасида эканига қарамай, қандай бўлмасин, бир баҳона топиши, Толибни чалғитиши, бу ишни йўққа чиқариши лозимлигини пайқади. Аммо қандай қилиб? Толиб аллақачон душманнинг завжасини йўқ қилиш ҳаракатига тушиб бўлди. Ўз ниятини амалга ошириш, хумордан чиқиш учун миробни қотилликка ундамоқда. Майлийди, агар ўлажак Баҳромнинг ўзи бўлса алам қилмасди. Ахир, у ожиза аёл-ку! Ўсал ётган бир бегуноҳ аёлни қайси виждон билан ўлдиради? Мана шу қўллари билан-а? Асло! Бундан кўра, миробнинг ўзи ўлиб кетгани дуруст. Шунда тинч бўлади, соф виждон билан жон таслим қилади. У дунёга ёруғ юз билан боради.

Мироб ўзича сал айёрлик қилишни маъқул кўрди.

— Иним, — ниҳоят иккилана-иккилана тилга кирди мироб. — Баҳром айтгандики, шотирлари мени изма-из кузатиб юрармиш. Уларга сизни ўлдирганимни исбот қилиб беришим лозим экан. Акс ҳолда…

— Шунақа денг? — миробга айёрона боқди Толиб. — Қўрқяпсизми? Ҳалитдан ваҳимага тушиб қолдингизми?

— Гап ундамас-ку, — деди мироб ҳайиққаннамо Толибга қараб қўяркан. — Барибир улар душманимиз-да!

— Гапингизда жон бор, бобой! Душманни йўқ қилиш учун биринчи навбатда нима қилиш керак? Биласизми?

— Билмасам, — елка қисди мироб. — Бунақа ишларга манави хомкалла етмаса.

— Чалғитиш керак, бобой, чалғитиш.

— Чалғитиш дейсизми? Қандай қилиб? Мен… Шаҳар кўчаларини яхши билмасам. Улар бўлса…

Толиб Мелибой миробнинг соддаларча берган жавобини эшитиб қота-қота кулди. Лекин дарров жиддий тортиб муштларини тугганча фикрлай бошлади.

— Ҳа, мундай қиламиз, — деди у тўсатдан қаршисидаги столни бир муштлаб. — Сиз мени ўлдиришингиз керак.

— Йўғ-э, худо асрасин! — деб юборди мироб қўрқа-писа ортга тисланиб. — Сиздай одамни ўлдириш… Йў-ўқ, мен ундай қила олмайман. Ахир…

— Э, қанақа одамсиз ўзи? — миробни жеркиб берди Толиб. — Ўлгудай овсарсиз-а вей! Мен боғдан келсам, сиз тоғдан келасиз. Эшитинг-да мундай гапни охиригача!

— Хўп, хўп, хўп, иним, — айбдорона бош эгди мироб. — Қ-қўрқиб кетдим-да!

— Армияда хизмат қилганмисиз ўзи? Сиздан сўраяпман!

— Ҳа, иним, гирмонда хизмат қилганман, гирмонда!

— Жангга кирган аскар қўрқмаслиги, ботир ва довюрак бўлиши кераклигини уқтиришганмиди камандирларингиз?

— Уқтиришган, уқтиришган.

— Унда нега иштонини ҳўл қилган боладай қалтираб қолдингиз? Биз жанг майдонидамиз. Сизга ўхшаганлар қўрқиб қочаверса, душман ҳаммамизни ер тишлатиб кетади-ку! Ё нотўғри гапирдимми?

— Жуда тўғри! — деди мироб ҳамон ер чизиб. — Билмай… Ҳалигидай…

— Билинг, билинг! Ҳаммасини билишингиз шарт! Илгариям айтганман, ўзимга қолса, сиздақа чолни ортимдан думдай эргаштириб юришга сира тоқатим йўқ. Нима қилайки, мажбурман! Шундай бўлгандан кейин мен сувга ўзимни отсам, отасиз, чиқсам, чиқасиз. Уқдингизми, бобой?

— Уқдим, тушундим! Айтаверинг, иним, айтаверинг!

— Биз зўр йўл қиламиз, — давом этди Толиб. — Шундай йўл топамизки, душман ғафлатда қолади. Жудаям айёрона йўл тутамиз.

— Хўп, сиз нима десангиз, мен тайёрман! Нима қилай?

— Аёл масаласини кейинга суриб турамиз. Сиз эртага барвақт кўчага чиқасиз. Ҳушёрлик билан орқа-олдингизни кузатасиз. Агар ростданам Баҳром ортингиздан одам қўйган бўлса, кўрасиз ўшани. Ҳозирча шуни аниқланг, қолганини кейин гаплашамиз!

— Бўпти, худди шундай қиламан. Эртагаёқ вақтли кўчага чиқаман.

— Энди боринг, дамингизни олинг! Шу иш битсин, ана ундан кейин қишлоғингизга жўнатаман. Қизингиздан хабар олиб келасиз.

— Умрингиз зиёда бўлсин! У дунёи бу дунё камлик кўрманг!

— Боринг, ҳаммаёқ дуога тўлиб кетди! Сал чакагингиз тинсин! Хонангизга киринг!

Мелибой мироб Толибнинг сўнгги зардали ва кинояли сўзлари алам қилса-да, иложсиз тишни тишга босди-ю, хаёлан қарғаниб, пилдираганча ўзи учун ажратилган хонага йўл олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...