ОНАМНИ ИЗЛАБ… (азиз ва суюкли онажоним Чўлпоной Тешабой қизининг ёрқин хотирасига)

0

 

Бугун онам раҳматлининг туғилган куни. Надоматлар бўлсинки, бу ажойиб кунни онам билан бирга нишонлаш бахтидан мосувоман. Илгари мосуво эдим, ҳозир ҳам шундайлигимча қолдим. Лекин барибир дард-у зардобга тўлган, етимлик, зорлик ва хорликнинг нечта сўқмоғи, дарёлари, тоғу-тошлари бўлса, барчасидан ўта-ўта келган қайсар қалб онамни худди ёнимда ўтиргандек, менга маъюс жилмайиб қўяётгандек қилиб кўрсатишга уринаверади. Мен хаёлан онамнинг ҳақига дуолар ўқийман, дардлашаман, ҳасратларимни тўкиб соламан, нолийман, шукр қиламан, Яратганга ҳеч қурса хаёлий тасаввурлардан маҳрум этмагани учун ҳамду санолар айтаман.

Менга Оллоҳнинг ўзи сабр ато этсин!

Онамнинг охиратини берсин! Омин!!!

 

***

 

Етим бўлиб улғайганим каммиди,

Сомон каби сарғайганим каммиди,

Бармоғимни куйдирган ўт шаммиди,

Қабрингизга бирам боргим келяпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

***

 

Бўш бағримни армон тиғлар, куяман,

Қалбимда бир уммон йиғлар, куяман,

Энди кимни онам дейман, суяман,

Қаранг, умрим баҳори ҳам сўляпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

***

 

Шиддатимни ухлатди бу айрилиқ,

Журъатимни ухлатди бу айрилиқ,

Мени ёмон йиғлатди бу айрилиқ,

Бағрингизда ухлаб қолгим келяпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

***

 

Телба каби ҳайқираман узоқдан,

Безганимда изтироб-у фироқдан,

Жоним оғрир соғинч деган тузоқдан,

Хатоларим оёғимдан чаляпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

 

***

 

Садо беринг, садоингиз мўл бўлсин,

Болам деган адоингиз кўл бўлсин,

Менсиз қайга кетдингиз-а, йўл бўлсин,

Бошингизга болиш бўлгим келяпти,

Она, сиздан дуо олгим келяпти.

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

 

loading...