Туркманистонлик «валютафуруш» Бухорода қўлга олинди

0

Бухорода туркманистонлик «валютафуруш»га суд томонидан жазо тайинланди
Мамлакатимизнинг барча чегара божхона постлари ва халқаро аэропортларидаги божхона назорати ва расмийлаштируви йўловчилар, айниқса, хорижий сайёҳларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, тубдан такомиллашди, «яшил» ва «қизил» йўлаклар тизими ишга туширилди. Жисмоний шахсларнинг божхона чегараларимиз орқали нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиши бўйича тартиби ҳам соддалаштирилган.
Бироқ, бундай ислоҳотлардан ўз манфаатини кўзлаб, ноқонуний фаолият билан шуғулланиб, бойлик орттирувчи шахслар ҳам топилади ва улардан бири Туркманистон Республикаси фуқароси Сарвар Қиличев (исми ва фамилияси ўзгартирилган).
У Туркманистондан Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳудудида жойлашган «Олот» божхона пости орқали божхона назоратидан яшириб, декларацияда кўрсатмасдан жуда кўп миқдордаги 399.351 туркман манатини чегарадан ўтказган.
Шунингдек, С.Қиличев 2018 йил 12 сентябрь куни Бухоро вилояти Олот тумани марказида жойлашган деҳқон бозори олдида аризачи А.Асадовга 420.000 туркман манатини қиймати 70.000 АҚШ долларига ўтказаётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан жиноят устида ушланган.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бухоро туман суди раиси Нозимжон Жураев томонидан кўриб чиқилиб, Туркманистон Республикаси фуқароси С.Қиличевга нисбатан 46.075.000 сўм жарима жазоси тайинланди ва 420.000 туркман манати давлат фойдасига мусодара қилинди.

loading...