Мода олами қиролларидан бири Карл Лагерфельд оламдан ўтди!

0

Кеча замонавий мода оламининг кўзга кўринган вакилларидан бири Карл Лагерфельд 85 ёшида оламдан ўтди. Германиялик кутюрье сўнгги бир неча ҳафтадан буён соғлигида жиддий муаммолар пайдо бўлганлиги сабабли ўзини ёмон ҳис қилаётган эди.
Лагерфельд узоқ йиллардан буён Chanel модалар уйида фаолият юритарди. Аниқроғи, 1983 йилда у модалар оламидаги ушбу йирик ташкилотнинг бадиий директори лавозимига тайинланганди.
Карл Лагерфельд қора кастюм-шим ва қора кўзойнак иштирокидаги машҳур ва узоқ муддат ўрнини ҳеч қайси услубга бермай келган қиёфанинг асосчиси эди.
Германиянинг Гамбург шаҳрида туғилган кутюрьенинг отаси швед миллатига мансуб, онаси эса немис эди. 19 ёшида у мода оламига қизиқиш туфайли Парижга кўчиб ўтганди. 1955 йилда эса ўзи яратган пальто дизайни учун биринчи совринга эга бўлганди.
1987 йилда Карл Лагерфельд фотография соҳасига қизиқиб қолди. Шунингдек, у модага бағишланган бир нечта китоблар муаллифи. Умуман китоблар Карл хоббиси эди. У нафақат шахсий кутубхонасида 300 мингдан ортиқ китоблар жамланганлиги билан, балки Парижда “7L” бренди остидаги ноширлик уйига ва бир қатор китоб дўконлари соҳиби эканлиги билан ҳам фахрланар эди. Китоб ифори келадиган атир тури яратилишида ҳам Карл Лагерфельд бевосита иштирок этган.

loading...