Жиноят жазосиз қолмайди: “ТАЛОН-ТАРОЖ ЖАЗАВАСИ…”

0

 

***

 

Маъруф ярим кечаси маст ҳолда гандираклаганча уйи томон кетиб борарди. Азбаройи ўзини бошқара олмаётганидан йўлнинг у четидан бу четига бориб келар, аммо бу ҳолатига ўзи эътибор бермасди. Аҳён-аҳёнда турмада ўрганган европача қўшиқлардан бирини хиргойи қилиб қўярди.

— Сал камлик қилди-да! — бир маҳал тўхтаб чўнтакларини ковлаштира бошлади. — Баччағарлар! Чўнтакни қуритишибди-ку! Мириям қолмабди-я вей!.. Ҳа-а, бу Маннопнинг иши! Турмадан қайтганим унга баҳона бўлди. Эҳ, ҳозир бир шиша пиво бўлсайди!.. Ў, оёқ остидан чиқиб қолди-ку!..

Маъруф кўп қаватли уй бурчагида турган машинани кўриб безовталаниб қолди.

— Қани, яқинроқ борай-чи, ичида нима бор экан!..

Машина ойнасидан гугурт чақиб қараганди, магнитофон, катмон кўрингандай бўлди.

“Шунча пайт квартираларни ўмариб кун кечирдим. — хаёлидан ўтказди Маъруф. — Машинага тушиб кўрсам нима қипти? Ҳар ҳолда бу иш квартирага киришдан кўра осонроқ. Тинчгина, хавф-хатарсиз. Фақат эшиги, ё бўлмаса, ойнасини оча олсам бас. Ошиғим олчи…”

У чўнтагини ковлаб кичик бир пичоқча чиқарди. Пичоқчани боя қаҳвахонада улфатларидан бири совға қилганди.

— Ҳалим ичим-да, ичим! — ўзича ғудраниб пичоқча учини қулфга тиқди-да, эҳтиёткорлик билан уёқдан-буёққа бураб кўрди. Шундан сўнг очқични секингина юқорига кўтарганди, эшик очилди.

— Ким нима деса десин-у, омадли йигитман барибир! — Маъруф тиржайганча салондаги катмонни қўлига олди. Ичида бир даста пул бор экан.

— Аҳмоқлар! — деди кўчани зимдан кузатаркан. — Шунча пулни машинада қолдириб кетадими одам?.. Хайрият, хайрият, кайф маромига етадиган бўлди.

Ҳаш-паш дегунча у магнитофонни қўлтиғига, пулларни чўнтакка урди-ю, жуфтакни ростлади.

 

***

 

 

Эртаси куни тушдан сўнг боши тарс ёрилгудек бўлиб уйғонган Маъруф шоша-пиша чўнтакларини пайпаслади. Пулларнинг қолгани турибди экан.

“Маннопнинг олдига борсаммикан? — бошини чангаллаб ўй сура бошлади у. — Нима бўлгандаям шерик шерик-да! Ҳеч бўлмаса, нарида туриб пойлоқчилик қиларди. Локигин, машинага ўғирликка тушиш кайф экан. Ҳаяжонланмайсан, қўрқмайсан. Жуда танг келса, қочасан-у кетасан. Тамом, бундан кейин фақат шу ишни қиламан. Ажабмас, тез орада ўзимнинг машинам бўлса. Ҳа-да, бойроқнинг машинасига дуч келиб қолсам, Худо беради. Бир дунё пулли бўлиб қоламан. Айтганча, магнитофонни нима қилсам экан? Йўқ, уни Маннопнинг бўйнига юклайман. Пулини арра қилсак қилармиз…”

Маъруф бош оғриғига пиёлани тўлдириб ароқдан симирди-да, сал кўзи очилгандек бўлиб кийинди ва кўчага отилди.

 

***

 

 

— Вей, зўр иш топдим! — Манноп остона ҳатлаб ташқарига чиққани ҳамоно мақтана кетди Маъруф. — Кўр, ўн дақиқада бир дунё пул топдим. Бу ҳаммаси эмас. Кеча сизлар билан хайрлашиб кетгандан кейин бир ўзим кайфни давом эттирганман.

— Ўлармидинг мениям чақирсанг? — гина қилган бўлди Манноп. — Бирга-бирга ичардик.

— Хўп, бугун ўша ишни давом этирайлик!

— Қанақа иш ўзи? Ўша эски ишингми?

— Э, у иш нима бўпти? Буниси унданам зўр!

— Машиналарни ўмаришми?

— Сен қаердан билдинг? — Маъруф кўзлари ола-кула бўлиб улфатига тикилди.

— Билдим-да! — деди Манноп хотиржамлик билан. — Бу иш мендан қолган-ку!

— Ҳа-я, эсим қурсин! — бош силкиди Маъруф. — Охирги марта шу нарса билан қамалгандинг-ку!.. Юр, тағин давом эттирамиз!..

— Топганимиз арра бўладими? Ё ғирромликка ўтасанми?

— Сенга қачон ғирромлик қилгандим, оғайни? Албатта арра қиламиз.

— Илгари бир-икки шундай бўлган-да!.. Майли, олдин нонушта қилайлик меникида! Кейин бир гап бўлар.

— Шу нонуштани барда қилсак-чи!.. — Маъруфнинг ҳотамтойлиги тутиб қўлидаги пулларни кўз-кўз қилди. — Мана, шунча пул турибди қўлимда.

— Эрталабдан-а? — афтини бужмайтирди Манноп.

— Вей, бошим тарс ёрилай деяпти. Юзта ургандим, чивин чаққанчалигам таъсир қилмади. Юрсанг-чи! Биринчи марта ичишимизми эрталаб? Бўл, кийимингни алмаштир!

— Қўймадинг-қўймадинг-да!

 Манноп бош қашиганча кийиниш учун ичкарига йўл олди.

 

***

 

 

— Йўқ, яхшиси майда-чуйдалар оламиз-у, бир танишимникига борамиз! — деди Манноп. — Ҳозир қўнғироқлашдим. Уйида экан.

— Эркакми? Ўзимизданми? — сўради Маъруф ҳайрати ошиб.

— Қанақа эркак? Кетворган бир рус аёли. Тижорат билан шуғулланади. “Мерс”и бор.

— Сен қаердан илинтиргансан унақасини?

— Бир танишимдан доллар олиб бергандим. Ўшандан бери таниш бўлиб қолдик.

— Ичадими?

— Вей, ўзингам ғирт лақма экансан! — кулди Манноп. — Рус аёлларининг ичмайдигани бор эканми?

— Ичса, демак… Ҳалигидай… — Маъруф кафтларини бир-бирига ишқалаб оҳ тортди.

— Худди ўзи. Топдинг. Фақат харажати сендан бўлади. Менда бир сўм ҳам пул йўқ.

— Гап йўқ. Бунақа кайф учун пулни аярмидим? Аммо… Анави ишимиз нима бўлади?

— Сен юравергин! Унисиниям, бунисиниям қойиллатамиз.

— Бу бошқа гап. Ҳарқалай, пича пул ишламасак бўлмайди-да!

 

***

 

 

Надя исмли бу тижоратчи аёл икковларини илиқ кутиб олди. Ўтиришди. Уй бекаси улар олиб келган егулик, ичкиликларни столга тортди.

Маъруф эса бу аёлнинг келишган қоматини, уй ичида ўзгача қадам ташлаб юришларини кўргач, тош қотиб қолганди. Ундан сира кўз узолмас, гоҳида ёнидаги Маннопнинг туртиб қўйишини ҳам пайқамай қоларди.

“Зўридан экан! — ўйларди ўзича. — Бундай ҳурилиқо билан вақт ўтганини сезмайди одам. Минг йил бирга бўлгандаям барибир тўймайди. Эҳ, тезроқ шу лаҳзалар яқинлаша қолсайди…”

Бироқ бир шиша ароқ бўшаб, барчаларининг кайфи таранглашгач, Надянинг иккинчи ароқни олиб чиқиш учун ошхонага кирганлигидан фойдаланган Манноп Маъруфни қаттиқроқ туртди.

— Тез ташқарига чиқиб “разведка” қил! — буюрди шивирлаб. — Тунда мана шу аёлнинг машинасига тушамиз.

— К-кайф-чи?.. — тутилиб сўради Маъруф. — Ахир…

— Улгурасан. Олдин ишни бажариш керак!

— Бўпти-и!.. — норозиланиб ўрнидан қўзғалди Маъруф. — Доим ўзингни ўйлайсан, хумпар!..

— Бўлақол, ҳозир кириб қолади!..

 

***

 

 

Ҳаш-паш дегунча тун чўкди. Кундузги кайф ҳам тарқаб, икки ҳамтовоқ Надянинг уйи томон кетиб боришарди. Лекин Маъруф ҳамон аламига чидай олмас, Маннопнинг бир ўзи айш қилганлигидан, унга имкон бермаганлигидан хафа эди. Азбаройи жаҳли чиққанидан ёнида хотиржам кетиб бораётган Маннопни уриб юборгиси келарди-ю, аранг ўзини тиярди.

— Кўнглингни чўктирма! — гўё унинг миясида айланаётган хаёлларни уққандек сўз қотди Манноп. — Машинани кўрдинг-ку! Баллонларини ечамиз. Бир тугун пул бўлади. Ана ундан кейин сени унданам зўр қизларга олиб бораман!

— Бас қилсанг-чи! — қўл силтади Маъруф. — Зўрларингни бошимга ураманми? Ўша Надянгга кўнгил кетганди холос.

— Ёш болага ўхшама! Надя кўпни кўрворганлардан. Ҳали онаси ўпмаганларини кўрсанг, ўзингни ташлаб юборасан!

Маъруф индамади. Улар ўтирган такси таниш уй рўпарасига келиб тўхтагач, сал чеҳраси ёришиб, ўтган гапларни унутгандек бўлди.

— Гаражи йўқлиги чатоқ-да! — койинди Манноп қатор гаражлар ёнига қўйилган “Мерседес”га бироз афсусланган кўйи боқиб. — Гаражда бўлса, ишимиз янаям осон кечарди. Майли, ҳечқиси йўқ. Одам сийрак экан. Бемалол баллонларни ечиб олиб кетаверсак бўлади. Қани, кетдик!..

 

***

 

 

— Ярамаснинг оғирлигини қара! — иккита баллонни қўлтиқлаб серқатнов йўлга кетиб бораётган Маъруф сўкинди. — Шу аҳволда бозоргача пиёда борилса борми… Жон чиқиб кетиши ҳеч гапмас.

— Ўчир овозингни! — уни уришиб берди Манноп. — Ўзингни ўзинг ошкор қилмоқчимисан? Ҳозир такси тутамиз, вассалом!

Таксига ўтиришди ҳам. Бироқ ҳайдовчи бозор томонга эмас, чапдаги тор йўлга рулни бургач, орқа ўриндиқда ўтирган икки ҳамтовоқ ҳам безовталаниб қолишди.

— Ака, бу йўл бозорга бормайди-ку! — бақирди Манноп. — Тўғрига кетишимиз керак эди.

— Қўрқма, йигит! — деди ҳайдовчи. — Уйим шу тарафда. Канистрда бензиним қолиб кетганди. Ўшани олволай!

— Ҳа-а, шунақами? Майли…

Машина маҳаллага етмасдан тўхтади. Ўнгда узун бир бино бўлиб, атрофи темир панжара билан ўралганди. Улар алданганларини, ҳайдовчи машинани милиция бўлими ёнида тўхтатганини тез пайқашди. Афсуски, кеч эди. Икки-уч сигналдан сўнг елкаларига автомат осган тўрт милиционер югура солганча келиб орқа ўриндиқда ўтирган Маъруф ҳамда Маннопга ёпишди.

 

 

ЭСЛАТМА:

 

 

Воқеа ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган.

Аслида Надя ўғриларнинг қора ниятини олдиндан пайқаган ва уларни кузатиш билан банд бўлганди. Қочиб кетмасликлари учун то баллонларни ечиб кўчага чиқиб олишгунча кутди. Таксини ҳам ўзи уюштирди.

Жиноятчиларнинг айби судда исботланиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Олимжон ҲАЙИТ