“ZOʻR TV” телеканали: Томошабинлар турк сериалларини талаб қилишмоқда

3

Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хорижий сериаллар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Биз хорижий сериалларнинг эфирга узатилиши билан боғлиқ масала юзасидан хусусий телеканал ва турли ташкилотлар вакиллари фикри билан қизиқдик.

Феруза Юсупова, “ZOʻR TV” телеканали муҳаррири:

– Бизнинг телеканалда атиги 3 та сериал эфирга узатилади. Шулардан иккитаси тарихий, биттаси жазо муддатини ўтаётган аёллар ҳақида. Ижтимоий тармоқларда телеканалларимизда асосан турк сериаллари намойиш қилинаётгани ва улар ёшлар маънавиятига салбий таъсир қилаётгани ҳақида эътирозлар билдирилмоқда. Биз ҳам миллий сериалларни эфирга бериш тарафдоримиз. Лекин ҳозирча талабга жавоб берадиган миллий сериаллар таклиф қилинмади. Шу сабабли, хорижий давлатлар томонидан ишланган киноларга мурожаат қиламиз. Аввало, томошабин талаби инобатга олинади. Биз ҳамиша томошабинлар талабини мониторинг қилиб борамиз. Телеканалимиз мухлислари кўпроқ турк сериалларини талаб қилишмоқда.

Шу билан бирга сериалнинг Туркияда қандай муваффақият қозонганини ҳам инобатга оламиз. Танланган сериал телеканалнинг Бадиий кенгашига топширилади. Бадиий кенгашдаги 8 нафар ўз ишининг устаси бўлган мутахассис сериал билан тўлиқ танишиб чиқиб, фикрини билдиради. Бадиий кенгаш ҳар бир аъзосининг хулосаси тингланиб, сўнг бир фикрга келинади. Рухсат берилса, фильм дубляж жараёнидан кейин “пардозланади”. Яъни, менталитетимизга ёт унсурлари бор, қаҳрамонлар совуқ қуроллардан ваҳшийларча фойдаланган лавҳалар кесилади, жаргон сўзлар ўрнига ҳаммага тушунарли ва салбий бўёғи нисбатан камроқ сўз қўлланади. Бир сўз билан айтганда, юртимиз томошабинларига мослаштирилади. Сериалнинг ҳар бир қисми эфирга узатилишидан олдин масъул муҳаррир томонидан яна бир марта кўриб чиқилади.

“Абдулҳамид” ва “Эртугрул” тарихий сериалларига эътироз бўлгани йўқ. Ижтимоий тармоқларда асосан “Ҳовли” сериали муҳокама қилинаяпти. Шу фильмда ҳар бир салбий ҳолатдан сўнг лирик чекиниш билан ўша воқеага изоҳ берилади. Қаҳрамон қаерда, қандай айб қилгани кўрсатилади. Энг муҳими, фильмнинг якунида фалсафий хулоса бор. Ҳамма воқеа ўшанга қараб бораяпти. Чунки бунда ёмонлик орқали яхшилик улуғланган. Ёшларни ёмон йўлга кирмаслиги оилага боғлиқлиги, акс ҳолда оқибатининг нима бўлиши сўнгги қисмларда маълум бўлади. Яна бир мисол, “Гуллар изтироби” сериали бош қаҳрамонининг қалбини ўч олиш ҳисси эгаллаб олганди. Шу сабаб ундан барча юз ўгиради, у ёлғизланиб қолади. Ахир бу сериаллар орқали яхшиликни ёмонликдан фарқи кўрсатиб берилган-ку! Ҳар қандай асар фақат ижобий қаҳрамонлардан иборат эмас.

Биз муаммога бир оз кенгроқ назар ташлашимиз керак. Ота-оналар болалари билан кам мулоқот қилишяпти. Уларга оқни қорадан фарқлашни ўргатишмаяпти. Бир аёл телефон қилиб, болам сериал қаҳрамони қилган ишни қиляпти, дейди. Ахир сериалларда ёш нисбати белгилаб қўйилган-ку! Нега ўн олти ёшдан кичикларга айрим сериални кўришга рухсат беришади? Ота-она фарзандига салбий қаҳрамон ҳақида унинг одобсизлигини тушунтириб беришмаяпти. Агар оилада соғлом муҳит бўлса, ҳеч қандай сериал уларнинг маънавиятига салбий таъсир қилмайди.

ЎзА мухбири
Хуршид Қодиров
ёзиб олди

loading...

3 ФИКРЛАР

  1. HOVLI SERIALI JUDAYAM YAXSHI ISHLANGAN QOLAVERSA KECHGA QO’YILAYAPTI SOAT 22 30 DA BU VAQTDA MANIMCHA YOSH BOLALAR MAKTAB YOSHDAGILAR HAM UXLASHADI

  2. Har bir narsa ota-ona onaning uziga bog’liq. Yuqorida aytib utilganidek har bir serialda yoki filmda yosh chegarasi belgilab quyilgan. Shunday ekan farzandlariga yoshiga mos bulmagan kino yoki seriallarni kurishni taqiqlab quyishsin. Tamom.

Comments are closed.