Исмалоқ ҳақида сиз билмаганлар…

0

Исмалоқ резавор ўсимликлар ичида энг фойдалиси, энг витаминга кони, десак муболаға бўлмайди. Қадимда момоларимиз қишнинг охири ва баҳор келиши билан исмалоқ ҳамда бошқа кўкатлардан баҳор таомлари тайёрлаб, ўз оила аъзоларини турли касалликлардан асрашган. Ҳозирга келиб эса исмалоқ бошқа кўкатлар қатори иссиқхоналарда ўстирилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилади. Исмалоқни қиш пайти ҳам сотиб олиб, мазали сомсаю чучваралар тайёрлаш мумкин. Баъзи одамлар уни уй шароитида тувакларда ҳам ўстиришади.

Саломатликни мустаҳкамлашда исмалоқ муҳим ўрин тутади. У айниқса, камқонликни даволаш ва иммунитетни ошириш хусусияти бўйича кўкатлар орасида рекордчи ҳисобланади. Таркибида кўп миқдорда минерал тузлар, темир бирикмалари, витамин, турли микроэлемент, оқсил ва йод бор. Айниқса, анемияга чалинганлар, организми заифлашган кишилар учун жуда фойдали. Мазкур кўкатдаги шавел кислотаси ошқозон ишини тиклаб, иштаҳани оширади. Клетчатка эса ичакларни мустаҳкамлайди. Марганец, рух, калий, магний ҳамда бошқа бир қатор нутриентлар эса тутқаноққа қарши таъсир кўрсатади.

Буюк ҳаким Ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида исмалоқнинг фойдали хусусиятлари ҳақида шундай деган: «Бунда ювувчи, тозаловчи қувват бор. Сафрони қаттиқ ҳайдайди. Кўпинча меъда унинг қайнатмасини тусамайди». Шунингдек, аллома бу ўсимликнинг ични юмшатиш, танани тозалаш, аъзоларни саратондан сақлаш билан боғлиқ фойдалари ҳақида ҳам тўхталиб ўтган.

ИСМАЛОҚНИНГ ШИФОБАХШЛИГИ

Исмалоқда томирларни мустаҳкамлаш, камқонликни даволаш, иммунитетни кучайтириш хусусияти бор. Бунда кўкат таркибидаги рутин моддаси муҳим аҳамиятга эга. У капиллярларнинг қайишқоқлигини оширади. Гипертоникларда эса қон босимини меъёрига келтиради. Бунинг учун уни салатларга солиб, сомса ва чучвара қилиб еб туриш лозим. Бундай озиқланиш ошқозон ости бези фаолиятига ёрдам бериб, ҳужайраларнинг қаришини секинлаштиради.

Ундан тайёрланган таом метаболик жараёнларни тартибга солади, турли орган ва тўқималардаги кислород алмашинувини яхшилайди. Исмалоқ қайнатмаси қабзият ва қорин дам бўлишида фойдали. Ич яхши юришмаганда 10 г исмалоқ 200 г сувда қайнатиб ичилса, ичаклар иши анча равонлашиб, қорин дамлиги йўқолади.

Табиблар бу кўкатдан геморройни даволашда ҳам фойдаланишган. Бунинг учун исмалоқ шарбатига тенг миқдорда бодом ёғи қўшиб, 40 мл дан бир кунда 6 маротаба ичиш лозим.

Исмалоқ таркибидаги бир қатор фойдали элементлар асаб тизимини меъёрига туширади, тушкунлик ва неврознинг олдини олади. Ундан тайёрланган таом уйқусизликдан халос бўлишда ёрдам беради.

Исмалоқ эркакларнинг ҳам, аёлларнинг ҳам репродуктик саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Исмалоқ дамламасида оғиз чайиш орқали турли стоматологик хасталикларни тузатиш мумкин. Милклар яллиғланганда ва бодомсимон без оғриганда эса оғизни исмалоқнинг янги сиқиб олинган шарбати билан чайқаш яхши фойда беради.

Исмалоқ дамламаси шамоллашни яхши даволайди. Шу боис ҳам уни ларингит, ангина, фарингит, бронхлар ва ўпка яллиғланишига чалинган беморлар истеъмол қилиши фойдали.

Исмалоқ барги қайнатмаси асаб тизими фаолияти бузилганда тинчлантирувчи восита сифатида ичиб турилади. Қайнатма тайёрлаш учун бир неча тўғралган исмалоқ барги 1 стакан сувда ўн дақиқа қайнатилади ва 1 соат тиндириб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал ярим пиёладан ичиб туриш тавсия этилади.

Исмалоқ калорияси паст маҳсулот бўлгани боис озишни истаганлар учун кони фойда. Уни парҳез таомларга солиб ейилса, витамин танқислиги сезилмайди. Исмалоқ иммунитетни ошириб, юқумли касалликларга чалиниш эҳтимолини камайтиради.

Исмалоқ таркибида антиоксидантлар мажмуаси мужассам. Шу боис ҳам ўсимлик ёшликни сақлаб қолиб, саратон пайдо бўлишининг олдини олади.

Олимлар исмалоқни мунтазам истеъмол қилиш қандли диабетга чалинган беморлардаги инсулинга қарамликни камайтиришини аниқлашган.

Исмалоқ бош оғриғини қолдиради. Кўкатдан тайёрланган салат организмни турли токсин, заҳарли модда ҳамда чиқитлардан тозалайди. Диетологлар турли ноқулай ва радиация бор жойда ишлайдиган одамларга шу кўкатни тавсия қилишади. Чунки исмалоқ таркибида организмдаги радионуклидларни меъёрига туширувчи модда мавжуд.

Исмалоқ таркибидаги кальций ва бошқа бир қатор нутриентлар суяк тўқималарини мустаҳкамлайди, таянч-ҳаракат тизими хасталикларини даволайди.

Баргларида мавжуд лютеин, хлорофилл ҳамда каротиноидлар кўз пардасини тиклаб, кўриш қобилиятини яхшилайди.

Шунингдек, асаб фаолияти бузилган ва қаттиқ толиққан кишиларга ҳам исмалоқнинг фойдаси катта.

КИМЛАРГА МУМКИН ЭМАС?

Исмалоқни подаграда, буйрак ва ўтда йирик тошлар бўлганда истеъмол қилиш мумкин эмас. Шунингдек, унинг таркибидаги кислота буйрак, жигар, ўн икки бармоқ ичак ва ўт қопи фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мазкур аъзоларида хасталиги бор беморлар ҳам исмалоқни истеъмол қилишда эҳтиёт бўлиши зарур.

Ични бўшаштириш хусусияти борлиги учун болаларга ҳам кўп бериш тавсия қилинмайди. Катта баргли исмалоқ баргларида шовул кислотаси кўп бўлади. Шунинг учун овқатланишда унинг янги чиққан барра баргларини ишлатган маъқул.

Исмалоқни узоқ сақлаб бўлмайди, акс ҳолда муддати ўтиб, таркибида организм учун зарарли тузлар кўпайиб кетади.

Турли витамин ва нутриентларга бойлиги учун авитаминоз ривожланишининг олдини олади.

ЁШАРТИРУВЧИ ҚАЙЛА

Бир боғ исмалоқ барги, 1 дона саримсоқ бўлаги, 2 ош қошиқ зайтун ёғи, 200 г 33 фоизли қаймоқ, таъбга кўра туз ва қора мурч керак бўлади.

Ўсимлик баргларини ювиб, қайнаб турган сувда 30 сония қайнатамиз. Кейин човлида олиб, совуқ сувда чаямиз. Сувини сиқамиз.

Товага зайтун ёғи солиб, саримсоқни қизартирамиз. Кейин уни ёғдан олиб ташлаймиз. Газни ўчирамиз. Сўнг дарров ёққа исмалоқни солиб, устидан қаймоқни қуямиз. Тайёр парҳез таомни ликопчада дастурхонга тортамиз.

БИЛАСИЗМИ?

Исмалоқ боғ қатор орасига эрта баҳорда, қўш қаторлаб, ораси 15-20 см қилиб экилади, 2-3 см чуқурликка кўмилади. Озиқ-овқатга ишлатадиган исмалоқ ягана қилинмайди. Исмалоқ 5-6 та барг чиқаргандан кейин ҳосили бир неча марта йиғиштирилади.

 Биолог олима Шоҳида СУЛТОНОВА
маслаҳатлари асосида ГУЛШАН
 тайёрлади.

loading...