Қиссадан ҳисса: «КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШНИНГ ХОСИЯТИ…»

0

 

Бир одамнинг ўғиллари ҳадеганда бир-бирларини арзимас хатоликларда айблаб, ҳақоратлашдан, аразлашишдан, муштлашишдан, нафратланишдан тийила олишмас экан. Охири отасининг тоқати тоқ бўлибди-ю, уларни ёнига ўтқазиб, бир ривоятни айтиб берибди.

— Ривоят қилишларича, — дебди кексайиб, мункайибгина қолган ота кўзлари ёшланиб. — Ҳазрати пайғамбаримиз Саллоллоҳи алайҳи Васаллам бир куни ўзига яқин инсонлар билан бозор кезишни ихтиёр этибди. Бозордаги тўкин-сочинликни, тумонот одамларни ҳайрат билан томоша қила бошлабди. Шу пайт кутилмаганда чамаси 10 ёшли бир ўсмир югуриб келибди-да, пайғамбарнинг қўлидаги катмонни юлқиб қочибди. Шубҳасиз, ёнидагилар бирпасда ўсмирни тутиб келиб пайғамбарнинг қаршисида тиз чўктирибди. Болакай азбаройи қўрқиб кетганиданми, юм-юм йиғлар, бошини эгмоқдан бери эди. Пайғамбаримиз боланинг қўлидаги катмонни олибди-да, уни елкасидан тутиб эҳтиёткорлик билан ўрнидан турғазибди. Кейин эса катмонни очиб ичидан бир нечта олтин танга олиб боланинг қўлига тутқазибди. Шафқатсиз жазо олишдан қўрқиб дағ-дағ титраётган ўғри бола пайғамбарнинг бу ишига гувоҳ бўлгач, кўзларига ишонмай, пайғамбаримизга жавдирабди.

— Кетавер, — дебди пайғамбар унга. — Аммо бундан кейин ўғирлик қилмагин. Тўғри йўлдан юргин! Акс ҳолда Оллоҳнинг ғазаби келади-я!..

Орадан бир неча йил ўтибди. Яна пайғамбар ўша бозорга ёрдамчилари билан чиқиб атрофни томоша қилиб юрса, қаршисида анча улғайган, тоза ва бежирим кийинган ўсмир ҳозир бўлибди.

— Ҳазратим, — дебди ўсмир ер чизиб. — Мен ўша бир неча йил олдин катмонингизни ўғирлаб қочган боламан. Ўшанда марҳаматингизни кўриб лол бўлдим. Бу ишингиздан тегишли хулоса чиқардим. Берган пулингизни пулга уриштириб, аҳволимни яхшиладим. Бозордан савдо пештахтасини ҳам ижарага олдим. Ҳозир савдо билан шуғулланяпман. Ўғирликни ташладим.

— Баракалла, — дебди пайғамбар ўсмирнинг бошини силаб. — Кўрдингми, Оллоҳга шу амалинг маъқул келибди. Бизнинг маслаҳатимизни олганинг учун Яратган эгам сени мукофотлабди.

— Ҳазратим, — дебди ўсмир бошини кўтариб. — Ўшанда нега кечирдингиз? Ахир, мен ўғирлик қилдим. Подшоларнинг одамлари ўғрини тутиб олишса, қўлларини кесгувчи эди. Сиз бўлсангиз, мени кечирибгина қолмай, қўлимга яна пул тутқаздингиз. Нега?

— Чунки, — дебди кулимсираб пайғамбар. — Оллоҳ ҳам кечиримли. Биз Оллоҳнинг қаршисида ким бўлибмизки, бир-биримизни Яратганчалик кечира олмасак, меҳр-оқибат кўрсата олмасак?!.

— Биласизми, ҳазратим, — дея киссасидан бир халтача тўла олтин тангаларни чиқариб пайғамбарга узатибди ўсмир. — Ўшанда сизнинг марҳаматингиздан тўлқинланиб ўзимга ўзим «Худо етказса, пул топсам, ҳазратим берган пулларни ўн баробар қилиб қайтараман», дея сўз бергандим. Мана, ўша сўзларимга содиқ қолиб, берган пулингизни ўн баробар қилиб олиб келдим. Ўтинаман, қўлимни қайтармасангиз!

Пайғамбаримиз ўсмирнинг раъйини қайтармай, қўлидан олтин тангалар тўла халтачани олибди.

— Яна бир ўтинчим бор, — дебди ўсмир. — Изн берсангиз, айтсам!

— Айт, бўтам! Не ўтинчинг бор?

— Мен ўша хунук воқеадан кейин узоқ фикрладим. Ўйладим, атрофни кузатдим ва бир қарорга келдим. Мен ҳам исломни қабул қилмоқчиман. Ёрдам беринг, илтимос, ҳазратим!..

Пайғамбаримиз ўсмирнинг сўнгги илтимосини ҳам адо этиб, Исломни қабул қилишида кўмаклашибди ва кетар палласи бояги халтача тўла олтинларни унинг қўлига тутқазибди.

— Сен энди мўмин мусулмон бўлдинг, — дебди унга. — Мўмин мусулмон эркак хонадонидаги яқинларининг барчаси учун масъул. Уларни боқиши, камлик кўрсатмай яшаши ҳам фарз, ҳам қарз. Шундай экан, сен бу олтинларни олгин-да, уйдаги ота-онанг, ака-ука, опа-сингилларингга ширинликларми, кийимларми ҳадя эт. Бу амалинг ҳам Оллоҳга маъқул тушади иншооллоҳ!..

Мана, болаларим, кўрдиларингми, кечиримлилик, меҳр-оқибат инсонни ана шундай яхши кунларга элтади. Сизлар ҳам бундан буён бир-бирларингизга нисбатан кечиримли ва меҳр-оқибатли бўлинг! Омин!

 

loading...