«Сўйла, Қора денгиз» сериалидаги «зўравон» аслида қандай инсон? (+Суҳбат)

0

Меҳмет Али Нурўғлу «Сўйла, Қора денгиз» сериалида аёлларга зўравонлик қиладиган тубан кимсани гавдалантиради. Сериалда бу энг кўп муҳокама қилинадиган қаҳрамон. Шу кунгача ижобий ролларни ўйнаган актёр «Буни билишингизни истайман, мен чиндан ҳам Иремни ўлдирмайман», — дейди.

 

— Шу пайтгача сизни бундай қаҳрамон ролида кўрмаганмиз. Ҳар доим ижобий қаҳрамонлар образини яратгансиз, энди эса салбий қаҳрамон?..

— Аслида, «Сўйла, Қора денгиз» сериалида менга бошқа ижобий қаҳрамон ролини беришди. Мен эса Ведатни танладим. Чунки мен ҳеч қачон бундай қаҳрамонни ўйнамаганман. Аммо бу мен танлайдиган иш эмас. Энг аввало, кўнглимга маъқул бўлиши керак.

— Ведат хотинига нисбатан куч ишлатади, уни зўрлаб уйга қамаб қўяди. Ведат ҳақида нима дейсиз?

— Ведатни ҳеч ким мажбуран тушуниши шарт эмас, аммо мен тушунишим керак. Унинг мақсади, ҳаракатлари, ички ҳақлиги ва адолатсизлигини биламан, билишим зарур. Шунинг учун у ҳақда бундай дейман: Ведат шундай қаҳрамонки, ухлашига жой йўқ. Аммо мен унга ўз ичимдан ухлашига жой беришим керак. Чунки нима бўлганда ҳам, унинг дунёсида уни ҳақ кўришим, унинг ҳақиқати билан яшашим лозим. Аслида, бу қўрқинчли бир нарса. Бу ёмон одам бўлиш учун йўл.

Ведат бутун ғазабини хотинига сочади. Бундай одамлар жуда кўп. Вазмин бўлиш керак. Шошилинч хулоса чиқариш керак эмас. Мен ўзимга озор бераман, аммо яқинларимга — ҳеч қачон. Бироқ Ведат бундай қаҳрамон эмас.

Биласизми, ўғли ва хотини уни махлуқ сифатида кўради. Аммо унинг ўзи ёнадиган жаҳаннами бор. Яъни ҳаётида ҳамма нарса совуқ ва қоронғи.

— Одамларга меҳрингиз баланд. Аммо майдончада сиз доим дарғазаб, ёвуз қаҳрамонни ўйнайсиз, унга қандай кўникдингиз?

— Одамни туғилгандан яхши ёки ёмонга ажратишмайди. Буларнинг бари вақт ўтиши билан юз беради. Агар сиз бир одамда яхшиликни ўлдирсангиз, унда дарров ёмон жиҳатлар намоён бўла бошлайди.  Ҳар биримизнинг ҳам ёмон, ҳам яхши томонларимиз бор. Мен учун Ведат ёрдамга муҳтож. Бу қаҳрамонни ўйнаш учун мен ичдан ёмон бўлишим керак. Мен ҳам бу ролда шундай яшаяпман.

— Оғир эмасми?..

— Руҳий жиҳатдан жуда оғир. Баъзида оғир саҳна суратга олингандан сўнг уйқуга кетишдан олдин ўзимни-ўзим гўё муштлаб, зарба бераётгандек, асабийлик ҳолати ўтиб кетмаётгандек сезаман. Кейин бир амаллаб чалғиш учун туриб, йога билан шуғулланаман, китоб ўқийман.

Ролни жуда яхши гавдалантирганингиз учун сизга таҳдидли хабарлар келаётгани ростми?

— Сериал намойиши бошланиши билан ижтимоий тармоқларда ҳар хил ҳақоратлар ва таҳдидли хабарлар кела бошлади. Бунга эътибор бермадим, чунки ижтимоий тармоқларда ҳамма қўполлик қилиши мумкин. Шунинг учун, бундай хабарлар оқими тўхташи учун, ўша хабарларни ижтимоий тармоқларда бўлишдим ва ортиқ бундай ҳолат такрорланмади. Кўчада хотиржам юриб, ижобий фикрларни эшитяпман. Зўрликка учраган аёллар менга миннатдорлик хабарларини жўнатишяпти. Сериалимиз намойиши пайтида зўравон эрлар ўз уйида хотиржам ўтиролмайди.

— Сизни уришган саҳналарда ўзингизни қандай ҳис қилдингиз?

— Сизга бир гапни айтаман. Иремни чинакамига урмайман. Буни ҳамма билсин. Уни қандай уришим мумкин?

Менинг зўравонликни қойиллатишимда ҳам Ирем жуда катта роль ўйнайди. Албатта, биз ўз ишининг усталаримиз, ўйнаётган ҳолатимизга кириб кетмаймиз, аммо барибир, бундай саҳналардан сўнг ўзимизни нохуш ҳис қиламиз.

Ҳеч унутолмайман, шундай саҳналарнинг биридан кейин Ирем чиндан йиғлай бошлади, уни ҳеч ҳам тўхтатолмадик. Мен унинг ёнига бориб, хафа бўлаётганимни айтдим, у эса: «Мен ўзим учун йиғламаяпман, балки, ўзига нисбатан шундай муносабатни кўраётган аёллар борлиги учун йиғлаяпман, Меҳмет Али! Чиндан ҳам бор!» деди.

— Ҳаётда сиз учун энг яхши машғулот йога. Бунга қизиқиш қачондан бошланган?

— Бир куни пилатес бўйича мураббийим менга йогани тавсия қилди. Мен ҳар қандай турк эркаги сингари: «Мен, нима, йога билан шуғулланаманми, оға?» деб муносабат билдирдим (кулади).

Кейин бир марта синаб кўриб, бир қарорга келдим. Биринчи марта йога билан шуғулланганимдан сўнг шундай енгилликни ҳис қилдимки, ҳозиргача ҳаётимда бундай енгилликни сезмаганман. Машғулотларни ташлаб қўймадим. Машғулотларни тугатганимдан сўнг мураббийлик сертификатини қўлга олдим, кейин рафиқам билан Ҳиндистонга йога ўргатувчилар мактабига кетдик. У ерда танаффуслар билан саккиз ойни ўтказдик. Аслида, йога — бу медитация, унда одам диққатни нафасига қаратиши керак.

— Сериалдан ташқари, театрда ҳам роль ўйнайсиз…

— Театр — бу менинг ҳамма нарсам. Саҳнага чиқишни 15 ёшимда бошлаганман. Кейин қадам-бақадам ҳар бир босқични босиб ўтдим: ҳаваскорлар театрида, катта саҳнада ҳам чиқдим, хорижга бордим. Аммо ўқишни тамомлагандан сўнг имконим бўлмади.

СЕВИНЧ тайёрлади.

«Ҳордиқ» газетасидан олинди

loading...