НОМАҲРАМ… (3-қисм)

0

 

* * *

 

Автобус серқатнов йўл бўйлаб елдай учиб борарди. Матназар кўзлари йўлда бўлса-да, хаёлан қайнотаси билан ҳамон жанжаллашар, жаҳди танасига сиғмай, қўлларини мушт қилганча рулга уриб-уриб қўярди.

«Ҳаромхўр, — ўйларди у. — Қаёқданам шу еб тўймаснинг қизига йўлиқдим? Чўлоқлигига, ярим жонлигига раҳмим келибди. Кўнгли ярим, бундайлардан ёмонлик чиқмайди, деб ўйлабман. Нега ўшанда қўни-қўшнисидан суриштирмадим? Нега оқсоқолнинг қуруқ гапларига лаққа тушдим? Ҳозирги замонда ҳеч ким дўстлик қилмас экан-да! Нега шуларни вақтида англамадим? Энди нима қиламан? Манови шалоғи чиққан аравани ҳайдаб, қандай узаман ҳаром пулларини? Илгари қайнота-қайноналар куёвни ўз фарзандидан ҳам азизроқ кўради, деб эшитардим. Наҳотки, ўша гаплар шунчаки айтилган бўлса? Ё мен шунақасига учрадимми?»

Шу пайт узоқдан бир аёлнинг қўл кўтарганига кўзи тушиб Матназар тезликни камайтира борди. Боласи бўлса керак, аёл тўрт ёшлар орасидаги бир гўдакнинг қўлидан ушлаб олганди.

— Бу ким бўлди? — деди ўзига-ўзи. — Кеч кирганда катта йўлда нима қиляпти? Бу атрофда қишлоқ бўлмаса…

Матназар аёлнинг ёнига келганда қаттиқ тормоз берди ва ўзи эшикни очиб пастга тушди.

— Тинчликми? Қаерга кетяпсизлар? — сўради у она-болага ҳайрат аралаш боқиб.

Аёлнинг кўзлари тўла ёш эди. Қўлидаги дастрўмолчасига кўз ёшларини арта-арта ерга боққан кўйи жавоб қилди.

— Муллака, бизнинг борадиган жойимиз йўқ…

— Нима? Қ-қанақасига? Ё мусофирмисиз?

— Мусофирликка мусофирмиз. Аммо ўз қишлоғимиздан ҳам ҳайдалдик…

— Ким ҳайдади сизларни? Болангиз ҳали ёш бўлса…

— Эрим ўлиб кетгач… Қайнонам мени бузуққа чиқариб… Ҳайдаб солди қишлоқдан. Энди қайга боришни билмай гарангмиз болам билан.

— Унда катта кўчада нима қилиб тургандингиз? Кеч тушиб қолган бўлса…

— Ўзимча узоқ-узоқларга кетиб жой топармиканман, деб ўйладим. Агар топсам, деҳқончилик қилсамми… Ҳаётимни йўлга солволармидим, деб хаёл қилгандим.

Матназар аёлга ер остидан тикилиб қаради. Келишгангина, кўринишидан унақанги енгилтак аёлларга ўхшамайди. Тағин ким билсин? Ҳаётида сира бу тахлит воқеаларга дуч келмаганди.

«Нима қилсам экан, — ўйлади у. — Қандай маслаҳат берсам? Тўхта, деҳқончилик қилсам дедими? Ҳа, агар бузуқи бўлганда, шу ерлардаям қилаверарди қиладиганини… Демак, ҳақиқатан қийналган. Жонидан ўтгани учунгина шундай қарорга келган. Йўқ, ёрдам бермасам бўлмайди…»

— Сизни қишлоққа опкетсам, борармидингиз? — аёлга юзланиб сўради Матназар.

— Вой, сизлар томонда бўш ерлар борми?

— Албатта бор. Агар деҳқончилик қиламан, десангиз, истаганингизча топилади…

— Қ-қандай бўларкин-а? У ерларга бориб қаерда тураман кейин?

— Буёғидан хавотир олманг! Болангиз иккалангизга жой топилиб қолар. Қани, танишайлик. Мен Матназарман. Ҳайдовчиман.

— Марҳамат, — деди аёл бош эгиб. — Ўғлимнинг исми Маъруфжон. Яқинда олтига тўлади…

— Жуда яхши, Марҳаматхон! Кетдик унда!

 

* * *

 

— Оилангиз бўлса, мен қандай қилиб уйингизга кириб бораман? — йўл-йўлакай сўради Марҳамат. — Ҳарқалай, аёл киши. Ёмон хаёлга бориши мумкин…

— Тўғри айтасиз, — деди Матназар бош ирғаб. — Айниқса, отаси билса, жанжал кўтариши тайин. Шундоқ ҳам тиш қайраб юрибди менга.

— Нега?

— Э, тўйимизни ўтказиб берганди. Энди ўша пулларини талаб қиляпти. Ҳайронман, қандай узаман, қачон қутуламан?..

— Катта пулмиди?

— Ҳа-да, нақ икки юз минг.

— Сизга қийин бўпти.

— Майли, бу гапларни қўйиб турайлик, — Матназар беихтиёр кулимсираб Марҳаматга боқди. — Ноқулай бўлсаям… ёшингиз нечада?

— Айтсам ишонмайсиз!

— Балки ишонарман. Айтаверинг!

— Ўн тўққизда.

— Нима? — Матназар аёл томонга кескин бошини бурди. — Йўғ-э, бўлиши мумкинмас.

— Айтсам ҳеч ким ишонмайди. Каттасиз деб айтишади доим. Афсуски, бу ҳақиқат… Ҳаёт мени шунчалар тез қаритиб юборди…

— Хафа бўлманг. Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз… Худо хоҳласа, ер олиб озми-кўпми даромад қилсангиз, яна қайтадан яшариб, кўрмагандай бўлиб кетасиз… Менга қаранг, калламга бир фикр келди. Сизларни… Хуллас, биз томонда бир шийпон бор. Анчадан бери бўш ётибди. Ширкат катталари унинг ўрнига бошқа шийпон қурганидан бери ташлаб қўйишган. Ўша ерга жойлаштирсам қандай бўларкан? Кўздан пана… Ҳа энди… Ош-овқатингиздан бир амаллаб хабардор бўлиб турарман…

— Билмасам, — бош эгди Марҳамат ухлаётган ўғлига кўз ташлаб қўяркан. — Тинч бўлса, сизга гап тегмаса бас…

Кўз очиб-юмгунча улар Матназар айтган шийпонга етиб боришди. Ҳақиқатан, атрофи катта-катта пахта далалари билан ўралган бу шийпон қишлоқлардан анча олисда эди. Бунинг устига шийпон тевараги толлар қуршовида бўлгани Марҳаматга маъқул тушди.

— Сиздан Худонинг ўзи рози бўлсин, — деди Марҳамат кетишга чоғланган Матназарга. — Қандай миннатдорчилик билдиришниям билмай қолдим…

— Хўп, энди аста-секинлик билан жойлашаверинглар. Мен кечга бориб бирор егулик олиб келаман. Ҳозирча манови сумкада пича нон, тухум дегандай… Шуларни болангизга пишириб берарсиз. Ичкарида қозон бўлиши керак. Қорни очиб кетгандир… Мен кетдим. Яхши қолинглар!..

 

* * *

 

Қишлоқда гап ётармиди? Орадан икки кун ўтар-ўтмас, «Матназар бошқасига уйланиб олибди, ўша хотинини шийпонга яшириб қўйганмиш», деган гап тарқалди-ю, тезда Ҳамиданинг қулоғига етиб борди…

У аввалига ишонмаганди. Бу қадар бўш-баёв эрнинг қайсидир аёлга илиқишини тасаввур ҳам қила олмасди. Бироқ қўшни болаларни жўнатиб шийпонда болали аёл яшаётганини аниқлаб билгач, индамасдан қизчасини қўлига олди-да, Ботир дўкондорнинг олдига чопди.

— Ҳали шунақами? — қутуриб кетди ота қизидан хунук хабарни эшитгач. — Энди бу ҳунари чиқибдими? Яхшиликни билмаган ялангоёқ! Мен унга кўрсатиб қўяман. Сен, қизим, ҳеч гап бўлмагандай уйингга боравер. Ўша уй сеники. У кўрнамакни ўзим ҳайдаб соламан. Қани, яқинлашиб кўрсин-чи, ҳовлига!

Шу тобда Матназар энди ишдан қайтиб автобусини уйи рўпарасига қўйганди. Узоқдан ҳаллослаганча у томон келаётган қайнотасига кўзи тушиб юраги увишди. Ботир дўкондор етиб келмасданоқ унга ўшқира кетди:

— Шу туришингга ким қўйибди, иккинчи хотинга уйланишни-а? Уялмадингми? Маҳалладан номус қилмадингми?

— Нималар деяпсиз? — Матназар ҳеч нимага тушунмай савол назари билан боқди. — Қанақа иккинчи хотин? Оғзингизга қараб гапиринг!

— Шийпонга олиб бориб қўйсам, ҳеч ким билмайди, айш қилиб юравераман, деб ўйловдингми? Чучварани хом санабсан, бола!

Матназар шийпон сўзини эшитгани ҳамоно ҳаммасига тушунди. Демак, хабар топишган. Кимдир бу аёлни унинг хотинига чиқарган-у, буларга етказган.

«Эҳ, одамлар, — хаёлидан ўтказди у бош эгган кўйи автобусига суяниб. — Дарров эр-хотинга чиқариб қўйишганини… Энди қандай исбот қиламан хотиним эмаслигини? Бу аёл мусофир, қийналган эканини қандай тушунтираман буларга?»

— Гапир! — унинг хаёлини бўлиб хезланди дўкондор. — Нега қоққан қозиқдай жим туриб қолдинг? Шу гаплар ростми?

— Ёлғон.

— Шийпондаги аёл-чи?

— Унда гуноҳ йўқ. Боласи билан ишлашга келган.

— Бекорларни айтибсан. Мени лақиллатаман, деб ўйлама… Қишлоқда сенинг дастингдан бош кўтариб юролмай қолдим.. Энди елкангга чопонингни илгин-да, секин даф бўл бу ердан! Энди уйни қизимга хатлаб бермасам, Ботир дўкондор эмасман. Суф, сендақа кўрнамакка! Бўл тез, яхшиликча йўқол! Бўлмаса, ҳозир маҳалла йигитларини чақириб суробингни тўғрилатиб қўяман!

— Шунақами? Сиз бойликка, уй-жойга тўясизми ўзи? — алам аралаш қайнотасига тик боқди Матназар. — Ҳали қизингиз билан бир йил яшаб улгурмай, шу ҳовлига кўз олайтиришни бошлагандингиз… Ана, олинг шу уйни! Ўлигингизга буюрсин!

Матназар қўл силтаганча автобус эшигини очиб ўтирмоқчи бўлди. Лекин дўкондор йўлига кўндаланг туриб олди.

— Бу автобусдаям ҳаққинг йўқ. Қарзнинг фоизлари эвазига уни опқоламан… Ялангоёқмисан, тинчгина пиёда кетавер. Аммо бу ерларга яқинлашишни хаёлинггаям келтирма!

Матназар вазият бу қадар қалтис тус олишини кутмаганди… Ҳеч қачон йиғлаб кўрмаган йигитнинг кўзлари ёшланиб икки кафтига назар солди. Бўм-бўш…

Бирпас аланглаб тургач, бехосдан кулиб юборди. Фақат… Бу кулги юраги дардга тўлиб кетган одамнинг ҳайқириғини эслатарди…

 

* * *

 

Туҳматга қолиш, дабдурустдан ҳамма нарсасидан айрилиш, айниқса, шармандаларча ҳайдалиш кишига алам қиларкан.

Матназар юраги эзилган ҳолда шийпонга кириб келди. Бироқ бу гал қўлида ҳеч вақо йўқ эди. Дўконга бориб нимадир сотиб олиш хаёлига келмаганди…

Тол тагида ўтириб нимадир пишираётган Марҳамат унинг аҳволини кўриб қўрқиб кетди.

— Сизга нима бўлди? — қўлидаги чўмични қозонга солди-да, тўнгак устига келиб ўтирган Матназардан сўради. — Бирор гап бўлдими? Тинчликми ўзи?

Матназар оғир хўрсиниб қаршисидаги аёлга боқди.

— Марҳаматхон, мен туҳматга қолдим.

— Вой, нега? Қанақа туҳмат?

— Қишлоқда гап тарқалибди. Гўёки биз иккаламиз эр-хотин бўлиб олганмишмиз.

— Вой, тавба қилдим! Энди нима бўлади?

— Марҳамат, мен… Уйимдан, оиламдан, миниб юрган автобусимданам айрилдим. Қайнотам ҳаммасини тортиб олди…

Марҳамат айбдорларча бош эгди:

— Кўнглим сезганди, муллака. Шундай бўлишини билгандим. Мен ўлгур, келмай қўя қолсам бўлмасмиди шу ёқларга? Келиб, мана, сизгаям бир дунё ташвиш орттириб бердим…

— Йўқ, ташвиш орттирганингиз йўқ, — Матназар бошини кўтариб Марҳаматнинг кўзларига тикилди. — Ўзи… анчадан бери шу жанжалнинг иси бор эди. Сизнинг айбингиз йўқ.

— Энди нима қиласиз? Автобусингизни олиб қўйишган бўлса, тирикчилик қандай ўтади?

— Менга қаранг, — кутилмаганда ўрнидан турди-да, Марҳаматнинг рўпарасига келиб ўтирди Матназар. — Есаям, емасаям, барибир бўрининг оғзи қон… Шу қилганлари учун ҳам икковимиз турмуш қурмаймизми?

— Вой, бу нима деганингиз? Сизнинг оилангиз бўлса… Бугун уришганингиз билан, эртага барибир орқангиздан келади ахтариб.

— Мен… сизга ёқмайманми?

— Мен… Ёқмайсиз деяётганим йўқ-ку! Хотинингиз бор.

— Нима, ўша чўлоқ хотин билан бир умр ўтиб кетишимни истайсизми? Менам эркакман, ахир!

— Сиз ҳали мени яхши билмайсиз-ку! Балки, мен ундан ҳам ёмон аёлдирман?

— Ёмон аёл бўлганингизда сизни шу ерларга етаклаб келмасдим. Илк кўрганимдаёқ кўнглим сезган яхшилигингизни… Келинг, нариги маҳалладаги масжид яқин. Қоронғу тушиши билан борамиз…

— Йўқ-йўқ…

— Мен ўйлаб кўргунингизча ҳов анови ерда бўламан… Бир қарорга келишингиз билан чақиринг…

 

* * *

 

— Отинг ўчсин, эр бўлмай! — Матназарни бегона аёлнинг қўйнида тасаввур қилгани сайин Ҳамида ич-этини еб борарди. — Хотинсирамай ўл! Қайданам тегдим шу хотинбозга? Эрсиз ўтирсам ўлармидим? Энди нима қиламан? Бу ногирон боламни ким боқади? Қачонгача дадамга осиламан? Одамлар нима дейди? Чўлоқлиги учун ташлаб кетди, ўл-а, дейишмайдими? Йўқ, мен ундан ўч оламан! Хотин устига хотин олиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман. Ё меники бўлади, ё ҳеч кимники!

Ҳамида қизчасининг ҳўл бўлган йўргакларини бир амаллаб алмаштирди-да, қўшниси Хосият холаникига йўл олди. Ишқилиб, бир ўзи ўтирган бўлсин, деганди. Кутилганидек, Хосият хола ҳовлида ёлғиз ўзи ўтирганча кўрпа қавиётган экан.

— Вой, келинг, келин! — шоша-пиша ўрнидан туриб Ҳамиданинг қўлидан боласини олди у. — Катта бўп қопти-ку! Ишқилиб, умри билан берган бўлсин! Қани, ўтиринг сўрига!

Ҳамида кўз ёшларини билдирмайгина артиб сўрининг бир чеккасига омонатгина чўкди.

— Ҳа, қизим, йиғлабсизми? Нима бўлди?

— Биласиз-ку, хола! Уйимда…

— Ҳа-а, эшитдим… Ҳаммасини эшитдим. Э, бу эркакларнинг ҳаммаси бир гўр. ўам чекаман, деса-чи, ажалидан беш кун бурун ўлиб кетади одам… Қўйинг, қизингизни ўйланг! Итдай акиллаб-акиллаб қайтиб келади бир куни. Мени айтди дерсиз…

— Холажон, сиздан бир нарса сўраб чиққандим, — Хосият холанинг гапини бўлди Ҳамида.

— Жоним билан. Нима керак эди?

— Уйда… Сичқонлар кўпайиб кетибди… Шунга… Дори-пори бормикан сизда, деб…

— Ҳа, бор… Қуриб кетсин бу сичқонлар. Кечадан бери бизникидаям пайдо бўп қолибди… Ҳозир олиб бераман, ўргилай!

Ҳамида сичқон дорини қўлига олгач, уй бекаси дастурхон ёзиб қистаганига ҳам қарамай, уйига йўл олди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...