НОМАҲРАМ… (4-қисм)

0

 

* * *

 

«Ана энди ўзингдан кўр, хотинбоз, — ичкарига кириб кўча эшикни тамбалади-да, ўзича сўзланиб қўйди Ҳамида. — Чўлоқ, қўлидан ҳеч иш келмайди, деб ўйладингми? Бекорларни айтибсан. Ҳали менинг совунимга кир ювмабсан сен ҳезалак! Мана шу кеча қийнала-қийнала жон берасан. Кейингина тақдирга тан бераман… Бўлмаса, чидай олмайман бу кўргиликларга, чидай олмайман! Сен ярамасни ўша қанжиқнинг қўйнида кўргандан кўра…»

Ҳамида инқиллаганча кийимларини алмаштирди. Қизчасини яхшилаб ўради. Кейин шийпон томон йўл олди…

Бу пайтда Матназар Марҳамат билан аллақачон қўшни қишлоқ масжидига кетган, домла пешин намозини ўқиб бўлиб, уларни никоҳлаш арафасида эди…

Ниҳоят барча амаллар қилиниб, икковларига никоҳ ўқилди. Фақат… Домла Марҳамат ташқарига чиқиб кетгач, Матназарни тўхтатди.

— Ука, — деди у босиқлик билан. — Мен аёлингизнинг олдида индамай қўя қолдим. Бироқ бу ишни бекор қипсиз.

— Нега? — ҳайрон бўлиб сўради Матназар.

— Сизни, отангиз раҳматлини яхши биламан. Шунинг учун бу гапни айтиб қўйиш мен учун фарз… Биласизми, иккинчи хотинни тўқол хотин дейишади. Тўқол хотиннинг тўқмоғи жудаям қаттиқ бўлади. Эҳтиёт бўлиб иш кўринг!.. Тағин…

Матназар домланинг гапларига тушунмадими, мажбуран бош ирғаганча ташқарига йўл олди.

— Вой, анови турган ким? — шийпонга яқинлашганларида, Марҳамат бирдан тўхтаб, бола кўтарган аёлни кўрсатди.

— Бу ўша… чўлоқ хотиним. — жавоб қилди Матназар. — Ҳозир бошланади… Сиз аралашмай қўя қолганингиз маъқул. Ўзим ҳал қиламан.

Улар шийпонга етиб келишгач, Марҳамат ерга қараган кўйи ичкарига кириб кетди. Матназар эса уф торта-торта Ҳамидага яқин борди.

— Нега келдинг? — дўқ аралаш сўради у Ҳамидага совуқ тикилиб. — Нима керак яна?

— Мен сизни опкетгани келдим, — деди Ҳамида ер чизиб. — Қизчамиз кечадан бери тинчлик бермаяпти. Иситмаси чиқяпти кечалари. Ичиккан, шекилли.

— Буни отангга бориб айт, ўша келиб тинчлантирсин!

— Отамни қўяверсангиз-чи, дадаси! — Ҳамида кўзидан оқиб тушган ёшларни чақалоқнинг йўргагига артиб Матназарга тик боқди. — Феълини биласиз-ку! Ахир, биз сизсиз нима қиламиз? Майли, уйланибсиз, бўлар иш бўпти. Мен сираям қарши эмасман. Фақат… Бизниям ташлаб қўймасангиз бўлгани… Юринг, ҳеч бўлмаса кечгача қизчамизнинг ёнида бўлинг! Зора ўзига келса…

Матназар буни кутмаганди. Ўйланиб қолди. Нима қилишини билмай боши қотди…

— Бўпти, сен боравер, — деди охири бир тўхтамга келгандай. — Орқангдан бораман… Пича ишим бор…

— Ростдан борасизми?

— Ҳа, дедим-ку!

— Унда… Боришингизга овқат қип қўяман!

Ҳамида кетгач, Матназар ўзича ғудраниб қўйди.

— Овқат қилармиш! Аввал ўзингни эплагин, чўлоқ!

 

* * *

 

Қош қорайди. Қаердадир эшакнинг чўзиб ҳанграгани қулоққа чалинди.

«Демак, вақт шомга яқинлашибди, — кўнглидан ўтказди Матназар ҳовлисига яқин келиб қолганда. — Дўкондор ҳозир масжидда бўлса керак. Бирров кираман-у, Марҳаматнинг ёнига қайтаман…»

— Келдингизми? — у ҳовлига кирганда, Ҳамида ўчоқ бошида куймаланаётган экан.

Матназар бу ҳолатни биринчи маротаба кўргани учунми, ҳайрон бўлди: «Бу ҳеч қачон ўчоқ бошида ўралашмасди-ку! Қаёқдан кун чиқдийкин?»

— Келинг, сиз яхши кўрган товуқ шўрва тайёрлаб қўйдим, — деди Ҳамида шоша-пиша сўрига кўрпача тўшаб. — Ўтиринг, мен ҳозир ичкаридан косаларни олиб чиқай! Ана, қизингизни қаранг, сизни соғинганидан йиғлаб-йиғлаб ҳозиргина ухлаб қолди…

— Отанг келмадими? — совуққон оҳангда сўради Матназар қизига бир қур кўз ташлаб олиб. — Ё энди келмоқчими? Шунинг учун мени чақириб келдингми?

— Нега унақа дейсиз? Отам бугун умуман келмайди. Ишлари кўп экан. Чақирган бўлсам, сизни соғинганимиз учунгина чақирдим. Ахир, ўзим бормагунимча ўша хотинчангизнинг ёнидан жилгингиз келмайди!

— Бу ҳаёт, Ҳами, — деди Матназар босиқлик билан. — Пешанада шу кунлар бор экан, нима қилай?!. Қўрқма, сенларни ташлаб қўймайман. Фақат анови отанг…

— Қўйинг, ҳозир отамни гапирманг! — Ҳамида секин туриб келиб Матназарнинг елкасига бош қўйди. — У киши қари одам. Ниманиям тушунарди?.. Мен кўндим-ку ҳаммасига! Агар кўнмасам, олдингизга борармидим? Тақдирга тан берганим учун ўзим бош эгиб бордим. Бўпти, мен овқатни сузай! Ҳадемай қизингиз уйғонса, ҳаммаси ўзингизга қолиб кетади…

Ҳамида оқсоқланганча ичкари уйга кирди-да, косалардан бирининг ичига тайёрлаб қўйган заҳарни солди.

— Бўғилиб ўлишингни бир кўрсайдим, хотинбоз! — дея шивирлади у ташқарига ўғринча кўз ташлаб. — Сени худди ана шунақанги заҳарлаб, қийнаб ўлдириш керак. Ўшанда мендайларнинг қадрига етасан…

 

* * *

 

— Вой, дадаси-ей, қизингизнинг соғинганини айтмайсизми!.. Кетганингиздан бери кўз юммади. Боягина зўрға ухлатиб қўйдим. — Ҳамида ясама илтифотлар билан оғу қўшилган бир коса овқатни секин келиб Матназарнинг олдига қўйди. — Олинг, дадаси, атайин сиз учун тайёрладим бу овқатни. Емасангиз, хафа бўламан… Агар истасангиз, овқатдан… Укангизгаям берворай-а?..

Матназар ялт этиб Ҳамидага қаради. Негадир унинг кўзлари бежодек эди. Устига устак эри кўзларига боқиши билан у дарҳол бошини эгиб олди…

— Матназар, ҳов Матназар!.. — эндигина қўлига қошиқни олиб косага энгашган ҳам эдики, кўча томонда кимдир чақиргандек туюлди.

— Ҳа-а, ҳозир! Мана, кетяпман!..

— Э, бемалол овқатланишгаям қўйишмайди-я!.. — норози тўнғиллаб қўйди Ҳамида. — Қўйинг, чақирса ўлиб кетмайдими ким бўлсаям!?. Овқат совиб қолади.

— Дадангмасмикан ишқилиб? — Матназар эҳтиёткорлик билан ўрнидан туриб кўча тарафга кўз ташлаган бўлди. — Пойлаб келган бўлмасин тағин?

— Дадам келадиган бўлса, чақириб ўтирмай ўзи кириб келаверади. Келинг, овқатга қаранг!.. Биронта оғайниларингиздандир-да!..

— Тўхта, мен чиқиб хабар олай-чи!..

У шошилмасдан юриб бориб кесак девордан кўчага мўралади.

— Э, Қулмат, сенмидинг? Киравермайсанми чақириб ўтирмай!?. — Матназар хўппа семизгина, паст бўйли, қисиқ кўз дўстини кўриб қўл силтади. — Нима, бегонамидинг? Келиб юрган жойинг-ку!..

— Сен уйдамисан-йўқми деб ўйладим-да!.. — Матназар эшикни очиб ташқарига қадам қўйгани заҳоти қучоғини очди Қулмат. — Ҳарқалай, ҳамма гапдан хабарим бор.

— Тўғриси, ошна, бирровга келгандим. Анави қўймади юринг деявериб…

— Менга қара, қайнотанг қарзини қистаб қўймаётганмиш деб эшитиб қолдим. Тўғрими?

— Ҳа, ана, уйниям бузишни бошлаб юборибди қари тулки.

— Йўғ-э, уйни нимага бузади?

— Билмадим…

— Жа бўшсан-да ўзингам!.. — Матназарни койиган бўлди Қулмат. — Шунча гап-сўз ўтибди. Бормайсанми қиморхонага, менга бир оғиз шипшитмайсанми?!. Ўзим келмасам юравераркансан-да индамай-а?..

Матназар индамай бош эгди.

— Энди гап мундай. — давом этди Қулмат ва қўйнидан бир даста пул чиқарди. — Манави икки юз минг сўм. Нақд. Мана шуни олгин-да, қайнотангнинг қарзидан қутул!..

— Э, йў-ўқ, — пулларни қайтадан Қулматнинг қўлига тутқазди Матназар. — Мен сендан пул ололмайман…

— Миямни қотирмасанг-чи!.. Ол дегандан кейин олавермайсанми?!.

— Ахир… Қандай узаман сенга бу пулларни кейин…

— Эртага бер демадим-ку!.. Қўлингга пул тушганда узарсан… Айтганча, менга қара, уйланибсан деб эшитдим… Қалай, яхшимикан? Келишгангинамикан ўзи?.. Ёмонса-ан Матназар!.. Қачон ювамиз энди-а?..

— Фурсати кеп қолар…

— Бўпти, сен дарҳол қарзингдан қутул, дўстим!.. Уйингни буздириб ўтирасанми?!. Пулини бергин-да, яна келиб уйингга ёпишса, орқасига теп! Кучинг етмаса, мана, мени чақир, ўзим тепишвораман!.. Ҳа, кейин-чи… Шийпондан олиб кет хотинингни!.. Билиб бўладими. Ҳозир ёмон одамлар кўп… Яхши қол!..

Қулмат кетгач, Матназар остонада бир муддат тек туриб қолди. Шу лаҳзаларда ҳеч нарсага калласи етмасди. Ахир, Қулмат билан бир синфда ўқиган бўлса-да, ҳеч қачон олди-берди қилиб кўрмаган. Ҳатто, мундоқ ўтириб улфатчилик ҳам қилмаган!.. Нега энди ҳе йўқ, бе йўқ қўлига пул тутқазиб кетди? Ким билсин? Балки, ҳақиқатан ичи ачишганидан шундай қилгандир?.. Қиморда қўли келиб қолган бўлса, ҳотамтойлиги тутгандир-да!.. Ишқилиб, охири бахайр бўлсин!..

У шоша-пиша уйга кириб пулларни сўрида мунғайганча ўй суриб ўтирган Ҳамиданинг қўлига тутқазди-да, дадасига бериб қўйишини тайинлаб индамасдан чиқиб кетди…

 

* * *

 

Шийпон. Тўрт тарафи очиқ айвон ўртасига Марҳамат увадаси чиққан иккита кўрпани тўшабди. Сал нарига ўғли учун кўрпача ёзибди. Ўзи ёнбошлаганча юлдузли осмонга термулган кўйи хаёлга чўмган…

Матназар секин келиб ўринга ёнбошлади. Бирпас иккиланиб тургач, ҳар эҳтимолга қарши болакай томон кўз ташлаб қўйди-да, Марҳаматни бағрига тортди.

— Тўғрисини айтсам, мана энди-энди хотин нима эканини ҳис этяпман. — деди у шивирлаб. — Тасаввур қиласизми, чўлоқ аёлни қучоқлаш қанчалик оғир эканини?.. Сал қаттиқ тегиб кетсангиз, вой-войлаб қоларди. Ё атайин шундай қиламикан-а?..

— Қайдам? — елка қисди Марҳамат Матназарнинг кўксига бош қўйиб. — Чўлоқ бўлиб кўрмаганман.

— Энди менга очиғини айтинг, ростданам эрингиз йўқмиди?

Марҳамат кескин бошини кўтарди.

— Эрим бўлса, шу ерларда сизнинг ортингиздан эргашиб юрармидим? Ё эр устига сиз билан никоҳдан ўтармидим?..

— Аччиғингиз келмасин, шунчаки сўрадим-қўйдим-да! — юпатган бўлди Матназар. — Унда… Ҳа майли, асосийси, бугун анави ифлос қайнотамнинг жағини ўчирдим. Қарзини бериб келдим…

— Боплабсиз… — деди Марҳамат. — Ҳарқалай, энди чўлоғингиз келиб безовта қилмас?

— Келиб кўрсин-чи!.. Лекин барибир… Бу шийпондан бошқа жойга кўчишимиз керак.

— Қаерга кўчамиз?.. Мўлжаллаган жойингиз борми?..

— Билмадим… Эртага бир суриштириб кўришим керак… Ҳа-а, эсимга тушди. Эртага ўша менга пул берган Қулматдан сўраб кўраман. Янги ҳовли қурибди деб эшитганим бориди. Балки, вақтинча яшаб туришимизга рози бўлар-а?..

— Билмадим… Сўраб кўринг-чи!..

— Янги ҳовлиси қишлоқдан анча нарида. Қулоғимиз ҳам тинчирди… Албатта суриштираман бу нарсани… Ҳарқалай, болалар иккита бўлди. Шийпонда яшаб касал-пасал қиб қўймайлик!..

 

* * *

 

Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Қулмат уйида яшаб туришларига негадир розилик билдирмади. Лекин бир йўл кўрсатди.

— Ошна, бу шалоқ аравангни қўй! — деди Матназарга. — Укангниям бекорга қийнаб юрма!.. Уни болалар уйига бериш лозим. Ўзинг бўлсанг… Вей, менминан бир қиморга бориб кўр! Аввал томоша қилиб юрасан. Чўтал бериб тураман. Кўзинг пишиб, қиморнинг нима эканини тушунволганингдан кейин астагина даврага қўшиласан. Қара, мен кам бўлдимми?.. Мендаги пул-чи, ўша қари қайнотангдаям йўқ, билдингми?.. Хоҳласам, дўкон-пўкони билан сотиб олиб қўяман…

Матназар аввалига ўйланиб қолди. Мардонни кўзи қиймасди. Нима бўлганда ҳам укаси. Унга қаттиқ суяниб қолган. Болалар уйига берса-ю, у ерда хор бўлиб қолса, онасининг руҳлари уни кечирармикан?.. Гап-сўзга қолиб кетмасмикан маҳаллада?..

— Сизга тўғри айтибди ўртоғингиз. — деди Марҳамат бу гапни эшитгач. — Ўзим ҳам шуни ўйлаб юргандим. Иккаласиниям берамиз. У ерда жуда яхши қарашади болаларга. Кейин… Менам қаердандир бир иш топиб ишлардим. Бекорга кунни ўтказавермайман-ку, ахир!.. Нима дейсиз?..

— Укамни кўзим қиймаяпти-да!..

— Нима, менинг кўзим қияди дейсизми?.. Сизнинг укангиз бўлса, Шаҳриёр менинг туққан болам. Лекин нима қилайлик? Шароитимиз шундай бўлиб тургандан кейин…

— Буни-ку, майли, бир нима қилармиз. — деди Матназар узоқ-узоқларга ўйчан термулиб боқаркан. — Қулматнинг бошқа бир таклифиям чиқиб қолди-да!..

— Қанақа таклиф? Ишми?

— Ҳа, иш. Қиморга таклиф қиляпти мени.

— Қиморга?.. Вой, сизам қимор ўйнашни биласизми? — кулиб юборди Марҳамат. — Мен билмагандим…

— Нимага куласиз?.. Ким айтди сизга мени қиморни билади деб?.. Қулмат: «Қиморхонага қатна, мен бошланишига чўтал бериб тураман, кўзинг пишгандан кейин даврага қўшилаверасан», деяпти… Шунга бошим қотди…

— Шунгаям бош қотириб ўтирибсизми? Ўша Қулматингиз қарзингиздан қутултирибди. Ҳаммаям икки юз минг пулни қўлингизга тутқазиб қўявермайди. Демак, ўша одам ҳақиқий дўст экан сизга. Менга қолса, бораверинг деган бўлардим.

— Қўрқмайсизми?..

— Вой, нимадан?

— Қиморбоз бўлиб кетишимдан.

— Отам раҳматлиям қимор ўйнаган мен сизга айтсам.

— Йўғ-э!

— Ҳа, ўла-ўлгунча қимор ўйнаб ўтди. Аммо бирор мартаям ютқазиб, борини совурганини кўрмаганман. Қачон қараса, чангали тўла пул юрарди. Ҳамма қариндошларга ёрдам берарди…

— Сизга қойилман! — Марҳаматнинг узун сочларини силаб эркалади Матназар. — Унча-мунча хотин бунақа маслаҳат бера олмайди. Бунақасини биринчи кўришим.

— Эҳ, дадаси, менам сизни одам бўлсин, бири икки бўлсин дейман. Мана, кўчада қолиб сарсон эдим. Сиз шу ерларга опкелиб жонимизга оро кирдингиз. Сизга ёмонлик тилармидим?!. Бораверинг, ажабмас, омадингиз келиб бойиб кетсангиз…

— Айтганингиз келсин!.. — ўрнидан туриб кетишга шайланди Матназар. — Мен ҳозироқ бориб Қулматга жавобини айтаман. Эртага болаларни шаҳарга обориб, болалар уйига жойлаштирамиз…

— Қизчангизданам хабар олиб қўяверинг! — дея маслаҳат берди Марҳамат. — Ҳамидага ёмон гапирманг!.. Эр бермоқ, жон бермоқ деган гап бор. Кўнглини овлаб қўйсангиз, олам соф!..

— Бўпти, кириб ўтарман…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...