НОМАҲРАМ… (6-қисм)

0

 

* * *

 

Ана энди Қулмат ўзини ниятига ета бошлагандек сеза бошлади. Матназарни тузоққа илинтирди. Фақат ишни тобора кучайтириш қолди, холос.

— Хўш, қарзларни бугун узворармикансан? — эртаси куни кечқурун ошиқ тепишдан аввал сўради у. — Бугун омадинг келар?..

— Ҳаракат қиламан…

Кўз очиб юмгунча қимор ҳам бошланди. Қулмат Матназарга яна икки юз минг қарз берди…

Йигитдан омад юз ўгирса қийин экан. Матназар бор пулларни бир ўйинда±қ бой бериб тумшайганча ер чизиб қолди.

— Майли, юр, сенда гапим бор. — уни ташқарига бошлади Қулмат. — Бир гаплашволайлик!..

Ёзнинг сўлим кечаси. Олислардан итларнинг чўзиб-чўзиб увиллаган товушлари, қурбақаларнинг қуриллашлари одамнинг кўнглига ҳузур бахш этарди…

Аммо Матназарнинг икки қулоғи Қулматда. Нима дейишини, қандай янги гап айтишини интиқиб кутар, қарзини орқага суришидан умидвор эди.

— Қарзингни ҳали-вери узишингга ишонмай қолдим. — шошилмасдан гап бошлади Қулмат. — Хўш, энди нима қиламиз?

— Сабр қилиб тургин, бугун бўлмаса эртага ютиб қоларман. — деди Матназар.

— Тикадиган нарсанг қолмади-ку!.. Нимани ютасан? Қарз ошиб бораверади… Уни тўлаш ҳам бор-да!.. Ўзинг биласан, менам жа унақанги ошиб-тошиб кетганим йўқ…

— Хўп, нима қил дейсан? Қандай маслаҳат берасан?..

— Айтсам хафа бўлмайсанми?

— Йўқ, айтавер!

— Марҳаматни гаровга олиб тураман.

— Нима?..

— Эшитганинг, ошна! Бўйнингда етти юз минг қарз турибди. Қўрқма, унга тегмайман. Шундай қилсам, ҳаракатингни қиласан…

— Тўхта, тўхта… — Матназар бир муддат бош чайқаб, айланган бўлди. — Ахир… У хотиним!.. Унга тил теккизма!..

— Ўв, ҳаддингдан ошма, бола!.. — Қулмат яқин келиб Матназарнинг иягидан кўтарди. — Буни қимор деб қўйибди. Ҳали сен учдан бириниям кўрганинг йўқ. Сенга ўхшаб қарзга ботганлар хотинигача тикиб қарздан қутулишган. Бўлмаса, ўлиб кетаверасан. Қиморнинг қоидаси шунақа…

— Шундай дегин?.. Яхши… Фақат… Гаровга олмайсан… Мен бунга чидай олмайман…

— Нима қилай бўлмаса? Айтинг, жа ақлли бўп кетдингиз-ку!..

— Менам ўша сен айтган ютқазганларга ўхшаб Марҳаматни тикаман. Ютсанг, сеники, ютқазсанг, қарзингдан кечасан…

— Ў, шарт зўр-ку!.. Майли, биз рози! Қани, ичкарига кириб бешта-бешта анави зормандадан оламиз-да, ўйинни бошлаймиз унда!..

 

* * *

 

Матназар учун Қулматнинг туйқус таклифи кутилмаган зарба эди. Гарчи, илгарилари у билан улфатчилик қилиб кўрмаган, яқиндан муносабат юритмаган бўлса-да, қиморни ўргата бошлаганидан сўнг, айниқса, уйини очиб бергани сабабли унга кўпроқ ишониб қолганди. Дунёда шундай меҳрибон дўсти борлигидан фахрлана борарди. Афсуски, Қулматнинг нияти бузуқ экан. У Марҳаматга кўз олайтирди. Матназарнинг йигитлик ғурурини синдирди. Қаддини эгиб қўйди…

«Йўқ, — деди Матназар ичида. — Бу йўл билан мени синдира олмайсан. Юрагим уриб турибдими, сендан, албатта, ўч оламан!.. Тўхта, нега у Марҳаматга ёпишиб қолди? Наҳотки, бу аёлнинг ўзи ҳам кўз сузган бўлса? Ҳа, агар кўз сузмаганда, томдан тараша тушгандай бу гапни гапирмасди. Қани, бир юрагига қўл солиб кўрай-чи!..»

Матназар эрта тонгда қиморхонадан чиқиб, қабристонга кетмоқчи эди. Кечқурунги гап-сўзлар, бўлиб ўтган ишлардан сўнг Марҳаматни кўрарга кўзи қолмаганди. Айниқса, юрагида шубҳа уйғона бошлагандан бери унга нисбатан нафрати ошиб борарди. Аммо яна бир текшириб, аёлнинг тилидан ҳақиқатни эшитиш учун Қулматнинг янги ҳовлисига йўл олди…

Шу тобда Қулмат бу уйдан эндигина чиқиб кетган, Марҳамат эса, ўзича кулимсираб, ширин хаёлларга ботганча ҳамон тўшакда эди. Матназарнинг кириб келганини кўриб бирдан ранги оқарди. Даст ўрнидан туриб эшитилар-эшитилмас салом берди. Кўзлари биринчи кунлардагидек тик боқа олмади…

— Сен менга тўғрисини айт, — остонада тик турганча гап бошлади Матназар. — Қулмат билан қандай яқинлигинг бор?

— Нима?.. — Марҳамат лаблари титраб орқага тисланди. — Бу нима деганингиз?

— Қулмат билан муносабатингни айтяпман.

— Ҳеч қанақа… Нимайди?..

— Билмадим, — бош чайқади Матназар. — Негадир кўнглим ғаш. Мен енгилтабиат аёлга рўпара бўлдим шекилли?..

— Нима?.. Ким енгилтабиат?

— Сен енгилтабиат, тушундингми, сен!.. Қулмат қарзлари эвазига сени гаровга олди. Энди сен унинг ихтиёрида бўласан. Мабодо қиморда қўлим келиб сени ютиб ололсамгина менга қайтишинг мумкин. Йўқса… Лекин барибир кўнглим сезиб турибди. Икковингнинг орангда бир гап бор. Буни вақт кўрсатади. Барибир қинғир ишнинг қийиғи чиқади… Билиб қўй, мен бугундан бошлаб бу уйга қадам босмайман. Агар мени яхши кўрсанг, Қулматни инсофга чақирасан. Ўзингга яқин келтирмайсан уни. Яхши кўрмасанг…

— Ўчиринг овозингизни!.. — беихтиёр бақириб юборди Марҳамат. — Кетинг! Кетинг!..

— Ҳалиям кетаман. Ҳеч қайсингни кўришга кўзим йўқ!.. Ифлослар!..

 

* * *

 

Қабристонда одатдагидек сукунат ҳукмрон эди. Фақат қушларнинг онда-сонда чирқиллашларигина бу маконда ҳам ҳаёт мавжуд эканидан дарак бериб турарди.

Матназар онасининг қабри тепасига келиб бир муддат туриб қолди. Анчадан бери келмай қўйганди. Қабр атрофини бегона ўтлар босиб кетибди. У мармартошлар ўрнатилиб, ён-атрофлари супуриб-тозаланган, гуллар очилиб турган қабрларга қараб оғир хўрсинди.

— Она, мен сизни соғиниб кетдим, — тиззалаб ўтириб Қуръон тиловат қилиб бўлгач, шивирлади Матназар. — Биламан, сиздан анча пайт хабар ололмадим. Ташвишларим билан ўралашиб сизниям унутаёзибман, кечиринг, она!.. Нима қилай? Бошимга балолар қузғундай ёпирилиб келди. Сиз тирик бўлганингизда бу ишлар бўлмасди. Чўлоқни олиб бермаган бўлардингиз. Бузуқ аёлларга илакишиб қолмасдим. Энди нима қилишни билмай аросатдаман, она!.. Ёлғиз бошимни қаерга уришни билмайман. Айлана атрофим душман. Ҳаммаси бер, дейди. Нимани бераман?..

Мардондан хавотир олманг! У ишончли қўлларда. Катта бўлса, ўзим яхши жойлардан келин топиб уйлантириб қўяман. Ташлаб қўймайман жигаримни. Мана, ҳозир бу ердан чиқиб тўппа-тўғри Мардонни кўришга бораман. Сиздан салом дейман. Хурсанд бўлади укам ҳам. Майли, она, тинч ётинг! Руҳингиз мени қўллаб турсин!.. Ажабмас, шу балолардан қутулиб, йўлимни топсам… Хайр, энди тез-тез келиб тураман…

Матназар кўз ёшларини енгига артди-да, қабр устини ўт-ўландан тозалади ва истар-истамас ташқари томон юрди…

 

* * *

 

Матназар болалар уйи дарвозасидан ичкарига қадам қўйди-ю, ҳовлида якка ўзи ўйнаб юрган Мардонга кўзи тушиб қўрқиб кетди. Унинг кийимлари анчагина кирланган, оёғидаги шиппаги йиртилган. Ранглари сарғайиб қолганди.

— Сенга нима бўлди, укажон? — укасини бағрига босаркан, сал бўлмаса йиғлаб юбораёзди Матназар. — Ким сени бу аҳволга солди? Мен эмасми? Ўша ифлоснинг гапига кириб сени хор қилиб қўйдимми?.. Айт, бу ердагилар яхши қарашмас эканми-а? Нега индамайсан? Гапирсанг-чи!

— Мени олиб кетинг, ака! — оҳиста пичирлади Мардон ётоқхона томонга қўрқа-писа қараб олгач. — Бу ер ёмон экан. Олиб кетинг!..

— Албатта, олиб кетаман. Қўрқма, шу бугуноқ олиб кетаман сени!.. Қани, тарбиячиларингга учрашайлик-чи!..

Матназар укасини етаклаб ичкарига кирди. Кираверишда семиздан келган бир аёл бошқотирма ечиб ўтирган экан. Бирпас индамай турди. Аёл ҳадеганда бошини кўтарвермагач, аста йўталиб қўйди.

— Келинг, хизмат?! — ниҳоят қўлидаги ручкани бир чеккага қўйиб ўрнидан қўзғалди аёл. — Мардоннинг акасисиз-а, адашмасам?

— Ҳа, мен уни олиб кетмоқчиман, — деди Матназар жаҳлдан зўрға ўзини тийиб.

— Бутунлайми?

— Ҳа.

— Бу мумкин эмас. Сиз болани бизнинг қўлимизга топширгансиз. Энди мактабни тугатиб балоғат ёшига етмагунча ҳеч қаерга олиб кетолмайсиз.

— Мактабни битиргунча ўлиб қолади бу бола. Қаранг, рангини!..

— Бу ердаги болаларнинг ҳаммаси шунақа. Ота-оналарини, яқинларини соғинишади. Укангиз ҳам кўникиб кетади. Хавотир олманг!..

— Йўқ, бунақаси кетмайди. Мен уни олиб кетаман дедимми, олиб кетаман.

— Унда директоримизга учрашинг! Ўша киши ҳал қилади…

Матназар болалар уйида кеч шомга қадар қолиб кетди. Шунга яраша директорни кўндирди. Мардон у билан кетадиган бўлди…

Чиқиб кетишаётганда ойнадан мўлтираганча қараб турган Марҳаматнинг ўғлига кўзи тушди. Тўхтади. Бир муддат термулиб турди. Нимадир демоқчи ҳам бўлди. Аммо… Болага яқин бориб баттар алам ўтида ёнмаслик учун тез-тез юриб кўчага, автобус бекатига йўл олди…

 

* * *

 

Қулматнинг оғзи қулоғида эди. Марҳамат очиқчасига ўзиники бўлганини эслагани сайин кулгиси қистар, Матназарнинг аҳмоқлигини кўз олдига келтириб маза қиларди.

«Бу ҳали кам, — ўйлади у Ҳамида яшаётган ҳовли томон яқинлашиб. — Бунақанги латталарни эзиб, сувини чиқарвориш керак. Ўшанда кўзи очилиб, оқ-қорани танийди, пул топишни ўрганади. Қайнотаси тўғри айтди. Эзавериш, эзавериш керак. Аммо ўша қари тулкиям жа ҳаддидан ошяпти. Шунча ишни қилиб бердим. Ваъда қилган юз долларини бергиси йўқ, шекилли. Бунақаси кетмайди. Қулмат билан ҳазиллашмасин. Куёвини боши берк кўчага олиб кириб бердимми, сўзимнинг устидан чиқдимми, чўзиб қўйсин…»

У Матназарнинг ҳовлисига етганда, кўчанинг икки томонига қараб олди-да, ичкарига қадам қўйди.

Ҳовлида Ботир дўкондор неварасини ўйнатиш билан банд, Ҳамида ўчоқ бошида куймаланарди…

Қулмат Ҳамидани илгари кўп кўрган. Бироқ ҳозирги кўриниши…

Тўлишибди.

«Чўлоқ бўлсаям, яхшигина бўп қопти-ку, — хаёлидан ўтказди у. — Қоматини қара!.. Оббо, Матназар тушмагур-ей, шундай хотининг бўла туриб, қаёқдаги суюқоёққа илакишиб юрсанг!.. Мана кўрасан, шу чўлоғинг ҳам менинг ноғорамга ўйнайди ҳали. Бўш-баёв эркакнинг аҳволи шу. Борини бой бериб юраверади».

— Э, келинг, мулла Қулмат! — неварасини сўрига ётқизиб, унга пешвоз чиқди Ботир дўкондор. — Ҳозир ўйлаб тургандим-а! Қани, ўтиринг!

— Сиз ҳам эсон-омон бормисиз? — пичинг аралаш гап бошлади Қулмат. — Сира тополмасам керак, деб ўйлагандим.

— Нималар деяпсиз? Биз қочиб кетадиганлардан эмасмиз. Ваъда бердикми, бажарамиз. Қизим, чой-пой опкелгин меҳмонга!..

Қулмат қўлида чойнак билан келиб салом берган Ҳамидага ер остидан тикилиб қаради. Шу тобда унинг ногирон оёқ-қўллари кўзига кўринмас, фақат бўлиққина гавдасига, шойи кўйлагини туртиб турган сийналарига суқ билан тикиларди.

— Хуш кепсиз! — унинг хаёлини бўлди Ҳамида. — Яхши келдингизми?

— Раҳмат… Сиз ҳам яхши ўтирибсизми?.. Қийинчиликлар бўлса, айтаверинг, биз хизматда.

— Йўқ, дадаси хабар олиб турибди.

— Ўшани тилингга олма! — қизини жеркиб берди Ботир дўкондор. — Ўшанақа хотинбозга сендақалар ҳайф!.. Оти ўчсин!.. Мана, мен Қулматжонни атайин ёллаганман. Худо хоҳласа, у ярамасни шундай балоларга йўлиқтирсинки, бир кун келиб оёқларингни ўпиб кечирим сўрасин. Дадаси эмиш! Ҳе ўргилдим, унақа дадалардан!..

Қулматнинг қулоғига бу гаплар умуман кирмади. Дўкондордан пулни олди-ю, ортига қайтди. Шу кеча, албатта, Ҳамиданинг ёнига кириши, кўнглига қўл солиб кўриши шарт эди.

 

* * *

 

— Ҳамидахо-он!.. — Қулмат дала тарафдан ҳовлига кириб келиб, чироғи ўчирилган хона деразасидан ичкарига мўралади. «Бу аёл бир ўзи ётишга қўрқмасмикан? Ё менинг келишимни ўзиям кутиб ётибдимикан? Бошқа кунлари чироғи ёниқ турарди. Ёнида кимдир шерик бўлиб ётарди. Бугун негадир чироғини ўчириб олибди», деган фикр ўтди кўнглидан. — Ҳов, Ҳамидахон, ухламадингизми?..

Иккинчи марта чақиргандан кейин чироқ ёнмади, лекин эшик зулфини суғурилгандай бўлди. «Оҳ, — кафтларини бир-бирига ишқалаб қўйди Қулмат. — Худо бераман деса, шу-да!.. Бугун энди чўлоқхон билан бир маишат қилиш ёзилган экан. Ишқилиб, омадим келаверсин!.. Насиб бўлса, бу ойимчани бир додлатай!..»

Қулмат хаёлини йиғиштириб улгурмади. Бошини кўтариб не кўз билан кўрсинки, рўпарасида Матназар турарди.

— Ҳа, эркак, Ҳамидада нима ишинг бор? — сўради у сир бой бермасликка ҳаракат қилиб. — Ё Марҳамат камлик қип қолдими?..

Қулмат тезда ўзини ўнглаб, Матназарга яқинроқ борди.

— Секинроқ, ошна, деворниям қулоғи бор!..

— Қулоғи бўлса менга нима? Менинг одамлардан яширадиган сирим йўқ. Хўш, нега келдинг? Нима ишинг бор?

— Ҳа, энди… Сен уйда йўқ экансан… Шунга… Қайнотанг булардан бирров хабар олиб қўярсиз, деб тайинлаганди.

— Шунақами? Қайнотам билан ҳам тил топишволдингми? Оббо, сен-эй!.. Қайнотамнинг қўшмачилигини билмаган эканман.

— Оғзингга қараб гапир! — кутилмаганда Матназарнинг ёқасидан олди Қулмат. — Сенинг чўлоқ хотинингга зор эмасман. Ундан кўра…

— Нима?.. — Матназар бир зарб билан Қулматнинг қўлларини ёқасидан олиб ташлади ва икки қулоғини маҳкам чангаллаб олди. — Қани, юр, қиморхонага борамиз! Қаршилик қилсанг, шармандангни чиқараман.

— Мени қиморхонада қиладиган ишим йўқ.

— Менинг ишим бор. Иккаламиз ҳисоб-китоб қилиб олишимиз керак, юр, хунаса!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ