НОМАҲРАМ… (8-қисм)

0

 

* * *

 

Орадан бир соатлар ўтди. Матназар ширакайф ҳолда Саримсоқ билан қарта ўйнаб ўтирганди. Тўсатдан уй эшиги очилди-ю, остонада Ҳамида пайдо бўлди. Унинг эгнида қимматбаҳо ялтироқ кўйлак, бўйнида тилла занжир, бармоқлари узукларга тўла эди. Аммо ранги оқариб кетган, кўзлари аланг-жаланг.

Матназар уни кўриб, бир туки ўзгармади. Кайфдан кўзлари қисилган кўйи секин ўрнидан турди-да, икки қўлини белига тираб совуқ кулиб қўйди.

— Нега отамга зуғум қиляпсиз? — ўртадаги жимликни бузди Ҳамида. — У сизларга нима қилди? Ҳозироқ мелисага бориб…

— Овозингни ўчир! — тўсатдан уни иягидан тутиб бошини юқорига кўтарди Матназар. — Ҳаром оёқларинг билан бу даргоҳни босиб келишга қандай ҳаддинг сиғди? Мелисага борармиш. Қўрқади, деб ўйладингми?

— Менинг оёғим ҳароммас. Отамни тинч қўйинг!

— Отанг гуноҳга ботган, — деди Матназар Ҳамидани қўйиб юбориб. — Гуноҳларини ювиши керак.

— Болангизнинг ҳурмати йўқми?

— Нима? Қайси боламнинг? Анови қари эрингнинг хизматини қилиб юрган қизчани айтяпсанми? Мени ўзинг ёмон кўрсатган, «кўрсанг, қочиб кетгин, ўлдириб қўяди», деб тайинлаган қизчани айтяпсанми? Қандай ифлоссан-а? Эрининг устига бировга тегиб, яна ҳеч гап бўлмагандай ҳузуримга келганингни қара! Уялмайсанми?

Бу гапларни кутмаган эканми, Ҳамиданинг боши эгилди. Бир муддат каловланиб тургач, секин эшик томон юрди. Лекин дарров чиқиб кетмади. Остонада тўхтаб қайтадан Матназар томон ўгирилди:

— Кечиринг, отам мажбурлаганди. Эринг мендан қарздор. Мана шу уйини таъмирлатиб сенга хатлаб бераман, келса, қаерда яшаса, яшайверади. Сени бойваччага бериб, ундан қасдимни оламан, деявериб ҳол-жонимга қўймади. Кечиринг! Фақат отамга тегманглар!.

Матназар ҳеч нима демади.

Шу лаҳзаларда Ҳамидага нисбатан шу қадар нафрати ошиб борардики, бўғизлаб ташлашга тайёр эди…

 

* * *

 

Иш анча олдинга силжиб қолгани икки-уч кун ичида Ботир дўкондорнинг дўкони, ўз уйи қўлга киргандан кейин кўрина бошлади. Озчилик бўлишса-да, қишлоқ одамларининг юрагини олишга улгурган тўрт йигит Матназарнинг қўлтиғига кириб ҳовлидан Ҳамидани ҳам, шаҳарлик қари эрини ҳам қувиб солишди. Кўз очиб-юмгунча дўкон қишлоқ гузарига кўчирилди. Ойнаванд эшик тепасига «Супермаркет» деб ёзиб қўйилди.

— Саримсоқ, энди ақлни ишлатиб иш кўрмасак бўлмайди, — деди Матназар, куз кираётганидан дарак бериб битта-биттадан тўкила бошлаган дарахт япроқларини оёғи билан эзғиларкан. — Гап бундай: мен бугун қолган-қутган пулларни чамалаб чиқдим. Бошланишига яна уч-тўрт нафар сенга ўхшаш норғул йигитлардан олмасак бўлмайди. Катта иш бошлашимиз керак.

— Қанақа катта иш? — ҳайрон бўлиб Матназарнинг кўзларига боқди Саримсоқ. — Қимор онда-сонда бўлсаям ўйналиб турибди-ку!

— Э, соддасан, ука! Шу ҳам ўйин бўптими? Катта-катта ўйинлар ўтказиб, мўмай даромад кўриш пайти етди, деяпман. Қиш киргунича яқин атрофдаги қишлоқларга қарашли дўконларниям ўзимизники қилиб олишимиз керак, уқдингми? Битта дўкон билан иш қилиб бўларканми?

— Тўғри айтасиз. Кўпайтирсак, ортиқчалик қилмайди. Айтганча, — Саримсоқ нимадир эсига тушгандек, бошини чангаллади, — Кеча эшитиб қолдим. Шаҳарда эртага катта қимор бор эмиш. Бориб бир ўйнаб кўрмаймизми?..

— Ютқазиб қўйсак-чи? Ҳарқалай, шаҳарликлар биздан кўра кучлироқ.

— Буниям ўйлаб қўйганман. Бордонқишлоқда зўр бир акахон бор. Ошиқ тепишни-чи, «тешиб» қўяркан. Яқинда суҳбатида бўлгандим. «Агар бош бўлиб турадиган одам топилса, шаҳарга бориб бир ошиқ тепгим бор», дегандай қилди. Шуниям ўзимизга қўшволсак, қандай бўларкин-а?

— Ишонса бўладими ўзи унга? Ёши нечада?

— Адашмасам, ўттиз бешларга борган-ов! Жиддий одам. Маҳалласида унга тенг келадигани йўқ экан.

— Бўпти, бу ҳақда ўйлаб кўрамиз. Ҳозир сен боргин-у, Писмиқ билан маслаҳатлашиб спортчи, чаққон йигитлардан уч-тўрттасини топ! Хизмат ҳақини ўзим гаплашаман.

 

* * *

 

Шаҳарда ўтадиган қимор Матназарни ҳам қизиқтириб қўйди. У қиморхонада бир ўзи қолгач, кийимларининг энг яхшиларини танлаб, дазмоллади, соқолини олди. Шундан сўнг куз ҳавосидан нафас олиш ниятида кўчага чиқиб, маҳалласи томон кета бошлади. Чамаси, икки юз метрлар юрди-ёв! Пахта пайкаллари тугаб, қишлоқ бошланадиган жойга етганда, бирдан тўхтади. Анча нарида кимдир келаётгандек туюлди. Қадам ташлашига қараганда, аёл кишига ўхшади. Матназар шарпанинг яқинроқ келишини кутиб турди. Яқинлашиб қолганида эса юраги нақ қинидан чиқиб кетаёзди. Чунки, келаётган одам қизи Жамила эди. Ота экан-да, юраги ҳовлиқиб, қувончини ичига сиғдиролмай қолди.

— Қоронғида нима қилиб юрибсан, қизим? — Жамилани маҳкам қучиб, юзларидан ўпди Матназар. — Бу ерларда нима кўп, ажина кўп!

— Сизни Сотволди амакиникида, деб эшитиб қолгандим, — деди Жамила. — Соғиниб кетдим сизни, дадажон!

— Ўзимнинг асал қизим-ей! Соғинсанг, бир ўзинг қоронғида чиқиб келавердингми?

— Мен қоронғидан қўрқмайман.

— Шунақами? Яша! Хўш, уйда, қишлоқда нима гаплар? Тинчликми ишқилиб?

— Бобом тўполон кўтариб юрибди. Ҳар куни ичиб келиб, аямга кун бермайди.

— Ичиб келиб? Йўғ-э!

— Ҳа-да, бугун пешинда ичволиб масжидга кирган экан, имом олдига солиб қувибди. Дада, сиздан бир гап сўрасам майлими?

— Сўра, қизим!

— Аям сизни ҳалиям яхши кўради. Бизни ташлаб кетманг, дадажон!

Бу гапдан Матназарнинг нақ мияси отилиб кетаёзди. Танаси титраб, пешанасида совуқ тер пайдо бўлди.

— Бу гапни сенга ким ўргатди? — сўради у Жамиланинг икки юзидан тутиб.

— Ҳеч ким ўргатгани йўқ. Аям ҳозирам йиғлаб ўтирибди.

— Шунақа дегин? Сен хавотир олма! Аянг бугун йиғласа, эртага, албатта, юпанади.

— Уйимизга қайтмайсизми? Анови қари амаки кетди-ку!

— Қизим, ўзинг ақлли қизсан-ку! Шунча ишлардан сўнг қандай қайтаман? Тўғри, сени жонимдан ортиқ кўраман. Аммо аянг мени қаттиқ ранжитган. Буни катта бўлганингда тушунволасан.

— Мен-чи? Мен сизни соғинсам-чи?

— Соғинтириб қўймайман сени. Ўзим тез-тез хабар олиб тураман, хўпми? Ма, манови пулларни олиб, эртага бозордан ўзингга чиройли кўйлаклар сотиб олгин!

Матназар чўнтагидан бир даста пул чиқариб, Жамиланинг қўлига тутқазди.

— Энди, юр, сени қишлоққача кузатиб қўяй! Эрта-индин яна кўришамиз.

 

* * *

 

«Онамнинг бошига бориб келмасам бўлмайди, — кўнглидан ўтказди Матназар, қизини кузатиб ортга қайтаркан, кайфи борлиги ҳам ёдидан кўтарилиб. — Онамга ичимдагиларни тўкиб солсам, ажабмас, енгил тортсам».

Онасининг қабри атрофи илгари хийла бўш эди. Кейинги пайтларда оёқ босишга жой қолмабди. Ҳаммаси янги қабр.

«Бирпасда шунча одам ўлиб кетдими, — дея ғудранди у таниш қабрга яқинлашиб. Одамларга аралашмаганнинг оқибати шу-да! Ие, бу нимаси?»

Матназар қўлидаги гугуртни чақиб, рўпарадаги қабр тепасида тик турган илонга қўрқув аралаш тикилиб қаради. Илоннинг кўзлари чақнар, оғзини каппа-каппа очиб, «виш»илларди.

— С-сен нега менга тикилиб қолдинг, — телбаларча гапира бошлади Матназар. — Менда нима қасдинг бор? Йўқол! Қаердан чиққан бўлсанг, ўша ёққа даф бўл!

Илон бир лаҳза тебраниб тургач, тўсатдан бошини қабр устига қўйиб, оҳиста Матназар томон судралиб кела бошлади. Оёқлари остига етганда тўхтади.

Бу маҳалда Матназарнинг ҳуши ўзида эмасди. Гўёки, жонидан умидини узган, тош қотганча илоннинг чақишини ва шу заҳоти йиқилиб жон бериш палласини кутарди.

Йўқ, ундай бўлмади. Илон бошини Матназарнинг оёқлари устига босиб, бир неча маротаба суйкалди. Сўнгра оҳиста ортига қайтиб, бояги ўзи тик турган қабр ичига кириб кетди.

— Падарига лаънат, — Матназар орқа-одига қарамай кетиб борарди-ю, тинмай сўкинарди. — Қаердан ҳам келдим ўзи? Чақволса нима бўларди? Қизиқ, нега энди бу илон менинг оёқларимга суйкалди? Ё арвоҳмикан? Сўраб кўриш керак билган одамдан.

У ранги оқариб, қиморхонага яқинлашиб келганда, дарвоза рўпарасида қандайдир бегона машина турганини кўриб, ҳушёр тортди.

 

* * *

 

Матназар ҳовлига кирибоқ ичкари хонага назар солди. Хонадан Саримсоқнинг кулгиси эшитилар, бу кулгига яна қандайдир таниш овоз жўр бўларди.

«Ким бўлдийкин? Негадир овоз таниш. Қаерда эшитганман бу овозни?»

Ниҳоят эшикни очиб ичкарига кирди. Не кўз билан кўрсинки, эшикка орқа ўгирган ҳолда кенг елкали, орқа сочи ўсган, эгнига қимматбаҳо костюм кийган Мардон ўтирарди.

У ҳам эшик очилганини кўриб шошилинч орқасига ўгирилди ва бирдан ранги ўзгарди. Қошлари чимирилиб, кўзлари катта-катта очилди.

— Укажон! — Матназар ўртадаги сукутни бузиб қучоғини очганча Мардонга яқинлашди. — Катта йигит бўп кетибсан, укажон! Кел, нега жим турибсан?

Мардон бир қадам орқага ташлади.

— Мен сиз билан кўришмайман. — деди лаб тишлаб.

— Нега? Нима гап?

— Чунки. Сиз тошбағир одамсиз.

— Ука, қаердан олдинг бу гапларни?

— Шу пайтгача, «қаерда юрибди, қандай тирикчилик қиляпти», дедингизми? Тўғриси, ҳозир бу ерга, билмасдан келдим. Агар шу ерда эканингизни билсам…

— Йўқ, бу гапларни қўй! Биз туғишган ака-укалармиз. Бошимдан қандай ишлар ўтганини ҳеч ким билмаган тақдирда ҳам сен яхши биласан. Қара, бўйинг чўзилиб, катта йигит бўпсан. Мен ҳам сени қачонлардан бери қидирардим. Аммо топа олмадим.

— Яхшилаб қидирсангиз, топардингиз. Худога шукур, ҳозир ҳаётим ёмонмас. Оёққа турволдим қийналиб бўлсаям.

— Ука, — деди Матназар Мардоннинг елкасига қўл ташлаб, — Бу гапларнинг мавриди эмас ҳозир. Биласанми, биз катта иш арафасида турибмиз. Сенам шерик бўлсанг, ёмон бўлмасди. Айтганча, кўчадаги машина сеникими?

— Ҳа.

— Хурсандман! Укам машина сотиб олибди-ю, мен аҳмоқ билмай юрибман. Бўпти, Саримсоқ, ичкилик опчиқ! Бугун укам меҳмонимиз бўлади. Қолган гапларни кейин гаплашамиз.

Мардон ҳеч нима демади. Саримсоққа қараб кўз қисиб қўйди-да, секин бориб диванга чўкди.

 

* * *

 

Шаҳарда бўлиб ўтадиган қимор Матназар учун жуда муҳим эди. У ерда «катта ака»нинг шахсан ўзи иштирок этаркан. Ўша одамнинг назарига тушиш ҳар қандай қиморбозни ё яхши, ё ёмон томонга буриб юборади. Ёқиб қолсанг, сен ҳам унинг товоғидан ош ейсан. Ёқмасанг, адойи тамом бўлганинг ўша.

Матназар таваккал қилди. Мардонни ўзига тансоқчи қилиб тайинлаб, Саримсоқ, Писмиқ ҳамроҳлигида эрта тонгдаёқ шаҳарга жўнади.

Мардон илгари бу тахлит ишлар билан шуғулланиб кўрмагани учунми, аввалига тушунмади. Акасининг ўзини тутиши, ёнидагиларнинг қуллуқ қилиб туришлари кулгисини қистатаверди. Бироқ шаҳарга етиб, ҳашаматли бинога кириб келганларидан сўнг…

Ҳовли анча катта эди. Чамаси ўн беш-йигирматача хона бор. Ҳаммаси европача таъмирланган. Ҳовлининг ўртасига фаввора ўрнатилган. Куз, ҳаво салқин бўлганига қарамай, фавворани ёқиб қўйишибди.

Бу ташрифни Саримсоқ ташкил этгани сабабли, ўзи дарров олдинга ўтиб, Матназарни ичкарига бошлади.

Турма кўрган эмасми, Матназар ўзини йўқотмади. Остонада қўл қовуштириб турган хизматчиларга менсимайгина салом бериб, ичкарига кирди. Тўғриси, ҳеч кимга сир бой бергиси келмади.

— Э, меҳмон, келинг, — хонада ўн чоғли эркак ўтирарди. Улар орасидан калбош, қориндор, ўсиқ қошлари буралиб-буралиб кетган ёши олтмишлар оралиғидаги бир эркак ажралиб чиқиб Матназарга қўл узатди. — Қани, тўрга ўтсинлар!

Танишишди. Ҳали «катта ака» келмаган экан. Бошланишига бир пиёладан ичкилик, бир сихдан кабоб еган бўлишди.

— Бугун бизни би-ир ҳайрон қолдирасиз-да! — деди ўзини Мерганбой деб таништирган бояги қориндор. — Бек акамиз одам ўлдириб турмада ўтириб чиққанларни ҳурмат қиладилар. Исмлари Исроил ака. Лекин биз у кишини ҳурмат юзасидан Бек ака деб атаймиз. Сиз ҳам билиб қўйсангиз зиён қилмайди. Э, мановиларнинг ола қарашларига эътибор қилманг! Танимасни- сийламас, дейдилар.

— Мен майда-чуйда нарсаларга эътибор қилмайман, — бўш келмади Матназар. — Ҳарқалай, ҳаёт кўрганман. Ҳали, насиб этса, бу йигитлар билан ака-укадай бўп кетамиз.

— Қани, у ёқ-бу ёққа қараб қўйинглар, — эшик очиб, остона ҳатлаган қорагина бир хизматчи ўтирганларни туришга ундади. — Бек акам келдилар!

Шу заҳоти барчалари ўрнидан туриб, қўлларини кўксига қўйганча «катта ака»ни кута бошлашди.

У узоқ кутдирмади. Ўрта бўйли, юмалоқ юз, мушакларига қараганда спорт билан узоқ вақт шуғулланган, кўз қарашлари бургутникидай ўткир ва сирли, қирқлардан ўтган эркак экан.

Кириб ҳамма билан бир-бир сўрашиб чиққач, кўрпачага ўтириб юзига фотиҳа тортди:

— Омин, ҳамманинг омадини берсин, Оллоҳу акбар!.

Шундан сўнг Матназарга юзланди.

— Хўш, ука, ишларинг қалай?.

— Яхши, — жавоб қилди Матназар, Бек аканинг кўзларига тик боқиб. — Сояи давлатингизда тирикчилигимизни қилиб юрибмиз, ака!

— Шунақа дегин? Бу маъқул. Қилиб юрган ишларингдан куни кеча хабар топдим. Бугун ишончимизга кирсанг, сенбоп зўр иш бор. Ўшани бўйнингга юклаймиз.

— Қўлдан келганича, ака, — бош эгди Матназар. — Биз ишдан қочмаймиз!

— Қани, ўйинни бошлаймиз унда!

Мерган ака даст ўрнидан турди-да, ўртадаги дастурхонни йиғиштириб, Бек аканинг қўлига ҳали очилмаган янги қартани тутқазди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...