ТАТАР КАМПИР…

0

 

* * *

 

Етмишдан ўтган, узоқ йиллик бел оғриғи қаддини эгиб қўйган Нина холанинг уч хонали квартираси хориж мусиқаси, қичқириб сакраётган маст-аласт эркак, аёлларнинг дупур-дупуридан зир титрарди. Нина хола балконнинг бир четида мунғайиб ўтирган кўйи ўзича ғудраниб қўярди.

— Илойим ер ютсин сендай келинни!.. Биламан, Марат ўғлимни шу ниятда қаматгансан. Ўйнашларингминан ҳиринглашолмасдинг-да болам борида!.. Худо жазоингни берсин илойим!..

— Ҳой кампир! — Нина хола таниш, ёқимсиз товушни эшитди-ю, юраги ҳаприқиб, жонҳолатда ўрнидан туришга тутинди. — Нимага қаҳва дамланмаган ҳалигача? — семиздан келган, баланд бўйли, сийналарининг ярми очиқ Зина икки қўлини белини тираганча кампирни сўроққа тута бошлади. — Нимага кўзингни лўқ қилиб турибсан? Бор қаҳваларни тайёрлаб қўй! Биз фол очамиз!..

— Б-бўпти, келин! — дея олди зўрға Нина хола қалтис ҳаракат қилиб қўйдими, оғриқ турган белига икки кайфтини босиб. — Ҳозир дамлаб бераман!..

— Фол очмай дўзахга дўмбира бўлгин! — ичкари уйга кирибоқ қичқириб рақс туша бошлаган келинининг кетидан қарғана-қарғана ошхонага ўтди Нина хола.

Одам қариса, қўллари ҳам титрайверадиган бўлиб қолади шекилли. Аксига олгандек, сув қайнаётган чойнакни тутқичидан ушлаб стол томон олмоқчи бўлганди, тутқич тутган қўлларида беихтиёр титроқ турди. Чойнак полга ағанаб қайноқ сув шолча устига тўкилди. Бу орада Зина ваннахонага кириб кетаётганди. Тарақлаган товушни эшитиб югурганча ошхонага кирди.

Нина хола нима қилишни билмай бир четда қотиб турарди.

— Вой Худойи-им!.. — чапак чалиб сўкина бошлади Зина. — Бу ношуд кампирнинг дастидан қаерга қочай-й?.. Нима қилиб қўйдинг?.. Энди бир камим сенинг орқангдан ахлатингни тозалашмиди?.. Расво қилдинг-ку шолчамни, яшшамагур!.. Буёққа юр, қаримай ўлгур!..

Зина кутилмаганда Нина холага ёпишиб йўлак томон судради.

— Ҳой, нима қилаяпсан? Ўлдириб қўясан-ку кампирни!.. — бақир-чақирни эшитиб йўлакка чопиб чиққан эркак-аёл улфатлар Зинани тортқилай кетишди.

— Қўйворларинг мени! — Зина уларни силтаб ташлаб ташқари эшикни очди. — Йўқол!.. Бу менинг уйим!.. Ўғлингнинг уриб-тепганлари етади! Энди сенам ўша ярамас болангнинг ёнига бориб яша!..

 

* * *

 

Нина хола нималар бўлаётганига ҳамон тушуна олмасди. Ташқарида қиш ҳукмрон. Шу куни қор бўралаб ёғарди. У уй орқасига ўтди-да, камзулига қаттиқроқ ўралиб катта кўчага боқди.

— Ие, бу қанжиқ мени ўз уйимдан ҳайдамоқчими? — орадан беш-ўн дақиқа ўтиб ҳушёр тортган Нина хола учинчи қаватдаги квартираси деразаси томон қараб лабларини тишлади. — Нимага? Ўғлим бечорани-ку, минг хил туҳматлар билан қаматди. Бўлмаса, менинг болам умрида бировни чертмаганди. Ўзи йўқ ердан жанжал чиқарди. Ичволиб бошини деворга уриб қонатди-да, ҳаммасини Маратимга тўнкади… Э, бўшанг бўлмай қурсин шу болам ҳам!.. Милисаларнинг тепкисидан қўрққан-да! Йўқса, қилмаган ишини қилдим деб ўзини дор остига тутиб берармиди… Йўқ, ҳайдаб бўпти бу мегажин!.. Ғинг десин, қўшниларни чақираман… Бошқаларидан умид қилмасам ҳам ҳеч бўлмаса, чекка подьезддаги ўзбек қўшнилар чиқиб ажратиб олишар!.. Мусулмон-ку!..

Нина хола дадил тортиб ортга қайтди.

Сезди. Подьездга кираётганда биринчи қаватда яшайдиган ўрис қўшнилар қараб-қараб қўйишди…

Бе, улар томоша кўришни билишади. Ўтган йили Марат кайфи ошиб қолган хотинига бақиргандаям биттаси қорасини кўрсатмаган. Эшик тирқишидан қулоқларини динг қилиб мириқиб эшитишган холос…

 

* * *

 

Нина хола қўрқа-писа квартираси эшигига яқин борди. Эшик ланг очиқ эди. Залнинг эшиги ҳам ёпилмаган. Зина полда сонлари очилганча думалаб ётар, айлана атрофига қусиб ташлаганди.

Нина хола ижирғаниб оғиз-бурнини кафтлари билан ёпиб секингина хонасига кириб олди.

— Худога шукр, — деди у эшикни ичкаридан тамбалашга тутиниб. — мастлигиям менга яхши бўлди. Совуқда қотиб ўлмайдиган бўлдим. Ўлиб кетсин қусиғига беланиб!..

Кампир сим-сим оғриётган белини, оёқларини дамба-дам уқалай-уқалай каравотига чўзилди.

Кекса одамга бундан ортиқ истироҳат бормиди. Озгина бўлсин, юмшоқ кўрпада чўзилиб ётса, чарчоғи чиқади, аламларини унутади…

 

* * *

 

Тонг отганмиди, йўқмиди, Нина хола англай олмай қолди. Билгани, ҳали ташқари қоронғи эди.

Ёқимсиз товушдан уйғониб кетди.

Не кўз билан кўрсинки, тепасида кўзлари қизариб, оғзидан сўлаклари оққанча қўлида ошпичоқ тутган келини Зина чайқалиб турарди.

Нина хола азбаройи қўрқиб кетганидан даст бошини кўтариб ёстиғини маҳкам қучоқлаб олди.

— Менга қара, кампир, — дея Нина холага яқинроқ келди Зина. — майли, мастлигимдан фойдаланиб кирибсан. Ҳеч нарса демайман. Лекин бир шартимни бажармасанг, мана шу пичоқминан нақ сўйиб ташлайман! Менинг йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ!.. Эшитдингми-йўқми?..

— Э-эшитди-им… П-пичоғингни ол нари!.. — қўрққанидан бошини икки қўли билан беркитди Нина хола.

— Овозингни чиқарсанг, қўшниларнинг олдида шарманда қилсанг, ўзингдан кўр! — давом этди Зина. — Ё… Айтасанми-а?..

— Йўқ… Айтмайман… Ўлдирма… Тегма менга!..

— Мана бу бошқа гап. — иякларидаги сўлакларни кирланган кафтлари билан арта-арта совуқ тиржайди Зина. — Энди қулоқ сол. Ҳозироқ сенинг номингдан ариза ёзаман. Сен имзоингни қўйиб берасан. Хўш, розимисан?..

— Қ-қанақа ариза?.. — келинига ҳам ҳайрат, ҳам ваҳима аралаш тикилиб сўради Нина хола.

— Кейин биласан. Ҳозир жимгина ётиб кут!..

 

* * *

 

Нина хола келинининг хоҳишига қарши ҳеч нарса қила олмади. Гарчи, аризанинг нима эканини тушунмаса-да, қандайдир муҳим ҳужжатлигини юраги сезди. Аммо бош тортишга қўрқарди. Зинанинг важоҳати бунга йўл бермасди.

— Ана бўлди. — дея оппоқ қоғозни сийналари орасига беркитди Зина. — Манави пулни олгин-да, қури бу уйдан!..

Нина хола итоат билан келини тутқазган бир даста икки юзталикни қўлига олди.

— Нега қараб турибсан? — ўшқирди Зина. — Бўл тез! Ҳали замон меҳмонларим келишади. Билиб қўй, бировга чурқ этсанг, жонинг мени қўлимда, тузукми?

— Индамайман, болам, индамайман. — ҳарсиллай-ҳарсиллай чит рўмолга енгил кийимларини тугиб Нина хола ташқарига йўналди. — Фақат… Урмасанг бас!.. Айтганча… Қачон келай?.. Кўча…

— Ўзим чиқиб олиб келаман. — Зина кампирнинг ҳеч нарсага тушунмаганига тўлиқ амин бўлди чоғи, алдашга ўтди. — Меҳмонларим кетишиминан олиб келаман. Ўлмайсан бирпас кўча айланиб турсанг.

— Унда… Манави тугунни қолдира қолай. — деди Нина хола. — Хонамга қўйиб…

— Э, йўқот исқиртларингни!.. — уни жеркиб ташлади Зина. — Қарашга одам жирканади. Тез бўл!.. Намунча имиллайверасан?..

Нина хола таёқ еб қолмаслик учун букчайган қаддини қўллари билан тутиб пилдираганча ташқарига йўл олди.

 

* * *

 

— Келин бўлмай ҳар нарса бўлсин-да, шуям! — қор учқунлай бошлаган қоронғи кечада номаълум манзил томон кетиб борарди Нина хола. — Шундай совуқда мени ҳайдаб солди-я!.. Шунчалик ҳам шафқатсиз бўладими?!. Энди қайга бораман? Кимнинг эшигини ярим кечада тақиллатиб кираман? Қариндош-уруғим бўлмаса. Қўшниларга айтишга… Э, йўқ, ўлдириб қўяди ярамас. Айтди-ку бировга гуллаб қўйма деб!.. Тўхта, шу совуқда қачонгача изғиб юраман ўзи? Қачон чиқади-ю, қачон олиб кириб кетади? Умуман чиқмаса-чи? Совуқда қотиб ўлсам-чи?.. Йўқ, милисага бораман. Ҳа, ими-жимида бор гапни айтаман. Ўшалар мени ҳимоя қилмаса, хароб бўладиганга ўхшайман. Милисаларнинг олдида менга қўл кўтара олмайди. Эҳ, қаерда экан милисаси ўзи?.. Ўғлимни қамаганда қайси йўлдан боргандим-а?..

Нина хола негадир дарахтзорни кесиб ўтмоқчи бўлиб чапга қайрилди ва қадамини тезлатди.

Шу пайт ўн-ўн беш қадамча нарида каттакон итга кўзи тушиб таққа тўхтади. Ит кўзлари ёниб Нина холага тикилганча ирилларди.

— Кет!.. — қўл силтаб уни ҳайдашга тутинди Нина хола. — Тур кет!..

Ит қимирламади. Аксинча қаттиқроқ ириллай бошлади.

— Бу кетадиганга ўхшамайди! — ранги оқариб астойдил ўтириб олди Нина хола. — Худонинг юборган қарғиши бўлмай ўлгур!.. Еб қўймаса гўргайди!.. Вой-вой-ей-й!.. Энди бунисиям бормиди менга?!. Ё… Қилган гуноҳларим учун жазоимни бераяптими Худо?.. Ёшлигимда қандай эдим ўзи? Анави Зина қанжиққа ўхшаган баттолмидим? Йўқ, унақа эмасдим. Бировни беҳуда хафа қилмасдим…

Ҳа-а, ойимминан дадамнинг олдига Мишани етаклаб келганим ёдимда. Қуриб кетсин. Ёшлик эканми, қаҳвахоналарда ўтириб қизил вино ичишни хуш кўрардим. Айниқса, Миша билан танишганимдан кейин Худо берганди… Ишқилиб, мана шу ичкилик туфайли ихтиёримни унга топшириб қўйдим. Ота-онамнинг кўнглини оғритдим. Буям етмагандай, уларга зарда қилиб уйдан чиқиб кетдим. Мишани ташлаб Мардонни топдим. Нима кўрдим? Маратимни орттирдим. Эр ҳам ҳеч қанча эрлик қилмади. Қамалди кетди. Мен яна зарда қилдим. Уни кўриш учун турмага бормадим. Қамоқдан келгач, болани кўрсатмадим. Мардон ҳам ташлаб кетди…

Майли, пешонамга ёзилгани шу экан. Ҳар ким экканини ўради-да!.. Ҳаммаси ўзимдан. Ёшлигимда тузук-қуруқ одам бўлсам, шу кунларни кўрмас эдим. Майли, энди итдан қандай қутулай? Яшшамагур кўзини лўқ қилиб турибди…

— Ҳа, қорнинг очдими? — аста-секин ўрнидан қўзғалишга уринди Нина хола. — Мени еб қўясанми? Қари кампирни-я?.. Тўхта, ҳозир…

Нина хола нимадир ёдига тушгандек, шоша-пиша тугунини ковлаштирди. Кийимлар орасида бир бурдагина нон бор эди. Шуни олиб итнинг олдига ташлади.

Ит нонга андармон бўлишидан фойдаланиб қолиш илинжида эҳтиёткорлик билан ортга тислана бошлади. Бироқ ит нонга қараб ҳам қўймади. Нина хола томон юрди.

— Вой!.. Қоч!.. Даф бўл!.. Ит бўлмай ўлгур, йўқол!..

Кампир совуқ жонидан ўта бошлаганини-да унутиб қочишга тушди. Йигирма-ўттиз қадам наридан анҳор оқиб ўтган экан. Пишқириб оқаётган анҳор бўйига келиб таққа тўхтади.

— Тўхта дедим! — аёздан лаблари титраб қичқирди Нина хола ириллашни бас қилиб думини ликиллатганча яқинлашиб келаётган итга. — Агар тўхтамасанг, ўзимни сувга ташлайман!.. Сенам, анави Зина мегажинам қутуласанлар мендан!.. Тўхтайсанми-йўқми?..

Жонивор нимани тушунсин. Кампирга жуда-жуда яқин келиб қолди.

— Энди ўзингдан кўр! — сувга сакрашга чоғланди Нина хола. — Билиб қўй, ўлсам сен айбдор бўласан. Ҳамма сендан кўради!.. Мана сенга!..

Нина хола кўзларини чирт юмиб ўзини сувга ташлади.

Кучли оқим уни бир зумда анҳорнинг ўртасига тортиб кетди.

 

* * *

 

Шу тобда икки-уч эркак ширакайф ҳолда боғ ичидан ўтиб боришарди. Улардан бири чўкаётган кампирни кўриб қолди-ю, анҳорга қараб чопди…

Нина хола икки соатлар чамаси вақт ўтиб касалхона палатасида кўзини очди. Ҳарқалай, сувга тўйиниб улгурмай қутқариб қолишибди…

Қўл-оёқларини қимирлатиб кўрди. Жойида. Худди ёмон бир туш кўрган каби узоқ муддат шифтга термулиб ётди. Нималар бўлганини эслашга уринди. Хотири панд бериб қўяверди…

Шу маҳал палата эшиги очилиб баланд бўйли, башанг кийинган, қўлида жилд тутган қирқ ёшлар атрофидаги эркак ичкарига кирди ва эшикни маҳкам ёпиб Нина холанинг тепасига яқин борди.

— Хўш, хола, тузукмисиз энди? — сўради у кулимсираб. — Ҳеч қаерингиз оғримаяптими?

— Йўқ, яхшиман, болам. — деди Нина хола ва секин ўрнидан туриб ўтирди. — Сиз ким бўласиз?..

— Менми?.. — бош қашиб қўйди эркак. — Барибир танимайсиз.

— Ҳа-а, сизми мени сувдан чиқариб олган?

— Мен эмас. — эркак Нина холанинг оёқ тарафига чўкиб жилд ичидан бир сурат чиқариб узатди. — Энг асосийси тирик қолдингиз. Хў-ўш… Энди хафа бўлмасангиз, сиздан баъзи нарсаларни сўраб олсам-а? Айтганча, мен прокуратура терговчиси Мансуров Халил бўламан. Мана бу суратдаги аёлни танийсизми?

Нина хола суратни кўрди-ю, юзини терс буриб олди.

— Танийсизми, хола? — сўрашда давом этди терговчи.

— Танийман. Танимайин мен ўлай… Ўша қанжиқни деб сувга тушиб кетибман-да!..

— Қўйинг, ёмон сўзларни тилга олманг… Демак, кечаси юз берган воқеаларни ҳам яхши эслайсиз?

— Кечаси? Нима бўлди кечаси?.. Мен… Сувга тушиб кетдим-да, болам!..

— Сиз марҳума Зина Ринадова билан жанжаллашиб қолгансиз. Кейин… У маст бўлиб ухлаб қолганидан фойдаланиб, уйга ўт қўйгансиз-у, боққа бориб анҳорга ўзингизни ташлагансиз. Хўш, тўғри топдимми?..

— Марҳума?.. Ким марҳума?.. — Нина хола юраги безовта уриб сал қурса ўрнидан туриб кетаёзди.

Белида пайдо бўлган оғриқ туфайлигина қайтадан ўтириб олди.

— Ким ўлди?.. Зина ўлдими?..

— Ҳа, сиз ўт қўйгансиз-у, келинингиз олов ичида қолиб кетган…

— Ким ўт қўйибди?.. Мен-а?.. Ким айтди?..

Нина хола оғриққа ҳам эътибор қилиб ўтирмай, даст ўрнидан турди.

— Қани, ким айтди мени ўт қўйди деб?..

— Ўзингизни босинг, хола!.. Ўзингизни қўлга олинг!.. Мана, далиллар етарли!..

Терговчи қайтадан жилдини очди-да, қоғоз олиб Нина холага тутқазди.

— Бу нима? — сўради Нина хола. — Бу нима ўзи?

— Бизга маълум бўлишича, келинингиз сизнинг номингиздан уйни хатлаб беришингиз ҳақида сохта ариза ёзиб, имзо чекишга мажбур қилган. Ростми?

— Ҳа, рост! — жонланиб кетди Нина хола. — У менга мана шу қоғозни тутқазиб имзо чекишга мажбур қилди. Томоғимга пичоқ тираб олди.

— Кейин сиз қўл қўйдингиз. Шундайми?

— Қўяман-да! Жон ҳаммагаям ширин.

— Қўни-қўшниларни чақириб чиқмадингизми? Дод-вой қилмадингизми?

— Бе, қўшнилар чиқармиди. Томоша қилиб тураверишади улар. Одамнинг ўлиб кетганиминан ишлари йўқ. Қолаверса, Зина «Бировга чурқ этсанг, ўласан» деб қўрқитди.

— Шундан кейин сиз хонангизга кириб ётдингиз… Зинанинг маст бўлиб уйқуга кетишини кута бошладингиз…

Нина хола индамади…

У ҳамон тушуна олмасди. Кутилмаган гаплар… Зинанинг ўлими…

— Уй ёнди дедими? — миясида нуқул шу савол айланарди. — Нега ёнади?.. Ким ёқади?.. Вой шўрим! Энди нима қиламан? Қаерда яшайман?.. Болам-чи?.. Қамоқдан келса нима қилади?.. Қаердан бошпана топади?..

— Хола, мени эшитаяпсизми?.. — орадаги сукунатни бузди терговчи. — Саволимга жавоб бермадингиз-ку!..

— Нима?.. Нимани сўрадингиз?

— Марҳуманинг уйқуга кетишини кутдингизми?..

— Йў-ўқ… Нега кутарканман?..

— Хола, тушунинг, ёшингизни ҳурмат қилиб қаттиқ гапирмаяпман. Ахир, сих одам ўлдиргансиз!.. Бунинг учун сизга камида ўн йил беришади. Шуни биласизми?..

— Нима?.. — Нина хола кўзлари ола-кула бўлиб терговчига қаттиқроқ термулди. — Қамайсизми мени?.. Қамайсизми-а?.. Бўпти, қамай қолинг!.. Уйимни ёниб кетди деяпсиз-ку!.. Борадиган жойим қолмабди. Майли, ўша қамоғингизда яшаб тура қоламан…

Терговчи бу гаплардан жиғибийрони чиқиб қўл силтаганча нари кетди.

Шунда палата эшиги очилиб остонада ёши элликларга борган, тўладан келган бир эркак пайдо бўлди.

— Кечирасиз, сиз терговчимисиз? — сўради у бир Нина холага, бир Халил Мансуровга жавдираб.

— Ҳа, мен. — деди терговчи эшикка яқин келиб. — Ўзингиз-чи?..

— Менми? Мен мана шу кампирнинг қўшниси бўламан. Исмим Норқул.

— Вой, Норқулжон, бормисан? — Нина хола таниш чеҳрани кўриб беихтиёр жонланди. — Қара, манави одам мени қамайман деяпти!.. Энди ўша ерда яшайманми, болам?..

— Хўш, менда нима ишингиз бор эди? — кампирнинг сўзини бўлиб Норқул акага юзланди терговчи.

— Биласизми… — деди у чўнтагидан дастрўмолча чиқариб пешонасидаги терларни артаркан. — Холанинг айби йўқ. Буни кечаси шерикларингизгаям келинингиз айтган экан. Негадир улар қулоқ солишмабди.

— Нега қулоқ солишмайди. Нима деган экан ўзи?

— Очиғини айтаман. Кечаси Нина холаникида катта зиёфат бўлганди. Биз бунақанги шовқинларга кўникиб кетганмиз. «Ҳа энди, келини тағин улфатлариминан ичаяптикан-да!» дедик-у, қўл силтаб қўя қолдик. Ёнғин ҳам Нина хола чиқиб кетгандан кейин икки соатлар ўтгач бошланган… Ҳаммамиз йиғилиб оловни ўчирдик. Жасадни ҳам ўзимиз олиб чиқдик. Кейин билсак, Зина кампирни мажбурлаб, қўрқитиб уйни ўзига ўтказиш ҳақидаги аризага қўл қўйдириб олган экан. Нина хола аризанинг нималигини тушунмабди ҳатто. Ундан кейин ярим тунда қайнонани Зина қўлига пул тутқазиб кўчага ҳайдаб солибди. Шундай экан, ҳамма айб Зинанинг ўзида.

— Бу гапларни бошқа қўшнилар ҳам тасдиқлайдими? — сўради терговчи.

— Албатта. Бориб бемалол сўрайверишингиз мумкин.

— Яхши. Ўзим ҳам сира ишонгим келмай гаранг бўлиб тургандим… Майли, сиз ташқарида кутиб туринг. Ҳозир чиқаман…

— Хола, сира хавотирга тушманг. — деди Норқул ака чиқиб кетаётиб. — Уйингиз жа унақа қаттиқ ёнмаган. Қўшнилар биргалашиб таъмирлаб берамиз.

— Умрингдан барака топ-э, болам!.. — кўзларига ёш олди Нина хола. — Энди мени ҳеч ким ҳайдаб солмайдими?..

— Асло. Ўғлингиз келгунча қўшнилар навбатиминан қараб турамиз. Бўпти, ҳозирча хайр!..

Терговчи Норқул ака чиқиб кетгач, Нина холанинг елкасидан тутиб каравотга ўтқазди.

— Чарчагансиз, ётиб дам олинг. — деди у. — Яна бир-икки кун шу ерда бўлишингизга тўғри келади. Анча зўриққансиз.

— Қамамайсизми энди?

— Йўқ, Қамашдан Худо асрасин!.. Ётинг, дам олинг!..

Терговчи чиқиб кетди.

Нина хола кўзларини юмганча жимгина сукут сақлар, кўзларидан дув-дув ёш қуйиларди.

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...