***
Бозорчи хотинга ўхшар бу дунё,
Қалб, иймон, орни ҳам пулга чақади.
Ҳолим харобидан кўйлаклар кийиб,
Севгим саробидан сирға тақади.
***
Жодугар, “отин”га ўхшар бу дунё,
Азобимдан вақтин чоғлайверади.
“Иссиқ-совуғим”ни афсунга белаб,
Яримта кўнглимни доғлайверади.
***
Не қилай?.. Ожизман, дунё залворли,
Бир оғиз қарши сўз айтмоғим қийин.
Зўрлар дунёси бу, мен-да ким бўлдим,
Мендайлар унинг-чун бир пул, бир тийин.
Олимжон ҲАЙИТ