АРТИСТ… (7-қисм)

0

 

* * *

 

— Шошма. Шошма, у менга қилиб беради ўша пулни, мен уялтириб қўйсам, кейин нима деган одам бўламан?!

— Сизга нимага керак ўша пул ўзи?

— Керак-да… Эй-й, айтдим-ку, қарзини сўраб…

— Ойи, — деб кулди Нозима, — Ҳиндистонга борасизми? Ҳалиги эсингиздами, мен кичкиналигимда ҳиндча кино деса телевизорга кириб кетгудай бўлардингиз? Хоҳласангиз, сизни Баччан ва Митхун Чакраборти билан таништириб қўярдим, борасизми?

— Пулни ҳали бермай турамизми?

— Шундай қилайлик.

— Унда менга йўл кирага бериб тур.

— Ол…

Нозима бирдан тилини тишлади. Агар сумкасини кавлаганини айтса, ўрнидан туради-ю, оғзига келганини қайтармай қарғаб, жўнаб қолади. Ҳозир онасининг шашти шундай. Пул учун ҳамма нарсага тайёр бўлиб турибди.

— Бераман. Чойни ичинг, бераман, — деди у ўзини ўнглаб.

— Кейин, қизим, сендан сўрайман-да, сендан бошқа кимдан ҳам сўрардим. Намуна холанг кеча мени обдан еб-ичирди, энди мен ҳам уни меҳмон қилиб кетмасам бўлмайди.

Нозиманинг боши ғовлаб кетди. Ўрнидан турди. Ётоғига борди, олдин шкафни, кейин сейфни очди. Иккита юз долларликни олиб, ортига бурилди-ю, дод деб юбораёзди. Чунки онаси унинг ортидан келган, Нозиманинг ҳамма пулини кўрган, кўзи олайган ва шу туришда қотган эди.

— Туф-туф-туф! — дея бирдан ёқасига туфлади Нозима. — Нима қилганингиз бу, ойи, юрагимни ёрай дедингиз-ку!

— Пулинг кўп экан. Яна озроқ бер. Оқ сутимнинг ҳурмати бордир, — деди Анбар опа кўзини лўқ қилиб.

— Шунча пулни нима қиласиз, ойи?! — деб бирдан бақириб юборди Нозима.

— Айтдим-ку…

— Ҳамма нарса ҳам эви билан-да, ойи!

Анбар опа ортига тисарилди. Кейин шу аҳволида юра бошлади. Нозима довдиради.

— Ҳалиги, ойи, мен сизга тушунтираман, шошманг…

— Йўқ, — дея бошини қимирлатди Анбар опа ва бирдан кўзидан ёш оқизди.

Нозиманинг чидашга кучи қолмаганди. Шу боисдан югуриб бориб онасини қучоқлаб олди. Маҳкам қучоқлади. Лабини маҳкам тишлаб, кўзини чирт юмди.

— Қариганимда бунчалик хор бўламан, деб ўйламагандим. Қариганимда қизим мени менсимай бақиради, деб ўйламагандим. Қотган нон кемириб бўлса ҳам, кунимни ўтказаман. Келмайман. Бўпти, бошқа келмайман. Майли, сен ҳам ойим йўқ, деб ҳисоблайвер. Ўлсам, борма. Ўлигим бир неча кун қолиб кетса ҳам, борма!..

Унинг ҳар битта айтаётган гапи наштардай Нозиманинг юрагига санчиларди.

— Тўхтанг, — дея шивирлади у ва онасини қўйиб юбориб, бирдан ортига қайтди, пулдан яна етти-саккизта олди, — мана, мана, — деб онасининг кафтига қўйди.

— Бўлди, керакмас, озиб-ёзиб бир сўрагандим. Шундаям…

— Олинг! — деди Нозима онасининг кўзига тик қараб.

Анбар опа олди. Олди-ю, эшик томон юрди. Тез юрди. Қизи айниб қолишидан, яна қайтиб тортиб олиб қўйишидан қўрқди. Оёқ кийимини ҳам шошиб кийди. Нозима узатган сумкасини шошиб олди. Шошиб эшикдан чиқиб кетди. Пастга шиддат билан юриб тушди. Биринчи қаватга етганида бир нима эсига тушиб, ҳовлиққанча сумкасини кавлади. Кейин бирдан юзи ёришиб:

— Хайрият, кечаги пулларга тегинмабди, — деди пичирлаб.

Нозиманинг бутунлай оёқ-қўли бўшашиб кетди. У зўрға эшикни ёпиб, зўрға қулфлади. Кейин ўзини бирдан полга ташлади-да, ҳўнграб йиғлашга тушди. Айтиб-айтиб, полни муштлаб-муштлаб йиғлади. Ва шу ётганча ухлаб қолди. Қўлларини, оёқларини кенг ёзиб ухлади. Агар кўкраги тез-тез кўтарилиб тушаётганини ҳисобга олмаса, биров уни ўлиб қолган, деб ўйлаши аниқ эди.

Эшик қўнғироғининг тинимсиз жиринглаши Нозимани уйғотди. У аввалига нима бўлаётганини сира тушунолмади. Хаёлида қўнғироқ жуда узоқларда чалинаётгандай эди. Кўзини сира очгиси келмайди. «Бас қилишса-чи, одамни ухлатгани ҳам қўйишмайди», деди. Аммо бу қўнғироқ деганлари сира тинай демасди. Ноилож у ўрнидан туриб ўтирди. Нафрат билан эшикка қаради. Кейин:

— Нега бу ерда ётибман? Қандай қилиб келиб қолдим бу ерга? Шунчалик ҳам қаттиқ уйқусирайманми? Уфф, ким бу, қўли звонокка ёпишиб қолганми нима бало? — деди ва зўрға ўрнидан турди.

— Ким?

— Нози, мен Лайломан, нега эшикни очмаяпсан? Тузукмисан? — деган овоз келди эшик ортидан.

Нозима калитни шарақ-шуруқ қилиб икки марта бураб очди.

Лайло бирдан уйга кирди. Нозимага бошдан-оёқ қараб чиққач:

— Вой, тавба, ҳалиям ухлаяпсанми? Соат беш бўлганини биласанми? — деди ҳайратланиб.

— Беш? — дея пешонасини тириштирди Нозима.

— Беш. Кечаси билан ухламасдан нима қилиб чиқдинг? Қўнғироқ қиламан, телефонинг ўчиқ. Ойим бор, дегандинг, кетдими?

Лайло шундай дейиши билан Нозиманинг ёдига онаси билан бўлган воқеа тушди. Ич-ичидан бир нима чирт этиб узилгандай бўлди. Юзи буришиб кетди.

— Ошхонага кириб тур, ҳозир мен ювинай. Кейин гаплашамиз, — деди Нозима зўрға.

Кўнгли айниди. Ўқчиди. Лекин ҳеч нима чиқмади. Тишини икки марталаб ювди. Кейин юзини ювди. Бироқ енгиллашмади. «Лайло, мен чўмилиб олай, сен қаҳва дамлаб тур», дея устидагиларни ечиб ташлади-да, сувнинг остига кирди. Илиқ сув баданига тегиши билан қандайдир бошқача бўлиб кетди. «Ҳар қандай оғирликни сув олади, тез-тез чўмилиб туриш керак», деб унга кимдир айтганди. Ҳозир у шуни эслади-ю, аммо ким айтганлигини эслаёлмади.

Сувдан чиқиши билан юмшоққина халатига ўраниб, эшикдан чиқди-ю, Лайлонинг ошхонага югуриб кирганини кўриб қолди. Шкаф очиқ эди, сейф очиқ эди. «Бу қиз пулни жонидан ҳам ортиқ кўрадиганлар хилидан. Пулларимни олиб қўйган бўлса-я», деган ўй яшин тезлигида хаёлидан ўтди. Ҳамда бир муддат қалтираганча туриб қолди.

— Лайло, олган бўлсанг, мен адойи тамом бўламан. Пулимга тегинганинг учун эмас, менинг яқин одамим мутлақо йўқлигидан… Ишқилиб, шубҳам нотўғри бўлсин. Ишқилиб, сен менга хиёнат қилган бўлмагин, — дея шивирлади Нозима.

Бир-бир қадам босганча ётоғи томонга юрди. Эшик ёнида тўхтади. Эшик очиқ. Эшик очиқ. Эшик очиқ. У қулт этиб ютинди. «Эй-й, Худо, ўзинг раҳмдилсан, ишқилиб, шундай бўлмасин», дея Нозима кўзини чирт юмди-да, хонасига кирди.

Минг бир азобда «Ишқилиб шундай бўлмасин, ишқилиб ўйлаганим нотўғри бўлиб чиқсин», деган хаёлда кўзини очди. Худо унга қарашибди. Худо унинг ёнини олиб, меҳрибончилик қилибди. Шкаф, сейф эшиклари ланг очиқ бўлса ҳам, сейфдаги пул қандай қўйган бўлса, шундай турибди. Нозима ўзини ўзи чимчилади ва дарров эшикни ёпди. Калитни халатининг чўнтагига солди-да, изига қайтиб ошхонага кирди. Дугонасига тикилди. Лайло ҳам худди шу алпозда Нозимага қараб турарди.

— Лайло, жоним, қадрдоним, кел бу ёққа, — дея Нозима у томонга қўлларини чўзди.

Лайло ҳайрон бўлганча узун киприкларини пирпиратди ва беихтиёр ўрнидан турди. Нозима уни маҳкам бағрига босиб:

— Сен менинг ҳақиқий ўртоғимсан! — деди.

— Тинчликми, Нози, сенга нима бўляпти?! Ё сал бемаза туш кўрдингми? — деди Лайло ҳеч нарсага тушунмай.

— Шунақа деса ҳам бўлади. Эътибор берма. Кайфиятим бирдан кўтарилиб кетди. Бугун ҳам тўй бор эди, тўғрими? Борамиз. Ҳозир битта-битта қаҳва ичамиз, ундан кейин борамиз, келишдикми, ўртоқжон?! — дея қиқирлаб кулди Нозима.

— Инсоф қил, пастда битта бечора қанча вақтдан бери кутиб ўтирибди. Сен чўмилиб чиққунингча минг марта қўнғироқ қилди. Тез кириб, бўяниб-тараниб ол. Кетамиз.

— Қаҳва-чи?

— Сен кийиниб чиқавер, мен дамлаб тураман.

Нозима дарров кийинди. Аввалгидай обдан ўзига оро бермади. Кўзини бўяди. Лабини бўяди. «Юзим шундоғам силлиқ. Упанинг кераги йўқ», деди. Кейин дугонаси билан бирга қаҳва ичди. Бир гапириб, икки кулди. Дугонасининг қўлини қайта-қайта ушлаб қўйди. «Яхшиямки, шу ишни қилмадинг. Яхшиямки, дунёни қора бўёққа бўямадинг. Демак, яшасам бўларкан, демак, кимгадир кўнгил очсам бўларкан, демак, кимгадир суянсам бўларкан», дея хаёлидан ўтказди Нозима.

Кейин улар уйдан чиқиб кетишди. Нозима Аҳмадга ҳам аввалгидан бошқача муомала қилди. Бисотидаги ширин-ширин гапларни аямасдан сочди. «Рақсим сизга ёқиб қолганди, шундайми? Кечаги биринчи тўйдаги рақс, бугун ҳамма тўйда ундан ҳам зўр ўйнайман. Ҳамманинг оғзини очиб қўяман, мана кўрасиз!» деди.

 

***

 

Лайло ичидан зил кетди. Аҳмад ҳайратда. «Ҳозир тушса ё у ёқли, ёки бу ёқли қиламан. Бунақанги эркатой танноз билан ишлагандан кўра, эшакка қўшиқ айттирган минг марта афзал», деган хаёлда эди у. Бироқ Нозиманинг муомаласи уни буткул ўзгартириб юборди. «Келажакда бир-биридан оригинал клиплар ишлаймиз, керак бўлса чет элда катта-катта денгизу, океанларда клип оламиз, пароходда оламиз, дельфинлар, акулалар билан оламиз. Шунга мослаб қўшиқ ёзамиз. Мен ўзимизнинг шоирларга айтаман, зўр-зўр шеърлар тўқиб ташлашади. Уларнинг фантазияси даҳшат бўлади-ку», деди Аҳмад. Нозима ўзиям икки қаричга ўсгандай бўлди. Лайло тўкилиб-сочилиб, букчайиб адо бўлди. Уларнинг юришини кўз олдига келтирди. Аламдан тишларини бир-бирига маҳкам босди. Яхшики, Аҳмаднинг машинасида кетишарди. Агар Лайлоники бўлганида, ғазабининг зўридан бирон жойга олиб бориб уриши аниқ эди.

Нозима тўйхонага боришганини сезмай қолди. Худди кийикдай енгил сакраб машинадан тушди. Кейин Аҳмаднинг қўлидан қучоқлаб олди.

— Шошманглар, — деди Лайло бирдан, — мен уйга кетаверай, роса бошимга оғриқ кирди. Йўлга чиқишдан олдин сочимни ювгандим. Балки…

— Салонга бормаганмидинг? — деди шу заҳоти Нозима унинг гапини бўлиб.

— У ёққа боришга менда пул нима қилсин? Бўпти.

Лайло кетди. Аҳмад билан Нозима бир-бирига қараганча қолишди.

— Нимадир ёқмади унга. Бўлмаса, у тўйлардан қайтадиган қиз эмас, — деди Нозима.

Тўй қилаётган одам хийла бақувват экан. Бошқаларнинг столи тугул, хонандаларникини ҳам шунақанги тўлдириб ташлабдики, нимани ейишни билмайсан.

Нозима ўтириши билан қаршисига хизматчи йигит келди ва:

— Нима ичасиз? — дея сўради.

Нозима унга сўзлаш учун қаради-ю, қотиб қолди. Йигитнинг юзи ниҳоятда таниш эди. Бироқ уни қаерда кўрганини эслаёлмади. Шу боис, бир муддат тикилиб қолди. Буни қарангки, у ҳам Нозимадан кўз узмасди.

— Нима гап? — дея Аҳмад Нозимани туртди. — Тинчликми? — деб сўради сўнг хизматчи йигитдан.

— Мен… Мен, — деди довдирабгина йигит, — нима қуйиб берай, нима ичасиз, деб сўрадим. Жавоб бермади, шунга қараб тургандим.

— Ҳеч нима ичмайман, — дея шу заҳоти уни жеркиб ташлади Нозима.

Хизматчи йигит бирдан ортига бурилиб кетди. «Овози ҳам жуда таниш, қаерда кўрган эканман?» дея хаёлидан ўтказди Нозима.

— Нима бало, севиб қолдингизми, кўзингизни узолмадингиз? — деб шивирлади Аҳмад Нозиманинг қулоғига.

— Йўқ. Бунақаларни севиб бўлармиди? Лекин қаердадир кўрганман. Шуни эслаёлмай қараб қолгандим, — деди унга жавобан Нозима ҳам шивирлаб. — Чўнтагида бир мири йўқ. Бундайлар севишга арзийдими? Ҳеч қачон.

— Ҳозир сизни чақиришади, машинада келишганимиздай битта бопланг, ҳамма қойил қолсин, — деди Аҳмад қизнинг қулоғига.

Кейин қандайдир бошқача нафас олиб қўйди. Илгарилари ҳам у кўп марта қулоғига гапирган. Бироқ ҳозир биринчи марта шунақа нафас олди. Нозиманинг юраги гупурлаб кетди. Юзи андак қизарди. Киприклари пирпираб, вужудида андак титроқ пайдо бўлиб Аҳмадга қаради. Жилмайди. Энди у жилмайишни беихтиёр бажарди. Аммо шундай қилиши билан шўрлик эркакни ҳам ҳаяжонлантириб, бир нарса-бир нарсалар ҳақида бош қотиришга мажбур қилиб ташлади.

Нозима микрофонни олиб, қўшиқ куйлаётганида таниш йигитни нигоҳи билан қидирди. Бироқ у ерга кириб кетгандай эди гўё. На хизматчилар орасида, на ўзларининг столи ёнида кўринарди у. Нозима рақсга тушиш асносида «Ким у? Нега менга термилди? Нега мен ундан кўзимни узолмай қолдим? Кўзим алдаган бўлса ҳам, қулоқларим алдамайди-ку. Мен уни аниқ бир жойда кўрганман. Гаплашганман. Илгари қишлоққа кўп борардим. Балки, қишлоқдошларимдан биридир… Наҳотки Сирож бўлса? Йўқ, бўлиши мумкин эмас. У бўлганида гапирарди. Ҳеч бўлмаганда, ниҳоят, сени топдим, дерди», дея ўйларди Нозима. Бироқ саволларига, барибир, жавоб тополмасди. У одатдагидай мўлжалдаги қўшиқларни айтиб бўлгач, бошқа хонандага саҳнани бўшатиб, Аҳмаднинг ёнига қайтиб келди. У пулларни олиб бўлганлигини айтганидан сўнг туриб, навбатдаги тўйхонага жўнашди.

Йўлда Аҳмад аввалгидай дадил-дадил гапиролмади. Довдиради. Баъзан гаплари узилиб қолаверди. Аммо Нозима унинг довдирашига ҳам, гапларига ҳам эътибор бермади. Ваҳоланки, янгилик пайдо бўла бошлаганди. Аҳмадда янгилик. Боя тўйда нафаси қулоғига урилганида ғалати аҳволга тушиб қолди-ку. Ҳозир ундан-да баттар аҳволга тушмайдими? Тушади…

Соат миллари ўн бирдан ошди. Уларнинг ҳамма ишлари адо бўлди. Энди Аҳмад Нозимани уйи ёнида қолдириши керак. Бироқ унинг сира кетгиси келмаяпти. Тўғрироғи, Нозимадан ажралгиси йўқ. Қизнинг эса хаёли паришон. Ҳеч нима ҳақида сўзламайди. Аҳмаднинг гапларига бошини қимирлатиб қўяди. Баъзан «Ҳа» ёки «Йўқ» дейди.

— Сизга нима бўлди? — деди Аҳмад Нозиманинг уйи ёнига етганларидан сўнг машинани тўхтатиб.

— Ҳмм, менга? Нима бўлибди менга? Яхшиман. Ҳар доимгидекман. Мана, куламан ҳозир, — дея жилмайди Нозима.

— Қўйсангиз-чи бунақа нарсаларни. Ҳалиги… Ҳа-а, айтдим нега булар бир-бирига термилиб қолишди, деб. Шундан кейин сиз бирдан ўзгардингиз, — деди Аҳмад унга тикилиб.

— Ким? Кимдан шубҳаланяпсиз? — ўзини гўлликка солди Нозима.

— Официант бола ёнингизга келганидан кейин сиз ундан кўзингизни узолмай қолдингиз. Худди шундай у ҳам. Нима, ораларингда унутиб бўлмайдиган нарса содир бўлганми?!

Аҳмад атай овозини бир парда кўтарди.

Нозима шу заҳоти қиқирлаб кулди.

— Топган гапингизни қаранг-у. У билан ҳеч қанақанги алоқам йўқ. Кейин тенг-тенги билан, деган гаплар ҳам бор. У менинг мутлақо тенгим эмас. Менинг қандайдир хизматчи билан алоқа боғлаш ниятим йўқ. Эртасини ўйлайдиганлар хилиданман. Нима бўлса бўлсин, эртамни яратишим керак. Шу пайтгача бирортасига ҳам кўнгил қўймадим. Бундан кейин ҳам, билмайман, қачон кўнгил қўяман.

 

***

 

Аҳмад унинг қўлини ушлади. Бирдан Нозиманинг баданида бир нима юриб кетгандай бўлди. Қиз қўлини тортиб олмоқчи эди, аммо Аҳмад қаттиқ сиққанлиги боис ололмади. Қулоғининг остида «Онаси гўрмиди, қизи очиқ лаҳад бўлармиди?! Бугун Нозима телевизордан тушмаётган бўлса, эртага аниқ шармандаси чиқади… Ўзи бекордан-бекор бундай кўзга кўриниб қолмагандир. Бир нарсаси бордир. Ҳозирча ими-жимида ишини битириб юрган бўлса, эрта бир куни аниқ ҳали у эрдан чиққан, ҳали бунисига теккан, ундан ташқари, фалондай-фистондай меҳрибон, чўнтаги бақувват «меҳрибон» акалариниям эшитиб қоламиз», деган гаплар жаранглагандай бўлди. «Йўқ, ҳеч қачон! Мен умримнинг охиригача покиза бўлиб яшайман», ўйлади Нозима ва продюсерига қаттиқ тикилиб:

— Аҳмад ака, шундоқ ҳам муносабатимиз қилдай ингичкалашиб қолган, илтимос, узилиб кетмасин. Эсингизда бўлса, сиз билан ҳеч қанақанги ортиқча ҳаракатлар бўлмайди, бир-биримизга доим ҳамкордай қараймиз, деб келишиб олгандик. Ҳозир келишувимизни бузиб қўйяпсиз, — деди.

Аҳмад шу заҳоти қўлини тортиб олди.

— Нималар деяпсиз, Нозимахон, қўлингизни ушлаганимга шунақа ўйладингизми? Мен тушунмадим. Биз замонавий одамлармиз. Йўқ, унақамас, дейдиган бўлсангиз, неча марталаб эркак хонандалар билан ўпишиб кўришдингиз. Қанча-қанчаси қўлингизни ўпишди. Мен сизнинг энг яқин одамингиз, яъни ҳамроҳингиз бўла туриб, сизга бир нимани тушунтириш мақсадида қўлингизни ушласам, хато иш қилган бўламанми? Қўлингизни ушласам айбми?!

Нозиманинг юзидан иситмаси чиқиб кетгандай бўлди. Дарҳақиқат, у шунчаки қўлини ушлади. Ҳатто бир оғиз ҳам ишқий гап айтмади. Нега энди бирдан бошқача хаёлга бориш керак?

— Узр. Мен ўзим охирги пайтларда ғалати бўлиб юрибман. Битта гап кам, иккитаси кўп. Уфф, эътибор берманг, илтимос. Сизга ўринсиз айтган гапларимнинг ҳақини тўлайман. Мана, — деб Нозима Аҳмаднинг елкасидан қучди-да, тезгина юзидан ўпиб қўйди, сўнг машинанинг эшигини очиб, пастга тушди-да, югуриб кетди.

Аҳмад илжайди. Рулни бир муштлади. «Бир кунмас-бир кун, албатта, меники бўласан, жонона қиз!» дея шивирлади-ю, машинасини енгил қўзғатиб, тезликни оширди.

Шаҳноза ҳали ухламаганди. У умуман эри келгунича ухламайди. Боласини ухлатади. Озгина телевизор кўради. Кейин телефонини титкилайди. Баъзан дугоналари билан «WhatsApp»да хат ёзишади. Шундай қўнғироқ қилиб валақлашса ҳам бўлаверади. Аммо «WhatsApp» бошқача-да. Ундан кейин интернетга киради. Гоҳида унга шунчалик берилиб кетадики, вақтнинг қандай ўтганини сезмай қолади. Қарабсизки, эшик жиринглайди. Эри келган бўлади. Ҳориган, толган. Овқат емайди. Шундай ечинади-ю, ўзини тўшакка ташлайди. Тошдай қотиб ухлайди. Унга қараб турган Шаҳноза ўзига ўзи ачиниб кетади: «Шуям ҳаёт бўлдими, шуям оила бўлдими? Мана келди, ётди, қотди. На у ёқ-бу ёқдан гаплашди, на бирон нима еди. Ҳатто бир оғиз боласини сўраб қўймади. Бир нарса қилишим керак. Бўлмаса, аниқ ёрилиб ўламан. Ахир бу ҳўкизни озмунча кутдимми? Кутганимнинг мукофоти шуми?!» Ноилож у ҳам ётади. Кўзини чирт юмади. Қани энди бу уйқу кела қолса, қани у ҳам эридай ҳамма нарсани унуттирадиган уйқу оғушида бир-биридан ғаройиб, яъни интернетдаги саргузаштларга ўхшаган тушлар кўриб маза қилса. Лекин унақа бўлмайди. Кун бўйи бекор ўтирган, зиғирча бўлсин чарчамаган. Тўғри, озроқ кўзи қизарган, аммо бу чарчаганидан эмас, телефондан, телевизордан. Илгари компьютерда кўп ўтирарди. Энди у ҳам эскирди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...