Кенжаев иши: Марҳумнинг қариндошлари судланувчиларга умрбод қамоқ жазосини сўради

0

Жамшид Кенжаев суд иши давом этмоқда. Суд тергови якунлангани сабабли тарафлар музокараси қисми бошланди, деб хабар берди «Kun.uz».

Музокара давлат айбловчиси ва жамоат айбловчисининг нутқлари билан бошланади. Сўнгра жабрланувчи, фуқаровий даъвогар ёки уларнинг вакиллари, ҳимоячи ва жамоат ҳимоячиси, судланувчи, фуқаровий жавобгар ёки унинг вакили сўзга чиқади (Жиноят-процессуал Кодекси 449-модда).

Қайд этилишича, 11 март кунги суд ишида аввал давлат айбловчиси нутқ сўзлади. Прокурор асосий айбланувчига 18 йиллик қамоқ жазоси сўраган.

«Ҳурматли суд, процесс иштирокчилари, бир неча кун давом этган Шодали Қиличов Ғуломжоновични Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми ‘в’, ‘ж’ бандлари, Алижон Ҳамраев Убайдуллаевич, Камолдинов Саидазим Саидакбар ўғли, Ёрқулов Жаҳонгир Абдумусаевични 277-моддаси 3-қисми ‘ғ банди билан айблаш ҳақидаги жиноят ишини кўриб чиқиб якунлаш арафасида турибмиз. Айбланувчиларга қўйилган айбловлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари, кўздан кечириш баённомалари ва видеотасвирларда тўлиқ исботини топган. Тергов органи томонидан айбланувчиларнинг ҳаракатлари тўғри малакаланган деб ҳисоблайман. Юқоридагиларни инобатга олиб, Қиличов Шодали Ғуломжоновични Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в», «ж» бандлари билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашингизни ва унинг муқаддам судланганини инобатга олиб, жазо қаттиқ тартибли колонияларда ўталишини белгилашингизни сўрайман. Ҳамроев Алижон Убайдуллаевич, Камолдинов Саидазим Саидакбар ўғли, Ёрқулов Жаҳонгир Абдумусаевичга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбдор деб топиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашингизни ва жазони манзил-колонияларда ўташни белгилашингизни сўрайман. Шунингдек, жабрланувчиларнинг дафн маросимига кетган харажатларини судланувчилардан ундиришни белгилашингизни сўрайман», —  деган у.

Шундан сўнг, давлат айбловчисининг нутқига нисбатан жабрланувчи, марҳум Кенжаевнинг беваси ўз эътирозларини билдириб ўтди.

«Ҳурматли суд, Қиличов, Ҳамроев, Камолдинов ва Ёрқуловга нисбатан жиноят ишида жабрланувчи томон қуйидаги фикрларни билдиради. Судланувчи Қиличовга нисбатан тергов ҳаракатлари етарли эмас. Жамшид Кенжаевга нисбатан бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилган ушбу жиноят ўта хавфли рецидивист томонидан бажарилган, яъни Қиличов бир неча марта судланган. Бошқа судланувчиларга нисбатан қўлланилаётган 277-модда 3-қисми «г» банди билан айбловни етарли эмас, деб ҳисоблайман. Уларга нисбатан 97-модда 2-қисми ‘а’, ‘в’, ‘ж’ бандлари билан қайта квалификация қилишингизни сўрайман.

Видеотасвирларда ҳам кўриниб турибдики, улар гуруҳ тарзда жиноятни содир этишган. Ҳеч ким шафқат қилмаган ва вақтида ёрдам қўлини чўзмаган.

Шу жиноят сабабли, бизнинг атиги бир ёшга тўлган етим қолган қизимиз ва Жамшид Кенжаевнинг отаси азоб чекмоқда.

Ҳурматли суд, сиздан адолатли ҳукм чиқаришингизни сўрайман. Судланувчилар шафқатсизларча гуруҳ бўлиб жиноят қилишганига эътибор беришингизни сўрайман», дея ўз эътирозларини билдирди марҳумнинг беваси.

Жабрланувчининг сўзларидан сўнг, суд сўзни судланувчилар тарафига, аниқроғи уларнинг адвокатларига берди. Дастлаб, судланувчи Қиличовнинг адвокати Алмат Султоновнинг нутқи тингланди.

«Ҳурматли судлов ҳайъати, процесс иштирокчилари, бугун Жамшид Кенжаевнинг ўлими юзасидан кўрилаётган жиноят ишида суд тергови якунланди. Томонларнинг фикрларини эшитдик. Кенжаев яхши инсон эди, яхши спортчи эди. Спорт мусобақаларида давлатимиз байроғини кўтарар эди. Кураш мусобақаларида ўзимиз ҳам мухлислик қилар эдик. Ютуқларини кўриб хурсанд бўлганмиз. Минг афсуски, бугун орамизда шу инсон йўқ. Мен ўйлайманки, бу ишда асосий айбдорлар панжара ортида ўтирган судланувчилар эмас. Унинг ўша кунги хатти-ҳаракатларини, жанжалнинг олдини олиш чораларини кўрмаган унинг ўртоқларидир. Қолаверса, Жамшид Кенжаев ўз хатти-ҳаракатлари билан шу воқеага асосий сабабчи бўлган деб ҳисоблайман. Жиноят иши бўйича судланувчи тариқасида сўроқ қилинаётган Қиличов ўз кўрсатмасида 2018 йил 8 август кечаси ‘Aurum-898’ тунги клубида ўз хизмат вазифасини бажаришга келганини, соат тахминан 00:10 да Кенжаев ва ўртоқлари маст ҳолда келганини, ундан ичкарига пичоқни ташқарида қолдириб киришни сўраганини айтмоқчиман.

Кенжаев бу пичоқни қолдирмагани, шу пичоқ билан тунги клуб ичига киришга ҳаракат қилгани, Қиличовнинг тоғаси Шерали Илясов унинг тунги клубга киришига йўл қўймаганидан сўнг, юзига шапалоқ ургани ва жанжал бошлангани, уни ўлдириш ҳеч кимни хаёлида ҳам бўлмаганини баён этган. Тунги клуб қўриқчилари Мирзаев ва Илясовга тан жароҳати етказилганидан сўнг, ўзидан қон оқаётганини кўрганидан сўнг, ўзини йўқотиб қўйиб шу бўйича жанжалда унга ўзи билмаган ҳолда пичоқ урганини ва атрофдагилардан зудлик билан тез ёрдам чақиришни сўраганини, орадан вақт ўтиб, тез ёрдам келгани ва ярадорни шифохонага олиб кетгани, тергов органлари томонидан қўзғатилган жиноят ишида жиноятни очишда фаол ёрдам берганини, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчилардан кечирим сўраганликларини ва ўзига бундан тўғри хулоса чиқариб олганини, воқеа тўсатдан содир этилганини ҳисобга олиб, суддан енгилроқ жазо беришни сўради. Гувоҳлар тингланганида, тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келганда Кенжаев оғир аҳволда бўлгани, шифокорга оёғи оғриётганини айтганини, ўзини Кенжаевнинг қариндоши деб таништирган шахс «сенга шу керакмиди» деб айтганини, лекин унинг ўлимига ички органларнинг қонсизланиши сабаб бўлганини айтди. Турмуш ўртоғи эрталаб деярли ҳаёти оғир ҳолда бўлгани ва отаси кириб чиққанда вафот этганини айтди.

«Олий суд пленум қарорининг 2004 йил 24 сентябрдаги ‘Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаъги қарорининг 4-бандида кўрсатилган ҳолатларни инобатга олишингизни ва Олий суд пленумининг 2007 йил 27 июндаги ‘Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаъги қарорининг 19-бандидаги ҳолатлар бўйича талаблар инобатга олиниб, тергов органининг Қиличовга нисбатан қўйган айбловлари 104-модда 3-қисми ‘д’ банди билан квалификация қилинишини сўрайман.

Ўша куни марҳум пичоқни топширганида ёки бошқаларни эшитганида, шу ишлар бўлмаган бўлар эди. ‘Қарс икки қўлдан чиқади’ ёки ‘Яхши гапга илон инидан, ёмон гапга пичоқ қинидан чиқади’ деган гаплар бежизга эмас.

Ҳимоямда бўлган Қиличовнинг оиласи бор, бир нафар бир ёшли фарзанди бор. Қарамоғида ота-онаси бор. Шу ҳолатларни инобатга олиб, 97-модданинг 2-қисми ‘в’, ‘ж’ бандларини 104-модда 3-қисми ‘д’ бандига қайта малакалаб, ўз ихтиёри билан ички ишлар органига келганини, қилмишидан пушаймонлигини, жамоат жойидан ижобий баҳога эгалигини инобатга олиб, 57-моддани қўллаган ҳолда Жиноят Кодекси санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинлашингизни сўрайман», — дейди Қиличовнинг адвокати.

Судланувчи Алижон Ҳамраевнинг адвокати Бахром Файзиев ҳам нутқ қилди.

«Ҳурматли раислик этувчи, Прокурор ва процесс қатнашчилари. Аввало, Кенжаевнинг оила аъзоларига ҳамдардлигимни изҳор этмоқчиман. Мазкур жиноят иши бўйича процессуал қонунчиликнинг бир неча нормалари бузилганига эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Жумладан, Жиноят-процессуал Кодексининг 11, 22, 82, 84, 94-95 модда талаблари ва Олий суд пленумининг далиллар мақбуллигига оид қарори қоидалари бузилган.

Шуларни инобатга олиб, 277-моддасининг 2-қисмининг «б» бандига қайта квалификация қилишингизни ва зарарни ундириш масалалари бўйича фуқаролик судига мурожаат этишини тушунтиришингизни сўрайман. Одиллик ва инсонпарварлик принципларини инобатга олиб, енгиллаштирувчи ҳолатларни қўллашингизни сўрайман», деди у.

Судланувчи Саидазим Камолдиновнинг адвокати Акмал Алимқулов ва судланувчи Ёрқулов Жаҳонгирнинг адвокати С.Ҳусанов ҳам юқоридаги адвокатлар сингари ҳимоя остидаги шахсларнинг жиноят моддаси қайта квалификация қилиш ва енгилроқ жазо берилишини сўрашди.

Судлов ҳайъати прокурор ва адвокатларнинг нутқларидан сўнг, марҳумнинг оила аъзоларига сўз берилди.

«Тўрт адвокат буларни ўша жойда ишлаган деб айтишмоқда. Булар ишламаган, гувоҳномаси ҳам йўқ. Шунчаки ўша жойга йиғилган. Шуни инобатга олишингизни сўрайман», дейди марҳумнинг амакиси Баҳром Кенжаев.

«Адвокат Шодали Қиличовга 104-модда бўйича жазо сўрамоқда. Бу учинчи марта одам ўлдирмоқда. Буни қандай тушуниш мумкин? Бу одамга ўйинчоқ бўлиб қолган одам ўлдириш. Кўзини юммасдан ўлдиряпти. Қасддан ўлдиришмоқда. Ўлиб ётган одамга пичоқ тиқилмоқда. Мақсад ўлдириш бўлган. 11 киши гуруҳ бўлиб ўлдирмоқда. Қолган етти киши бу ерда йўқ. Иккиси қочиб кетган дейишяпти. Менимча, ҳеч ким қидирмаяпти ҳам. Оиласи ҳақида айтилган гаплар ҳам нотўғри», — дейди марҳумнинг синглиси Эъзоза Кенжаева.

«Бунинг ҳаммаси уюштирилган. Видеотасмада ҳаммасини кўриб туришибди. Адвокатлар, прокурор ҳам кўриб турибди. Адвокатлар ҳам чин кўнгилдан, одилона сўрашмаяпти. Прокурор ҳам ўзининг қалбидаги нарсани сўрамаяпти. Сизлар ҳеч бўлмаса одилона суд қилишингизни сўрайман, умрбод қамоқ жазоси беришингизни сўрайман», — дейди марҳумнинг акаси Сарвар Кенжаев.

Суд мажлиси бугун, 13 март, чоршанба куни давом эттирилади.

loading...