Чақалоқлар парвариши борасида ёш оналарга маслаҳатлар

0

Она бўлиш бахтини барча ҳомиладор аёллар сабрсизлик билан кутишади. Бироқ жажжигина чақалоқ дунёга келгач, уни қандай қилиб катта қиламан, деб кўпчилик ёш оналар хавотирга тушиб қолишади. Бунга чақалоқларни парвариш қилиш қоидаларини билмаслик ёки бола тарбиясида тажриба етишмаслиги сабаб бўлса ажабмас. Буларни инобатга олиб, олий тоифали шифокор, педиатр Саломат Хўжабоевадан бир қатор саволларга жавоб олдик.

ЧАҚАЛОҚ КИНДИГИ НЕЧА КУНДА ТУШАДИ?

— Янги меҳмонни неонатолог шифокор илк бора тиббий кўрикдан ўтказади ва парваришлайди. Чақалоқ киндиги туғилгандаёқ барча санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда спирт билан ишлов берилиб, резина ҳалқа ёрдамида қаттиқ қисилади. Шифокор киндик тушишини назорат қилиб, ҳар куни киндик қолдиғига этил спирти эритмаси билан ишлов беради. Меъёрий ҳолатда чақалоқларнинг киндиги 3-5 кундан сўнг тушиши керак. Киндик тушгач, унинг ўрни бироз қизариб қолади. Яра бутунлай битиши учун 12-14 кун керак. Она киндикни тўғри парвариш қилиши шарт, агар гигиена қоидаларга риоя қилинмаса, боланинг киндик ярасига инфекция тушиши мумкин. Киндикка инфекция тушмаслиги учун калий перманганатнинг ним пушти эритмаси (марганцовка)да ҳўлланган пахта билан болажоннинг киндиги атрофини ҳар куни артиб туриш, болани чўмилтирганда эҳтиёт бўлиш, ювинтиргандан сўнг, албатта, киндигига ишлов бериш лозим.

Турли яллиғланишлардан асраш учун 2 ҳафтагача бўлган гўдакларни тузли ёки марганцовкали сувда чўмилтириш мақсадга мувофиқ.

Янги туғилган чақалоқларда тил ва оғиз бўшлиғида оқ карашлар пайдо бўлса ундан хавотирланиш, алоҳида даво чораларини қўллаш шарт эмас. Тилдаги карашларни тузли сувга ҳўлланган стерил бинт билан артиб ташлаш кифоя.

БОЛА НЕГА ЧИНҚИРИБ ЙИҒЛАЙДИ?

Гўдак дунёга келар экан, организмининг мутлақо нотаниш муҳитга мослашиш жараёнига дуч келади. У бу пайтда нафас олиш ва овқатланишдан тортиб, кўриш, ҳаракатланиш ва бошқа кўплаб физиологик жараёнларга кўникиши учун бир қатор стрессларни бошдан ўтказиши керак.

Бола чинқириб йиғласа, оналар хавотирга тушишади. Шуни айтиш муҳимки, аввало, йиғи янги туғилган чақалоқларда меъёрий ҳолат. У фақат бир жойи оғрисагина йиғламайди. Йиғлаш воситасида унинг нафас, юрак-асаб тизими фаоллашади, ўпкаси кенгаяди. Шу билан бирга боланинг қорни очса, уйқуси келса, чанқаса ҳам йиғлаб ўз эҳтиёжлари ҳақида дарак беради.

Бундан ташқари, янги туғилган чақалоқларнинг кайфияти, уйқуси онасининг эмоционал ҳолати билан боғлиқ. Агар она боласи кўп йиғлашидан, кам ухлашидан сиқилиб асабийлашса, чақалоқнинг ҳам инжиқланиши ортади. Айнан онанинг оғир-босиқлиги, ҳис-ҳаяжонини бошқара олиши ёрдамида гўдаклар меъёрий ҳаёт тарзига кўника олади.

Шуни унутмаслик керакки, агар бола соғлом бўлиб кун давомида ўзини яхши тутган бўлса ҳам кечқурунга келиб, ухлашдан олдин бироз инжиқлик қилиши мумкин. Аслида, чақалоқлар шу тарзда кун давомида тўпланган зўриқишларни чиқариб юборади. Кун бўйи янги воқеалар, таассуротларни кўриб, қабул қилган гўдак кечқурун бир кунлик йиғи меъёрини ҳам бажаришга ҳаракат қилади. Бу гўдаклардаги табиий ўз-ўзини тинчлантириш усули ҳисобланади. Бу ҳолат каттароқ болаларда чопиш, сакраш, бақир-чақир қилиш билан, катталарда эса оғир иш кунидан кейин бироз асабийлашиш билан ўтиб кетади.

ГЎДАГИНГИЗ КУН ВА ТУННИ АЛМАШТИРСА…

Чақалоқларнинг уйқуси нотинч бўлишининг асосий сабаби ичак микрофлорасини меъёрий ҳолатга тайёрловчи оғриқлар ҳисобланади. Улар бола 4-6 ойлик бўлганда ўтиб кетади. Чақалоқ 6 ойлик бўлгунича уйқуси нотинч бўлиши, уйқуда кўп қимирлаши, кулиши, афтини буриштириши мумкин. Гўдаклар уйқусининг яна бир хусусияти шуки, уларнинг уйқуси кун ва тун билан боғлиқ эмас. Болажон кун бўйи ухлаши, тунда эса бемалол ўйнаб ўтириши ҳам мумкин. Айрим кичкинтойлар 1,5 ойлик бўлганда кун ва тунни алмаштиришдан тўхтайди. Бу даврга келиб чақалоқларда кундузи уйғоқлик соатлари даражаси ортади.

Болажон ухлаётганда жимликни сақлаш шарт эмас. Чунки телевизорнинг товуши ва оила аъзоларининг одатдаги суҳбатлари унинг ухлашига халал бермайди. Агар гўдак уйқу аралаш сезилар-сезилмас товушларни, яқинларининг гапирган овозларини эшитиб улғайса, у бу ҳолатга кўникиб кетади.

ЧАҚАЛОҚНИ НЕГА ҲИҚИЧОҚ ТУТАДИ?

Чақалоқни ҳиқичоқ тутиши кўпчиликни хавотирга солади. Лекин аксарият ҳолларда бу ҳолат ҳеч қандай хавотирга сабаб бўлолмайди. Ҳиқичоқ бу — гўдакнинг ички ва ташқи таъсирларга жавоб реакциясидир. Биласизми, ҳатто она қорнидалигида ҳам болани ҳиқичоқ тутиши мумкин. Бунда унинг қорин ва кўкракни ажратиб турувчи мушаклари янги ҳаётий шароитларга мослашаётган бўлади. Янги туғилган чақалоқларда асаб ва овқат ҳазм қилиш тизимлари мукаммал ривожланмаган. Улар мустақил ишлашга кўникиб кетгунча, яъни 2-3 ойлик бўлгунча чақалоқларнинг қорни дам бўлиши, қорни оғриши, ичи кетиши ва ҳиқичоқ тутиши табиий ҳолат.

Агар оналар эътибор берган бўлишса, чақалоқни кўпинча овқатлангандан кейин ёки овқат вақтида ҳиқичоқ тутади. Бунда ошқозон тўлганда у чўзилиб, мушакларга таъсир кўрсатади ва болани ҳиқичоқ тутади. Боланинг ичаги газга тўлиб қорни дам бўлганида ҳам шундай ҳол юз беради.

Кўкрак ёшидаги гўдакларни ҳиқичоқ тутиши фақат ички эмас, ташқи таъсирлар билан ҳам боғлиқ. Масалан, баъзида ҳаво ванналари қабул қилганда, яъни онаси болани кўчада айлантириб юрганда, бироз совқотгани сабабли ҳам ҳиқичоқ тутади. Болани ҳеч қандай сабабсиз, жуда кўп ва узоқ вақт ҳиқичоқ тутса, уни тезда шифокорга олиб бориш лозим.

Агар чақалоқни эмаётганда ҳиқичоқ тутса, эмизишни тўхтатиш, вертикал ҳолатда ушлаш лозим. Шунда у ютган ҳаво кекириш орқали чиқиб кетади.

Бола совқотганда ҳиқичоқ тутса, биринчи навбатда, уни қиздириш чорасини кўриш, кўрпачага ўраш, иссиқ кийим кийгизиш ёки қучоқлаб иситиш лозим.

Чақалоқни ҳиқичоқ тутганда ҳеч қандай дори ичирманг, сув ҳам берманг. Асосийси, ваҳима қилманг. Негаки ота-оналар хавотири болага тез ўтади ва у ҳам безовта бўлади.

НЕГА КИЧКИНТОЙЛАРНИНГ ҚЎЛЧАЛАРИ СОВУҚ БЎЛАДИ?

Янги туғилган чақалоқларда улар олти ойлик бўлгунча танада иссиқлик алмашинуви жараёнлари яхши ривожланмайди. Шунинг учун икки ойликкача бўлган гўдаклар танаси тез совқотади ва осон исиб кетади. Баъзан бундай чақалоқларнинг қўлчалари ва оёқчалари кўкиш тусга кириб қолганини сезамиз. Бу ҳали қон айланиш тизими ҳам тўлиқ ривожланмаганлигидан далолат беради. Шу боисдан бу ҳолатга алоҳида эътибор бериб, хавотирга тушиш керак эмас. Асосийси, бола ётган хона ҳарорати меъёрий даражада бўлишини таъминлаш ва болани ҳам шунга яраша кийинтириш зарур.

ҚАНДАЙ СЎРҒИЧ
БЕРИШ МУМКИН?

Ёш оналар гўдагига сўрғич сотиб олишдан олдин қуйидаги маслаҳатлар билан танишиб чиқишини тавсия қиламиз.

Сўрғичларнинг бир қанча тури мавжуд. Масалан, латексли сўрғичлар табиий ҳисобланиб, ранги тўқ сарғиш бўлади. Улар кўпинча муддатидан олдин туғилган, заифроқ чақалоқларга тавсия этилади. Сабаби, улар оғиз ҳароратида исиб юмшайди.

Силиконли сўрғичлар сунъий материалдан тайёрланади. Улар рангсиз бўлади. Силиконли сўрғичнинг асосий хусусияти  болада унга аллергия бўлмайди, латексли сўрғичдан кўра узоқроқ муддатга ярайди.

Битта сўрғичдан фақат бир бола фойдаланиши керак. Сўрғич тешилган, шакли бузилган, ранги ўзгарган бўлса, ундан фойдаланиш мумкин эмас.

Сўрғични мунтазам равишда тозалаб, стерилизация қилиш, камида 6-8 ҳафтада алмаштириб туриш талаб этилади.

Сўрғични ипга илиб, боланинг бўйнига осиш ўта хавфли бўлиб, бундай ҳолатда бўғилиб қолиш эҳтимоли бор.

ГУЛШАН ёзиб олди.

loading...