АРТИСТ… (19-қисм)

0

 

 

 

* * *

 

 

Ҳамма нарса ҳужжатлаштирилганидан кейин қайғуга ботган Нозима ташвишлардан қутулганига шукр қилганича елкасига сумкачасини илиб кетаётганида «Nexia»нинг эгаси тўхтатиб:

— Менга қаранг, балки, машинангизни сотиб юборарсиз. Энди айтмоқчиманки, сиздай кўзга кўринган машҳур хонандалар урилган машинани минишмаса керак. Шунга агар таъмирлатиб ўтиргингиз келмаса, мен бажонидил сотишингизга ёрдам бераман, — деди.

— Сотиш? Ҳа, сотишим мумкин. Кечирасиз, исмингиз нима эди? — деди ҳали-ҳануз ўзига келмаган Нозима.

— Ҳайдар исмим. Хўш, сотасизми?

— Сотаман, — деди Нозима беихтиёр.

— Бўлди. Сизнинг қўлингизни ҳеч нимага урдиртирмай ишни ҳал қиламиз. Фақат нотариусга борсангиз, пулни олиб, имзо қўйсангиз бўлди.

Нозиманинг елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Чунки у машина олди-сотдисида, таъмирида бутунлай нўноқ. «Lacetti»сини ҳам Аҳмад олиб берган. Ҳужжатларини ҳам у қилган. Нозима фақатгина пулини қурутдай санаб берган-у, машинани ҳайдаб юраверган.

— Қанча берасиз? — деди Нозима бироз юрганидан кейин гўё бир нимани биладиган кишидай.

— Тўғрисини айтсам, машинани бошқа биров олади. Унинг ўзи уста. Лекин ўзингизни ҳам чамангиз бўлса керак, — дея Нозимага тикилди ҳайдовчи.

«Роса кетворган қиз экан. У ёқ-бу ёққа қўнғироқ қилмаганига қараганда, танишлари ҳам унчалик кўпга ўхшамайди. Ўзим яқиндан танишиб олсам, ёмон бўлмасди», деган ўй ўтди Ҳайдарнинг хаёлидан. Кейин пул кўзига бошқачароқ кўриниб кетиб, яқинроқ танишувдан воз кечди. Тўғри-да, унинг машинасини арзон-гаровга сотиб олса, ундан кейин бамперини алмаштириб, бозорга олиб бориб сотса, эҳ-ҳе, қанча фойда кўради. Кейин «Nexia» — сини пуллаб, «Lacetti»дан қолганига қўшса, кетворган «тойчоқ»қа бемалол етади-ку. Аммо отни ҳозирнинг ўзидаёқ қамчилаши даркор. Акс ҳолда бирорта чаққон чиқиб ишни расво қилиши мумкин.

— Мен билмайман. Ҳеч машина олиб-сотиб юрмаганман, — деди Нозима.

«Ў, айни муддо!» — кўнглидан ўтказди Ҳайдар ва:

— Энди мен сизга очиғини айтишим керак. Хафа бўласизми-йўқми, барибир, «калтак» еганнинг нархи бироз камроқ бўлади. Чунки ҳамма эртасини ўйлаб олади-да. Агар «Lacetti»ингизнинг бир жойи ҳам қирилмаган бўлганида, айтган пулингизга сотишингиз мумкин эди…

— Бекорчи гапни қўйинг, бўладиганидан гапиринг, — деди Нозима қатъий.

— Етти мингга кетса керак.

— Келишдик.

Шу заҳоти Ҳайдар ўзининг пешонасига уриб юборай деди. «Овсар, ўласанми беш минг, десанг?! Бу қизнинг соққаси кўплиги шундоқ ҳам кўриниб турибди-ку», дея ўйлади у. Кейин ноилож:

— Ҳозирнинг ўзида заклад бериб қўяйми? — деб сўради.

— Нима у? — деб пешонасини тириштирди Нозима, кейин бирдан эсига тушди-да, — ўзингиз биласиз, — деди.

— Келишдик. Икки бекат нарида «Бека» қаҳвахонаси бор. Таксида шу ерга борамиз. Сиз ўтириб турасиз, мен зувиллаб уйга бориб келаман, — деб бошини қашлади Ҳайдар.

— Менинг вақтим йўқ. Ундан кейин қаҳвахона ҳам ҳозир ёпилган бўлса керак. Яхшиси, эртага бирор жойда кўришайлик. Менга телефон рақамингизни берсангиз бўлди. Ўзим қўнғироқ қиламан, — деди негадир янада оғирлашиб кетаётган Нозима.

— Бугун лафзимни олиб қўйганингизда яхши бўларди-да, — деб уни кўндиришга ҳаракат қила бошлади Ҳайдар.

— Йўқ. Узр, мен жудаям чарчаганман. Хўп, хайр, — дея Нозима илдам юриб кетди.

Қиз такси тўхтатиб, ҳайдовчига уй манзилини айтгач, орқа ўриндиққа ўтирди. Кўзини юмди. «Қани энди ҳозир маза қилиб йиғласам. Чинқирсам, бўкирсам, дод солсам, думаласам, атрофимда ҳеч ким бўлмаса», дея хаёлидан ўтказиб, хўрсиниб қўйди.

— Ҳаммаси жойига тушиб кетади, — деди шунда ҳайдовчи.

Нозима унинг гапини англолмай қолиб:

— Нима дедингиз? — дея сўради.

— Кўринишингиздан жуда ташвишлига ўхшайсиз. Шунга айтяпман, ўрнига тушади ҳамма нарса, — дея кулиб қўйди ҳайдовчи.

— Ҳмм, Худо билади.

— Ишонч керак, яхши қиз, ишонч. Агар ишончингиз бўлмаса, умуман яшамай қўяверсангиз ҳам бўлади. Мана, мен таксичилик қилишимдан олдин бир тийинсиз қолгандим. Тўғриси, шундай бўлган. Уйда хотин, бола-чақа оч, нима қиларимни билмайман. Қўни-қўшнидан тўрт-беш сўм олай десам, ҳаммасидан қарздорман. Олмай десам, бу ёқда уйимдагиларнинг кўзлари мўлтираб турибди…

Нозима ҳайдовчининг қолган гапини эшитмади. Унинг кўксида оғриқ турганди. Машинасидан тушмасидан бурун оғриганди. Кейин ўзидан ўзи оғримай қолди. Мана, яна бошланди. Олдингисидан кучлироқ оғрияпти.

У бошини орқага ташлади. Қўлини кўкраги устига қўйди.

— Алдаб кетдими? — деб сўраб қолди ҳикоясини тугатган ҳайдовчи.

— А? — деди Нозима.

— Бирортаси алдаб кетдими, дейман.

Нозиманинг негадир кулгиси қистади. Лекин кулмади. Оғриқ кулишга қўймади.

— Йўқ. Алдаб кетадиганим йўқ, — деб жавоб берди.

— Йўғ-э, бўлиши мумкинмас. Сиздай чиройли қизларнинг, албатта, йигити бўлиши керак. Адашмасам, турмушга чиқмагансиз. Юз-кўзингиз буни айтиб турибди. Лекин йигитим йўқ, десангиз, мен ишонмайман.

— Ихтиёрингиз. Машинамни уриб олдим.

— Ия, — деди ҳайдовчи кўзгу орқали унга қараб қўйиб, — ёмон урмадингизми, ишқилиб? Ағанаб кетмадими?

— Йўқ. Шунчаки биттаси орқамдан келиб урди. Айб ўзимда. Олдимда турган чиқинди ташийдиган машинани кўрмай қолибман. Бирдан тормоз бериб юбордим. Кейин орқамдан келиб урди.

— Агар орқангиздан келиб урган бўлса, демак, у айбдор. Сабаби, оралиқ масофани сақламаган.

— Бечорага қийин бўлди-да. Чунки униям орқасидан урди. Ўртада қолиб тоза эзилди «Spark», — дея Нозима хўрсиниб қўяркан, кўкрагини силади.

— Фалокат-да. Ҳеч ким бугун мен машинамни пачақлайман, деб уйидан чиқмайди-ку… Кейин темир-терсак учун кўп куйинаверманг, жон омон бўлса бўлди, топилади темир-терсак…

— Тўғри, — деди Нозима ва бошини қимирлатиб қўйди.

Қизнинг кўксидаги оғриқ янада кучайган, инграб юборишдан зўрға ўзини тиярди. Тўғри-да, ҳозир инграйдиган бўлса, гап-сўзларидан саховатпешалиги билиниб турган таксичи уни тўғри касалхонага олиб бориб ташлаши ҳам ҳеч гап эмасди. У эса боролмайди. Чунки уйда онаси кутиб ўтирибди. Ҳойнаҳой, ухламаган бўлса керак. Баъзан одамнинг икки-уч марта заруратга боргиси келиб қолади. Нозима бормаса, кампир бу ишни ўзи эплаёлмайди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай шароитда бориши шарт.

Кампир хаёлига келганидан Нозима ўзини ўзи айбдор ҳис қила бошлади. «Ҳеч бўлмаса, ўша кампир учун ҳам мен ҳаяжонланмаслигим керак эди. «Тўйхонада нималар бўлмайди, нималар дейишмайди. Ҳаммасини ичингга ютсанг, бир бало касалликни орттириб олишинг аниқ», деганди Аҳмад. Пулни хуш кўради у. Аммо ора-чора шунақанги гапларни ҳам гапириб қўярди», дея ўйлади Нозима оғриқнинг зўридан тишини тишига босаркан. Ҳайдовчи бир-икки марта гап қотди. Бироқ Нозима жавоб бермади. Чунки оғриқ чидаб бўлмайдиган даражага чиқмоқда эди. Оғзини қимирлатса, баттар оғриб кетяпти.

— Илтимос, — деди охири чидаёлмай, — бирорта хусусий килиникагами, шифохонагами кириб ўтсак.

— Нима бўлди, тинчликми? — сўради ҳайдовчи ҳовлиқиб.

— Билмадим, кўксим ёмон оғрияпти. Рулга уриб олгандим, — деди Нозима афти бужмайиб.

— Оббо, чатоқ бўлган экан. Унда ТошМИга бормасангиз бўлмайди. Рентген қилиш керак. Ҳазиллашманг бунақанги нарсалар билан. Оз қолди ТошМИга.

— Майли.

Нозима бошқа гапирмади. Чунки энди қиз гапириш у ёқда турсин, чуқурроқ нафас олса ҳам, оғриқ ортиб кетаётганди. Шу боис кўзини чирт юмиб, энгашиб олди.

Дўхтирлар текширишди. Кейин укол қилишди. Нозима уларга машинасининг орқасидан бошқа машина урганини айтмади. «Йиқилиб тушдим. Кўкрагим темиргами, бир балога тегди», деб баҳона қилди. Дўхтирлар ишониб-ишонмай унга укол қилишди. Кейин яна бир дунё дори-дармон ёзиб беришди. «Эртага келиб, профессор кўригидан ҳам ўтиб кетинг», дейишди. Нозима «Хўп, хўп», дея сумкасини елкасига илиб ташқарига чиқди. Бахтига, таксичи кетиб қолмаган экан. Дарров ёнига келди. «Нима бўлди? Суягингиз синмаган эканми? Тўқнашув бўлганиданоқ бу ёққа келишингиз керак эди. Ҳамма нарсага қўл силташ керак бунақанги пайтда», деди ҳайдовчи ва қизнинг қўлидан ушлаб олди.

 

 

***

 

 

Кейин уйи ёнига етганида ҳам тушишига кўмаклашди, ҳоли-жонига қўймай қўлидан ушлаганча зинадан кўтарилишига ёрдамлашди. Ора-чора қизнинг елкасига елкасини теккизиб олди. Нозима сезди. Чақиб-чақиб олгиси келди. Аммо ўзини босди. «Шунчалик менга ёрдам берди. Энди озгина қилиқсизлигини кўтаришга мажбурман. Агар ҳаддидан ошса, таъзирини бериб қўяман», деб кўнглидан ўтказди. Қолаверса, бировга аччиқроқ гапиришга унинг ҳоли ҳам қолмаганди.

«Пулни олмайман», деди ҳайдовчи. Аммо Нозима бунга кўнмади. Оз эмас, кўп эмас, бир сиқим пулни унинг чўнтагига тиқиб қўйди. Ҳаммаси минг сўмликлар эди. Кейин қараса, ҳайдовчи кетмаяпти.

— Бўлди, сизга мингдан-минг раҳмат. Пулингизни бердим. Энди бемалол кетаверишингиз мумкин. Бўлмаса, отам чиқиб, кўнглингизни қора қозондай қилиб ташлайди, — деди шундан сўнг.

Ҳайдовчи бу гапни эшитиши билан дарров қуён бўлди-қўйди.

Нозима кирса, кампир ўтирибди. Ўша-ўша жойда. На у ёққа бир қадам, на бу ёққа бир қадам силжиган.

— Келдингми? — деди у алланечук ҳазин овозда.

— Ҳа, она, келдим. Узр, бугун сал кеч қолиб кетдим. Тўй чўзилиб кетди-да. Одамлар кетишимга сира йўл қўйишмади. Шунга озгина… Аммо сиздан роса хавотир олдим, — деди Нозима кампирга ачинганча термилиб.

— Мендан нега хавотир оласан? Мен ўтирибман-да.

Кампирнинг юзида ғалати жилмайиш пайдо бўлди.

— Қорнингиз ҳам очиб кетгандир, мен ҳозир бирон нима…

— Йўқ. Сира овора бўлма. Ҳаракат бўлмаганидан кейин қорнингдаги овқат ҳам ҳазм бўлмаскан.

— Унда жойингизни соламан.

Нозима шундай деб ечиниш учун ётоқхонасига кирди. Кўйлагини ечганидан кейин кўрди. Боя дўхтирхонада қарашга уялганди. Мана, энди кўрди: кўкарибди. Боланинг ризқи йиғиладиган жойдан сал чапроғи кўкарибди. У жароҳат устини бармоғи билан силаб қўйди-да, хўрсинди. Сўнг тез-тез кийимларини алмаштирди. Кейин бориб кампирга жой солди. Онахонни қўлидан ушлаб ўтказди. Ётқизди. Устига кўрпа ёпди. Кейин чироқни ўчириб, ўзининг хонасига кириб келди. Жароҳатини яна бир марта кўрди. Кўзига ёш тўлди. Хўрлиги келди. «Шундай пайтда битта суянчиғинг бўлса-ю, кўксига бошингни қўйиб, йиғлаб-йиғлаб олсанг», деди. Энди каравотига ўтирганида сумкасидаги телефони тиринг-тиринг қилганини эшитиб қолди. «Шундай пайтда ким SMS ёзди экан?» деган хаёлда телефонини олиб очди. Ўҳ-ҳў, йигирмадан зиёд хабар турибди. У дарров хабарларни ўқимади. Олдинига чироқни ўчирди. Кейин ётди. Шундан сўнггина хабарларни ўқий бошлади. Сабаби олдинги хабарлар бутунлай нотанишлардан келганди. Қизиғи, уларнинг бирортаси ҳам исмини ёзмаган. «Нозик қалбли, мафтункор чеҳрали, булбулни уялтирадиган овозли, сарвқомат Нозимахон… Тўғриси, яна нима деб ёзишга ҳам ҳайронман. Сиз билан қандайдир гаплашгим келяпти. Кейин ёнимда туришингизни жудаям қаттиқ тусаяпман. Йўқ, сиз мени шилқимликда айбламанг. Одамда, нима десам экан, шунақанги бир ҳолат бўлади-ку, кўнглингга ёққан одаминг билан узундан-узоқ суҳбат қургинг келиб қолади. Мен ҳам, ростини айтсам, ана шундай аҳволдаман. Яна, яна сиз мени яхши танийсиз. Шунинг учун ҳам сизга нотаниш рақамдан хабар жўнатяпман. Чунки»Ҳали сиз менга шунақа деб ёздингизми? Ҳаммадан кутсам ҳам, сиздан кутмагандим», десангиз, тамом бўламан. Қайтиб кўзингизга мутлақо кўринолмай қоламан. Мабодо кутилмаганда дуч келиб қолсак ҳам, бошқа томонга бурилиб кетаман. Азбаройи уялганимдан… Ҳозир соат тунги бирдан ошяпти. Биламан, бунақанги пайтда ухламайсиз. Ижодкорнинг иши оқшом унади. Кун бўйи тўлғоғи тутиб юради. Лекин туғолмайди. Қоронғи тушиши билан эса ўзи ҳам истамаган ҳолда бир нима-бир нималарни ижод қилиб ташлайди… Нималар деяпман ўзи? Сиз мен овсарнинг баъзи алмойи-алжойи гапларимга эътибор берманг… Шошманг, нима ҳақда ёзишни билмаяпман, деб шунча нарсани тўкиб-сочиб ташладимми? Бўлди, тўхтатаман. Ўзи бу телефондан битта ҳарфни топиб ёзиш ҳам азобнинг ўзгинаси-да. Хайрли тун».

— Раҳмат, — деди Нозима овоз чиқариб.

Кейин қолган хабарларни очиб кўра бошлади. Ўлдим, куйдим, қолдим. Қаторасига бешта хабарнинг мазмуни шундан иборат экан. Одамнинг бир жойи оғриб турганида бунақанги ёниб-куйишлар ҳам ёқавермас экан. Нозима уларнинг ҳаммасини ўчириб ташлади. Бироқ кейингисини ўчиролмади. Сабаби, «Мен Зоҳидман. Ишонсангиз сизни топиш учун бирга ўқийдиган курсдошларимнинг ҳаммасини ёлладим. Ҳатто қизларни ҳам. Шаҳардаги ҳар битта тўйхонага биттадан курсдошимни қўйдим. Бахтни қарангки, энг яқин дўстим турган тўйхонага сиз келибсиз. Мен унчалик ҳам узоқда эмасдим. Беш бекат беридаги ресторанда эдим. Сизнинг дарагингизни эшитишим билан оёғимни қўлимга олиб югурдим… Аммо иккаламизнинг учрашувимиз, назаримда, кўнгилдагидай чиқмади. Шунга қарамай бошим осмонга етди. Однога, инстаграмга… бир қаранг. Ҳамма иккимиз тўғримизда ёзган. Расмимиз остига «Узукка кўз қўйгандек», «Булар бахтли бўлиши шарт», «Зоҳиджон, Нозимахон, муборак бўлсин. Бахтингизни топганингизга ишончим комил», деб битиб қўйганлари ҳам бор. Сизга уч-тўрт марта қўнғироқ қилдим. Лекин телефонингизни сира кўтармадингиз. Илтимос, эртага пешиндан кейин анҳор бўйида учрашайлик… Сизни жондан ортиқ севувчи Зоҳид», дея телба ошиқ SMS юборибди. Нозима йиғлашини ҳам, кулишини ҳам билмай қолди. «Сен лаънатининг қандай ҳаддинг сиғди шунча ишни менинг рухсатимсиз қилишга?! Ярамас, эртага мен қандай бош кўтариб юраман?!» деб ўйлади у. Нозима ўрнидан сапчиб турди. Чироқни ёқди ва жаҳл билан Зоҳиднинг рақамини терди. Бор-йўғи икки мартагина чақирув товуши кетди. Зоҳид дарров телефонини ёқди-да:

— Алло, — деди қандайдир юмшоқ овозда.

— Ҳов, эшак, нима қилганинг бу?! Мен сени шунча одамнинг олдида уялиб қолмасин, деб гулингни олгандим. Сен ит нималар қилиб ташладинг?! Мараз, ўтган кунги айтган гапларим эсингдан чиқиб кетдими?! Шарманда қилибсан-ку мени! Агар қўйган расмларингни, ёзган нарсаларингни ўчириб ташламасанг, эримга айтаман, дабдалангни чиқариб ташлайди. Туғилганингга пушаймон едиради. Уқдингми?! — деди у ва телефонини дарров ўчирди.

Нозиманинг иккала юзи ҳам қизариб кетган, иситмаси чиққан, тинимсиз чуқур-чуқур нафас оларди. Боши эса ёрилиб кетгудек оғрирди. Ана шу маҳал ўлганнинг устига тепгандай Лайло қўнғироқ қилиб қолди. Нозима телефонни олиб, ерга урмоқчи бўлганида, кўзи экрандаги «Лайло» деган ёзувга тушди ва бир зум шаштидан тушиб, телефонини ёқди.

— Вой, Нози! — деди Лайло салом-аликсиз. — Нималар қилиб юрибсан, ўртоқжон?! Интернетни авария бўлганингдаги расмларинг босиб кетибди-ку! Видеоси ҳам бор! Сени ўлдига чиқариб қўйишибди! Қўрқиб кетганимдан…

— А-а-а! — дея бақириб юборди Нозима Лайлонинг қолган гапларини эшитмай.

Унинг қўлидаги телефони тушиб кетган, ранги докадай оқарган, кўзлари олайган, аъзойи бадани титрарди.

Нариги хонадан кампирнинг:

— Қизим! Қизим! — деган овози эшитилди.

Аммо Нозима эшитмади. Унинг қулоқлари том битганди.

Кейин нимадир қарсиллаб кетди. Нозима буни ҳам эшитмади. У кафти билан юзини бекитганча юм-юм йиғлай бошлаганди. Каравотга ўтирди. Кўрпани ғижимлади. Кейин бирдан уни ғажишга тушди. «Шундай қилсам, ҳамма нарсани унутаман, енгил тортаман», деб ўйларди у ва янада авжи келар, шижоати ошарди. Ўшандай маҳали унга Лайлонинг бундан етти-саккиз ой олдин айтган гапи эсига келди. «Ҳис-туйғуларни жиловлайдиган, шаштингдан қайтарадиган, этингни жимирлатиб юборадиган матоҳ бор. Мен биттасини олиб келдим. Энди мен сен билан қаригунча дугона бўлиб юравераман. Шу туриш ўлиб ҳам кетишим мумкин. Агар ортимда бирор одамим қолсин, дейдиган бўлсам, бунинг ҳам ечими бор. Дўхтирлардан фойдаланаман», деганди дугонаси ва шу ишни бошлагани ҳақида ҳам кейинроқ, яъни олдингисидан бир ҳафта ўтиб тўлиб-тошиб гапириб берди. «Даҳшатнинг ўзгинаси! Бошида қийналдим. Ана ундан кейин кўникиб, ўрганиб қолдим. Сенга ҳам маслаҳатим, мен қандай қилган бўлсам, шундай қил. Яна терлаган маҳалинг сувнинг жилдираб оқиб туриши ҳам кайфиятингни кўтаради. Етмиш томиринг сокинлашиб, шунақанги ором оласанки, ҳамма нарсани унутиб юборасан. Керак бўлса, ёшарасан», деганди. Ўша куни Нозима Лайлони ёмон қилди. Ҳаттоки «Менинг сендай дугонам йўқ», деди. Лайло бирдан юмшоқ тортиб: «Ҳазиллашдим, ўртоқ. Сени бир синай дедим-да. Яқинда интернетда ўқиб қолгандим. Ўзимнинг ҳам жаҳлим чиққанди», деганди вазиятдан осонгина чиқиб кетиш учун. Ҳозир дарди бир дунё бўлиб турган пайтда шу гаплар эсига тушиб қолса денг. Нозима кўрпа ғажишдан тўхтади. Шунда қулоғига инграшга ўхшаган овоз эшитилгандай бўлди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...