АРТИСТ… (24-қисм)

0

 

 

 

* * *

 

 

Кейин тушган расмларини кўрсатиб мақтанмоқчи бўлган. Лекин мен унамагандим. Энсам қотган. Яна озгина рашк ҳам қилганман. Жинниман ўзи. Нима қилардим рашк қилиб, менга деса, бутун умр ўша ёқларда хотинчаси билан қолиб кетмайдими? Аммо, барибир, касал бўлиб қолганимда бировнинг хабар олмагани ич-ичимни тирнайди. Дарвоқе, ўша пайтлар Лайло билан орамиздан ҳали ола мушук ўтмаганди. Лайло хабар олиш у ёқда турсин, бир марта қўнғироқ ҳам қилиб қўймади. Кейин айтдики, Хоразмдаги холасиникига кетган экан. Холаси шу ёққа тушган. «Тўй қилибди. Ўғлини уйлантирибди. Тўй ташвишлари билан бўлиб қўнғироқ ҳам қилолмадим», деди Лайло минг марта сузилиб. Кейин тўй тафсилотларига ўтаётганди гапини узиб қўйдим. Бутунлай бошқа нарсани сўрадим», — Нозима шу гапларни хаёлидан кечираркан қабулхонанинг кутиш залидаги ўриндиққа бориб ўтирди. Хавотир билан эшигининг тепасига «Жонлантириш бўлими» деб ёзилган томонга қараб қўйди-да, «Ишқилиб тузалиб кетсин-да», дея ўйлади. Сўнгра зерикмаслик учун ўзининг «твиттер»ини очди. Бир нималар ёзмоқчи бўлди. Лекин ҳеч нарса хаёлига келмади. Кейин «группа»сига кирди. Санжар исмли йигит ёзибди. «Нозиманинг тўрттагина қўшиғи бор. Тўйлардаям шу қўшиқларини айтади. Телевизорда ҳам шу қўшиқлари, кейин шу қўшиқларига ишланган клиплари айланади. Бечоранинг бошқа қўшиқ қилишга қурби етмаса керак». Нозиманинг бирдан асаби ўйнади. «Сенга нима, қурбим етадими, йўқми? Қўшиқларим ёқмаётган бўлса, эшитма, олам гулистон», деди. Кейин навбатдаги ёзувларни ўқиди. «Хонандалар, айниқса, аёл хонандалар ҳаддидан ошиб кетишяпти. Қўшиқларининг бачканалиги етмагандай ярим яланғоч кийинишади. Уларнинг дастидан одамга ўхшаб телевизорда концерт ҳам кўролмай қолдик. Ўласанларми, Муножот Йўлчиевадан ўрнак олсанглар. Қаёқдаги чет эллик тутуриқсизнинг этагидан тутишга ҳаракат қиласанлар». «Уфф», деди Нозима ва дарров телефонини ўчирди, лекин зум ўтмай яна ёқди. Ўйинни очди. Олдинига ўйин зерикарлидай туйилди. Кейин эса қизиқиб кетди. Вақт ўтганини ҳам сезмай қолди. Бир маҳал «Гулчирой Давидованинг яқини ким?» деган овоздан беихтиёр бошини кўтарди. Атрофига аланглади. Ўзидан бўлак ҳеч ким йўқ.

— Ким? — дея сўради оппоқ халатли тўлагина аёлдан.

— Гулчирой Давидова деган кампир билан ким келган? — дея энсасини қотирди оқ халатли аёл.

Нозима онанинг исм-шарифини билмасди. Бироқ ҳамширанинг кампир деганига қараганда демак, Гулчирой Давидова унга тегишли.

— Менинг онам бўлади, — дея ўрнидан турди у бирдан.

— Ҳмм… Эй-й, сиз хонанда Нозиймисиз? — дея илжайди ҳамшира.

— Ҳа, менман, онам яхшими? — дея жавдирабгина унга боқди Нозима.

— Ҳозир дўхтир чиқади. Айтади. Шу ерда кутиб туринг, — деб ҳамшира ичкарига кириб кетди.

У кампир ҳақида айтмоқчи эди. Бироқ бемор Нозиманинг онаси эканлигини билиши билан тилида турган гапни докторнинг зиммасига юклаб қўя қолди.

Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас доктор кўринди. У қирқ ёшдан ошган, кўзойнак таққан норғул киши эди. Эшикдан чиқиши билан бошидаги яшил қалпоғини қўлига олди. Тўғри келиб Нозиманинг ёнига ўтирди.

— Қизимиз сизнинг хонандалигингизни

айтди, — деди майин овозда.

— Ҳа, онам яхшими? Тузалиб кетадими? — дея ҳовлиқиб сўради Нозима.

— Ёшингиз нечада? — деди шифокор унинг саволига жавоб бериш ўрнига ўзи савол бериб.

— Йигирма бешдан ўтдим. Нимайди? — деди ҳайрон бўлиб Нозима.

— Ҳа-а, яхши. Унда анча улғайиб қолибсиз. Мен бўлсам элликка қараб кетяпман. Лекин ҳалигача ўзимни ёш бола деб ўйлайман. Илгари тезроқ катта бўлсайдим, деб орзу қилардим. Мана, омон-эсон катта ҳам бўлиб олдим. Энди бекор катта бўлибман, ўн саккиз-йигирма ёшли бўлиб юравермайманми, деб ўйлаб қоламан. Ишонсангиз ўттиз ёшимда уйланганман…

— Дўхтир, — дея унинг гапини бўлди Нозима, — илтимос, гапни айлантирмай

ростини айтинг, онамга нима бўлди?

— Уйларингда эркак киши борми? — деди шифокор унинг саволига яна жавоб бермай.

— Йўқ, — деди тоқати тоқ бўлаёзган Нозима.

— Афсус. Майли, нимаям қиламиз. Тақдир экан. Ҳар ким пешонасига қанча ёзилган бўлса, шунча яшайди. Тайёргарликларингни кўринглар, онахон оламдан ўтди…

Шу гапдан бошқасини кутмай қўйган Нозиманинг азойи бадани музлаб кетди. Юзи-ю, лабидан қон қочди. Бўшашди. Суянчиққа суянди. Кўз олдини қандайдир туман қоплади.

Шифокор унга қараб айтдими ёки бошқа бировга айтдими, ишқилиб, бир нима деди. Бироз муддатдан сўнг Нозиманинг тили тагида бир нима пайдо бўлди. У ён атрофини илгаригидай кўра бошлаганди.

— Бунчаликка борманг! — дея уни уришди доктор. — Онаси ўлмаган ким бор? Отаси ўлмаган ким бор? Улар ҳам тирик бўлиб боласидан айрилганлар қанча?! Ҳаёт бир кишининг бу дунёдан ўтиши билан тўхтаб қолмайди. Давом этади. Давом эттириш керак!

— Хўп, — деди ўзига келган Нозима, — кўрсам бўладими?

— Шошманг, олдинига яқинларингизни чақиринг, ана ундан

кейин улар билан бирга кўрасиз.

Доктор кетди. Нозима Камолага қўнғироқ қилди. Бошқа кимга ҳам айтсин? Кимдан нажот кутсин? Йиғлаб юборди. Йиғи аралаш синглисига кампирнинг ўлиб қолганини айтди. Сўнг суянчиққа суянганча бир нуқтага термулиб қолди.

«Чолим раҳматли «Минор» қабристонида ётибди. Ўғлим ҳам шу ерда. Иккаласи ёнма-ён. Бахтимга уларнинг ёнида биттагина жой бор. Мабодо менга бирон нима бўлиб қолса, қизим шу ерга қўйинглар», деган эди кампир бундан тахминан бир ойча аввал. Ўшанда Нозима жилмайган, кейин:

«Қўйинг, бунақанги гапларни сиз ҳали юзга кирасиз, керак бўлса, ундан ҳам ошиб кетасиз. Бундай гапларни гапирманг. Мен турмушга чиқсам, набирали бўласиз. Бувижон, деб қучоғингизга отилишганида бағрингизга босиб эркалайсиз ҳали. Ёки бундай қилмоқчимасмисиз», дея норози бўлган ва шунинг билан бирга кампирнинг кўнглини олганди.

«Болам, омонат жонга ишониб бўлмайди. Ундан кейин мен бугун ё эртага ўламан, деяётганим йўқ. Шунчаки билиб қўй, деяпман-да. Тағин, ҳали набираларимнинг ҳидига тўймай туриб ўлиш ниятим йўқ», дея синиққина жилмайиб қўйганди кампир.

Нозима ўшанда унинг гапларига кўпам эътибор бермади. Назарида она ҳали жуда кўп яшайдигандай эди. Бироқ мана, бир ой ҳам ўтар-ўтмас бу дунёни тарк этиб турибди.

Ниҳоят, сингиллар етиб келишди. Учала қиз бир-бирини қучоқлаб йиғлади. Кейин Нозима жонлантириш бўлимининг эшиги ёнига бориб шифокор билан кўришмоқчилигини айтди.

— Кутиб туринг, — деди ҳамшира бошини кўтариб унга қараб қўяркан, — ҳозир операцияда. Чиқиши билан айтаман.

У энг оғир нарсани буюрганди. Бироқ илож қанча, кутади.

— Нима қиламиз энди? — дея сўради ҳали-ҳамон боши ғувиллаётган Нозимадан Камола.

— Билмадим, Камола, бошим қотиб қолди. Нима қилишни билмайман ҳозир.

— Опажон, сув ичиб олинг. Озгина ўтиринг, — деди Лола Нозиманинг қалтираётган қўлидан маҳкам ушлаб.

— Опа, балки дўхтирларга айтиб сизга ҳам бирорта тинчлантирувчи укол қилдирармиз. Бўлмаса, ўзингизни олдириб қўясиз, — деди Нозиманинг аҳволидан хавотирланган Камола.

— Йўқ, менга жин ҳам урмайди. Ундан кўра нима қилиш кераклиги ҳақида бош қотиришим керак… Хўш, онамни кўрдик, ундан кейин нима қиламиз? Ҳа, олиб кетамиз. Кейин… У ёғига миям ишламаяпти, Камола, — дея яна изиллаб йиғлашга тушди Нозима.

— Ҳаммаси яхши бўлади опа, юринг, ўтирайлик. Мен дўхтирга айтаман, — дея Камола жонлантириш бўлимига кирди ва ҳамширага опасининг мазаси қочаётганини айтди.

— Шунга шунчами? Бу одамларга ҳам ҳайронсан. Кундан-кунга нимжонлашиб кетяпти, — деб ҳамшира оғринганча ўрнидан турди.

Бориб дўхтирни айтиб келди. Бошқа дўхтирни. Дўхтирнинг ҳар қалай инсофи бор экан. Нозимани ичкарига киритди. Бўш жой топиб ётқизди. Битта укол қилди. Шундан

кейин Нозима уйқуга кетди. Бирор соатча ухлаб, кейин уйғонди. Тепасида иккала синглисини кўрди. Аввалига қаерда ётганини, сингиллари нега тепасида турганини тушунмади. Кейин мияси ишлаб кетди. Дарров ўрнидан турди.

— Дўхтир қаерда? — сўради Камоладан.

— Хонасида бўлса керак.

Нозима бошқа нарса сўрамай тўғри эшик томонга юрди. Ўша ўзига онасининг вафот этганини айтган шифокор нималарнидир ёзиш билан овора экан. Нозиманинг келганини сезиб, бошини кўтарди.

— Келинг, ўтиринг, — деб стулни кўрсатди.

Нозима у кўрсатган жойга ўтираркан, чуқур хўрсиниб қўйди.

— Бунақа бўлмайди-да, синглим. Мен сизга ҳаммасини ётиғи билан тушунтиргандим. Дарров яна ўзингизга олибсиз. Агар шунақа бўлаверса, ўзингиз ҳам оғир аҳволга тушиб қолишингиз ҳеч гап эмас, — деб унга насиҳат қилган бўлди доктор.

— Ҳеч ўзимга сингдиролмаяпман…

— Бунақада анави иккита синглингизни ҳам қўрқитиб юборасиз. Отангиз, акангиз борми?

— Йўқ, — дея ерга қараб бошини қимирлатди Нозима.

— Унақада амаки, тоғалар бордир.

— Улар ҳам йўқ.

— Бор-йўғи шу икки синглингиз билан сизмисиз? — деди ажабланиб доктор.

— Ҳа…

— Унда қандай олиб кетасизлар? Уйда ёки қўни-қўшниларда қариялар борми?

— Подъездимизда асосан ёш оилалар.

— Бўлмаса, ўша қўшниларингизга қўнғироқ қилинг. Майитни эркаклар олиб кетгани маъқул. Ундан кейин менга уй манзилингизни, онахоннинг паспортини берсангиз.

Нозима бирдан боши берк кўчага кириб қолди. Уй манзилини бериши мумкин. Лекин кампирнинг паспортини қаердан топиб беради?

— Бирорта муаммо борми, синглим? — деди ундан кўзини узмай ўтирган доктор.

— Нима десам экан? — деди Нозима ютиниб қўйиб. — Гулчирой Давидова менинг унчалик ҳам онам эмас. Мен у кишини топиб олганман.

— Тушунмадим. Қандай қилиб топиб олишингиз мумкин? Момонинг ёши бир жойга бориб қолган бўлса, ундан кейин… Унинг бола-чақаси, қавми-қариндоши қаёқда қолди?

— Мумкинми сув ичсам? — деб Нозима докторнинг олдида турган графинга ишора қилди.

Шифокор стаканга сув қуйиб, Нозимага узатди.

Сувни ичиб бўлган Нозима томоғини қириб олди-да, секин гап бошлади. У кўзидан ёшини оқиза-оқиза кампирни қандай топгани, ундан кейин у билан қандай яшагани — ҳаммасини бирма-бир гапириб берди. Доктор бир марта ҳам қизнинг гапини бўлмай диққат билан эшитди. Кейин қўлидаги қаламини қоғознинг устига ташлади-да:

— Вазият анчагина мураккаб экан. Бу аҳволда биз сизга мурдани беролмаймиз. Милиция чақиришим, улар ҳамма нарсанинг тагига етиши керак. Ана ундан кейин, балки сизга берармиз. Шунда ҳам маҳалла оқсоқоли келиши керак. Майитни кўмиш аёлларнинг иши эмас. Мен сизни жуда яхши танийман. Телевизорда кўп марта кўрганман. Сизга ҳурматим баланд. Аммо мана шу нарсаларсиз иш битмайди, — деди.

— Нега? — деди бирдан жаҳли чиқиб кетган Нозима.

— Қонун-қоида шунақа.

— Қачон милиция чақирасиз?

— Ҳозир.

— Унда тезроқ чақиринг.

— Тезроқ чақираман. Лекин уларнинг тезроқ келишига кафолат беролмайман. Сиз эса кутиш залида ўтира туринг.

Нозима боши ғовлаб дўхтирнинг хонасидан чиқди. Кейин сингилларига йиғлаб-сиқтаб унинг гапларини айтиб берди.

— Сиз бировнинг ҳақини еганингиз йўқ-ку, опа. Ундан кейин ҳеч кимга зўравонлик ҳам қилмагансиз. Менимча, қоғоз-поғоз қилишганидан кейин бериб юборишса керак, — деди Камола.

— Лекин биз уч қизнинг қўлидан ҳеч нима келмайди-да. Шошма, Адҳам Тошевга айтсамчи… Йўқ, бўлмайди. Лекин… Лекин бошқа иложим ҳам йўқ.

Шундай деб у дарров сумкачасини кавлаб телефонини олди-да, Адҳам Тошевнинг телефон рақамини қидириб топди. Ҳамда қўнғироқ қилди. Бахтига у дарров телефонини кўтарди.

— Ёрдамингиз керак бўлиб қолди, Адҳам ака, — деди Нозима йиғи овозда.

— Тинчликми? Нима бўлди? — сўради Адҳам Тошев хавотирланиб.

— Телефонда айтолмайман, ака, касалхонага келинг.

— Касалхонага?! Нега? Нима бўлди ўзи?!

— Келинг, ака, илтимос.

— Хўп, мен ҳозир етиб бораман. Сиз ўзингизни босинг. Битмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Бўпти, — деб Адҳам Тошев телефонини ўчирди.

Нозима енгил тортгандай бўлди ва чуқур нафас олиб сингилларига қаради.

 

 

***

 

 

Адҳам Тошев кўп куттирмади. Ярим соатлар чамаси вақт ўтганидан кейин етиб келди. Агар Адҳам Тошев Нозиманинг бирорта яқин одами бўлганида бирдан унинг бағрига ўзини отган, ҳўнграб йиғлаган бўларди. Аммо ҳозир у ўзини отолмади. Лекин йиғлаб юборди. Ўзи шундоқ ҳам кўп йиғлаганидан кўзлари қизариб, қовоғи шишиб кетганди.

— Нима бўлди? — деб Нозиманинг елкасига кафтини қўйди Адҳам Тошев. — Йиғламанг, йиғламанг. Бирорта қариндошингиз тушиб қолдими бу ерга?

Нозима унсиз бош чайқади. Ҳамда:

— Онамдан айрилдим, — деди.

— Ия! Нега? Ҳали ёш эди-ку чамамда…

Нозима яна бошини чайқади ва Адҳам Тошевни ўтиришга таклиф қилди. Ёнма-ён ўтирганларидан кейин қиз чуқур-чуқур нафас олди. Кейин бирма-бир кампир билан қандай топишгани-ю, унинг бу ерга келтирилгани ҳамда дўхтирнинг айтганларигача ҳаммасини гапириб берди.

— Э, чатоқ бўлибди, — деди Адҳам Тошев унинг гапларини эшитиб бўлганидан кейин, — лекин сиз сира қайғурманг. Савобли иш қилгансиз. Шунинг учун бунинг ваҳимали жойи йўқ. Албатта, кампирнинг қазо қилгани чатоқ бўлибди. Лекин сиз кўнглингизни чўктирманг. Сиз мен нима десам ҳаммасини бажаргансиз. Энди мен ўзимни олиб қочадиган бўлсам ғирт номарднинг иши бўлади-ку. Ўтира туринг, дўхтир билан ўзим гаплашиб чиқай. Ундан кейин милиция билан ҳам гаплашамиз.

Адҳам Тошев шифокорнинг ёнига кириб кетди. Камола билан Лола икки томонига ўтириб, опасининг қўлларидан ушлашди. Бири қўйиб, иккинчиси юпата бошлади.

Кўп ўтмай икки нафар милиционер пайдо бўлди. Улар опа-сингилларнинг ёнида тўхташмади. Тўғри жонлантириш бўлими томонга ўтиб кетишди.

Орадан чорак соат вақт ўтиб Нозимани чақиришди. Қиз шўрлик милиционерларга доктор билан Адҳам Тошевга айтган гапларини яна бошқатдан айтиб берди. Юраги сиқилди. Боши ғувиллагандан ғувиллади. Милиционерлар баённома тўлдиришди. Ундан кейин маҳалла оқсоқоли чақиртирилди…

Хуллас, майитни олиб чиққунигача қоронғи тушди. Маҳалла оқсоқоли ҳам Нозиманинг ёнини олди. «Жуда ҳурматга сазовор қиз. Маҳалладаям фаол (ваҳоланки ундай эмасди, хотини Нозиманинг қўшиқларини яхши кўрарди. Азбароий шу сабаб у Нозимани фаолга айлантирганди)», — деди. Милиционерлар Адҳам Тошев ва дўхтирнинг ёнида қолишди. Маҳалла оқсоқоли эса Нозима билан бирга кутиш залига чиқди.

— Қизим, шундай ишлар қилиб юрган экансан, бир оғизгина айтиб қўймайсанми, ҳамма ҳужжатларни тўғирлаб қўймаймизми? — деди оқсоқол Нозимага.

— Мен бундай бўлишини билмабман-да, — дея айбдорона бош эгди Нозима.

— Майли, нима бўлса бўлди. Биз сенинг ёнингда бўламиз. Менимча, милиционерлар ҳам сенга ҳеч қандай даъво қилишмайди. Лекин онахонни бугун, барибир, олиб кетолмайсан, рухсат беришган тақдирда ҳам. Чунки

уйингда ёлғиз ўзинг…

— Мана, — дея Нозима маҳалла оқсоқолининг гапини бўлиб, Камола билан Лолани кўрсатди, — сингилларим бор. Ёлғизмасман.

— Буларнинг қўлидан нима ҳам келарди? Буларинг ҳам кичкина-кичкина қизлар бўлса. Беришса, эртага эрталаб олиб кетамиз. Мен маҳалладагиларга айтиб қўяман. Тайёргарлигини кўришади.

Адҳам Тошев дўхтирнинг хонасидан қизариб-бўзариб, шунинг билан бирга жилмайиб чиқиб келди.

— Индамасанг, — деди у опа-сингиллар билан маҳалла оқсоқолининг ёнига келиб, йўқ жойдан жиноий иш очиб ташлашади. Хуллас, эртага эрталаб онангизни олиб кетасиз. Бугун ҳам олиб кетса бўларди-ю, лекин дўхтир кўнмади. Лекин бир ҳисобдан ҳаммаси ҳужжат билан бўлгани яхши бўлди.

— Раҳмат, — деди унинг кўзига жовдирабгина тикилган Нозима.

— Аввало, сизга раҳмат, — дея Адҳам Тошев оқсоқолга юзланди. — Бадриддин ака, ҳамма юк сизнинг бўйнингизга тушадиган бўлди.

— Бажонидил. Лекин шу олиб кетишимизда муаммо бўлмаса бўлгани, — дея жилмайишга ҳаракат қилди оқсоқол.

— Униям гаплашдик. Сизнинг номингиздан уларга гапирдим. Шунинг учун мендан ўпкаламайсиз энди. Эртага ўн бирларга таъзияни эълон қилаверсангиз бўлади.

— Яхши. Бўлмаса мен кетдим.

— Шошманг, Нозима билан бирга кетинг. Бу қиз ҳали шу аҳволда машина ҳам ҳайдайди. Ёнида ўтириб кетасиз-да.

— Маъқул, ўзим ҳам машинасиз юргандим.

Ҳар тугул эртасига майитни беришди. Нозима олиб келгани бормади. Оқсоқол маҳалладан беш-олти одам билан бирга кетди. Соат тўққизларга яқин марҳумни олиб келишди. Нозима шу беш-олти маҳалладошидан бошқа ҳеч ким таъзияда қатнашмаса керак, деб ўйлаганди. Йўқ, элликдан ошиқ одам келди. Ҳамма расм-русумларни улар қилишди. Нозимадан ора-чора у-бу нарсаларни сўрашди. Соат миллари ўн бирга бонг урганида эса кампирни сўнгги манзилга чоли билан ўғли ётган «Минор» мозорига олиб кетишди.

Шу куни Нозиманинг уйида қўни-қўшнилар кўп бўлди. Шу боисдан бўлса керак, кампирнинг йўқлиги унчалик ҳам билинмади. Аммо эртасига, ундан кейинги кунларда Нозима ошхонага кириши билан кўрпачада ўтирган кампирни кўргандай бўлиб кетаверди.

— Камола, — деди у синглисини ёнига чақириб, — роса чарчаганга ўхшайман. Бир-икки кунга бирон жойга бориб дам олиб келсам, деяётгандим.

— Жуда яхши-да опа, худди шу нарсани мен сизга айтмоқчи бўлгандим, — дея унинг гапини қувватлади Камола.

— Бўлмаса…

Нозиманинг гапи оғзида қолди. Чунки эшик қўнғироғи жиринглаган эди. Лола эшикни очишга югурди.

Кейин унинг: «Кечирасиз, ким керак сизга?» дегани эшитилди.

— Вой, савил! Сен ким бўлдингки, менинг олдимни тўсасан?!

Шундай шанғиллашдан кейин Лола ошхонанинг тўғрисигача тисарилиб келди. Сўнг йиқилди. Камола билан Нозима ўрнидан сапчиб туришди. Худди шу пайт Нозиманинг ҳақиқий онаси Анбар опа пайдо бўлди. Унинг қўлида газета бор эди.

— Онанг ўлдими, қирчанғи?! — дея бирдан бақирди у.

Нозима ўтирган жойида музлади. У энди кўриб тургани онаси Анбарми ёки у эмасми, билолмаётгандек, боқиши ҳам бемаъно эди.

— Ҳали мен тирик бўла туриб, сен газетага «Онам ўлди», деб бериб юбордингми, номард?! — дея янада баландроқ овозда қичқирди Анбар.

У қизининг жим тикилиб турганидан, рангининг оқарганидан қувват олган эди. Камола билан Лола ҳайрон, бир опаларига, бир кутилмаганда бостириб кириб шанғиллаётган аёлга қарашарди.

— Мен бермадим, — деди Нозима паст овозда.

— Бўлмаса, ким берди?! Эрталабдан уйимни одам босиб кетди. Нима эмиш, Нозиманинг онаси ўлди эмиш. Яхшиям, улар мени танишади! Ёки менинг ўлишимни шунчалик кўп хоҳлаб қолдингми?!

— Ойи! — деди энди бу ёғига чидолмаган Нозима бирдан ўрнидан туриб. — Менинг маънавий онам ўлди. Ўтган сафар сиз келиб ҳақоратлаб кетган кампир ўлди! У менинг онам эди, уқдингизми?!

— Вой, ўлмасам, вой, ўлмасам! — деб шу заҳоти кўзига ёш олди Анбар. — Тўққиз ой қорнимда кўтариб юриб, минг битта қийинчилик билан дунёга келтириб, сут бериб, минг азобда катта қилган мен бўлсам-у, қаёқдаги кампир онанг бўлиб қолдими?! Ер юткур, отангнинг менга кўрсатганлари каммиди?!

— Қайси отамни айтяпсиз, биринчисиними, иккинчисиними ё учинчисиними?!

Анбар тезда бегона қизларга қараб олди. Кейин мутлақо кутилмаганда ўзини ерга ташлаб юборди. Гўё ўзидан кетиб қолган бўлди. «Бирор жойим ёмонроқ тушиши, жароҳат олишим мумкин», деб ўтирмади. Шундай турган жойида кўзини бир юмди-ю, қулади. Гурс этган товуш чиқди. Қизлар ортларига тисарилишди. Нозима эса пинагини ҳам бузмади.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...