ҲОФИЗ… (1-қисм)

0

 

 

***

 

 

Уни анчадан бери бу вилоятга тўйга айтишмас, айтишса-да, бирдан рад жавобини берарди. Охирги борганида тўполон бўлиб кетган. Лекин бу сафар, кимсан, Тўхта Полвоновичнинг ўзи катта бошини кичик қилиб, атайин унинг уйига келиб, таклифнома бериб кетди. Бундай пайтда бормаслик келажакка қўйилган катта нуқта бўларди. Шу боис Бекали ҳеч иккиланмай розилик бериб юборди.

Амалдор кетиб, уйига қайтиб киргач эса, ўйга толди. Ўша сабил қолгур районнинг номи нима эди? Одамлари жуда пихини ёрган экан. Ичиб олганлари тўйхонанинг ўзидаёқ калтаклашганлари етмагандай, тўй эгасиям: «Қистир-қистир кўп бўлди. Мен ваъда қилган суммадан икки баробар кўп йиғдинг. Бу ёғига рози бўласан», деб секин бурилиб кетди. У музлаганча қолаверди… Бу воқеага ўн беш йилдан ошди. Лекин ҳалигача у ер-бу ерда эслатиб турувчилар топилади.

Ҳофиз шуларни ўйларкан, юмшоқ оромкурсига чўкди. Бир муддат ўтирганидан кейин хотини келди: юзи тиниқ, сочи қоп-қора; қошлари қайрилма, кўзлари чарос, яна кўкка озгина мойиллиги борки, кўрган кишининг юрагини ўйнатади. Қадди-қоматини айтмайсизми?

Бекали концерт бераётганида уни кўриб қолган. Кўзи тушиши билан севган. Бечора қиз концертга кеч қолган экан, довдирабгина жойини тополмай эшик ёнида турарди. Бекали созандаларидан бирининг қулоғига секин: «Шу қўшиқ тугаши билан парда орқасига ўтасан-да, зал директоридан эшик ёнида турган анави қизнинг кимлигини сўраб биласан. Кейин бирон жой топиб ўтқазасан», деб секин шипшиди. Созанда зукко йигит эди. Қўшиқ тугаши билан саҳна ортига ўтиб кетди. Кейин уни Бекали залда — ўзининг назари тушган қиз ёнида кўрди. Кўнглига улкан қувонч иниб, авжи келди. Овози ҳам янада жаранглашгандай эди гўё. Иштиёқ билан жўшиб куйлади. Чунки унинг қўшиғини мухлислар орасида гўзал бир жонон эшитаётганди. Шунчаки эшитмаётганди, бутун вужуди қулоққа айланиб тинглаётганди. Бундай пайтда шунчаки куйлаб бўлармикан?

У шу пайтгача: «Мендан зўри йўқ. Шундай экан, залга йиғилганлар менинг қўшиқларимни эшитишга мажбур. Эшитмаса, ўзларига жабр қилган бўлади», деб ўйларди. Лекин ҳозир буни унутди. Чунки залда анави қиз, созандаси олдинги қаторга ўтқазиб қўйган қиз бор…

У умрида биринчи марта қўшиғи жуда тез тугаб қолганидан афсусланди. Қани энди, қўшиғининг сўзлари қалин китобдаги каби кўп бўлса-ю, у жўшиб, завққа тўлиб, энг авж пардада куйласа, анави сеҳр-жодуни вужудига жо қилган қизнинг ўзи сеҳрланиб қолса!

Қизиқчи саҳнага чиқиши билан у кийимини алмаштириш учун саҳна ортига ўтди. Созандаси пилдираб ёнига келди.

— Устоз, Асакадан экан. Пединститутда рус филологиясида ўқиркан. Исми Лола эмиш, — деди у чийиллаган овозда.

— Маладес, ўзинг биттасан-да! Кел, пешонангдан битта ўпай, — деди хурсанд бўлиб кетган Бекали.

— Устоз, пешонамдан ўпишингиз мен учун шараф, — деди қувончи ичига сиғмай кетган созанда Дониёр.

Охирги пайтларда Бекали иккисининг орасига озгина совуқчилик тушганди. Ҳофиз уни доирани яхши чалмасликда айб-лаганди. Албатта, сабаб бу эмасди. Икки ой аввалги тўйга Дониёр кечикиб келувди. Доим ғўддайиб юрадиган, ҳеч қачон паст кетмайдиган Бекали: «Галварс, олдинроқ келиб кутиб олсанг ўласанми? Қайси гўрда санқиб юрибсан?!» дея кўпчиликнинг олдида изза қилганди. Гарчи ўшанда Дониёр ҳеч нарса демаган, эртасига ҳофизнинг гапларини бутунлай эсидан чиқариб юборган эса-да, Бекали қовоғини очмади. Икки кун ўтди. Ҳолат ўша-ўша. Дониёр ишга келган заҳоти ҳофизга салом беради. Бироқ у алик олмайди. Шунчаки ўқрайиб қараб қўяди. Ҳатто бир сафар тўйга бошқа бир доирачини олиб кетибди. Суриштириб билса, ўша доирачи ҳофизга минг сўм берибди. Бундан чиқди, тез орада Дониёр ўзига бошқа бир ҳофизни топиши керак. Бўлмаса, кўчада қолади. У мана шундай қайғули ўйга чўмиб юрганида, бирдан янги доирачи сариқ касалига чалинди. Дониёр қувониб кетди ва дарров ҳофиз билан аввалгидай илиқ муносабат ўрнатиш йўлини қидира бошлади. Мана, Худонинг ўзи унга йўл кўрсатиб юборди.

— Дониёрбек ука, — деди Бекали доирачисининг пешонасидан ўпиб, бағрига босиб қўйганидан кейин, — нима бўлсаям, концертдан кейин кетиб қолмасин. Бир бало қилиб олиб қол. У билан гаплашадиган зарур гапим бор.

— Устоз, худди айтганингиздай бўлади.

— Лекин бу ёғига анави ҳезалак — залнинг директорини аралаштирма.

— Хўп.

— Охирги иккита қўшиқдан олдин сенга жавоб.

— Хавотир олманг, ҳаммасини айтганингиздай қиламан, — деб кўз қисиб қўйди Дониёр.

Унинг ана шу қилиғи Бекалига ўтиришмади. Чунки у қизни эрмак қилмоқчи эмасди. Гаплашмасдан, бир кўришнинг ўзидаёқ исми Лола бўлган қизга нисбатан кўнглида бошқача бир илиқлик туйган эди. Шу боис гап билан Дониёрни узиб олмоқчи бўлди-ю, лекин дарров тилини тишлади. Иш пишаверсин, кейин бу ҳовлиқманинг ковушини тўғрилаб қўяди.

Концерт охиригача Бекали қиздан кўзини узмади. Қиз ҳам унга тикилиб ўтираверди. Энди ҳофизга ҳар бир қўшиғи узундан-узоқдай туюла бошлади. Ҳаттоки охирги уч-тўрт қўшиқни айтмасаммикан, деган хаёлгаям борди. Қараса, қиз кўзлари ёниб қўшиқ тинглаяпти…

Концерт тугаб, Бекали ташқарига чиққанида, ўша қизни учратди. У кетмасдан ҳофизни кутиб турган экан. Бекалини бирдан ҳаяжон босди. У илжайганча қизнинг ёнига борди. Лола жилмайиб салом берди, сўнг қўлидаги дафтарни унга узатди.

— Илтимос, дастхат беринг, — деди узун киприкларини пирпиратиб.

«Қизгина, — хаёлидан ўтказди Бекали, — сенга нафақат дастхат, балки юрагимниям бериб юборишга тайёрман!»

У санъаткор бўлганидан бери жуда кўп қизлар билан гаплашган эди. Ҳатто баъзилари билан дон олишишга ҳам улгурган. Лекин бирор марта бўлсин, бунақа ҳаяжонга тушмаган. Доим ғўдда-йиб, ўша сулувни эрмаклаган.

У шошилмасдан дастхат ёзди. Сўнг чарақлаган нигоҳ эгасига юзланиб:

— Ёлғиз кетишга қўрқмайсизми? — деди.

Шу пайтда миясига келган гапдан ўзи ғижинди. «Валак-салак, бундан бошқа гап қуриб кетганмиди? Ўл-а, топганингни қара!» дея ўзини-ўзи яниди.

— Йўқ, — деди Лола ўша мафтункор табассум билан, — дугоналарим кутиб туришибди. Улар ҳам сиздан дастхат олмоқчи бўлишди-ю, лекин қўрқишди.

— Мен аждаҳога ўхшайманми? Нега қўрқишади? Еб қўймайман.

Қиз пиқ этиб кулиб юборди.

— Мен ҳам шундай дедим. Лекин салобатингиз босган бўлса керак-да.

— Бундан чиқди, бу салобат қурғур сизни четлаб ўтибди-да. Шундай бўлганидан бошим осмонга етди.

Қиз дув қизарди.

— Аслида, — деди у бошини эгиб, майин товушда, — мен ҳам қўрққандим. Лекин анави доирачи: «Бекали ака сизни кўриб, илҳоми келибди. Илтимос қилди, кетиб қолмаскансиз, сизда гапи бор экан», дегач, юрак ютиб…

— Бир нарсага келишиб олайлик, — деди мийиғида кулган Бекали, — бундан бу ёғига сираям юрак ютмайсиз. Бу юракни ҳозирдан ютиб юборсангиз, кейин уни қандай топамиз?.. Гап бундай… Кечирасиз, исмингиз нимайди?

— Лола, — деди қиз ҳофизга юзланиб.

— О-о, гулларнинг маликаси, эркатойи, маъбудаси! Ўзим ҳам худди шундай бўлса керак, деган хаёлда эдим.

Бекали фавқулодда жўшиб кетди. Ҳаяжон, юрагининг гупурлаб уриши дарров йўқолди. У бошқа қизларга қандай сўзласа, ҳозир ҳам худди шундай гапираётганди. Бундан ўзи жудаям хурсанд эди. Айни пайтда қизни маҳв этишга ўзида ишонч ҳам пайдо бўлганди. Энди бемалол ҳужумга ўтсаям бўлаверади.

Ҳофизнинг гапидан кейин қиз бутунлай бошини кўтаролмай қолди. Нимадир деди-ю, аммо гапини ҳатто ўзи ҳам эшитмади.

— Бир марта рухсат беринг, — деди ташаббусни бутунлай қўлига олган ҳофиз, — дугоналарингиз билан бирга уйингизга оборай.

— Менинг уйим йўқ, — деди қиз бошини кўтармай.

— Ия! — деди кўзларини катта-катта очган ҳофиз. — Нега энди йўқ бўларкан?!

— Ётоқхонада тураман. Областдан келганман. Студентман.

— А-а, шунақа демайсизми? Одамни қўрқитиб юбордингиз, тўғрисини айтсам. Унда янаям яхши. Студентлар бизнинг келажагимиз. Баҳонада студентлар ҳаёти билан танишиб оламиз.

Қиз хушхабарни дугоналарига айтиш учун кетганида, Бекали ёнига Дониёрни чақириб:

— Сизлар битта мошинада кетаверинглар. Сиғмаганлар таксида кетишсин. Мен студентларни ташлаб келаман, — деди.

— Бўлди, устоз, — деб иккала қўлиниям кўксига қўйди Дониёр.

 

 

***

 

 

Бекалининг бахтига дугоналар учта экан. Учаласи ҳам орқа ўриндиққа ўтирди. Уларга нисбатан ҳофизга танишроқ бўлгани учун Лола Бекалининг ёнидан жой олди. Ҳофизга жон кирди. Кета-кетгунча билган-билмаган латифаларини қизларга айтиб, уларни кулдирди. Гапига шунчалик берилиб кетдики, бир-икки марта қизил чироқдан ўтиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди. Ҳофизнинг бошқалар каби дилкаш инсонлигини англаган қизлар яйрашди. Тортинмасдан бемалол гап қотишди. Ҳатто уни ётоқхонага — студентлар билан учрашувга таклиф ҳам қилишди. Уларнинг бемалолхўжага айлангани Лолага кўпам ёқмади. Унинг жим кетаётгани, дугоналарига қўшилиб бўлар-бўлмасга кулавермаганидан Бекали билдики, Лола озми-кўпми уни қизлардан қизғанаяпти. Ана шуниси унга кўпроқ ёқди.

Ётоқхонага етгач, Бекали қизларга дастхат ёзиб берди. Қизлар машинадан тушиб, икки-уч қадам узоқлашиши билан ҳофиз Лолани тўхтатди.

— Кечирасиз, асосий айтадиганим қолиб кетибди, — деди у кулиб.

Лола қизлардан ажралиб унинг ёнига келди.

— Бемалол айтаверинг, — деди ўзгача табассум билан.

— Сизни кўрганимдаёқ бир нарсани ўйлаган эдим… Ҳалиги, менинг бир ўртоғим бор. Шоир. Кўп қўшиқларимнинг матнини, асосан, у ёзиб беради. Озгина майхўрлиги ва девоналигини ҳисобга олмаганда, яхши одам. Хуллас, агар имконини қилсангиз, эртага унинг ёнига олиб борсам, сизга қараб чиройли шеър ёзиб берса-ю, мен уни қўшиқ қилиб куйласам…

— Менга қараб шеър…

— Сиз сираям хавотир олманг. Мен ўзим ёнингизда бўламан. Агар эртага пешинда худди мана шу ерга чиқиб турсангиз, келиб олиб кетардим.

— Қандай бўларкан? — деди қиз ўнғайсизланиб.

— Жуда яхши бўлади. Бир ўзингиз боришга уялаётган бўлсангиз, бемалол битта дугонангизни ҳамроҳ қилиб олинг. Хўш, нима дейсиз?

— Майли, — деди қиз ва қаддини ростлади.

Бекали у билан хайрлашгач, қалби шодликка тўлиб, газни босди.

Эртасига Лоланинг ёлғиз ўзи чиқди. Улар шоирнинг ёнига боришди. Қотмадан келган, кўзлари бироз қисиқ, қошлари қалин, юзи чўзинчоқ бир киши эди у. У ҳам қизни кўриши билан унинг гўзаллигига бир олам таъриф келтирди. Ҳатто икки қатор шеър ҳам ёзди. Шунинг билан бирга, уч пиёла ароқ ҳам ичди.

— Хафа бўлмайсиз, — деди ҳофиз шоирнинг ёнидан чиққанларидан кейин Лолага, — шоир халқи ўзи сал девонароқ бўлади. Кейин нимагадир алкаш… Аммо шеър-ни шунақанги қийиб ташлашадики, ҳайрон бўлмасдан иложингиз йўқ. Қани, мошинага ўтирдик, биргалашиб шаҳар айланамиз.

Айланишдан кейин улар ресторанга кириб, тамадди қилишди. Сўнг эртагаям учрашувга чиқишга Лоланинг розилигини олгач, Бекали қизни ётоқхонасига кузатиб қўйди.

Учрашувлар сони кўпайиб бораверди. Қиз ҳам унга боғланиб қолди. Ўртада муҳаббат пайдо бўлди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас, Бекали Лоланинг қўлига тилла узук тақди. Тўй-томоша қилиб, қизни Асакадан пойтахтга бутунлай олиб келди.

Кўз очиб юмгунча орадан ўн беш йилдан кўп вақт ўтиб кетибди. Лола ҳофизнинг кўнглидан чиқди. Уни ортиқча рашк қилмайди. Уйи доим саранжом-саришта. Қариндош-уруғ билан борди-келдиям жойида. Аммо фарзанд йўқ. Улар бормаган дўхтир, учрашмаган табиб қолмади ҳисоб, лекин бола бўлмади. Ана шу нарса ҳофизни қийнайди. Шунча обрў-эътибор, мол-дунё… Лекин татимайди бирортасиям. Бир-икки марта Бекали хотинининг оёқларини қучоқлаб ялинди:

— Биттагина бола туғиб бер, бўйинг баробар тиллага кўмаман! — деди.

Лола йиғлади.

— Қанийди… қанийди!.. Юрак-бағрим эзилиб кетди, нима қилай?! Додимни кимга айтай?! — дея айюҳаннос солди.

Шу-шу Бекали бола тўғрисида унга оғиз очмайди. Зим-зимистон уйга келади-ю, ғамга ботади.

Мана, ҳозир ҳам хотини ёнида турибди. Бир сўз демайди. Дейдиган бўлса, бола ҳақидаги гап оғзидан чиқиб кетадигандай.

Бекали сўзсиз таклифномани хотинига кўрсатди.

— Бу областга бошқа бормайман, деб онт ичгандингиз-ку, — деди Лола таклифноманинг манзилига кўзи тушиб.

— Бу гал бормасдан иложим йўқ. Тўхта Полвоновичнинг шахсан ўзи келди. У ёққа бормаслигимни билса керак-да. Майли, бораман-у, қайтаман, — деб чуқур хўрсинди ҳофиз.

Бекалининг тўйга бориши шов-шув бўлиб кетган, шекилли, тўйхонага тумонат одам йиғилибди. Буни кўрган ҳофизнинг кўзи қувнади. Ҳар кимниям шунча одам кутмайди-да, ҳар кимниям шунчалик кўп мухлиси йўқ-да!

У айнан Бекалининг келиши шарофати билан махсус қилинган саҳна тўридаги столга бориб ўтирди. Аввал мезбон билан озгина чақчақлашди, сўнг торини созлади, бир-икки пиёла чой ичди. Унгача тўйни маҳаллий отарчилардан бири қиздириб турди.

Ниҳоят, ўртакаш унга навбат берди. Бирдан атрофда қарсакбозлик бошланиб кетди. Ҳофиз одатдагидай мухлисларига қарата бир неча марта таъзим бажо келтирди. Тўйнинг эгаси Тўхта Полвоновични қиз узатаётгани билан табриклади. Ўзиям тахминан ярим соатча гапирди. Сўнг созандалари томонга назар ташлаб, «бошладик» ишорасини қилди.

Аввал иккита оғир қўшиқ айтилди. Орқасидан авжи зўр шўхини куйлай бошлади. Шу пайт… Ҳа, ҳа, худди ўша пайт осмондан тушдими, ердан чиқдими, саҳнадан икки қадам нарида раққоса пайдо бўлди. У бутун борлиғи билан мусиқага мос равишда хиром айларди. Бекали жуда кўп раққосаларни ўйнатган, лекин умрида бунақасини кўрмаганди. Бекалининг юраги худди ўн беш йил аввалгидай безовталаниб ура бошлади. Бир неча дақиқа раққосадан кўзини узолмай қолди. Назарида, Лола раққосалар кийимини кийган-у, ўртага тушгандай эди. Ана жозиба, ана латофат! Бекали бир-икки марта ўзига ёд бўлиб кетган қўшиқ матнидан адашди. Унга Лолани топиб берганидан бери ёнидан муқим жой олган Дониёр туртиб қўймаганида, эҳтимол, оғзига келган гапни қўшиқ қилиб айтаверарди.

— Хўжайин («устоз» деган сўзни Дониёр аллақачон унутиб юборган эди. Қолаверса, унинг «хўжайин» дейиши Бекалига хуш ёқарди), «салом-алик» қилиб кўрайми? — деди Дониёр қўшиқ тугаб, улар дам олиш учун ўтирганларида.

— Нимага шама қилаяпсан? — дея ўзини гўлликка солди Бекали.

— Анчадан бери асабларингиз таранглашганини сезиб юрибман. Келинг, шу сафар тўйдан кейин яхшилаб дам олиб кетинг.

— Ҳаддингдан ошма, — деб чуқур хўрсинди Бекали ва ўзи ароқдан пиёлага қулқуллатиб қуйди-да, бир кўтаришда ичиб юборди.

Бироздан сўнг унга микрофон тутқазишди. Ҳали қўшиқ айтишга улгурмай, бир-икки марта тинг-тинг қилганди, бирдан шовқин-сурон кўтарилди. У ҳайрон бўлиб оломон тарафга юзланди. Иккита той тўйхонанинг ўртасига кириб келди. Иккаласи ҳам худди шоҳларнинг тулпори каби безатилган, иккисининг устида ҳам шаҳзодалардай кийинтириб қўйилган ёш болачалар ўтирарди. Тўйга келганлар бирдан уларни олқишлашга тушиб кетишди. Бекали куйни тўхтатди. Қулт этиб тупугини ютди. Хаёлига лоп этиб Зиёд отарчи (Зиёд билан Бекали деярли бир вақтда саҳнага чиққан, бир вақтда ижод қила бошлаган. Аммо бир-бирини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ. Ҳар икковиям ўзича буюк, униси бунисининг, буниси унисининг қўшиқларини тан олмайди. Шунчаки эшакнинг ҳанграши деб баҳо беришади) билан баҳс бойлашгани эсига тушди.

 

 

* * *

 

 

Худди мана шундай амалдорнинг тўйига кутилмаганда иккиси ҳам борди. Бир-бирларига ёвқараш қилишди. Аммо атрофдагиларга сездиришмади. Тўй тугаб, кетар чоғида мезбон уларни алоҳида уйда меҳмон қилди. Бекали Зиёдни чақиб олгиси, камситгиси келаверди ва бирдан хаёлига тўплаган бойлиги келиб:

— Биродар, йилига бир марта концерт берасиз, тўйлардан қолмайсиз. Лекин нимагадир жа камбағалсиз-а?! Топганингизни кўчага совуриб юборасизми, дейман-да. Айтишларича, кўрган аёлингизни қўймаскансиз. Одам сал жиддийроқ бўлиб, тўрт-беш сўм топганини бир чеккага йиғиб қўяверса, ёмон бўлмайди. Буни қаранг, қачон қарама, устингизда битта костюм. Ўзингизниям ўйланг, бунақада чарчаб қоласиз, — деди.

Зиёд жилмайди. Пиёлага чой қуйиб, Бекалига узатди. Сўнг ўзига чой қуйиб, бир ҳўплаб, нам бўлган лаб-лунжини сочиқчага артди-да, жойлашиброқ ўтиргач:

— Мен бойман, Бекали ака! Чиндан ҳам. Ҳа, энди, турланавериш эркак кишига сал эриш туюларкан. Шунга битта костюм-шим рангини йўқотиб, у ер-бу ерининг чоки сўкилмагунча кийиб юравераман-да. Лекин… — деб томоқ қириб қўйди у, — топганимиз сизникидан каммас.

— Шунақами? — деб ёйилиб кулди Бекали. — Унда бундай қиламиз. Эртага чойхонага борамиз. Топганингизни ўзингиз билан оборасиз. Мен ҳам шундай қиламан. Агар кимнинг пули кўп бўлса, ютган одам сифатида у ютқазганнинг пуллариниям қўшиб олади. Маъқулми?

— Сиз нима десангиз шу.

Бекали ич-ичидан хурсанд эди. Чунки тўйга айтганлар унга бир сўм беришса, Зиёдга эллик тийин беради. Шундай экан, агар Зиёд эрталабгача қўшиқ айтган тақдирдаям, унинг икки соатда топганини тополмайди. «Ярамас отарчини бир кафангадо қила-йин. Балки, чойхонада яна бўйнига бирон нима илиб, бир умр қуллуқ қилиб юрадиган қип қўйишим ҳам мумкин», дея хаёлидан ўтказди у.

Улар келишилган вақт-да чойхонага боришди. Аввалига икки сихдан кабоб ейишди. Шундан кейин Бекали Дониёрни чақириб, пулни олиб келишни буюрди. Унинг бойлиги нақ бир қоп экан. Бунинг устига, энг майдаси қип-қизил ўн сўмлик. Бекали ўзгача завқ билан бойликларидан бир сиқимини олиб, Зиёдга кўрсатди.

— Сизники, ҳеч бўлмаганда, шунча чиқар, — деб ҳиринглади.

— Балки, — деб кулди Зиёд ва ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди.

Бироздан кейин у ёшгина болакайни етаклаб келди.

— Мана менинг бойлигим, — деди кўзи қувончга тўлиб.

Бекали бақа бўлиб қолди. Ичидан зил кетди. Вужуди титради. Кейин кўзини юмди. Қўлини мушт қилди.

— Бопладинг, — деди Зиёдга, биринчи марта уни сенсираб, — ёмон туширдинг! Мен ютқаздим. Пулларимнинг ҳаммасини ол. Энди улар менга ҳаром!

— Менга сизнинг сариқ чақангиз ҳам керакмас. Ўзимники ўзимга етиб-ортади. Фақат бундан бу ёғига ўпкангизни босиб олсангиз, яхши бўларди, — деди Зиёд унга жавобан.

Шу воқеагаям беш йилдан ошиб қолди. Аммо худди кеча содир бўлгандай, Бекалининг ёдига келаверади. Бир марта у ўзини ўлдирмоқчиям бўлди. Аммо иродаси етмади.

«Мен соғломман, мендан бола бўлади. Дўхтирнинг ўзи шундай деб айтган. Балки, Лола эплаб бола қилолмаётгандир. Мен ўзимни бошқаларда синаб кўраман!»

Бекали ўнлаб марта ўзини синади. Дониёрга тинчлик бермади. У қиз топиш билан овора эди. Ҳаммаси сарвқомат, ҳаммаси гўзал. Бекали барига ваъда берди: «Агар мендан бола туғсанг, бўйинг баробар тилла бераман», деди. Лекин улар ҳам туғиб беролмади. Тўғри, бир-иккитаси ҳомиладор бўлди, лекин улардан Бекали шубҳаланди. Шу боисдан ҳам ҳомилани тан олмади.

 

 

* * *

 

 

Тўхта Полвоновичнинг шахсан ўзи тойда ўтирган болакайларни кўтариб ерга туширди. Бекалига: «Чалинг, чалинг!» — деб бақирди. Ҳофиз беихтиёр торининг симларини черта бошлади. Ўша боя ўзининг кўнгли кетган раққоса қилпанглаб Тўхта Полвоновичнинг ёнида рақсга туша кетди. Болакайларга, амалдорга тинимсиз пул қистирилар, раққоса енгил ҳаракат билан муллажирингларни улардан олиб қўярди.

«Сен! — дея пичирлади ҳофиз. — Менга фарзанд ато этасан!»

Тўн кийдириш, қистир-қистир маросими тугагунча Бекалининг бўлари бўлди. Ҳар сафар зар чопон кийиб, шоҳона саллачаларни бошларига қўндирган болакайларга кўзи тушганида хонумонига ўт тушгандай, юрак-бағри ўртаниб, кўзини чирт юмарди. Охири: «Шу тўй тугасин, ўзимни ўзим ўлдираман!» деган қарорга келди. Юрак уриши пича секинлашгандек туюлди. Дўпписининг остига қип-қизил ўнталикларни қистираётганларга мийиғида кулиб қўяверди. Ундаги ўзгаришни ҳар доимгидай Дониёр тез илғади. Кўзи билан қидириб ўртакашни топди. Имлаб чақирди. «Микрофонни ол», деб қулоғига шипшиди.

Ҳофиз бостириб- бостириб икки пиёла ароқ ичганидан кейин Дониёрга:

— Сен ҳозир чиқиб кетасанми ёки бошқа бировига айтасанми, хуллас, меҳмонхонадан жой тайёрла. Бугун област марказида қоламиз. Дам олиб, эртага қайтамиз, — деди. Ке-йин бироз пешонасини қашлаб ўтирди-да: — Анави ўйинчиям борсин. Ўзимизгаям рақс тушсин, — деб қўйди.

Ярим кечага яқинлашганда тўй тугади. Бекали эртароқ ашқол-дашқолни йиғиштириб, меҳмонхонага кетмоқчи эди, лекин анча кайфи ошиб қолган Тўхта Полвонович: «Биргалашиб бир пиёладан чой ичамиз», деб туриб олди. Бекали унинг айт-ганини бажармасдан бошқа илож тополмади. Чунки ваъда қилинган пулни ҳали олгани йўқ эди. Бунинг устига, Тўхта Полвоновичдай одамнинг раъйини қайтаргиси келмади.

Созандалар отарчилар билан бир уйга, Бекали бошқа уйга кирди. Бир қанча муддат ёлғиз ўтирди. Уйқуси келди. Бир хаёл анави раққосани чақиртириб келмоқчи ҳам бўлди. Ҳарна-да, зериккандан кўра чақчақлашиб ўтиради. У шу ниятда ўрнидан турмоқчи бўлганида, иккита тўй болани етаклаб олган ширакайф Тўхта Полвонович кириб келди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 

loading...