Ҳақиқий ҳангома мана бундай бўлади…

0

 

 

 

ГАДОЙ МОНОЛОГИ

 

 

— Азизлар, қадрдонлар, офтовда қатиқ ялашганларим! Ит қувганда, мениям судраб қочарларим! Садақа қилинг! Мендай кўчада қолган бомжзода, пиёнзода, герзода ғарибга худо йўлида мингта сўм хайр қилинг!..

Ҳой чўнтагинг долларга тўлгур бўз йигитлар, бир-биридан шаҳло кўз йигитлар! Ота-онам ўлиб кетган. Хотиним ментга тегиб кетиб қолган. Бола-чақа, қариндош-уруғлар пароканда бўп кетган! Тутинган тоғам турмада. Мендай ожиз-у нотавон ташландиққа уч мингта сўм садақа қилинг! Садақа балони қайтарар, ҳа!..

Ҳай синглим, оқ халат кийволганингизга қараганда, яхши одамга ўхшайсиз. Иккала оёғим ҳам увишиб, томирлари тортишганча қоп кетган. Акса урсам тишларим тўкилиб тушай дейди. Кечаси кўрпамминан бошимни ёпсам, нафасим сиқиб қолади. Қўлларимни таракан чақиб ташлаган. Уйқу орасида устимдан сичқон-каламуш сакраб ўтаверганидан вос-вос бўп қолганман. Капитализм инфарктга учратган бир касалга беш мингта сўм садақа қилинг!

Оҳ, укажоним, бормисиз? Шундай ажабтовур галстук тақволганингизга қараганда, яхши одамга ўхшайсиз. Ҳа-а, катта амалдормисиз? Оҳ, буюрсин, буюрсин!.. Мендай кар-соқов, дудуқ, боши Гоби саҳроси каби кал бир ғарибга раҳмингиз келсин! Акам ҳам, отам ҳам сиз. Урсангиз ун оши, сўксангиз сўк оши. Икки юз мингта сўм хайр қилинг, ойликкача етволай-й!..

Эҳ, одамлар менданам баттар зиқна, хасис, қизғончиқ бўп кетишибди! Мендай ташландиқ гадойданам пулини қизғонишади-я!..

Ҳа майли, хотинчамнинг юбилейини ўзимнинг яширган-беркитган пулларимминан ўтказиб тураман. Мард, ҳотамтой ҳам учраб қолар!

Одамла-ар, ғарибга садақа қилинг! Ота-онам қазо қип кетган. Хотиним ментминан қочиб кетиб қолган. Мендай ташландиқ маразга хайр қили-инг!!

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

loading...