ДАЙДИ БОЛАНИНГ ДАРДИ… (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

0

* * *

 

— Дада, урманг мени! Мен олмаганман пулингизни! Нега урасиз? Урманг!..

Мўйлови энди сабза ура бошлаган ўн олти ёшли Мардон икки қўли билан бошини беркитганча отасининг ғазабидан қочишга уринарди.

— Сен олгансан! — бақириб тарсакилашда давом этди ота. — Бу уйда сендан бўлак ит ҳам йўқ. Айт, қай гўрга беркитдинг пулларимни?

— Олмаганман! Кўрмаганман!

Калтак жонидан ўтган Мардон охири бор кучини тўплади-да, катта кўчага қараб чопди.

— Елкамнинг чуқури кўрсин уйингизни! — бақириб борарди у. — Ҳеч қачон қайтмайман бу уйга!

— Тўхта, лаънати, тўхта!

Минавар ака уни тўхтатишга уринди. Аммо фарзанди анча олислаб кетганди.

Бирпас унинг ортидан алам билан қараб турди-да, қўл силтаганча уйга кириб кетди.

 

* * *

 

Мардон шу кўйи анча жойгача чопиб борди. Кун шомдан оғиб қолганди. Эгнидаги юпун костюмдан қиш изғирини ўта бошлаганини ҳис этса-да, парво қилмасликка уриниб, ҳашаматли ресторан ёнида тўхтади ва атрофга аланглади.

“Майли, кўчаларда хор бўлсам ҳам. — ўйларди у юз, томоқларида қотган кўз ёшларини рўмолчасига арта-арта. — Ўша дадамнинг калтакларини емасам бўлди… Ярамаслар… Туҳмат қилишгани қилишган. Қачон олибман пулини?..”

Шу пайт ресторан ортидан ўзи тенги бир бола сигарет тутатиб чиқиб келди-да, рўпарасига етганда негадир тўхтади ва Мардонга бир муддат тикилиб қолди.

— Ҳа, ишинг борми менда? — аламини шу йигитчадан олмоқчидек зарда аралаш сўради Мардон. — Кетавер йўлингдан қолмай!

— Ўзинг нима қилиб турибсан бу ерда? — сўради йигитча ундан. — Қаерликсан?..

— Осмондан тушдим.

— Сендан тўғриликча сўрадим.

— Уйдан қочдим. Нимайди?

Бу гапни эшитган йигитча қўлидаги сигаретни ирғитиб юборди-да, Мардонга яқинлашди.

— Нега қочасан уйдан?

— Қочгим келди қочдим-да! Сенга нима?..

— Хафа бўлмагин! — унинг елкасига қўлини қўйди йигитча. — Менам уйдан ҳайдалганман. Мана шу ерларда тирикчилик қилиб юрибман. Отинг нима?

— Мардон. Ўзингники-чи?

— Меники Шуҳрат. Пулинг борми?

— Йўқ. — юзини терс бурди Мардон.

— Ҳа-а… Ёмон бўпти… Менга қара, иш топиб берсам ишлайсанми?

— Билмадим. Нима иш ўзи?

— Ҳов анави машиналарни кўряпсанми?

— Кўряпман. Кўр эмасман.

— Ўшаларни қўриқлаб чиқасан эрталабгача. Эвазига пул тўлашади.

— Кўпми?

— Ҳа энди… Оч қолмайсан-да!..

— Гап йўқ.

— Бўпти, ҳозир мен гаплашиб бераман.

 

* * *

 

Эгни юпунлигини кўрган Шуҳрат унга ўзининг курткасини ҳам ечиб берди. Мардон то тонгга қадар катта йўл бўйлаб ғиз-ғиз ўтиб қоладиган машиналарни томоша қилди. Гоҳида кимлардир йўл четида ўзаро жанжаллашишса, қулоғини динг қилди. Гўё дадасининг қичқириғи эшитилаётгандек юраги потирлаб, ўрнидан туриб кетаверди.

Айниқса, қиш изғирини жон-жонидан ўтиб, ранги кўкарганда, чидашга вужудида куч топа олмасди. Уёқдан-буёққа сакраб чопганча баданини қиздиришга интиларди.

Шу аснода тонгни ҳам оттирди. Сал ўтиб Шуҳрат келиб қўлига иккита мингталик тутқазганда Мардон сал қурса йиғлаб юбораёзди. Ахир… Тунда ўзидан ўтганини ўзи билади! Бу пуллар билан қаергача боради?.. Базўр қорни тўяди-ку!..

— Менга бу иш тўғри келмайди. — деди Шуҳратга қовоғини уйиб. — Жуда совуқ экан кечаси.

— Бўлди. Агар истамасанг, бошқа иш қиламиз.

— Қанақа иш? Тағин қоровулликми?

— Йўқ, — деди Шуҳрат айёрона кўз қисиб. — Агар бу ишни қойиллатсанг, чўнтагинг тўла пул бўлади.

— Нима иш ўзи? — суриштира бошлади Мардон ичи қизиб.

— Буни борганда биласан.

— Қаерга борамиз.

— Короче, кечқурун соат еттиларда «Фарангиз» интернет кафесига бориб тур. Ўша ерда учрашамиз.

— Хўп.

Шуҳрат кетди. Мардон ҳам кечадан бери туз тотмаганди. Қорни таталаб нимадир тамадди қилиш илинжида шу яқин атрофдаги қаҳвахонага жўнади.

 

* * *

 

— Мардон, бу янги шеригимиз Ғайрат! — Шуҳрат кечқурун кафе ёнига ўзи билан ўзлари тенги яна бир йигитчани бошлаб келиб Мардонга таништирди. — Бирга қиламиз бу ишни.

— Ўзи нима иш? Шунчалик сирлими? — сўради Мардон тоқатсизланиб.

— Нега сир бўлсин. Хуллас, компьютернинг ички қисмларини тушунасанми?

— Бе, — қўл силтади Мардон. — Бу ишлар менга чикора. Уйимиздаги компьютерни очиб-ёпавериб кўзим пишиб кетган.

— Унда зўр бўлади. — деди Шуҳрат кўз қисиб. — Салон қоровулини эрталабгача ўйин ўйнашга кўндирамиз. Барибир ярим тунда ухлаб қолади. Сен манави қоғозда ёзилган рақамдаги компьютерни очиб, миясини, тезкор хотираси, видеохаритасини “шумо” қиласан. Қолганини кейин гаплашамиз.

— Сезиб қолса-чи? — хавотирланиб уёқ-буёққа қараб олди Мардон.

— Сезмайди. Биласанми, бу нарсалар қанча туради? Вў туради!..

— Бўпти, — деди бўшашиб Мардон. — Кетдикми?

— Кетдик.

Улар учовлашиб салон ичкарисига йўл олишди.

 

* * *

 

Қоровул ҳам ўсмирларга бир-бир қараб олгач, хизмат ҳақини олдиндан олди-да, ўз ишида давом этди.

Улар ярим тунга қадар турли ўйинлар ўйнаб вақт ўтказишди.

Ниҳоят кафе ичкариси бўшаб, фақат уччовларигина қолишди. Қоровул бир четга қўйилган оромкурсига ястаниб олганча бир меъёрда хуррак отарди.

— Бошладик! — шивирлади Шуҳрат Мардонни туртиб. — Кўряпсанми компьютерни? Пана жойда. Ит ҳам кўрмайди.

Мардон ўйинни йиғиштирди-да, Шуҳрат кўрсатган компьютерга яқин бориб кўз очиб юмгунча ичини очди ва керакли эҳтиёт қисмларни суғуриб олиб қопқоғини қайтадан беркитди.

— Бер, мен кўчагача қўйнимда олиб чиқаман! — деди Шуҳрат. — Кейин ўзингга бераман.

— К-кимга сотамиз? — дудуқланиб сўради Мардон. — Ахир…

— Э, ўзим айтаман. Юрсаларинг-чи тезроқ! Анави хитланиб қолмасин тағин!

 

* * *

 

Иш хамирдан қил суғургандек осон битганидан барчаларининг оғзи қулоғида эди.

Энди эҳтиёт қисмларни бозорга олиб бориб сотиш қолди холос. Бу юмушни ҳам Шуҳрат Мардоннинг зиммасига юклади. Ўзи Ғайрат билан бирга бозор айланиб турадиган, харидор чиқди дегунча дарҳол етиб келиб биргаликда савдолашадиган бўлди.

Бозорнинг бағри кенг. Яхши ҳам, ёмон ҳам сиғиб кетаверади.

Эрта тонгда Мардон ҳам оломон орасида туриб олганча қўлидаги эҳтиёт қисмларни кўз-кўз қилар, кўзлари олма териб харидор қидирарди.

Орадан ярим соатча вақт ўтиб ниҳоят икки нафар баланд бўйли, тахминан йигирма беш ёшлар атрофидаги йигитлар келиб Мардоннинг қаршисида тўхташди.

— Ука, булар қанчадан? — сўради уларнинг бири.

Мардон қўлидагиларнинг нархини айтгач:

— Ками бор, ака, келиштириб бераман олсангиз! — деб қўйишни ҳам унутмади.

— Ўзи янгими? Ишлайдими? — сўради иккинчи йигит.

— Албатта ишлайди. Яп-янги.

— Барибир текшириб кўриш керак. — деди биринчи йигит. — Худо билади. Уйга боргандан кейин ишламай қолса, катта пулга тушиб қолиш ҳеч гапмас.

— Текшириб кўраверинглар, акалар! Ишончли.

— Бўпти, юр, ҳов анави ерда уйча бор. Ўша ерда текшириб кўрамиз!

Мардон қадам босишдан аввал тўрт тарафга ўғринча кўз ташлаб Шуҳрат ва Ғайратни қидирди. Негадир улардан дарак йўқ эди.

— Намунча чайналиб қолдинг? — сўради йигитлардан бири сал дўқлаган оҳангда. — Бировни кутяпсанми?

— Йў-йўқ… — жавоб қилди Мардон дудуқланиб. — Шунчаки…

— Қаердан олдинг ўзи буни? Ўзингникими?

— Ўзимники. — деди Мардон эшитилар-эшитилмас. — Нимайди?..

Шунда йигитлардан бири чўнтагидан гувоҳномасини чиқарди-да, унга кўрсатди.

— Биз милицияданмиз. — деди у жилмайиб. — Бу нарсаларни «Фарангиз» интернет кафесидан олгансан. Тўғрими?

— Й-йўқ… Ўз…

— Ёлғон гапирма! Қани, қўлингдагиларни буёққа бер! Ўзинг биз билан бўлимга борасан. Қўрқма, шерикларингниям топамиз. Хўш, кетдикми?..

Милиционерлар гувоҳномасига кўзи тушгач, Мардоннинг аъзойи бадани музлаб бўлганди.

Аламидан тўйиб-тўйиб дод солгиси келарди-ю, ёнида кетиб бораётган милиция ходимларидан қўрқарди.

 

ЭСЛАТМА:

 

 

Суд Мардоннинг ёшини, мактабдаги хулқини, илгари жиноят содир этмаганини, айбига тўлиқ иқрор бўлганини ҳисобга олиб уни жазодан озод этган.

Ўғирланган жиҳозлар эгаларига қайтарилган.

Олимжон ҲАЙИТ