КЕЛАЖАКДАН КЕЛГАН МЕҲМОН… (ёхуд учар товоқлар ўзга сайёралик эмас)

0

 

Монтана технология университети профессори Майкл Мастэрс яқинда учар объектлар мавзусида ҳужжатли романини чоп этди. Романда олим асосан биз ўзга сайёралик деб биладиган гуманоидлар, учар товоқлар ҳақида сўз юритган. Маълум бўлишича, Майкл Мастэрснинг бу масаладаги фикрлари бизларнинг фикримизга буткул қарама-қарши экан. Яъни, у деярли тез-тез осмонда пайдо бўладиган учар кемалар, гуманоидлар аслида ўзга сайёраликлар эмас, аксинча бизнинг келажагимиздан ташриф буюраётган авлодларимиз эканини ўз романида исботлашга уринган.

Бунинг учун Мастэрс минглаб одамларнинг ўзга сайёраликлар билан учрашувлари, учар кемалардан тушиб келган бир нечтагина бармоқли, бўйи паст, териси кулранг, боши катта, бир кўзли жонзотлар ҳақидаги ҳодисаларни ўрганди. Ва бир тўхтамга келди. Бунга кўра, биз ўзга сайёраликка йўйганлар аслида келажак авлодларимиз экан.

— Бир кун келади, — деди профессор. — Тараққиёт, табиат келажакдаги авлодларимизни бизга у қадар ўхшамайдиган тусга киритиб қўяди. Вақт машинаси яратилади. Технология тараққиётнинг энг юқори чўққиларини забт этади. Ана шунда улар бемалол ўтмишга қайтиб, ҳозирги дунёмизни кузатиш имконига эга бўлишади.