ШИҚИР… (2-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Чақиртирган экансиз, — деди Муҳиддин муҳаррир тусини ўзгартиравермагач.

— Нима иш қилаяпсиз? — сўради муҳаррир ҳамон кўзини қоғоздан узмай.

— Мақола ёзаётувдим…

— Охирги марта мақолангиз газетада қачон чиққани эсингиздами?

— Бешта мақолам сизда…

— Шундан иккитаси ҳикоя, ҳикоя бир ойда бир марта чиқишини яхши билсангиз керак.

— Қолганларини натижа…

— Сарлавҳаси менга ёқмади. Шунинг учун ўқимадим, — дея бирдан Муҳиддиннинг гапини кесди Абдуғулом, — бундан чиқди, қарийб икки ойдан бери газитдан текин ойлик олаяпсиз, уялмайсизми?

— Нима қилишгаям ҳайронман. Ўша икки ой олдинги мақоланинг фақат фамилияси ўзгармай қолувди. Қолганини ўзингиз истаганча роса бўяб-бежагансиз… Олти ой аввал икки саҳифалаб мақоласи ҳеч ўзгаришсиз чиққан одамни бирдан…

— Менга қаранг! — деди муҳаррир жаҳл билан бошини кўтариб. — Мен сизга нима девдим йиғилишда?.. Пул топинг, рекламани жонлантиринг, демаганмидим?!

— Лекин мен реклама ташкил қиламан, деб бу ерга ишга келмаганман.

— Бозорлардан байрамга яхшигина пул туширувдингиз. Газетнинг чиқмай қолишини истаяпсизми? Бугундан бошлаб бўлим мудирлигидан олиб, менежер вазифасига ўтказаман сизни.

— Бозорлар бир тўғри кеп қолувди. Ҳар куниям улар бизга пул беравермайди. Бошқа ташкилотлар реклама беришлари учун тиражимиз уч минг бўлмаслиги керак. Кейин менежерлик менинг қўлимдан келмайди. Битта математик бор-ку, газетти мониторингини ўтказаяпти…

— Нималар деб валдираяпсиз?! Қаердалигингизни эсингиздан чиқаздингизми?! — дея бақириб юборди муҳаррир. — Иккинчи марта Абдувалига тил теккизманг. Ёш бўлсаям, унинг қилган ишининг ўндан бирини эплай олмаяпсиз! Гап шу, ё газетга пул туширасиз ё тўрт томонингиз қибла… Ҳа-а, айтганча, муассислардан бир-иккитасининг томоғини яхшилаб мойлагансиз, шекилли, сизга меҳрибон бўп қолишган. Айтиб қўяйин, иккиюзламачилик қилиб обрў топаман, деб ўйламанг. Оқибати ёмон бўлади!

— Қаранг-а, шу нарса эсимга келмабди, яхшиям ёдимга солдингиз, — деб кесатди жони ҳалқумига келган Муҳиддин, — ўйлайманки, бошқа гапингиз йўқ. Ижозатингиз билан чиқиб кетсам.

Бош муҳаррир Абдуғулом ҳам рухсат беришнинг энг қўпол йўлини танлади: қўлини ҳавода силтаб, Муҳиддинга «йўқол» дегандек ишора қилди ва худди дунёнинг ташвишини ҳал қиладиган одамдек нигоҳини олдидаги қоғозларга қадади.

Муҳаррирнинг хонасидан чиққанда, Муҳиддиннинг иккала юзи ҳам қип-қизил, қўллари мушт қилиб тугилганди. Агар шу тобда рўпарасидан Абдували чиқиб қолса борми, башарасига мушт тушириб юборишдан ҳам тоймасди.

У ўзининг хонасига киргач, тирсагини столга тираб, бошини чангаллади. Кўзини чирт юмди. «Агар сал кўзга кўриниб қолганимда, бошқа газетага ишга ўтиб кетишимнинг имкони бўлганида, бир дақиқа ҳам бу ерда қолмаган бўлардим. Онангни эмгурларнинг қош-қовоғига қараб юрмасдим», дея пичирлади алам билан. Сўнг чуқур хўрсиниб, стол тортмасидан сигарета олиб лабига қистирди. Бурқситиб тутатди. «Падарингга лаънатиларнинг мақсади нима ўзи?! Отнинг калласидай ойлик олмасам… Бировини сўкмаган, урмаган бўлсам, нега менга ёпишиб олишди… «Пул туширасан, реклама уюштирасан»миш. Аввал газетанинг тиражини боплаб кўтариб қўй, кейин одамларнинг ўзи олдингга югуриб келишади пулларини кўтариб. Буни ўзинг ҳам яхши биласан. Лекин… анави ифлос сариқ нимадир деганга ўхшайди. Ўзи шу турқи совуқ ишга келгандан бери на бирорта мақолам газетада чиқди ва на шефдан бирор марта тузукроқ гап эшитдим. Қачон қарама, кесатади, уддалаб бўлмайдиган ишларни буюради». Муҳиддин асабийлашиб, ўзига-ўзи гапираркан, сигарета қолдиғини кулдонга эзди. Сўнг, гарчи ҳали тушлик пайтига анча вақтли бўлса-да, шу аҳволда ишлолмаслигига ақли етиб, қоғозларини йиғиштира бошлади.

Эшик ғийқ этиб очилди. Тутақиб турган Муҳиддин пешонасини тириштирганча ишини давом эттираверди.

— Муҳиддин ака, сизга янгилик бор, — деган овоз эшитилди эшик тарафдан. Муҳиддиннинг энсаси қотиб, ўша ёққа ўгирилди. Эшик олдида котиба Раъно лабини чўччайтириб, Муҳиддинга ачиниш билан қараб турарди.

Муҳиддин қизнинг афт-ангоридаги кибрни дарров илғади.

— Нима янгилик экан? Гапиринг, — деди Муҳиддин гапни чувалаштирмай.

— Умумий хонага ўтаркансиз. Бу ерни бўшатаркансиз, — деди котиба Муҳиддиннинг оёғига беписанд назар ташларкан.

— Қачондан? — сўради Муҳиддин худди шундай бўлишини олдиндан билгандай, ўзини бепарво тутишга уриниб.

— Шу бугундан, ҳозирдан… Газетимизнинг расходи кўпайиб кетибди, шунинг учун бу хонани стол, стули билан бирга ижарадорларга қайтариб берарканмиз. Умумий хонада бирорта жой бўшаб қолса, кейин ўша ерга жойлашаркансиз.

— Унгача нима қиларканман?..

— Билмайман, — елкасини учирди қиз. — Мен айтилган гапни сизга етказаяпман. Хоҳласангиз, кўчада юринг, хоҳласангиз, ходимларнинг бирортаси кеч келишини ёки тушликка чиқишини кутинг. Шу вақтда унинг жойига ўтириб, ишингизни битириб оласиз. Шундаям ўша ходим рухсат берса. Лекин ким ҳам сизни жойига ўтқазарди? Хайр.

Котиба эшикни қарс этказиб ёпиб чиқиб кетди.

— Ифлослар! — деди унинг ортидан тутақиб бақирган Муҳиддин. — Бошқа чора тополмадингларми? Бундан кўра, ишдан бўшадинг, деб айт. Аризамни ёзайин.

У алам билан қоғозларини йиғиштириб, битта папкага жойлади. Шунда ўзидан ўзи хафа бўлиб кетди. Нарсалари бор-йўғи бир папкагина чиққан эди-да.

Йўлакка чиқиб эшикни қулфлади. Атайлабдан полни тепиб, гурс-гурс одим ташлаб котиба ўтирган хонага кирди.

— Туямисиз, нима бало?! — деди қовоғини уйиб унга қараган Раъно. — Журналист деганиям шунақа гурсиллатиб юрадими?

— Манавини, — деб калитни унинг олдига отиб юборди Муҳиддин, — мўйловга бериб қўйинг!

Қора одамнинг қизаргани ёмон бўларкан. Котибанинг қоратўри юзи аввал кўкариб, кейин қизғиш пушти бўлиб кетди. У кўзларини ола-кула қилиб, ғазаб билан ўрнидан туриб бир нималар деб шаллақилик қилмоқчи бўлди-ю, улгуролмади. Чунки Муҳиддин ундан-да чаққонроқ ҳаракат қилиб ташқарига чиқиб кетганди.

 

***

 

Ишхонасидан чиқиб, таҳририятлар жойлашган узундан-узун бинонинг сайилгоҳ томонида жойлашган қаҳвахонага кирди. Бир шиша ароқ олиб, энг чеккадаги стол гирдига ўтирди. Аввал босиб-босиб икки пиёла ичди. Назарида, унга ароқ таъсир қилмаётгандай эди. Учинчи пиёлани ҳам лиммо-лим тўлдириб, ичишга шайланди-ю, бироқ улгурмади. Қаҳвахона эгаси келиб рўпарасидаги стулга ўтирди. Бир ароққа, бир Муҳиддинга қаради. Сўнг бурнини тортиб қўйди-да, пешонасини силади.

— Нима бўлди, Муҳиддин? — деди ҳайрон бўлганини яширмай. — Сенинг бунақа одатинг йўқ эди-ку. Анчадан бери биламан сени, сира ичмагансан. Бугун эса ҳали пешин бўлмай сипқораяпсан.

— Эй-й, ака, қўяверинг, нимагадир бошим оғриб кетаяпти. Кейин битта мақола ёзмоқчийдим, сира уддалолмаяпман. Шунга озгина ичсам, балки миям яхши ишлаб кетадими, деган ўйда…

— Бекор айтибсан, — дея бирдан унинг гапини бўлди қаҳвахона эгаси Мирзоҳид ака, — мен бу ерда йигирма беш йилдан бери ишлайман. Газитчиларнинг минг хилини кўрганман. Бирови бўлар-бўлмас баҳона топиб ичади. Бирови гўё илҳоми келмаганидан, бошқаси ким биландир ади-бади айтишиб қолганидан ичади. Шунчаки, эрмак учун ичадиганлариниям кўрганман. Яна уларнинг ҳаммаси ўзича осмону фалакда… сира пастга тушмайди. «Мен ҳали ундай қивораман, ҳали бундай қивораман. Менинг кимлигимни ҳали билмайсанлар», деган гапларини эшитганда, одамнинг кулгиси қистайди, бу ёғи пенсиянг мўралаб турган бўлса, энди кимлигингни кўрсатганинг қаергаям борарди… — истеҳзоли кулимсиради Мирзоҳид ака. Сўнг юзи жиддийлашиб, Муҳиддиннинг елкасига қўлини қўйди: — Шунча пайтдан бери тушликни шу ерда қиласан. Танишиб анча қалин бўп қолдик. Битта маслаҳат, ука, мана шу зормандани, — деб ароқ шишасини ушлади у, — ичма. Ичганинг билан бир нима бўп қолмайсан. Бекорга обрўйинг тўкилади.

Муҳиддин унга қараб аламли тиржайиб, стол устидаги қутидан бир дона сигарета олиб лабига қистирди.

— Ака, обрў бўлса йўқотаман-да.

— Яхшиси, уйингга бор. Бугун шундай қилганинг маъқул, оч қоринга ичма.

— Хўп, ака, — Муҳиддин тутунни чуқур ичига тортиб бошини эгди.

Унинг кайфи оша бошлаган эди. Агар пиёладаги ароқни ичадиган бўлса, думалаши аниқ эди.

— Тушлик бўп қолди, ука, тўрт сих шашлик айтаман. Қоринни тўйғазиб ол, кейин қолган гапларни гаплашамиз, — дея Мирзоҳид ака ўрнидан турди ва яримлаб қолган шишани ҳам ўзи билан олиб нари кетди.

Дарҳақиқат, Муҳиддиннинг қорни оч экан, тўрт сих кабобни кўз очиб юмгунча еб қўйди. Тўймади. Яна икки сих буюрди. «Бўлди, уйга кетаман, ётиб ухлайман», деган ўйда ўрнидан турди-да, чўнтагини ковлаштирди. Пули бор-йўғи икки пиёла ичган ароғига етаркан. Юзи қизариб кетди. «Нимамга ғўдаяман ўзи? Чўнтагимда ҳемириям йўғакан, ойлик… Агар беришса, ойликкача бирор ўн кун бор».

— Мирзоҳид ака қаерда? — сўради у оёғини судраб босиб кабобпазнинг ёнига бориб.

— Ичкарида, — деди кабобпаз тутундан ёшланган кўзини артаркан.

— Чақириб беролмайсизми?

— Бораверинг. Сизни кетаётганда менга учрашиб кетсин, девди.

Муҳиддин энди ортига бурилган эди ҳамки, Мирзоҳид аканинг ўзи келиб қолди.

— Ака, — деди Муҳиддин уятдан қизариб, — уйдан чўнтакда…

— Мен сени меҳмон қилдим. Боравер, лекин, ука, бирон жойга кириб ичиб юрма, — деди гапнинг мазмунини дарров илғаган қаҳвахона эгаси. Муҳиддин туғилгандан бери бунақа меҳрибончиликни жуда кам кўрганди. Тоғаси нон-туз бериб катта қилган бўлса-да, миннатли гаплар билан ҳам кўп сийлаган. Мирзоҳид акага нисбатан меҳри жўшди. Уни қучоқлаб миннатдорчилик билдирмоқчи бўлди-ю, аммо улгуролмади. Қаҳвахона эгаси ортига бурилиб кетди. Шундай эса-да, Муҳиддин унга ичида кўпдан-кўп раҳмат айтди, сўнг кўча томонга юрди. Автобусга ўтирди. Одатдагидай хаёлга берилди. Одатдагидай тушиши керак бўлган бекатдан ўтиб кетишига оз қолди. Сўнг хаёл билан жинкўчага кирди. Талай муддат юрди. Ўйга шу даражада берилиб кетган эдики, кичкинагина уйининг эшиги ёнидан икки марта у ёқдан бу ёққа ўтиб кетди.

Эртасига у ишга бормади. Борганда нима наф? Ўша қовоқ-тумшуқ, ўша бўзрайиш, ўша кесатиш ва сўнггиси ўша ҳайдаш. Ундан кўра… лекин юрагинг сиқилиб турганда, бирор нима ёзишинг қийин экан. Муҳиддин қўлига қалам олиб, оппоқ қоғозга энгашади-ю, кеча муҳаррир айтган гаплар ёдига тушиб, хаёлан унинг гапларига жавоб бера бошлайди. Шу билан фикри чалғийди. Бир қатор гап ёзиш эса азобнинг азоби.

— Бугун ҳамма ёқни тозалайман. Гиламнинг қоқилмаганигаям анча бўп кетди. Кўрпаям биринчи марта тўшалганда қандай бўлса, шу ҳолича турибди. Униям офтобга чиқариб ёяйин. Тоғамнинг хотини шундай қиларди. Ўзиям кўрпа жонивор сасиб кетган бўлса керак, — дея телбалардай ўзига-ўзи гапиринди Муҳиддин.

Лекин кўрпачани кўтарди-ю, тозалаш ишларини кейинга қолдирди. Чунки кўрпача остида бир тахлам пул ётарди. Муҳиддинга жон киргандай бўлди. Ўзидан-ўзи иржайди. Пулни олиб дарров санади. Яхшигина салмоғи бор экан. «Қачон бу умринг узоқ бўлгурни бу ерга қўйган эканман?» дея ўйлади. Лекин эслаёлмади.

— Қани, Муҳиддин, бу ёғи бойвачча бўп қолдингиз. Шунча пул ўз оёғи билан олдингиздан чиқиб турса-ю, сиз уйда биқиниб ўтираверасизми? Йў-ўқ, ошна, сизга ярашмайди. Бозор икки қадам. Боринг-да, картошка-пиёз дегандай, бозор қип келинг, шўрва тайёрланг. Кейин обдан шўрвахўрлик қиласиз, — деди у ўз-ўзига. Сўнг ўрнидан сапчиб туриб, кийимларини алмаштира бошлади.

 

***

 

Бозордан энг арзон пиёз, буришган-тиришган картошка, сал ҳидланиб қолган эса-да, ярим кило гўшт, яна бошқа майда-чуйдаларни сотиб олиб ортига қайтаётган Муҳиддин пешонасига катта-катта ҳарфлар билан «Бахтиёр ота» дўкони деб ёзилган иморат ёнида таққа тўхтади. Бирдан Мирзоҳид аканинг гапи эсига тушди: «Бирор жойга кириб ичиб юрмагин», пичирлади унинг лаблари ва бирдан юзида табассум пайдо бўлди. «Кеча айтувди. Кеча тўғри уйга келдим. Ҳеч қаерда ичмадим. Бугун озгина шаробхўрлик қилсак, ёмон бўмайди, ҳар қалай, кўнгилнинг чигали ёзилади. Бунинг устига, уйда ўтирамиз, кўчага чиқмаймиз, демак, ҳеч кимга оғирлигимиз тушмайди», деган ўйда дўкон тарафга юрди. «Ажабмаски, кулбаи вайронамга бирорта меҳмон қадам ранжида қилиб қолса. Агар шундай бўлса, кошонамда меҳмонни ёлғиз зериктириб дўконга келиб-кетишимга тўғри келади. Шунинг учун шишани жуфт қилиб олганим дуруст». У икки шиша ароқ сотиб олди.

Анчадан бери ўзи овқат қилади. Ҳар сафар картошка-пиёз арчиётганида дам оларди. Миясига бир-биридан ғаройиб фикрлар келар, қилаётган ишини бирдан тўхтатиб, қоғоз қоралашга тушиб кетарди. Бу сафар картошка-пиёзнинг қозонга тушиши жуда чўзилиб кетгандай туйилди, назарида. Чунки фикри-хаёли шиша ичидаги тип-тиниқ, аччиққина суюқликда эди. Ниҳоят, ҳамма масаллиқ қозонга кирди. У кафтларини бир-бирига уриб ишқалади. Иржайди ва ўта эҳтиёткорлик билан шишанинг оғзини очди. Ликопчага помидор, бодринг тўғрашга сабри чидамади. Шу боис битта помидорни бутунича қўлига олди.

— Қани, ошна, — деди ўзига-ўзи ароқ тўлдирилган пиёлани иккинчи қўлига олиб, — ишларингиз юришиши, душманларингиз даф бўлиши, ижодингиз гуллаб-яшнаши учун ичамиз.

Томоғини куйдириб ўтган суюқлик афтини бужмайтириб юборди. Шу заҳоти помидордан бир тишлади ҳамда пиёлани қайтадан тўлдирди.

— Жа бунчаликмас-да, — дея ўз-ўзи билан гаплашишда давом этди Муҳиддин, — биринчи билан иккинчининг орасидан қил ўтмаслиги керак дейишади-ю, лекин камаз, дамаслар ўтавериши мумкин. Сиз, жўражон, иккала одатгаям бўйсунмаяпсиз, шунинг учун ҳовлиқаяпсиз. Сиздай саҳифа-саҳифа мақола ёзган, ҳозирда битта эълонниям эплаб газитда чиқаролмаётган ижодкор учун бу уят. Уятнинг уяти! Бундай қилмаслигингиз керак, ошна… «Маҳсулот сотилади», деб ёзсангиз, «сотилади маҳсулот»га ўзгартиришиб, газетада беришаяпти. Шунга нима бўпти? Кўнгилни кенг қилинг, жўражон, қани олдик.

Агар у биринчи шиша тугагач, зарурат юзасидан ўрнидан туриб ҳожатга бориб қайтаётганида, аллақачон пишиб, суви тугаб, тагига олишгаям улгурган овқатга кўзи тушмаганида, ким билсин, уйни ёқиб юбориши ва бутунлай уй-жойсиз қип-яланғоч қолармиди? Чунки яхшигина кайфи ошган, иккинчи шишани бошласа, бутунлай маст бўлиб, газни ўчириш хаёлигаям келмай, ухлаб қолиши тайин эди.

Ҳартугул, қозон остидаги оловни ўчирди. Сўнг кўрпачага чўзилиб ётиб, бошини ёстиққа қўйди.

Икки кун гоҳ маст бўлиб, гоҳ боши оғриб уйида чўзилиб ётди. Учинчи куни ойнага қараса, соқоли ўсиб кетган, афти бужмайган бир махлуқ турибди. «Бу туришда одамгарчиликдан чиқиб кетаман, келиб-келиб шу иккита бетайиннинг гапи учун ўзимни абгор қилишим керакми? Иродам қаерда қолади унда? Чучварани хом санашибди. Бораман-у, ариза ёзиб бўшайман-да, радиогами ёки бошқа газетагами ишга ўтиб кетаман», хаёл қилди у ва дарров соқол олишга тушиб кетди.

Бекатда ҳар доимгидан одам сийрак эди. Чунки ишга, ўқишга шошганлар аллақачон кетиб бўлган. Битта-яримта Муҳиддинга ўхшаган бемалолхўжаларгина бирон юмуш юзасидан эринибгина автобус келишини кутиб туришарди. Ниҳоят, ҳамма кутган улов имиллаб етиб келди. Автобус салонида бўш жойлар кўп эди. Доим тик оёқда кетишга ўрганиб қолган Муҳиддин улов икки бекат юргунча ўтирмади. Автобус ойнасидан ташқарини томоша қилиб кетди. Кейин оёғи толиққанини сезиб секин ўтирди. Бирор ўн беш дақиқадан сўнг одам ҳам, ғала-ғовур ҳам кўпайди. Ҳеч нимага эътибор беришни истамаган йигит кўзини юммоқчи бўлди. Қарияларга жой беришнинг ҳожати йўқ. Чунки улар оч яшил «Мерседес»нинг орқа томонига ўтишмайди. Муҳиддиннинг тирсагига қаттиқ бир нима бота бошлади. Йўқ, бундан аввал унинг бурнига хушбўй атир ҳиди урилиб, бир лаҳзага хаёлини олиб қочди. Олифтагина, атир-упани ёқтирадиган қиз ёнимга келди, шекилли, деб ўйлади. Лекин бориши, учрашиши керак бўлган одамлар билан бўлажак учрашув, бўлажак кўнгилхиралиги дарров дилхушликни нари сурди. Аммо қаттиқ нарсанинг тинимсиз тирғалавериши уни ўша томонга қарашга мажбур этди. Дарҳақиқат, ёнгинасида турган қиз ниҳоятда сулув эди. Муҳиддин унга маҳлиё бўлиб қолди. Айниқса, жинси шими, пушти рангли кофтаси унинг қадди-қоматини шунақа кўз-кўз қилардики, беихтиёр анграйиб қоласан. Соч тўғнағич билан қоп-қора сочини йиғиб, бир елкасига пушти ранг сумкача илган, битта қўлида хийлагина катта қути бор эди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ